Таҳоратли юришнинг фазилати
Савол: Таҳоратли юришнинг қандай фазилатлари бор?
Жавоб: Таҳоратли юришнинг фазилатлари кўп. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Таҳоратли юрган киши мисоли рўза тутган кабидир.” (Дайламий)
“Чиройлик қилиб олинган таҳорат имоннинг ярмидир.” (Ибни Ҳиббон)
“Таҳорат олган кишининг гуноҳлари дарахтнинг барглари тўкилганидек тўкилади.” (Табароний)
“Жон олувчи фаришта келганида таҳоратли бўлган киши шаҳидлик мартабасига эришади.” (Табароний)
“Бир мўмин таҳорат учун юзини ювганида кўзи билан қилган гуноҳларининг барчаси сув билан бирга тўкилади. Қўлларини ювганида қўли билан қилган гуноҳлари, оёқларини ювганида оёлари билан қилган гуноҳлари сувнинг сўнгги томчиси билан бирга тўкилади. Мана шу тариқа инсон бутун (кичик) гуноҳлардан тозаланади.” (Муслим)
“Таҳорат учун юзини ювган киши гуноҳлари киприкларидан тўкилади. Қўлларини ювганида тирноқларидан, бошини масҳ қилганида бошидан, оёқларини ювганида оёқ тирноқларидан тўкилади. Намозининг савоби фойдага қолади.” (Рамуз)
“Таҳорат олган кишининг бутун кичик гуноҳлари авф этилади. Катта гуноҳлари, инсон ва ҳайвон ҳақларини ўзига ёки ворисларига тўламагунича гуноҳлари авф қилинмайди. Нофила ибодатнинг савобига эриша олиш учун имони ва фарзлари нуқсон бўлмаслиги, ҳаромлардан тийилиб, гуноҳларга тавба қилиши ва бу нофилани ибодат сифатида бажаришга ният қилиши керак.”(Ислом ахлоқи)
Намоз ўқиб бўлгандан кейин такрор таҳорат олиш савобдир. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Таҳоратли бўлиб туриб, янгидан таҳорат олганга ўн савоб берилади.” (Ибн Можа)
“Таҳорат устига таҳорат олиш, нур устига нурдир.” (И. Ғазолий)
“Машаққат бўлмаганида, ҳар намоз учун алоҳида таҳорат олишни амр қилардим.” (И.Ғазолий)
“Таҳоратини янгилаган киши имонини ҳам янгилаган (нурлантирган) бўлади.” (И.Ғазолий)
“Аллоҳу таоло буюрдики: Таҳорати бузилганида таҳорат олмаган киши менга жафо қилган бўлади. Таҳорат олиб, икки ракат намоз ўқимаган киши ҳам менга жафо қилган бўлади. Икки ракат намоз ўқиб, мендан эҳтиёжини сўрамаса, яна менга жафо қилган бўлади. Таҳорат олиб, икки ракат намоз ўқиб, дуо қилган кишининг дуосини қабул қилмасам, мен ҳам унга жафо қилган бўламан. Ҳолбуки мен жафо қилгувчи эмасман.” (Ширъа)
“Таҳорат олгач, қолган сувни ичиш 70 турли дардга даводир. Бунинг энг кичиги ғам-ташвишдир.” (Дайламий)
“Таҳорат олиб бўлгандан кейин Қадр сурасини ўқиган кишининг эллик йиллик гуноҳлари авф этилади.” (Ҳалабий)
“Таҳоратдан кейин Қадр сурасини ўқиган киши сиддиқлардан, 2 марта ўқиган шаҳидлардан ёзилади. 3 марта ўқиган киши Пайғамбарлар билан тирилади.” (Дайламий)
“Таҳорат олиб, икки ракат намоз ўқиган киши Жаннатга киришга лойиқ бўлади.” (Ҳалабий)
“Таҳорат олиб, икки ракат намоз ўқиган кишининг гуноҳлари авф этилади.” (Бухорий)
“Чиройли таҳорат олган кишининг икки намоз (ўқийдиган намози билан келаси намоз) орасидаги гуноҳларининг барчаси авф этилади.” (Бухорий)
“Таҳоратдан кейин ўн марта саловат келтирган кишининг ғами кетади, дуоси қабул бўлади.” (Эй ўғил илмиҳоли)
“Фақат (комил) мўмин давомли таҳоратли юра олади.” (Ибни Можа)
Таҳоратли ҳолда юришда давом этган кишига Аллоҳу таоло қуйидагиларни эҳсон қилади:
1. Фаришталар унинг ёнидан ажралмайди.
2. Давомли савоб ёзадилар.
3. Бутун аъзолари тасбиҳ қилади.
4. Ухлаганида фаришталар инсон ва жинларнинг ёмонлигидан ҳимоя қилишади.
5. Сакороти мавти, яъни жон бериши осонлашади.
6. Таҳоратли пайтида, Аллоҳу таолонинг авф ва мағфиратида бўлади.
7. Ифтитоҳ такбирига кеч қолмайди.
Аллоҳу таоло ҳазрати Мусога марҳамат қилдики: “Эй Мусо, сенга бир мусибат келганида таҳоратсиз бўлсанг, ўзингдан кўр!” (Ширъа)
“Авлиёи киром ҳамма вақт таҳоратли бўла олиш учун кам еб, кам ичардилар. Имоми Молик ҳазратлари уч кунда бир овқат ердилар. Сабаби сўралганида “Аллоҳу таолонинг ҳузурида тез-тез ҳожатхонага кириб-чиқаверишдан уяламан” деб жавоб берганлар.” (Анвор-ул қудсия)
Уйқуга таҳоратли ётишнинг фазилатлари ҳам кўп. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Ким уйқуга таҳоратли ҳолда ётса, шу кеча бир фаришта келиб эрталабгача “Ё Рабби, бу қулингни авф этгин!” деб унга дуо қилиб чиқади.” (Ҳаким)
“Таҳоратли ҳолда ётиб, Аллоҳу таолони ёдга олиб ухлаган киши то уйғонгунича намозда ҳисобланади. Бир фаришта у учун ибодат қилади. Уйғонганида яна Аллоҳу таолони ёдга олса, бу фаришта ўша кишининг авфи учун Аллоҳга дуо қилади.” (Ибни Ҳиббон)
“Таҳоратли ҳолда ётган киши кечаси ибодат қилган, кундузи рўза тутган кишидек бўлади.” (Дайламий)
“Таҳоратли ҳолда ётган киши кечаси вафот этса, шаҳид бўлади.” (Ибни Сунний)
Савол: Бир ҳадисда таҳорати бузилганида таҳорат олмаган ва таҳорат олиб бўлиб, намоз ўқимаган кишининг Аллоҳу таолога жафо қилган бўлиши ҳақида айтилган. Шунда ҳамма вақт таҳоратли юриш керакми ёки таҳорат олгандан кейин албатта намоз ўқиш керакми?
Жавоб: Биз ҳадиси шарифлардан ҳукм чиқара олмаймиз. Мазҳабимизнинг ҳукмига қараймиз. Таҳоратсиз юриш ва таҳорат олганидан кейин бир намоз ўқиш гуноҳ эмас.
Таҳорати бузилганида такрор таҳорат олиш ва макруҳ вақт бўлмаса, шу таҳорат билан икки ракат субҳо, яъни таҳоратга шукр намозини ўқиш мустаҳабдир.