Асбоблар орқали ибодат
Савол: Баъзи ўлкаларда бир масжиддан бошқа масжидларга видеокамера орқали боғланишмоқда. Бошқа масжиддагилар имомсиз жамоат ҳолида, катта масжиддаги имомга иқтидо қилишади, яна масжидга бормаганлар ҳам уйидан телевизордаги имомга иқтидо қилиб, намоз намоз ўқиркан. Бунинг зарари борми?
Жавоб: Ўрганиш нияти билан телевизордан Қуръони карим тинглаш жоиз. Магнитафондан тинглаш ҳам жоиз. Лекин ўқилган Қуръони каримни кассетага ёзиб олиб, қабристонга бориб, бу кассетани қўйиб, тинглаш билан Қуръони карим ўқиган ҳисобланмайди. Худди шунингдек, намоз ўқиётганда ўзини камерага олиб, сўнгра ҳар намоз вақти кирганида видео билан бу фильмни қўйса, намоз ўқиган бўлмайди. Намоз ўқиш, азон айтиш муайян бир вақтга боғлик ибодатлардир. Буларни магнитафон орқали, видео орқали бажаришга уриниш бидъат бўлиб, катта гуноҳдир.
TV ва видео бир таълим воситасидир. Масалан, намознинг қандай ўқилишини татбиқий кўрсатиш яхши бўлади. Лекин намоз ўқиган имомнинг фильмини суратга олиб, имомнинг ўрнига экрандаги бир тасвирга иқтидо қилиш жоиз эмас. Шунингдек, азон айтган муаззиннинг фильмини видеога олиб, вақт кирганда видеодан азонни ўқитиш ҳам жоиз эмас. Чунки TV экранидаги расм, муаззиннинг ўзи эмас, тасвиридир. TVдаги овоз ҳам муаззиннинг шахсан ўзининг овози эмас, ўхшашидир.
Икки бошқа-бошқа нарса бир-бирига жуда ўхшаса ҳам айни ўзи эмас. Масалан Али билан эгизаги Вали бир-биридан фарқ қилмайдиган даражада ўхшаса ҳам бошқа одамлардир. Бири Али, наригиси эса Валидир.
Бир инсоннинг расми унга жуда ўхшаса ҳам унинг айнан ўзи эмас. Расмнинг кўзи йиртилса, эгасининг кўзига бир зарар келмайди. Бир киши кўзгуга қараса, кўзгудаги акси қараган кишининг расмидир. Бу расм соҳибининг шахсан ўзи эмас, ўхшашидир, тасвиридир. Кўзгунинг синдирсак, тасвир йўқолса ҳам соҳибига бирон нарса бўлмайди.
TV, магнитафон ва радиодаги овозлар ҳам соҳибининг ўхшаш овозидир, айнан ўзи эмас. Шунингдек имомнинг овози карнай орқали узатилганда электр ва магнит тўлқинлари ҳосил қилган ўзга бир овозга айланади. Бизга карнай орқали эшитилган овоз имомнинг овози эмас, электр ва магнит тўлқинлари ҳосил қилган овоздир. Яъни карнайдан чиққан овоз электр таъсирида ҳосил бўлган магнит қувватларининг тебраниши оқибатида темир лавҳа пайдо қиладиган овоздир. Бу овоз имомнинг овозига қанчалик ўхшаса ҳам айнан ўзи эмас.
TVдаги (хоҳ аввалдан ёзиб олинган бўлсин, хоҳ жонли эфир) тасвирга имом деб иқтидо қилиш билан карнайдан чиққан овозга имомнинг овози деб эргашиш бирдай нарса. Тасвир имомнинг ўзи бўлмаганидек, овоз ҳам шахсан имомнинг овози эмас. Шунинг учун тасвирга ва жиҳоздан чиққан овозга иқтидо қилиш билан имомга иқтидо қилинган бўлмайди.
Телевизордан чиқадиган овоз ҳаттоки акс-садо туркумига ҳам кира олмайди. Динимизда акс-садога ҳам иқтидо қилиш жоиз эмас. “Радд-ул-мухтор”да “Тоққа урилиб, акс-садо берган овоз инсон овози сифатида қабул қилинмайди. Воситасиз, шахсан инсоннинг айтиши шарт. Акс-садо билан келган овоз ҳақиқий овоз ҳукмида бўлмаганлиги учун акс-садо билан келган бирон сажда оятини эшитганда тиловат саждаси керак эмас” деб айтилган.
Намоз ўқиётганда видеога олинган имом тасвирига иқтидо қилиш жоиз бўлмаганидек, TVдан жонли эфирда имомни кўрсак ҳам бундай имомга иқтидо қилиш жоиз эмас. Ёки карнай ёхуд радио воситаси билан келган овоз ҳам имомнинг овози бўлмагани учун бу овоз билан ҳаракатланиб, ибодат қилиш ҳам жоиз эмас.
Бу жиҳозларни ибодат воситаси сифатида эмас, таълим, ўргатиш, хабарлашув каби ишларда ишлатиш жуда фойдалидир. Ибодатларга аралаштириш бидъатдир.
Жаноби Пайғамбаримиз Асҳоби киром ва ҳозиргача келган ислом олимлари, намозни қандай ўқиганлар, ибодатларни қандай қилган бўлсалар, айнан шундай қилиш керак. Ибодатларга ўзбошимча янгиликлар киритиш ва қисқартириш динни тубдан ўзгартириш бўлади. Ибодатларга бидъат қўшиш билан яна-да гўзалроқ ибодат қилиш асло мумкин эмас. “Ибодатларни биздек бажармаганлар, биздан эмас” ҳадиси шарифини ёдда тутиб, ибодатларга илова ва қисқартиришлар қилиб, динни бузишдан жуда эҳтиёт бўлиш керак!
Орқадан келган овоз
Савол: Бир масжиднинг орқа тарафида намоз ўқиётганда имомнинг овози орқадан келди. Имом орқадами деб ҳайрон бўлдим. Ғайри ихтиёрий равишда бошимни буриб қарадим. Овоз радиокарнайдан келаётган экан. Намозим бузилдими?
Жавоб: Кўкрак қибладан ўгирилмаган бўлса, намоз бузилган бўлмайди, лекин макруҳ бўлади. Кўкси ҳам қибладан ўгирилса, намоз бузилади. Радиокарнайда бундай ҳолатлар бўлиб туради, баъзан мусиқа ҳам аралашиб кетиши мумкин. Мобил телефонларидан мелодиялар эшитилиши мумкин. Булар охир замон аломатларидир.
Савол: Микрафон билан намоз ўқитадиган имомга иқтидо қилиш жоизми?
Жавоб: Жиҳознинг тўғридан ўзининг зарари йўқ. Агар карнайдан чиққан эътибор бермай, имомга иқтидо қилинса, зарари бўлмайди. Яъни имомни кўриб турган бўлса, ёки кўриб турган кишини кўрса, зарари йўқ. Имомни кўрмаётган бўлса, кўриб турган кишини ҳам кўрмаса, бу ҳолда карнайдан чиққан овозга эргашиб намоз ўқилмайди. Баъзи кишилар масжиддан уйига радиокарнай торттириб, уйидан туриб масжиддаги имомга иқтидо қилмоқда. Буларнинг ва имомнинг ускунадан чиққан овозига эргашиб ўқиганларнинг намози саҳиҳ бўлмайди.
Иккинчи бир хусус имомнинг эътиқоди дуруст бўлса, юқоридан берилган буйруққа биноан мажбуран микрафон орқали ўқитаётган бўлса, унга иқтидо қилиш саҳиҳ бўлади. Лекин шунда ҳам карнайдан чиққан овозига эмас, ўзига эргашиш лозим. Имом агар бидъат аҳлидан бўлса, унга иқтидо қилиш асло дуруст эмас.