Ғусл керак бўладиган ва бўлмайдиган ҳолатлар
Савол: Ғусл олиш керак бўладиган ҳоллар қайси?
Жавоб: Ғусл олиш керак бўладиган ҳолатлар қуйидагилар:
1. Ҳайз ёки нифос (фарзанд кўрганидан кейин келадиган қон) ҳоли тугагандан кейин ёхуд жунуб бўлганида ғусл олиш фарздир. Ҳайз тугаганида жунуб ҳам бўлса, иккиси учун бир ғусл етарли бўлади. Аёл жунуб ҳолида ҳайз кўрса, истаса дарров ғусл олади, истаса ҳайзи тўхтагунча кутади, сўнгра иккиси учун бир марта ғусл олади.
2. Закар (олат)нинг учи суннат териси тагидаги юмалоқ қисм фаржга (аёлнинг жинсий аъзоси) кирса, маний келса-келмаса эркак ҳам, аёл ҳам жунуб бўлади. Юмалоқ қисми кирмаса жунуб бўлмайди.
3. Эркакларнинг жинсий аъзосидан қуюқ оқ ва аёллардан оқувчи сариқ маний шаҳват билан ажралиб чиқса, жунуб бўлишади.
4. Иҳтилом билан, яъни тушида шаҳватланиб уйғонганида маний оққанлигини кўрган эркак ва аёл жунуб бўлади. Тушида жинсий алоқада бўлганини кўриб, лекин уйғонганида маний оқмаган бўлса, маний бўлмаса ғусл қилмайди. Баъзи олимлар аёлларнинг манийси ичига оқади, эҳтиёт шарт ғусл олганлари афзал деганлар.
5. Шаҳват билан ажралган маний сийдик йўлида қолиб, бироз вақт кейин бу ердан шаҳватсиз чиқса ҳам ғусл олиши керак. Идрор чиқарганидан кейин ёки бироз вақт ухлаганидан кейин маний чиқса, ғусл олмайди.
6. Истимно (мастурбация) ғуслни керак қилади.
7. Жунуб бўлиб, идрор чиқармасдан ғусл олса, сўнгра манийнинг қолган қисми шаҳватсиз оқса ҳам такроран ғусл олиши керак. Шунинг учун ғуслдан аввал идрор чиқариб, идрор йўлида қолган маний қолдиғини чиқарганидан кейин ғусл олиш керак.
8. Закарнинг учи аёлнинг ёки эркакнинг анал тешигига кирганида маний оқса ҳам, оқмаса ҳам ҳар иккисига ғусл олиш фарз бўлади. Ҳайз ҳолида ҳам, тоза ҳолида ҳам аёлига анал тешигидан яқинлашиш ҳаром. Катта гуноҳ бўлади. Ливота ёки баччабозлик ундан ҳам катта гуноҳ. Ҳайвон билан жинсий алоқага қирган кимса ҳам ғусл олиши керак. Бу ҳам жуда жирканч ва катта гуноҳ ҳисобланади.
9. Иҳтилом бўлганини хотирламасдан маний кўрган кишининг ғусл олиши лозим. Уйғониб кийимида маний кўрган киши иҳтилом бўлганини хотирламаса ҳам ғусл олади. Мазий деб гумон қилса, эҳтиёт шарт ғусл олгани яхши.
10. Аёл эрини ўйлаб шаҳватланса, сўнгра титраб сарғиш бир оқинти, яъни маний келса, ғусл олиши керак бўлади.
Ғусл олиш керак бўлмайдиган ҳоллар
Савол: Ғуслни лозим қилмайдиган ҳолатлар қайсилар?
Жавоб: Халқ орасида ғусл олиш керак деб ҳисобланадиган баъзи ҳолатларда ғусл лозим эмас. Ғуслни керак қилмайдиган ҳолатлар қуйидагилар:
1. Бир эркак бир аёлни ёхуд бир эркакни яланғоч ҳолида кўрса, ғусл керак эмас. Қарганида шаҳватланиб, маний келса, ғусл олиш керак бўлади. Мазий келса, ғусл лозим эмас.
2. Бир аёл ўз эрини ёки бошқа бир аёлни яланғоч кўрса, ғусл олиши керак эмас.
3. Эр-хотин ҳазиллашиб ўйнашганида, яланғоч расмга қараганида ёки ўйлаганида мазий келса, лекин маний келмаса ғусл олиш керак эмас.
4. Идрор чиқарганидан ёки катта таҳорат синдирганидан кейин келган ёпишқоқ простата суюқлиги ва вадий ғуслни керак қилмайди.
5. Оғир бир нарса кўтариш ёки бир ердан қулаш каби бир сабаб билан маний келса, Шофеъий мазҳабида ғусл лозим бўлади. Бошқа уч мазҳабда эса керак эмас.
6. Иҳтилом бўлганини хотирлаган киши уйғонганида кийимида маний кўрмаса, ғусл олиши керак эмас. Иҳтилом бўлган киши уйғонганида ётоғида, кийим ёки оёғида намлик кўрса, буни мазий деб аталадиган рангсиз оқувчи суюқлик эканини англаса ёки уйғоқлигида мазий оқса ғусл олиш керак эмас.
7. Жунуб бўлган аёл ғусл қилиб бўлганидан кейин ундан эрининг манийси оқса, ғусл олиши лозим эмас.
8. Аёл ёки эркак белдан пастдаги тукларни қиртишласа, ғусл керак эмас.
9. Аёллар сепган атирни эркак киши ҳидласа, буни сепганга ҳам, ҳидлаганга ҳам ғусл керак эмас. Ҳатто таҳорат ҳам бузилмайди. Лекин аёлларнинг эрларидан бошқалар учун атир сепишлари жоиз эмас.
10. Жунублигида кийилган кийими устида нажосат бўлмаса, такрор кийиш ва шу либос билан намоз ўқишнинг зарари йўқ.
Маний, мазий ва вадий дегани нима?
Савол: Маний, мазий, вадий, простата суюқлиги нима? Булар ғуслни лозим қиладими?
Жавоб: Маний жинсий алоқа ёки мастурбация натижасида ҳаяжон билан келадиган ёпишқоқ суюқликдир. Эркакларнинг манийсига сперма дейилади. Аёллардан келадиган маний сарғиш бўлади.
Вадий идрордан кейин чиқадиган оқ, тиниқ бўлмаган, қуюқ, ёпишқоқ бир суюқликдир.
Мазий шаҳватланганида, очиқ расмларга қараганида ёки шаҳват билан ўпишганида, бадани текканида ёки юқоридаги нарсаларни ўйлаганида келадиган бир неча томчи рангсиз ёпишқоқ суюқликдир.
Простата суюқлиги одатда идрордан (сийдик) кейин чиқадиган қуюқ ёпишқоқ бир суюқликдир.
Шаҳват билан келган манийдан ташқари ҳеч қайси бири ғуслни лозим қилмайди. Аёллардан маний келиши анча қийин бўлади. Маний чиқмасданн мазий деб аталадиган оқувчи суюқлик чиққанида ғусл олиш керак эмас. Маний чиққанида титраш бўлади. Чиққан нарсанинг маний ёки мазий эканлигини шунга қараб ҳам билса бўлади.
Савол: Простата туфайли жарроҳлик амалиёти қилишди. Сперма халтачаларини олиб ташлаганлари учун сперма пайдо бўлмайди. Аёлим билан бирга бўлганимда сперма чиқмайди. Тушимда иҳтилом бўламан, лекин ташқарига ҳеч нарса оқмайди. Баъзан ҳеч қандай сабаб бўлмаса ҳам идрорда қуюқ бир нарсани кўраман. Бу нарса спермамикан деб ажабланаман. Бу ҳолатда мен жунуб бўламанми, ғусл олишим керакми?
Жавоб: Аёли билан бирга бўлганида сперма чиқмаса ҳам, ғусл олиш керак. Тушида иҳтилом бўлганида ташқарига ҳеч нарса оқмаса ғусл керак эмас. Ғусл учун манийнинг шаҳват билан чиқиши керак. Маний ҳар қандай ҳолатда шаҳватсиз чиқса, Ҳанафийда ғусл керак эмас. Идрорда кўринган нарса простата суюқлиги бўлиши мумкин. Анализ топширган яхши бўлади. Агар маний бўлса ҳам шаҳватсиз чиққани учун ғусл керак эмас. Агар шаҳват билан ўрнидан кўчиб, кейинчалик шаҳватсиз чиқса ҳам ғусл олиш керак.
Савол: Жарроҳлик амалиёти билан маний канали идрор халтасига боғланди. Иҳтиломда маний идрор халтасига оқар экан. Идрорда манийни кўрмаяпман. Ғусл олишим керакми?
Жавоб: Агар маний кўринмайдиган бўлса, ғусл шарт эмас.
Савол: Аёл киши аёллар хасталиги сабабли эркак докторда бачадонини текширтирса ғусл олиши керакми? Ультратовушда текширтирганида ғусл керак бўладими? Аёл киши олди ёки орқасига бармоғини суққанида ғусл олиши керак деганлар бор, ғусл керак эмас деганлар ҳам бор. Қайси бири тўғри?
Жавоб: Иккаласи ҳам тўғри ҳисобланмайди. Бу ерда изоҳга эҳтиёж бор. Ичкарига бармоқ кирганида шаҳватланмаса, ғусл керак эмас. Шаҳватланса ғусл олиши лоизм бўлади. “Саодати абадия” китобида “Радд-ул мухтор”дан олиб, айтиладики:
“Ёш боланинг олати, ҳайвон олати, ўлик олати, олат каби бирон нарса ёки бармоқ ичкарига кирганида шаҳватланса, ғусл олиш керак бўлади. Шаҳватланмаса ҳам ғусл олгани яхшироқ.”
Савол: Жунуб аёл ҳайз кўрса, ғусл олиши керакми?
Жавоб: Ғусл олиши шарт эмас. Жунуб ҳолида соч, тирноқ олиши макруҳ, ҳайзли ҳолида эса макруҳ эмас. Шунинг учун ювиниб кейин тирноқ олгани дурустроқ бўлади.
Савол: Эркак ёки аёл доктор, доя Рамазон ойида таҳоратли ҳолда бир аёлга доялик қилса, докторнинг рўзаси, ғусли ёки таҳорати бузиладими?
Жавоб: Ҳанафий мазҳабидаги аёл докторнинг ёки доянинг Рамазон ойида доялик қилиш билан рўзаси, таҳорати ва ғусли бузилмайди. Заруратсиз эркак доктор кузатувида туғиш жоиз эмас.
Савол: Ҳайзи тўхтаганидан кейин ғусл қилмасдан эри билан алоқада бўлиб, сўнгра тушида иҳтилом бўлган аёл неча марта ғусл олиши керак бўлади?
Жавоб: Неча марта жунуб бўлса ҳам бир марта ғусл олиши барчасига етарли бўлади. Намоз вақти чиқмасдан туриб, ғусл олиши керак. Намоз ўқимасдан вақти чиқиб кетадиган бўлса, намозини қазога қолдиргани учун ҳам алоҳида катта гуноҳ бўлади.
Савол: Одам ливота қилса ёки лўли билан зино қилса, ғишт эригунча ювинмаса пок бўлмайди дейишади, шу ростми?
Жавоб: Йўқ, бундай нарса йўқ. Ливота ва зино катта гуноҳ бўлса ҳам бир марта ғусл олган киши тоза бўлади.
Ливота деб эркакнинг эркак билан жинсий алоқада бўлишига айтилади.
Зино деб эркак билан аёлнинг никоҳсиз ҳолда жинсий алоқада бўлишига айтилади.
Савол: Бир ғайримуслим мусулмон бўлгач, ғусл олиши керакми?
Жавоб: Жунуб бўлганидан кейин ювинган бўлса, мусулмон бўлганидан кейин ғусл олиш мустаҳаб бўлади. Жунуб кофир кирдан тозаланиш учун чўмилган бўлса ҳам жунублиги қолмайди, чунки Ҳанафийда ғусл учун ният фарз эмас. Ниятсиз тўлиқ чўмилиш орқали ғусл ҳам олган бўлади. Жунуб бўлганидан кейин чўмилмаган бўлса, мусулмон бўлгач ғусл олиши фарз бўлади.(Ислом ахлоқи)