Динда реформа дегани нима?
Савол: “Европа динда реформа қилиш орқали ривожланди. Биз ҳам шундай қилишимиз керак” деган одамлар учраб турибди. Динда реформа дегани нима?
Жавоб: Реформа - ислоҳ қилиш, бузилган бир нарсани тузатиб, эски тўғри ҳолига келтириш деганидир. Христианлик бузилиб кетгани учун реформа қилинди. Мусулмонлик бузилмагани учун бундай ҳаракат уни бузиш бўлади. Шунинг учун реформа талабида юрганларининг динимизни ичкаридан йиқитишни кўзлаганликлари маълум бўлади.
Имоми Раббоний ҳазратлари айтадики: “Бидъат аҳли одамлар қилаётган ўзгартиришлари билан динни тузатаётганликларини, такомиллаштириб, кам-кўстини бартараф қилмоқдамиз деб ўйлаганлари туфайли янги-янги бидъатлар чиқаришмоқда. Улар бидъатларининг зулматлари билан суннатнинг нурини сўндиришга уринишмоқда. Улар диннинг нуқсонликларини тамомлаётганларини даво қилишмоқда. Билмайдиларки, дин нуқсон эмас, комилдир. Динни нуқсон ҳисоблаб, тамомлашга (уни замонга мослашга, турли бидъатлар чиқаришга) уринишлари Моида сурасининг “Бугун сиз учун динингизни комил айладим. Устингизда бўлган неъматимни тамомладим ва сизга дин сифатида Исломиятни бериш билан рози бўлдим” маолидаги 3-оятига ишонмаслик бўлади.” (260-мактуб)
Бугунги тушунчага кўра динда реформа учга ажралади:
1) Аҳли суннат олимлари жоҳиллар ва дин душманлари тарафидан динга суқиштирилган ва суқиштиришга уринилган хурофаларни тузатдилар. Бидъатлардан тозаладилар. Бу ҳақда ва умуман Исломнинг таблиғи йўлида турли қийматли китоблар тайёрладилар. Ушбу асарларига ўзларидан шахсий ҳеч қандай фикр, ўй ёхуд мулоҳаза қўшмадилар. Улар китобларида асҳоби киромнинг билдирганларини нақл қилдилар. Кейин келган олимлар ҳам уларнинг китобларидан нақл қилиб, китоб ёздилар. Уларга реформачи эмас, мужаддид дейилади. Ҳадиси шарифда “Мендан кейин ҳар юз йилда бир олим чиқади, динимни қувватлантиради” деб марҳамат қилинди. Имоми Аъзам, имоми Шофеъий, имоми Ғазолий, имоми Раббоний ва охир замонда келадиган ҳазрати Маҳди мана шу мужаддидлардандир. (раҳматуллоҳи алайҳим)
2) Динда реформанинг иккинчи қисми ислом олимларининг билдирганларига эътимод қилмаган, уларни ишонарли деб қабул қилмай, Қуръони каримга ва ҳадиси шарифларга ўз тушунчалари бўйича нотўғри маъно бераётган бузуқ кимсалар тутган йўлдир. Уларнинг ислом олимларининг ёзганларига хилоф бўлган сўзларига "бидъат", ўзларига эса, "бидъат аҳли" ёки "мазҳабсиз"дейилади. Жаноби пайғамбаримиз “Умматим 73 фирқага ажралади. Булардан 72 таси жаҳаннамга кетади, бири ақидаси сабабли Жаҳаннамга кирмайди” деб марҳамат қилдилар. Жаҳаннамга кирмайдиган фирқанинг “Аҳли суннат вал жамоат” эканлиги ижмо билан билдирилди.
Ибодатда бидъат - жаноби пайғамбаримиз ва тўрт халифаси замонларида бўлмай, улардан кейин динда пайдо қилиниб, ибодат сифатида қилинаётган ҳатти-ҳаракатлардир. Ибодатларга нималарнидир қўшимча қилиш ва нималарнидир олиб ташлаш асло жоиз эмас. Масалан, TV экранидаги имомга иқтидо қилиб, намоз ўқиш каби янгиликлар бидъатдир.
Динга тааллуқли бўлмай, фақат урф-одатларга тегишли ишларда янгиликлар киритиш, аввлдан келаётган одатларни тарк қилиш, ўзгартириш эса, бидъат ва гуноҳ бўлмайди. Масалан, қошиқ-санчқида овқат ейиш, қаҳва-чой ичиш каби нарсалар одатга боғлиқ ишлар бўлгани учун буларга “диндаги бидъат” дейилмайди. Булар “урф-одатда бидъат” бўлади. Одатдаги бидъатлар эса, ҳаром ва гуноҳ ишга сабаб бўлмагунча жоиз бўлади.
3) Динда реформанинг учинчи қисми “Динни ислоҳ қиламиз” деб исломиятни ичидан қулатишга уриниш ҳаракатидир. Яқин тарихимизда баъзи масжидларга мусиқий асбобларни киритиш ва ўриндиқлар қўйиш каби ҳаракатлар кузатилди. Ҳозир ҳам шу каби ишлар давом этмоқда. Бу борада диққатли бўлиш керак.