Бир отанинг қизига насиҳати
Қирқ йиллик оилавий ҳаётдан, бошимдан ўтган аччиқ-чучук хотиралардан ва тажрибалардан кейин қизимга ҳамда бутун мусулмон қизларга муҳим насиҳат айтмоқчиман. Ҳузурли бир оила қуриш учун ёшларнинг бу насиҳатларга қулоқ солишларини истайман. Чунки булар қирқ йиллик тажрибанинг натижаси. Ушбу насиҳатларни етмиш ёшга яқинлашган, ҳеч кимдан бирон нарса кутмаётган, ичидаги ўй-фикрларини шундайлигича ифода қилаётган қария бир мусулмоннинг самимий гаплари деб қабул қилинг:
1. Қизим, нафсингга оғир келса ҳам аввал шуни қабул қил! Эркак киши жисмонан, ақлан ва руҳан аёл кишидан устундир. Жаноби Ҳақ аёл кишини эркакнинг ҳимоясига берган. Чунки ояти каримада “Эркаклар аёллар устидан ҳокимдир, уларнинг бошқарувчиси ва ҳимоячисидир” деб буюрилган. (Нисо, 34) Буни қабул қилишингнинг сенга ҳеч зарари бўлмайди. Аксинча кўп фойдасини кўрасан. Қабул қилмасанг ҳам дунёда, ҳам охиратда бунинг азобини тортасан.
2. Билган нарсанг тўғри бўлса ҳам, буни эрингга қабул қилдиришга уринма, бу хусусда у билан баҳслашма! Айтганингдан фойда бўладиган бўлса, бир марта айтгин-у, ўзингни четга ол. Хоҳласа қабул этсин, хоҳламаса йўқ.
3. Ҳар жамиятда, ҳар ширкатда, ҳар давлатда охирги сўзни бир киши айтади. Ва шу охирги сўзнинг албатта тўғри бўлиши ҳам шарт эмас. Лекин мутлақо охирги гапни бир киши айтиши керак. Агар ундай бўлмаса, жамиятда ҳузур қолмайди, бошбодоқлик ва тўс-тўполон бошланади. Худди шунга ўхшаб, жамиятнинг энг кичик бўлаги бўлган оилада ҳам сўнгги сўзни бир киши айтиши керак. Бу кишининг эса, эр киши эканлигини Қуръони карим таъкидлаган. Шу сабабли сен ўз фикрингни билдиргину, лекин охирги қарорни эринг берсин!
4. Жамиятда инсонлар орасида мутлақ бир тенглик йўқ. Аллоҳу таоло шундай яратган. Жамиятни бошқарадиган раҳбар ва бошлиқларнинг имтиёзлари бўлади. Уларнинг бундай имтиёзларга эга бўлишида жамиятга жуда катта манфаат бор. Уларга қилинган яхшилик, кўрсатилган ҳурмат ва берилган имтиёз буларни қилган кишиларга албатта қайтади. Чунки бир Бош вазирнинг касал бўлиши, ишларини вақтида бажара олмаслиги ҳар бир ватандошга ўз салбий таъсирини кўрсатмай қолмайди. Шунинг учун “Бош вазирнинг ёнида давомли доктори юради, уни кўриб ватандошларнинг "менинг ёнимда нима учун йўқ, ахир биз тенг ҳуқуқлимиз-ку” дейиши қаътиян ноўрин. Чунки раҳбарнинг соғ-саломат бўлиши, халқнинг саломатлиги демакдир. Шунингдек иш берувчи раҳбарнинг ҳам соғлиги ночор бўлса, қўлостидаги барча ходимларига манфий таъсир кўрсатади. Ишлар юришмайди ва охир-оқибат ўша ишхона ёпилади. Бундан раҳбардан зиёда, ходимлар кўпроқ зарарли чиқишади.
Оилада ҳам худди шундай, сен ва оила аъзоларининг ҳаммаси оила раиси бўлмиш ота атрофида парвона бўлишлари керак. Чунки унинг яхши бўлиши бутун оила аъзоларининг яхши бўлиши деганидир. Агар у яхши, соғ-саломат бўлса, қолганлар ҳам соғ-саломат бўлади. Чунки у оила аъзолари учун меҳнат қилади, оиладан битта-яримтаси касалга чалинса, даволатади, бирон эҳтиёжлари бўп қолса, топиб келади.
5. Эрингнинг қадрини бил! Ҳикмат аҳли бўлган бир зот: “Маст бўлса ҳам, уйда бир эркакнинг бўлиши аёл учун катта неъматдир” деганлар. Буни бева қолиб, оиланинг ташвиши бошига тушган аёллар яхши билишади. Шунинг учун уйда “Мен, сен” эмас, фақатгина “у” бор. “У бор бўлса, биз ҳам бормиз, у йўқ бўлса биз ҳам йўқмиз” деб ўйлашинг лозим. Ўзингни бунга ишонтир. Биттадан кўп “мен” бўлган жойда ҳузур бўлмайди. Ҳузур “ўзини йўқ” деб фараз қилишдан бошланади. Буни унутма!
6. Эркак кишининг иши ҳақиқатан ҳам қийин. Шунинг учун унга ёрдамчи бўл, тўғаноқ бўлма! Чунки у уйнинг нафақасини таъминлаш билан бирга, сенинг ва фарзандларинг қилган ҳар бир ишидан масъулдир. Дунёда ва охиратда бунинг ҳисобини у беради. Аёл кишининг эса бундай оғир юки йўқ. Фақатгина ўз қилган ишидан масъул бўлади. Бундан ташқари, эр кишининг жамият олдида яхшиликларни ёйиш, ёмонликларга моне бўлиш вазифаси ҳам бор. Бу вазифа унга фарздир. Мана шундай қийин ва оғир ишни бажараётган эркак жиҳод савобини олади. Аёл кишининг жиҳод савобини олиши, жаннатга кириши эр кишига қараганда анча осон. Жаноби пайғамбаримиз қуйидагича марҳамат қилганлар:
“Аёлнинг жиҳоди эри билан яхши муносабатда бўлишидир.”
“Мўмина аёл эрига итоат қилгани учун етмиш сиддиқнинг амали миқдорида савоб қозонади.”
“Бир аёл беш вақт намозини ўқиса, Рамазонда рўза тутса, номусини сақлаб, эрига итоат қилса, жаннатга хоҳлаган эшигидан киради.”
Мана қизим, қисқа ва лўнда қилиб сенга ҳузурли бир оила бўлишнинг йўлини кўрсатдим. Хоҳласанг мана шу йўлдан юриб, дунёда ҳузурли умр кечир ва охиратда ҳам жаннат неъматларига қовушгин. Хоҳламасанг дунёни ва охиратни ўзингга зиндон қил! Танлаш эрки ўзингда!