Таҳорат ва сувнинг турлари
Савол: Денгиз суви билан ёки ичида таёқчасимон микроб бўлган ичилмайдиган сув билан таҳорат олса бўладими? Ғусл қилаётганида совун идишдаги сувга тушиб кетса, бу сув билан ғусл олишнинг зарари йўқми? Ичига айрон, сирка тўкилган сув билан таҳорат олса бўладими?
Жавоб: Денгиз суви тоза. Ундан ичса ҳам бўлади. Лекин шўр бўлгани учун ичилмаганига қараб “бу билан таҳорат олишга ҳам бўлмайди, ғусл қилинмайди” деган қоида йўқ. Яъни “таҳорат ва ғуслда ишлатиладиган сув албатта ичишга яроқли бўлиш керак” деган қоида йўқ. Масалан нажс бўлгани учун ичишга яроқсиз сув билан таҳорат олинмайди. Лекин ичида таёқчасимон микроб бўлгани учун ичишга яроқсиз сув билан таҳорат олиш мумкин. Бир идишга бир қошиқ туз солинса, бу сув билан ҳам таҳорат олса бўлади.
Эримайдиган даражада кўп туз солинса, у ҳолда бундай туз эритмаси билан таҳорат олинмайди.
Бир идиш сувга бир қошиқ қатиқ ёки сирка қўшилса, бу сув билан таҳорат олса бўлади. Сувга сут, қатиқ каби нарсалар қўшилиб, сувнинг рангини ўзгартирадиган даражада кўп бўлса, бу сув билан таҳорат олинмайди. Қовун суви ва шакар аралашиб, сувнинг таъми ўзгармаса, бундай сув билан таҳорат олинади. Таъми ўзгарадиган даражада кўп қўшилган бўлса, бу сув билан таҳорат олинмайди.
Мева сувлари ичишга яроқли бўлса ҳам ҳеч бири билан таҳорат олинмайди. Замзам суви билан таҳорат ҳам, ғусл ҳам олинади. Бир сувга сиёҳ томиб, сувнинг рангини ўзгартирмаса бу сув билан таҳорат олса бўлади. Аралашган модда сувнинг уч сифати бўлган ранг, ҳид ва таъмини ўзгартирса, бу сув билан таҳорат олинмайди, ғусл қилинмайди. Бунинг истиснолари ҳам бор. Масалан, ловия, нўхат, ясмиқ (маржимак) совуқ сувга тушиб, сувнинг уч сифати, яъни ранги, ҳиди ва таъми ўзгарса ҳам оқувчанлигини йўқотмагунича бундай сув билан таҳорат олса бўлади. Гўшт сувининг ранги, ҳиди ва таъми ўзгармаган бўлса ҳам бу билан таҳорат олинмайди.
Бир сувга тоза нарсалар аралашиб, сувнинг ранги ўзгарган ҳолда сув номи ўзгармаса, бу сув билан таҳорат олинади. Кичик бир ҳовузга озгина нажосат тушса, сувнинг уч сифати ўзгармаса ҳам бу сув билан таҳорат олинмайди. Узоқ вақт туриб қолиш натижасида уч сифати ўзгарган сув ифлос бўлмайди. Бу билан таҳорат олса бўлади.
Мустаъмал сув
Савол: Мустаъмал сув нима? Бу сув билан нима қилиш мумкин?
Жавоб: Таҳоратда ва ғуслда ишлатилган сувга "мустаъмал сув" дейилади. Овқатдан олдин ва кейин суннат бўлгани учун қўл ювилган сув ҳам мустаъмал сувдир. Мустаъмал сув имоми Аъзамнинг қавли бўйича оғир нажосатдир. Имоми Абу Юсуфнинг қавли бўйича енгил нажосатдир. Имоми Муҳаммаднинг қавли бўйича эса, тозадир. Фатво имоми Муҳаммаднинг қавли билан берилади. Бундай сув билан нажосат тозаланади, лекин таҳорат ва ғусл қилинмайди. Ундан ичиш ва хамир қориш макруҳдир.
“Мустаъмал сув Моликий мазҳабидан ташқари бошқа уч мазҳабда тоҳирдир, лекин мутаҳҳир эмас. Яъни ўзи тоза, лекин (ҳадасдан ва жунубликдан) тозаловчи эмас. Ундай сув билан ҳар қандай нажосатни ювиб тозалаш мумкин, лекин таҳорат олиб бўлмайди. Моликий мазҳабида ҳам тоҳир, ҳам мутаҳҳирдир.” (Мезон-ул-кубро)
Савол: Бир челак сувга тоза совун тушиб кетса, қўлимизни тиқиб совунни олсак, бу сув билан таҳорат олишнинг зарари борми?
Жавоб: “Совун эриб, сувнинг оқувчанлигини ўзгартирмаган бўлса, бу сув билан таҳорат олса бўлади.” (Радд-ул-мухтор)
Савол: Сув тўла челакка сирка тўкилса, бу сув билан таҳорат олса бўладими?
Жавоб: Ҳа, бўлади.
Савол: Узоқ тургани туфайли ҳидланиб қолган сув билан таҳорат олса бўладими?
Жавоб: Узоқ вақт туриш натижасида уч сифати ҳам ўзгарган сув ифлос бўлиб қолмайди. Ҳидланиб қолган сувнинг сабаби билинмаса, тоза деб қабул қилинади. Бошқалардан сўраб, суриштириш керак эмас.
Савол: Кўлдан, денгиздан таҳорат олинадими?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Қирларда ариқлар, ирмоқларнинг усти очиқ ҳолда оқади. Бу сувларни ичса бўладими, таҳорат олса бўладими?
Жавоб: Ичига нажосат аралашмаган бўлса, усти очиқ бўлишининг зарари йўқ. Одатда оқарсув ифлос бўлмайди. Ҳадиси шарифда “Ранги, таъми ва ҳиди ўзгармаган сув тозадир, нажс эмас” деб марҳамат қилинган. (Дурар)
Савол: Мустаъмал сув имоми Муҳаммаднинг қавлига кўра, тоза. Бунга қарамай барибир ундан сақланиш керакми?
Жавоб: Бошқа имомларнинг қавлига ҳам амал қилиш учун диққатли бўлиш керак.
Савол: Таҳорат олиш учун катта ҳовуз дегани нима?
Жавоб: Ҳанафий мазҳабида майдони 23 метр квадрат бўлган ҳовуз катта ҳовуз деб қабул қилинган. Шофеъийда қуллатайн220 кг сув сиғадиган ҳовуздир. Бу ҳовуз тоза деб қабул қилинади.
Савол: Ғусл ва таҳорат олаётганда челакдаги тоза сув устига ишлатилаётган сув сачраса, нима қилиш керак?
Жавоб: Ҳеч нарса қилишнинг кераги йўқ.
Савол: Дин китобларида сувнинг ранги, ҳиди ва таъми ўзгармагунича, сув тоза қабул қилинади. У ҳолда катта бир идишдаги сувга бир пиёла сийдик (идрор) тўксак, сув нажс бўлмайдими?
Жавоб: “Ҳанафий мазҳабида кичик ҳовузга, Шофеъийда эса қуллатайндан оз бўлган сувга озгина нажосат тушса, сувнинг уч сифати ўзгармаса ҳам нажс бўлади. Бу сувни ичиб бўлмайди ва тозалашда ишлатилмайди. Уч сифати ўзгарса, худди идрор (сийдик) каби бўлиб, ҳеч нарсада ишлатилмайди. Моликий мазҳабида эса ранги, ҳиди ва таъми ўзгармаган сув билан таҳорат ҳамда ғусл олиш саҳиҳ бўлса-да, макруҳдир. Моликийда мои мустаъмал ҳам шундай.” (Саодати абадия)
Савол: Таҳорат олишда кийиладиган резина шиппаклардаги таҳорат суви мустаъмал сув бўладими? Яъни бошқа одам кийиб таҳорат олган ҳўл шиппакни чаймасдан кийса бўладими?
Жавоб: Шиппаклардаги таҳорат сувлари мустаъмал сув эмас. Шиппакни ювмасдан кийиб, таҳорат олиши мумкин.
Савол: Таҳорат сувининг ичига керосин ёки бензин томса, сувнинг уч сифатидан ранг, ҳид ва таъмидан бири ўзгарса, бу сув билан таҳорат олиш жоизми?
Жавоб: Жоиздир. Керосин ва бензин нажс эмас. “Агар нажосат аралашиб, уч сифатидан бири ўзгарса, бу сув билан таҳорат олиб бўлмайди.” (Жавҳара)
Савол: Йўлда дуч келган, тоза деб ўйлаган сувимиз билан таҳорат олса бўладими?
Жавоб: Ҳа, бу сув билан таҳорат олиш мумкин. Сув оз бўлиб, ичига нажосат аралашгани аниқ бўлмаса, бу билан таҳорат олиш мумкин. Яъни тоза деб қабул қилинади.
Ибодатларда одамнинг гумони кўпроқ қайси тарафга оғса (занни ғолиб), шу томон тўғри деб қабул қилинади. Лекин эътиқод ва ишончда гумон билан ҳеч нарсани тўғирлаб бўлмайди. Эътиқоддаги хусуслар аниқ маълум бўлиши орқали тўғри бўлади.
Савол: Сув йўқ, лекин қор бор. Қор билан таҳорат олса бўладими? Ёки таяммум қилишим керакми?
Жавоб: Қор билан таҳорат олинмайди. Қор билан истинжо қилиш жоиз. Булоқ суви билан ҳам таҳорат олиш мумкин. Фақат қор бор жойда таяммум ўтмайди. Қор бир идишга солиб эритилади ва сув тайёр. Бу сув билан таҳорат олиш мумкин. Шаҳарда сув тополмаслик узр бўлмайди.
Савол: Таҳорат учун эгилиб, оёқларини юволмайдиган киши оёқларини раковинага ҳам кўтара олмайдиган хаста оёғини сув тўла идишга тиқиб-чиқарса, оёқларини ювган бўладими?
Жавоб: Оёғини идишдаги сувга солса, идишдаги сув тўлиқ мустаъмал бўлади. Бошқа бир қавл бўйича, бунга рухсат берилган. Зарурат ва эҳтиёж ҳолида бу қавл билан амал қилиш жоиздир.
Савол: Сув бўлмаган жой ва пайтда таҳоратда ишлатилган мустаъмал сув билан яна таҳорат олса бўладими?
Жавоб: Ҳанафий мазҳабида мустаъмал сув билан таҳорат олинмайди. Бундай эҳтиёж туғилганида Моликий мазҳаби тақлид қилиниб, таҳорат олиш жоиз бўлади.
Савол: Тупроғи сабабли бўлса керак, бизнинг қудуқдан чиқадиган сувнинг ранги қизғиш. Бу сув билан таҳорат олсак бўладими?
Жавоб: Ҳа, таҳорат олса бўлади. Сув рангининг бошқача бўлиши унинг нажс эканлигини билдирмайди. Сув сифатини билдирадиган ва нажс бўлмаган ҳар қандай сув билан таҳорат олса бўлади.
“Бир сувга тоза нарсалар аралашиб, сувнинг ранги ўзгарган ҳолда сув номи ўзгармаса, бу сув билан таҳорат олса бўлади.”(Саодати абадия)
Савол: Таҳоратли ёки таҳоратсиз ёхуд жунуб киши қудуққа ёки ваннага салқинлаш нияти билан тушиб тўлиқ ботиниб чиқса ёки даволаниш мақсадида иссиқ сувли ваннага тушса, бу сув мустаъмал бўладими?
Жавоб: Салқинлаш ёки даволаниш нияти билан ваннага тушиш билан ғусл олиш учун тушиш бошқа. Таҳоратда ва ғуслда ишлатилган сувга мустаъмал сув дейилади. Мустаъмал сув имоми Муҳаммаднинг қавлига кўра, тозадир. Лекин бу сув билан такрор таҳорат олинмайди, ғусл қилинмайди ва ичилмайди. Тоза сувга аралашган мустаъмал сув миқдори тоза сувдан оз бўлса, бу сув билан таҳорат ва ғусл жоиздир. Масалан, 5 литр сувга 4 литр мустаъмал сув аралашса, бу билан таҳорат ва ғусл қилиш саҳиҳ.
“Жунуб киши ёки кофир нажосат тегмаган ҳовучини бир идишга тиқиб сув ёхуд чўмични олса, бу идишдаги сув тўрт мазҳаб бўйича ҳам ифлос бўлмайди. Нажосат устидан оқаётган сувнинг ярмидан кўпи нажосатга тегиб турган бўлса, бу сув ифлос бўлади. Ярмидан ози тегиб оқаётган бўлса ва нажосатнинг уч сифати сувда кўринмаса, бу сув ифлос бўлмайди. Мустаъмал сув Моликийда ҳам тоза, ҳам тозаловчидир. Яъни Моликий мазҳабида мустаъмал сув билан таҳорат ва ғусл қилинади.” (Маноҳиж-ул ибод)
Қуйидаги ёзувлар “Ҳалаби-йи сағир” китобидан олинган:
“Жунуб киши қўлини ёки оёғини, челакни олиш учун қудуқнинг ичига тиқса, зарурат бўлгани учун бу сув мустаъмал бўлмайди. Лекин қудуққа салқинлаш учун қўлини ёки оёғини солса, бу ҳолатда зарурат бўлмагани учун сув мустаъмал бўлади. Жунуб киши оғзини ювишга ният қилмасдан оғзига сув олса, имоми Муҳаммаднинг қавлига кўра, бу сув мустаъмал бўлмайди. Имоми Абу Юсуфнинг қавлига кўра, бу сув мустаъмал бўлади. Жунуб ёки таҳоратсиз бўлган киши ювиш мақсадида қўлини сув идишига тиқса, бу сув мустаъмал бўлади. Тоза бўлган киши қудуққа тушиб ғусл олса, қудуқнинг суви мустаъмал бўлади. Тоза бўлган киши челакни излаб қудуққа тушса ва қудуқнинг ичида баданини ишқаламаса, сув мустаъмал бўлмайди. Ҳатто кирини кетказиш учун қудуқнинг ичида баданини ишқаласа ҳам сув мустаъмал бўлмайди. Ғусл олишга ният қилса, сув мустаъмал бўлади. Таҳоратсиз киши таҳорат аъзоларидан бошқа жойини ишқаласа, бу сув мустаъмал бўлмайди. Чунки таҳорат олиш мақсадида ювмаяпти. Салқинлаш ёки терини тозалаш учун ювган бўлади.
Тоза кийим ёки тоза идиш ювилган сув ҳам мустаъмал бўлмайди.
Таҳоратсиз ва тоза киши қўлини суққан сув билан таҳорат олиш жоиз.
Жунуб киши ғусл қилаётганида ишлатган суви челакдаги сувга сачраса, бу сув челакдаги сувни мустаъмал қилмайди. Имоми Муҳаммаднинг қавлига кўра, мустаъмал сув тоза сувдан кўп бўлмагунича аралашган сув мустаъмал ҳолга келмайди.
Жунуб киши челакни олиш учун қудуққа тушса, Абу Юсуфнинг қавлига кўра, бу киши жунуб, сув тоза бўлади. имоми Аъзамнинг қавлига кўра эса, бу кишининг жунублиги давом этади, сув ҳам ифлосланади. Имоми Муҳаммаднинг қавлига кўра эса иккиси ҳам тоза бўлади. Сиз сзраган киши жунубликдан тозаланади, сув ҳам ифлосланмаган бўлади. Фатво ҳам мана шу қавл бўйича берилган. Агар бир киши намоз ўқиш мақсадида ғусл олиш учун бир қудуққа тушса, сув мустаъмал бўлади. Жунуб киши ювинган қудуқ ҳам ифлосланади.” (Ҳалаби-йи сағир)