Таҳоратни бузадиган сабаблар

Таҳоратни бузадиган нарсалар етти қисм бўлиб, қуйидагилардир:

1. Орқадан ва олддан чиқадиган нарсалар:

а) Катта ва кичик ҳожат, ел чиқиши.

б) Клизма мосламасининг учи ёки инсон бармоғи орқадан суқиб чиқарилганда атрофи нам бўлса, таҳоратни бузади. Қурғоқ бўлса, таҳоратни янгилаш афзал.

в) Эркак ва аёлларнинг бавл сизмаслиги учун олдларига қўядиган пахта тампонларнинг ташқарида қолган қисми ҳам ҳўлланса, таҳорат бузилади.

2. Оғиздан чиқадиган нажс нарсалар:

а) Оғиз тўлиб қусилганда;

б) Туфланган пайтда, тупукда қон кўп бўлса;

в) Ошқозон ва жигардан келадиган суюқ қон Имоми Аъзамга кўра оз бўлса ҳам бузади.

г) Қулоққа томизилган дори оғиздан чиқса, бузади.

3. Бадандан, теридан чиқадиган нарсалар:

а) Қон, йиринг ва сариқ сув алоҳида чиқса;

б) Чечак касаллигидан ва ҳар қандай қизамиқ ёки угри (ҳуснбузар)дан чиқадиган қон ёки сариқ сув, ғуслда ювилиши фарз бўлган жойга, яъни баданнинг ташқи юзига ёйилса; Бурундан келадиган қон, бурун суягидан ўтса, таҳорат бузилади. Қулоқ ичидаги қон ёки яра сувлари қулоқ тешигидан чиқса, яна таҳорат бузилади.

в) Жароҳат, ҳуснбузар каби яралардаги қон ёки сувни пахтага шимдириб олинса, таҳорат бузилади.

г) Мисвок (тиш чўткаси ёки чўп) устидаги қон, оғизга ёйилса ёки чапланса, таҳорат бузилади.

д) Қулоқ, киндик ва сийнадан (кўкрак) оғриқ ёки хасталик туфайли бир суюқлик чиқса, таҳорат бузилади.

ж) Сулук кўпроқ қон сўрса (бадандан), таҳоратнинг бузилишига йўл очади.

4. Ухламоқ. Ёнбошлаб, тирсагига таяниб ёки бирон нарсага суяниб ухлаш, таҳоратни бузади.

5. Ҳушини йўқотиш. Ҳушдан кетиш, жинни бўлиш, тутқаноқ тутиши ва юраётганда чайқаладиган даражада маст бўлиш таҳоратни бузади.

6. Намозда кулиш. Рукуъ ва саждалари бўлган [жанозадан бошқа] намозларда қаҳқаҳа1 билан кулиш, таҳоратни бузади. Агар кичкина бола кулса, бузилмайди. Намозда табассум2 қилиш, намозни ҳам таҳоратни ҳам бузмайди.

7. Мубошарати фоҳиша. Яъни яланғоч бўлиб аврат жойларини суртиниш, эркакнинг ҳам аёлнинг ҳам таҳоратини бузади.

Таҳорат олгани эсида, лекин бузган-бузмаганлигини эслолмаган ёки бузилганига шубҳа қилган кимсанинг таҳорати бор деб қабул қилинади. Таҳорати бузилганини эслаган, лекин кейин янгидан таҳорат олганини эслолмаган ёки таҳорат олганига шубҳа билан қараган кимсанинг таҳорати йўқ деб қабул қилинади ва таҳорат олиши лозим бўлади.

 


1Қаҳқаҳа - ўзига ва ёнидагиларга эшитиладиган даражада кулиш.

2Табассум- ўзига ҳам эшитилмайдиган қилиб мийғида кулиш.