Кема ва портларда намоз
Савол: Кема билан турли давлатларга бораман. Кема ва портларда намозни қандай ўқийман. Тўрт ракатлик намозларни икки ракат қилиб ўқийманми?
Жавоб: Сузиб бораётган кемаларда фарзларни ўтириб ўқиш икки имом наздида жоиз эмас. Лекин бош айланиши ўтириб ўқиш учун узр ҳисобланади. Денгиз ўртасида лангар ташлаб турган кема шамолда қаттиқ чайқалаётган бўлса, сузиб бораётган кема ҳукмида бўлади. Қаттиқ чайқалмаётган бўлса, масалан соҳилда турган бўлса, уни ичида фарз намозларни ўтириб ўқиш жоиз бўлмайди. Сузиб бораёган кемада қиблага юзланиб туриш ва кема бурилганида ўзи ҳам қиблага қараб бурилиш керак. Сафарий киши кема ва поездда фарз намозларни қиблага юзланиб, сажда жойи ёнига компас қўйиб, кема ёки поезд йўналишини ўзгартирганда биргаликда қиблага қараб бурилиб туради. Ёки бошқа бири уни елкаларидан ушлаб қиблага қаратиб қўяди. (Саодати Абадия) Намозда намозхоннинг кўкраги қибладан бошқа тарафга ўгириладиган бўлса, намоз бузилади.
104 км дан олисга кетаётган кемадаги сафарий илк ҳаракат қилган портидан бошқа портларда тўрт ракатлик фарз намозларни қаср қилган ҳолда икки ракат қилиб ўқийди. Уч ракатликлар қисқартирилмайди. Суннатлар вақт бемалол бўлса, тўлиқ ўқилади. Вақт зиқ бўлса, тарк этиш жоиз. Лекин суннат намозларда қаср бўлмайди.
Бориб тушган портлардан бирида ёки бир нечтасида 15 кундан кўпроқ муддат қоладиган бўлса, намозлар қисқартирилмайди. Кема портдан чиққандан кейин яна икки ракат қилиб ўқилади. Бу ҳукмлар Ҳанафий мазҳаби бўйича берилган. Нариги уч мазҳабда эса, бирон жойда тўрт кун қолишга ният қилган киши сафарийликдан чиқади. Уч кун ёки ундан кам қолганлар сафарий бўлади.
Савол: Ватани аслийим бўлган Истанбулдан Измирга кемада бориб келамиз. Қайтишда Истанбулга яқин қолганда бир ерда кемамиз лангар ташлаб тўхтайди. Шу вақтда кемада намозларимни сафарий бўлиб ўқийманми?
Жавоб: Истанбулда қуруқликка қадам босмаганингиз учун сафарий ҳисобланасиз. Сафардан қайтишда кемада қолган муддатда тўрт ракатлик намозларни икки ракат қилиб ўқишингиз керак. (Ниҳоя)
Сафарийликка ният
Савол: Уч кунлик йўлга чиққан ва у ерда бир ҳафта қолишни режалаштирга Ҳанафий мазҳабидаги киши автоматик равишда сафарий бўладими?
Жавоб: Ҳа. Йўлга чиқишга қарор қилиш ниятдир.
Савол: “Саодати Абадия” китобида “Ният қилмаган бўлса, бутун дунёни айланиб чиқса ҳам сафарий бўлмайди” дейилган. Мусулмон биродарлар орасида ҳам “Сафарсиз ният, ниятсиз сафар бўлмайди, ҳар иккаласи ҳам бўлиши лозим”, дейилади. “Улардан биттаси бўлмаса, киши сафарий бўла олмайди” деган гаплар юради. Демак, мен ният қилмасдан самолётга миниб, Америкага учсам сафарий бўлмайман, тўғри тушундимми?
Жавоб: Нотўғри тушунгансиз. Америкага бориш учун билет оласиз, самолётга чиқасиз ва Америкага учасиз. Булар ният эмасми? Буларни ўз хоҳишингиз, иродангиз билан қиляпсизми? Ният дегани бир иш қилишга қарор қилиш деганидир. Ҳам Америкага кетяпман дейсиз, ҳам-да боришга қарор қилмадим деяпсиз. Сизнинг у ёққа кетаётганингизни айтишингизнинг ўзи қарор берганингизни кўрсатади. Бу ҳода сафарга ҳам ният қилган, ҳам отланган бўлдингиз.
“Саодати Абадия”даги иқтибосда “Ният қилмаган бўлса, бутун дунёни айланиб чиқса ҳам сафарий бўлмайди” дейилгандан кейин “Душманни таъқиб қилаётган аскарларнинг ҳолати шундай бўлади. Лекин ортга қайтишида сафарий бўлади” деган жумла ҳам бор.
Яна бир мисол: Тошкентдан Оҳангаронга бориш учун автобусга чиққан киши йўлда ухлаб қолиб, Қўқонга ўтиб кетса, Қўқонда сафарий бўлмайди. Чунки бу ерга келишни ният қилмаган эди. Лекин у ердан Тошкентга қайтмоқчи бўлиб йўлга чиқса, сафарий бўлади.
Савол: Сафарий бўлиш учун ният шартми?
Жавоб: Ҳа, ният шартдир.
Савол: Бир киши 80 км масофадаги А шаҳрига борса, сўнгра бир иш билан А шаҳридан 85 км узоқликдаги В шаҳрига бориб, яна А шаҳрига қайтиб келса, В шаҳрида сафарий бўладими?
Жавоб: Йўқ, бўлмайди. Агар А шаҳрига кетаётиб, В шаҳрига ҳам боражагини билса, у ҳолда А шаҳрида ҳам, В шаҳрида ҳам сафарий бўлади.
Савол: Бир киши 104 км дан олис бўлган А шаҳрига 30 кун қолиш мақсадида борса, у ерда 10 кун қолганидан кейин 10 км узоқликдаги В шаҳрига борса, сўнгра ундан 10 км масофадаги Д шаҳрига борса, сўнгра такроран А шаҳрига қайтиб келса, 30 кун давомида узлуксиз сафарий бўладими?
Жавоб: Йўқ, сафарий бўлмайди, муқим бўлади. А шаҳрига етиб келиб муқим бўлганидан кейин 104 км масофага йўлга чиқмагунича муқимлигича қолади. Агар энг аввал йўлга чиқаётганида В ва Д шаҳарларида ҳам 10 кундан қолишини билса эди, 30 куннинг барчасида узлуксиз сафарий бўларди. Агар Моликий мазҳабини тақлид қиладиган бўлса, бу ҳолатда ҳам муқим ҳисобланади.
Савол: Тошкентдан Гулистонгача бўлган масофа 104 кмдан узоқроқ бўлгани учун динимизда бир аёл ёнида маҳрами бўлмасдан Тошкентдан Гулистонга йўлга чиқолмайди. Бир киши ҳийла ўйлаб топибди. “Чинозга боргунича ният қилмайсиз, сўнгра Гулистонга боришга ният қилсангиз ҳам сафарий бўлмайсиз ҳамда маҳрамсиз бора оласиз” дейди. Мана шундай ният қилиш орқали бир аёлнинг Тошкентдан Гулистонга маҳрамсиз бориши жоизми?
Жавоб: Қатъий равишда жоиз бўлмайди. Агар сафарга ният қилмаслик билан сафарийликдан қутула оладиган бўлса, Чиноздан нарёғига сафарга ният қилишининг нима кераги бор? Гулистонга боргунича умуман ният қилмай қўя қолса бўлмасмиди? Самарқанд, Бухоро, ҳатто дунёнинг нариги бурчагига "мен ният қилмадим" деб якка ўзи чиқиб кетаверсин. Унақа бемаъни мантиқ билан хоҳлаган одам "ният қилмадим" деб бутун дунёни айланиб чиқса ҳам сафарий бўлмайди-ку. У ҳолда умуман "сафарийлик" деган тушунчанинг ўзи йўқолади. Ният дегани бирон жойга боришни кўнглига тугиб қўйиш, боришга бел боғлаш, юракдан қарор бериш деганидир. Кўпчилик ниятни оғиз билан айтиладиган муъайян сўзлар деб нотўғри тасаввур қилади. Сафарий бўлмаслик учун ният қилмайман дегани ўтмайди. Масалан Самарқандга боришга бел боғлаб, воситага билет олиш ниятдир. Киши Самарқандга бориш учун қарор қилса, билетини ҳам олса, "мен сафарга чиқяпман" деб ният қилса, лекин айрим сабаблар билан йўлга чиқмаса сафарий бўлмайди. Демак, сафарий бўлиш учун ният қилиш ҳам-да йўлга чиқиш керак. Йўлга юришга қарор бериб йўлга чиқиб туриб, "мен сафарийликка ният қилмаганман" дейиш бекор гап. Бунга ҳийла-и шариа дейилмайди, ҳийла-и ботила, яъни ботил бўлган ҳийла дейилади.
Сафарийлик муддати
Савол: Шофеъий ва Моликийда сафар масаласи ва муддати қанча?
Жавоб: Ҳанафийда сафар масофаси 104 км, муддати эса 15 кун. Борган жойида кириш-чиқиш кунларидан ташқари тўлиқ 15 кун ёки ундан кўпроқ қоладиган бўлса, муқим бўлади. Лекин кириш-чиқиш кунлари билан бирга 15 кун истиқомат қилса, сафарий бўлади. Чунки кириш-чиқиш кунлари ҳисобланмагани учун борган жойида 13 кун қолган бўлади.
Моликий, Шофеъий ва Ханбалийда 80,640 км масофага бориб, кириш-чиқишдан ташқари 4 кундан оз қолган киши сафарий бўлади. Тўлиқ 4 кун ёки ундан кўпроқ қолса, муқим бўлади. (Бу уч мазҳабдан бирини тақлид қиладиган Ҳанафийлар масофада ўз мазҳабига, яъни 104 кмга амал қилади. Сафарийлик муддатида эса тақлид қилаётган мазҳабининг ҳукмига амал қилади.) Сафарга чиққан киши бомдод азонлари ўқилаётган вақтда бир шаҳарга кириб борса, у кун истиқомат куни ҳисобланмайди. Бомдод азони ўқилаётганда у шаҳардан чиқса, у кун ҳам истиқомат кунларига қўшилмайди. Борган жойида 3 кун истиқомат қилса, кирган куни ва чиқадиган куни ҳам бомдод намозларини ўша жойда ўқиган бўлади. Жами 5та бомдод намози бўлади. Демак, олис жойда энг кўпи билан 5та бомдод намозини ўқиган киши сафарий бўлади. Шарий кун (шариатда куннинг боши имсок-фажри содиқ) имсок вақти кирганида бошланади.
Сафарда икки намозни жам қилиш
Савол: Ҳанафий мазҳабида сафарда икки намозни жам қилиш жоизми?
Жавоб: Ҳанафий мазҳаби бўйича сафарда икки намозни жам қилиш асло жоиз эмас. Лекин эҳтиёж бўлганида нариги уч мазҳабдан бирини тақлид қилиб жам қилиш мумкин. Сафарда бирон қийинчилик, машаққат ҳосил бўлмаса, икки намозни жам қилмоқ, яъни бир вақтда бирлаштириб ўқиш ҳаромдир.
Савол: Автобусда йўлга чиққанда намозларни қазога қолдирмаслик учун муносиб вақтларда жам қилиш жоизми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Сафарий бўлган киши Шофеъий ёки Моликийни тақлид қилиб, икки намозни жам қила оладими?
Жавоб: Шофеъий ёки Моликийни тақлид қилиб, икки намозни тақдим (аввалга вақтга олиб жамлаш) ва тахир (кейинги вақтга қолдириб жамлаш), яъни пешин билан асрни пешин вақтида ёки аср вақтида (кундузгилар ўз орасида); шом билан хуфтонни шом ёки хуфтон вақтида (кечқурунгиларни ўз орасида) жам қилиб ўқий олиш учун албатта бирон эҳтиёж содир бўлиши керак.
Хоҳ йўлда, хоҳ сафарда, бирон бир эҳтиёж туғилмай туриб тақдим ва тахир қилиш орқали намоз ўқилмайди. Чунки узрсиз ҳолда мазҳабларнинг қулай ҳукмларини жамлаб фойдаланишга “талфиқ” дейилади ва бу жоиз эмас.
Сафарга поезд билан чиққан киши поездда намозларни тик туриб ўқий олмаса, поезд тўхтаган пайтда тақдим ё тахир қилиш орқали ўқийди.
Савол: Сафарда Шофеъий ёки Моликийни тақлид қилган ҳолда пешин билан асрни жам қилиб ўқиш учун пешинни аср вақтига кечиктирдим. Аср вақти кирганида доимий истиқомат қиладиган юртимга етиб келиб, муқимга айландим. Бу ҳолда пешин қазога қолгани учун гуноҳ бўлдими?
Жавоб: Ибни Ҳожар-и Маккий ҳазратлари айтадиларки: “Сафарий киши аср вақтида жам қилиш учун пешинни кечиктирса, пешин вақти чиққанидан кейин пешинни ўқимасидан олдин муқим бўлса, аввало пешиннинг қазосини ўқийди.Мана шу сабаб ила пешинни қазога қолдиргани учун гуноҳга ботмайди. Чунки намозни узрсиз қазога қолдириш гуноҳдир. Бу ерда сафарда бўлиш узри билан қазога қолдирилгани туфайли гуноҳ бўлмайди.” (Фатавоий фиқҳия)