Хасталикда таҳорат
Савол: Ўрнидан туролмайдиган, ётиб қолган хаста қандай таҳорат олиб, қандай қилиб намоз ўқийди?
Жавоб: Таҳорат олиш ёки олдириш мумкин бўлмаса, таяммум қилади. Намозларини имо билан ўқийди. (Мароқил фалоҳ)
Савол: Оёғи тўпиғидан кесилган киши кесилган жойини таҳоратда ювиши керакми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Оёғим тўпиғимдан кесилгани учун протездан фойдаланаман. Протезни кийиб-ечишим анча қийин. Бу нарса узр бўладими?
Жавоб: Ҳа. Протезнинг устидан масҳ қилиш жоиз.
Савол: Елни тутолмайдиган аёллар ҳам Моликий мазҳабини тақлид қиладиларми?
Жавоб: Ҳа. Бу нарса фақатгина эркакларга хос эмас. Аёлларда ҳам бўлиши мумкин. Елини тутолмаслик Моликий мазҳабини тақлид қилган кишининг таҳоратини бузмайди. Намоз ўқиётганда бундай ҳолат юзага келса, намоз тугагандан кейин таҳорати давом этади, намози ҳам бузилмайди.
Савол: Бир кишининг ҳам ел, ҳам сийдик тута олмайдиган узри бўлса, нима қилиши керак?
Жавоб: Моликий мазҳабини тақлид қилади. Хоҳласа беш дона узри бўлсин, ҳеч бири таҳоратни бузмайди. Яъни тутолмаслиги сабабли чиққан ел, сийдик, бирон суюқлик, ич кетиши, геморрой қони, ярадан чиққан қон, йиринг, бурун қонаши, кўздан оғриқ билан келадиган ёш ва шу кабилар таҳоратни бузмайди. Бошқа таҳоратни бузадиган нарса бўлмаса, битта таҳорат билан эрталабдан кечгача намоз ўқиши, Қуръони карим ўқиши мумкин. Чунки таҳорати бузилмаган бўлади. Лекин Ҳанафий мазҳабида бошқача, Ҳанафийда ҳар намоз вақти кирганида янгидан таҳорат олиши керак.
Савол: Сийдигини тутолмайдиган узрли бир Ҳанафий оз бўлса ҳам ўз ихтиёри билан кичик ҳожат чиқарса, таҳорати бузиладими?
Жавоб: Узрли бўлгани учун шундоқ ҳам ҳожатини тутолмайди. Бу орада ўз ихтиёри билан кичик ҳожатини чиқарса ҳам таҳорати бузилган бўлмайди.
Савол: Кунда бир ёки икки марта сийдик тутолмай қоламан. Баъзан намозда ҳам чиқиб кетгандек туюлади. Намозим саҳиҳ бўладими?
Жавоб: Кичик ҳожатини тутолмайдиган, лекин сиздек узр соҳиби бўлмаган киши тоза ҳолида кийган ич кийимида намлик кўрадиган бўлса, лекин қачон томганини билмаса, ҳайз қонида бўлганидек, кўрган вақтида томган деб ҳисобланади. Шубҳа қилган киши намоз ўқишдан аввал ичкийимига қарайди. Намлик кўрадиган бўлса, янгидан таҳорат олади. Намоз ўқиётган вақтида шубҳаланса, салом бериши билан дарров қараб, томчилаганини кўрса, намозини қайта ўқийди. Саломдан бир неча дақиқа сўнгра қараб, томганини кўрса, намозни таҳоратли ўқиган ҳисобланади.
Бу ҳолатда бўлган киши Ҳанафийда узрли ҳисобланмайди. Моликийда узрли бўлади. Шунинг учун Моликий мазҳабини тақлид қилса, идрор сизиши билан таҳорати бузилган бўлмайди ва намозда ич кийимига оққан идрор нажс ҳисобланмайди. Бу рухсатдан фойдаланиш керак.
Савол: Менга зонд қўйилди. Сийдик бир халтачада бирикади. Уст-бошим нажосат. Бу ҳолатда Моликий мазҳабини тақлид қилиб, нажосатли кийим билан намоз ўқишим жоизми? Ёки ҳозирча ўқимай, соғайганимдан кейин қазо қилишим керакми?
Жавоб: Намозни қазога қолдириш ҳаром. Бошқа чорангиз бўлмагани учун шу ҳолингиз билан намоз ўқиш жоиз бўлади. Моликийда нажосат намозга моне бўлмайди.
Савол: Жарроҳлик амалиёти билан қорнимдан тешик очиб, халтача боғладилар. Халтачадан баъзан нажосат сизади. Моликийни тақлид қилсам бўладими?
Жавоб: Ҳа, бўлади.
Савол: Сийдик каналларини совуқ олдирганим учун ҳожатга тез-тез қатнайман. Намоз ўқиётганимда ҳам таҳоратим қистаб туради. Бу ҳолатда намоз ўқишим макруҳми? Қазо намозларимни соғайгунимча тўхтатиб турсам бўладими?
Жавоб: Макруҳ бўлмайди. Моликий мазҳабини тақлид қилсангиз, идрорни тутолмай қолсангиз ҳам таҳоратингиз бузилмайди. Қазо намозларни ўқишни кечиктирманг. Моликийни тақлид қилиб намозларни ўқинг.
Савол: Тишини олдирган кишининг оғзи қонашда давом этса, намоз вақтининг охирини кутадими ёки шу заҳоти ўқиб олса ҳам бўладими?
Жавоб: Намоз вақтининг охирини кутишнинг кераги йўқ. Шу заҳоти ўқиб олиши мумкин. Чунки қон оғиздан чиқмагунича таҳорати бузилмаган бўлади.
Оғзини шўр сув билан ғарғара қилиб, тиши олинган жойга пахта қўйилади. Сўнгра таҳорат олиб, намозини ўқийди. Агар намоз ўқиётганида қон оғзидан ташқарига чиқса, таҳорати бузилади. Таҳорати айнан шу сабаб билан бузилмаслиги учун таҳорат олаётганда Моликий мазҳабини тақлид қилиши керак. У ҳолда тишдан келган қон оғзидан ташқарига чиқса ҳам, таҳорати бузилмайди.
Савол: Милклари тез қонаб кетадиган киши қандай таҳорат олади?
Жавоб: Ҳанафий мазҳабида узр соҳиби бўла олиш учун қон оқиши бир намоз вақтининг бошидан охиригача давом этиб туриши керак. Вақтнинг охирида камида бир марта оқса ҳам узр соҳиби бўлади. Оқмаса узр соҳиби бўлмайди. Ҳанафий мазҳаби бўйича узр соҳиби бўлмаган бир киши Моликий мазҳабини тақлид қилади. Моликий мазҳабида тиш қонаши таҳоратни бузмайди. Битта таҳорат билан таҳоратни бузадиган бошқа сабаблар бўлмаса, истаганича намоз ўқиши мумкин. Масалан, бомдод вақти олинган таҳорат билан хуфтон намозини ҳам ўқиши мумкин.
Савол: Ёрдамчиси бўлмаган бемор таҳорат ва ғуслни қандай олади?
Жавоб: Ўзи мустақил таҳорат ололмайдиган бемор ёрдамчи тополмаса, таяммум қилиб, намоз ўқийди.
Савол: Қариб қолган ота-онам таҳорат олишда қийналишади. Шунга нимани тавсия қила оласиз?
Жавоб: Қариялар одатда узр соҳиби бўладилар. Улар Моликий мазҳабини тақлид қилсалар, кичик ҳожат, ел тутолмасликлари, қон оқиши каби нарсалар таҳоратини бузмайди. Тишида пломбаси бўлганлар Моликийни қандай тақлид қилишса, хасталик учун ҳам худди шундай тақлид қилинади.
Савол: Ишдаги аёлман. Хилват жой топиб, таҳорат олишга қийналаман. Хасталигим сабабли укол оламан, шу вақтда қон чиқиши мумкин. Шу сабаблардан келиб чиқиб, Моликийни тақлид қилишим жоизми?
Жавоб: Ҳа, жоиз бўлади. Бегона эркакларнинг олдида билакларни очиш ҳаром. Ҳаром қилмаслик учун эса бошқа мазҳаб тақлид қилинади.
Савол: Бир жойимиз қонаса ва оз бўлса ҳам оқиб турса. Намоз вақти ичиқб кетадиган бўлса ёки ҳали анча вақт бор бўлса, нима қилишимиз керак?
Жавоб: Яранинг устига бинт боғланади. Сўнгра Моликий мазҳаби бўйича таҳорат олинади. Бу ҳолатда бинтнинг устидан масҳ тортиш етарли бўлади. Ўша таҳорати билан таҳоратни бузадиган бошқа сабаб содир бўлмаса, истаганича намоз ўқиши мумкин. “Ярадан қон оқяпти” деб қайтадан таҳорат олиш керак эмас.
Савол: Қўлида ёрилган жой, яра ёки экземаси бўлган киши таҳорат ва ғуслни қандай олади?
Жавоб: Қўлидаги ёрилган жой, яра ёки экземага сув тегиши зарар берадиган бўлса, қўлига сув ўтказмайдиган қўлқоп кийиб, бу билан таҳорат ололса, мана шу тарзда таҳорат олиши керак. Қўлқоп тополмаса, қўлларига сув ололмаса ва юзини, бошини, оёқларини сувга тиқолмайдиган бўлса, таяммум қилади. Ярали жойларини ҳўл қилмасдан ғусл ололмайдиган бўлса, бу ҳолда ҳам таяммум олади.
Савол: Икки қўли чўлоқ ёки фалаж бўлган киши қандай таҳорат олади?
Жавоб: Қўллари чўлоқ бўлган киши таҳорат олмайди. Қўлларини тупроққа, юзини деворга суриб, таяммум қилади.
Савол: Таҳорат аъзоларининг бир қисми ярали бўлган киши қандай таҳорат олади?
Жавоб: Таҳорат аъзоларининг ярмидан кўпи ёки тўрт таҳорат аъзосидан иккитаси соғлом бўлса, таҳорат олиб ярали жойларини масҳ қилади. Масҳ зарар берса, бинт устидан масҳ қилади. Таҳорат аъзоларининг ярмидан кўпи ярали бўлса, таяммум қилади. Таяммум қилган кишининг баъзи жойларини ювиши жоиз эмас.
Савол: Бошим ва юзим бутунлай яра-чақа. Баданимни юваётганимда юзимга ҳам сачраши мумкин. Доктор яраларга сув текказмаслигимни айтган. Бу ҳолатда таҳорат ва ғуслни қандай оламан?
Жавоб: Бошингиздан бўйнингизгача рангсиз целлофан пакет кийиб оласиз. Вужудингизнинг бошқа жойларини ювасиз. Ҳўл қўлингиз билан бошингиз ва юзингизни пакетнинг устидан масҳ қиласиз. Пакетнинг устидан бошингиздан сув қуйсангиз ҳам масҳнинг ўрнига ўтади. Бундан ташқари масҳ қилсангиз ҳам зарари йўқ.
Савол: Таҳорат ёки ғуслда сув тегмаслик керак бўлган жойнинг устига боғланган бинт ёки пакетнинг устини масҳ қилсак, сўнгра буларни олиб ташлагандан кейин ювилиши керак бўлган жойни масҳ қилиш керакми?
Жавоб: Яра, чипқон, таридаги ёрилган жойларнинг устига ёки ичига қўйилган малҳам, пахта, бинт каби нарсаларнинг ечилиши ярага зарар берадиган бўлса ёки булар ечилганда ювиш, масҳ қилиш зарар берадиган бўлса, булардан малҳам, пакет каби сув ўтказмайдиган нарсаларнинг устидан сув қуйилади. Сув ўтказадиган нарсанинг устидан масҳ этилади. Зарар бериш дегани шифонинг кечикиши ёки оғриқнинг ортиши деганидир. Масҳ қилганидан кейин булар яра шифо топмасидан ечилса, масҳ бузилмайди. Яра шифо топганидан кейин ечилса, тагларини ювиш керак. Буларнинг устидан масҳ қилиш, тагини ювишнинг ўрнига ўтади. Буларга масҳ қилган киши узр соҳиби бўлмайди. Бундай киши соғлом кишиларга имом бўла олади. Солиҳ ва мутахассис докторнинг “Сув теккизмаслик керак” деган жойи яра ҳукмида бўлади. Буларнинг устига масҳ қилишда таҳоратсиз ва жунуб орасида фарқ йўқ. (Саодати абадия)
Савол: Чап оёғимни бехосдан лат едириб олганим учун гипсга солиб қўйишди. Ҳеч қандай қонаган жойи ёки яра йўқлигига қарамай ҳар вақт намозда таҳоратни янгилашим керакми ёки бир таҳорат билан 2-3 намозни ўқисам бўладими?
Жавоб: Ҳа, таҳорат бузилмаган бўлса, беш вақт намозни ҳам ўқий оласиз. Бузилганида таҳорат олаётганингизда гипснинг устидан масҳ қиласиз.
Савол: Автомобилда ҳалокатга учрадим. Бир неча ҳафтадан бери гипслик қўлимга масҳ қилиб таҳорат оляпман. Бир домла “Сен узрлисан, намоз вақтининг охиригача кутиб, ҳар намозга алоҳида таҳорат олишинг керак” деди. Бу тўғрими?
Жавоб: Нотўғри. Қўли гипсда бўлган ёки бинт билан боғланган киши узрли бўлмайди, бир жойидан қон, йиринг ёки сариқ сув давомли оқиб турган киши узрли бўлади. Бомдодда олган таҳорати билан таҳоратни бузадиган ўзга сабаб бўлмаса, хуфтон намозини ҳам ўқиса бўлади. Иккинчидан, узрли бўлган киши ҳам вақтнинг охирини кутмайди. Узр соҳиби бўлмасдан биринчи марта бундай бирор жойидан қон, йиринг ёки сариқ сув ва шу кабилар оқиб турса, бу киши вақтнинг охиригача кутади. Бунинг гипслик қўл билан алоқаси йўқ.
Савол: Спирал қўйдирганда бир неча кун қонаши мумкин экан. Бу ҳолатда тишидаги пломбаси туфайли Моликий мазҳабини тақлид қилиб юрган аёл бу даврда намозларини ўқий оладими?
Жавоб: Ўтган ойдаги тоза ва ҳайзли кунларини билиш керак. Ўтган ойдагиси истиҳозали бўлса, ундан аввалги тоза ва ҳайзли кунларини билиши керак. Билмаса жавоб берила олмайди. Агар 15 тоза кунларида спирал қўйилган бўлса ва ортидан қон келадиган бўлса, намозини ўқийди. Спирал одат муддатини ҳам бузиши мумкин. Ҳар намоз вақти таҳорат олиб, намозини ўқийди. Моликийни тақлид қиладиган бўлса, ҳар намоз вақти таҳорат олишига ҳожат йўқ. Таҳоратини бузадиган бошқа сабаб бўлмагунича, спирал туфайли оққан қон таҳоратни бузмайди. Лекин 15 кундан кейин келса, ҳайз деб қабул қилинади.
Савол: Хасталик ёки ҳомиладорлик вақтида тез-тез қайт қилган кишининг таҳорати бузиладими?
Жавоб: Моликий мазҳабини тақлид қиладиган бўлса, бузилмайди.
Савол: Бирон хасталик туфайли вақти-вақти билан бурни қонаб турса, таҳорати бузиладими?
Жавоб: Бурнидан қон оқадиган бўлса албатта бузилади. Лекин Моликийни тақлид қилган кишининг таҳорати бузилмайди. Чунки қон ўз-ўзидан оқмоқда. Моликийда қон самовий бир сабаб билан оққани учун таҳоратни бузмайди. Бурнини бир ерга уриб қонатса, самовий узр бўлмагани учун таҳорати бузилади.
Савол: Тез-тез ёки ора-сира бурни қонайдиган кишининг намоз вақтида бурни қонаб кетса, таҳорати ва намози бузиладими?
Жавоб: Моликий мазҳабини тақлид қиладиган бўлса, таҳорати ҳам, намози ҳам бузилмайди.
Савол: Бир намоз вақтининг кириши билан қўли ёки истаган бир жойи қонаган қиши фарзни ўқиб олишга етадиган муддат ҳам қон тўхтамаса, вақтнинг охирида шу ҳолича намозни ўқий оладиган бўлса, хуфтон намозининг вақти кириши билан қўли қонаган ва қонашда давом этган киши хуфтон ва витрни ўқиши учун хуфтоннинг сўнгги вақти бўлган имсоккача кутиши керакми?
Жавоб: Ҳа, лекин Моликий мазҳабини тақлид қиладиган бўлса, шу заҳоти ўқиб олиши мумкин. Имсоккача кутмайди.
Савол: Оёғида яра ёки грибок бўлган киши оёқда турганида эзилиб, қон ёки йиринг чиқиб таҳоратини бузмаслиги учун намозни ўтириб ўқиса бўладими?
Жавоб: Ҳа, жоиз. (Ҳиндия)
Бундай ҳолатларда Моликий мазҳабини тақлид қилган афзалроқ. Моликий тақлид қилинганда чиққан қон, йиринг таҳоратни бузмайди. Бу каби сабаблар ёки бошқа бир узр сабабли Моликий мазҳабини тақлид қилганида ғуслда, таҳоратда ва намозда Моликийнинг фарзларига ва муфсидларига риоя қилиш керак.
Савол: Геморрой хастасиман, баъзан қон чиқиб, ич кийимим кирланади. Таҳоратли юришим қийин. Бунинг бир осон йўли йўқми?
Жавоб: Осон йўли бор. Молкийи мазҳабини тақлид қиладиган бўлсангиз, геморройдан оққан қон таҳоратни бузмаганидек, нажс ҳам ҳисобланмайди. Яъни намоз вақтида қон келса таҳорат ҳам бузилмайди, ич кийимни кирлатган қон нажс ҳисобланмагани учун шу ҳолингизда намоз ҳам ўқий оласиз.
Намоздан аввал қон келадиган бўлса ҳам таҳоратингиз бузилмайди. Лекин имкон ва вақт топсангиз, ич кийимингизни алмаштиришингиз керак. Чунки айрим сабаблар билан ўз мазҳабимиз рухсат бермаган амалларни Моликийни тақлид қилиб бажараётган одам ўз мазҳабидан чиқиб кетмайди. Яъни ўз мазҳабининнг ҳукмларига ҳам риоя қилишни давом этказади. Агар имкон бўлмаса, шу ҳолича ўқиши жоиз бўлади.
Савол: Баданидан кунда 2-3 марта қон оқиб турадиган аёл узр соҳиби бўладими? Қон қачон оққанини ҳис этмаган вақтлари ҳам бўлади. Доимо таҳоратидан шубҳаланиб юради. Бу ҳолатда нима қилиши керак?
Жавоб: Ҳанафийда узрли бўлиши учун икки намоз вақти орасида камида бир марта қон ёки шу кабилар оқиши керак. Яъни узрли бўлиш учун қон кунда беш марта оқиши керак. Моликийда эса кунда бир марта келса, ҳатто 3-5 кунда бир марта келса ҳам узрли бўлади. Шунинг учун Моликий мазҳабини тақлид қилсангиз, бу нарсалар таҳоратни бузмайди, намозда оқса ҳам зарари йўқ.
Савол: Доктор аёлман. Аёллардаги ойлик одат даврларида ўзгариб турадиган қон оқиши бўлади. Бу масала таҳорат ва намоз борасида аёллардаги энг катта муаммо. Лекин менинг бир неча ўранган таниш аёлларим бор ва ҳеч қайси бири Моликий мазҳабини тақлид қилишдан хабарлари йўқ. Нима учун аёллар Моликий мазҳабини тақлид қилмайдилар?
Жавоб: Билмаганликлари учун тақлид қилмайдилар. Тортиниб, бемалол сўрай олмаганликлари учун бу муаммодан қутула олмаяптилар. Моликийнинг тақлид қиладиган бўлсалар, на таҳоратлари бузилади, на намозлари.
Бундан ташқари, ич кийимларига оққан суюқлик тегиб, буни тозалаш қийин бўлса, буни алмаштирмасдан ҳам намоз ўқишлари мумкин. Моликийда нажосатни тозалаш фарз эмас. Эҳтиёж ҳолида нажосатли кийим билан намоз ўқиш жоиз.