Таҳоратнинг фарзлари
Савол: Тўрт мазҳаб бўйича таҳоратнинг фарзлари қайсилар?
Жавоб:
Ҳанафий мазҳабида:
1. Юзни ювиш;
2. Икки қўлни билаклари билан тирсаккача ювиш;
3. Бошнинг камида тўртдан бир қисмини масҳ қилиш;
4. Икки оёқни тўпиқлари билан қўшиб ювиш;
Моликий мазҳабида:
1. Ният;
2. Юзни ювиш;
3. Икки қўлни билаклари билан тирсаккача ювиш;
4. Бошни бутунлай масҳ қилиш;
5. Икки оёқни тўпиқлари билан қўшиб ювиш;
6. Муволот (орасини узмасдан аъзоларни кетма-кет ювиш);
7. Далк (ювилган жойларини ишқалаш).
Шофеъий мазҳабида:
1. Ният;
2. Юзни ювиш;
3. Икки қўлни билаклари билан тирсаккача ювиш;
4. Бошни камида бир қисмини масҳ қилиш;
5. Икки оёқни тўпиқлари билан қўшиб ювиш;
6. Тартиб (тартиби билан ювиш).
Ханбалий мазҳабида: Таҳоратнинг фарзи олтита. Таҳоратнинг шартлари ҳам фарз. Буларни ҳам қўшганда таҳоратнинг фарзи 10 та бўлади:
1. Ният;
2. Бисмиллоҳ айтиш;
3. Оғзини чайиш;
4. Бурнига сув тортиб чайиш;
5. Юзни ювиш;
6. Икки қўлни билаклари билан тирсаккача ювиш;
7. Бошни бутунлай масҳ қилиш (қулоқлар ҳам бошга киради);
8. Икки оёқни тўпиқлари билан қўшиб ювиш;
9. Тартиб;
10. Муволот (орасини узмасдан аъзоларни кетма-кет ювиш);
Савол: Таҳорат олаётганда тўрт мазҳабга ҳам амал қилишни ният қилиш тўғрими?
Жавоб: Яхши бўлади. Чунки Ҳанафий мазҳабига мос, яъни фарз, суннат ва мустаҳабларига мос ҳолда таҳорат олган киши бошқа уч мазҳабга ҳам амал қилган бўлади. масалан, таҳорат олаётганда:
1. Ният Ҳанафийда суннат, бошқа уч мазҳабда фарздир.
2. Бисмиллоҳ айтиш, Ҳанафийда суннат, Ҳанбалийда эса фарздир.
3. Оғизни, бурунни чайиш Ҳанафийда суннат, Ҳанбалийда фарздир.
4. Бошни тўлиқ масҳ қилиш Ҳанафийда суннат, Моликий ва Ханбалийда фарздир.
5. Тартиб, яъни аъзоларини тартиби билан ювиш Ҳанафийда суннат, Шофеъий ва Ханабалийда фарздир.
6. Муволот, яъни аъзоларининг орасини узмасдан кетма-кет ювиш Ҳанафийда суннат, Моликий ва Ханбалийда фарздир.
7. Далк, яъни аъзоларни ишқалаш Ҳанафийда суннат, Моликийда фарздир.
Кўриб турганимиздек Ҳанафийнинг барча фарз, суннат ва мустаҳабларига ҳам риоя қилган ҳолда таҳорат олган киши нариги уч мазҳабга ҳам мос таҳорат олган бўлади.
Тўрт ҳақ мазҳаб бўйича таҳоратни бузадиганлар
Савол: Ҳақ бўлган нариги уч мазҳабда таҳоратни бузадиган нарсалар нима?
Жавоб: Теридан қон чиқса Ҳанафийда таҳорат бузилади. Нариги уч мазҳабда бузилмайди.
Туя гўштини ейиш ва ўлик ювиш Ханбалийда таҳоратни бузади, қолган уч мазҳабда бузмайди.
Маҳрам бўлмаган аёлнинг қўлига ёки очиқ терисига очиқ бадани тегса Шофеъийда таҳорат бузилади. Ханбалий ваМоликийда шаҳват билан тегсагина бузади. Ҳанафийда эса, шаҳват билан тегса ҳам таҳорат бузилмайди.
Савол: Таҳоратда юз, қўллар ва оёқларнинг қаери ювилади?
Жавоб: Юз икки қулоқ юмшоғи ва соч тугаган жойи билан ияк орасидир. Икки қўл тирсаклари билан бирга, икки оёқ эса тўпиқ суяклари билан бирга ювилади. Бу аъзоларнинг фарз бўлган жойидан бироз ортиғини ювиш мустаҳаб, ундан кўпроғини ювиш макруҳ бўлади. (Саодати абадия)
Савол: Таҳоратда ияк остини ювиш керакми?
Жавоб: Ҳанафийда ияк остини ювиш шарт эмас. Шофеъийда эса ияк остини ювиш фарз.
Савол: Кафтларни ювиш таҳоратнинг фарзлари орасида эмас, суннатлари орасида саналганига қараганда, кафтларни ювиш фарз эмасми?
Жавоб: Кафтлар қўлга киргани учун кафтларни қўллар билан бирга ювиш фарздир. Таҳоратни бошлаётганда кафтларни ювиш суннатдир.
Савол: Таҳоратда қўлимиздаги намлик сочимизнинг тагига, яъни бошимизга тегиши керакми?
Жавоб: Йўқ, фақат сочларнинг устига тегиши керак.
Савол: Таҳоратда бошнинг тўртдан бир қисмини масҳ қилиш фарз. Сочимиз тўзимасин деб бошнинг орқа тарафини масҳ қилсак бўладими?
Жавоб: Фарз бажарилган бўлади. Лекин суннатга мос масҳ қилиш учун бошни бутунлай масҳ қилиш керак.
Савол: Аёл кишилар ташқарида таҳорат олаётганида сочлари кўриниб қолмаслиги учун рўмол устидан масҳ қилиши жоизми?
Жавоб: Йўқ, жоиз эмас. Ҳанафийда бутун бошни масҳ қилиш суннат, тўртдан бирини масҳ қилиш эса фарздир. Шунинг учун рўмолни ечмасдан сочлар кўринмайдиган шаклда бошнинг тўртдан бирини масҳ қилиш керак. Масалан, бошнинг орқа қисмини масҳ қилса ҳам бўлади. Моликийнинг тақлид қилган кишининг бошнинг тамомини масҳ қилиши фарз.
Савол: Аёл киши сочи жуда узун бўлса, уни қандай масҳ қилади? Сочнинг устки тарафини ҳўл бармоқлар билан силайдими ёки усти билан тагини ҳам бармоқлари билан ҳўллаши керакми?
Жавоб: Сочи узун бўлса, ҳўл қўллари билан бошни масҳ қилаётганида сочларини икки қўллаб ушлаб, учларигача пастга қараб тортади. Тагини-устини ҳўллаш керак эмас. Қўлидаги намлик камайса ҳам, ҳатто умуман қолмаса ҳам қўлининг тегиши кифоя.
Савол: Қўлларни ювгандан кейин қўлидаги намлик билан бошни масҳ қилса бўладими?
Жавоб: Йўқ. Масҳ учун қўллар алоҳида сувлаб олинади.