Суннатнинг турлари
Савол: “Суннатимни тарк қилган кишига шафоатим ҳаром бўлади” ҳадиси шарифини олимларимиз қандай изоҳлаганлар?
Жавоб: Жаноби Пайғамбаримизнинг ўзлари буюрган ёки қилган ибодатларига “Суннат” дейилади.
Суннат иккига бўлинади:
1. Суннати ҳудо.
2. Суннати завоид.
1. Суннати ҳудо:
Буларга "суннати муаккада" ҳам дейилади. Фақат Ислом динига махсус бўлгани учун Исломнинг шиори бўлган ушбу суннатлар бошқа динларда асло учрамайди. Жаноби Пайғамбаримиз буларни давомли бажарганлар, жуда сийрак тарк қилганлар ва тарк қилганларга ҳам ҳеч нарса демаганлар. Гоҳ-гоҳида тарк қилган суннатларига эса “Ғайри муаккада” дейилади. Муаккад суннатни узрсиз равишда давомли тарк қилиш макруҳ бўлиб, кичик гуноҳдир. Намоз ичидаги муаккад суннатларни тарк қилиш эса, таҳриман макруҳдир. (Радд-ул мухтор)
Динимизнинг бутун ҳукмлари Қуръони каримдан чиқарилган. Бу ҳукмлар уч қисмга бўлинади:
а) Маънолари очиқ бўлган ва илм аҳли тарафидан билдирилган ҳукмлар. ("Аллоҳ бир" қабилидаги ҳукмлар бунга мисол.)
б) Мужтаҳидлар тарафидан ижтиҳод орқали чиқарилган ҳукмлар. (Таҳоратнинг фарзи Ҳанафийда тўрт, Ханбалийда ўн бўлиши бунга мисол.)
в) Учинчи қисми ғоятда яшириндир. Аллоҳу таоло аён қилмагунча бундан бирон тирик жоннинг хабар топиши мумкин эмас. Бу қисмдаги маълумотлар фақат муҳтарам Пайғамбаримизга билдирилган. Бу ҳукмлар ҳам Қуръони каримдан чиқарилган бўлса-да Расулуллоҳ тарафидан изоҳлангани учун буларга “Суннат” дейилади. (Мактуботи Раббоний, 2/55)
“Азон айтиш, жамоат билан намоз ўқиш каби суннатлар “Суннати ҳудо”дир.” (Ҳадиқа)
2. Суннати завоид:
Муҳтарам Пайғамбаримизнинг ибодат сифатида эмас, балки одат сифатида қилган ишларига айтилади. Завоид суннатларни тарк қилиш макруҳ эмас. Пайғамбаримизнинг кийинишлари, яхши нарсаларга ўнгдан бошлашлари каби одатлари суннати завоиддир. (Радд-ул мухтор)
Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики:
“Фарзга тааллуқли бўлган суннатлар ёнида фарзга алоқаси бўлмаган суннатлар ҳам бор. Фарзга тегишли суннатларнинг асли Аллоҳнинг китобидадир. Бу суннатларни (суннати ҳудони) олиш ҳидоят, тарки эса залолатдир. Нариги суннатларни (суннати зоидани) олиш фазилат, тарки эса гуноҳ эмас.” (Табароний)
“Расулуллоҳ жанобимизнинг бундай одат сифатида қилган ишларига эргашмаслик бидъат эмас. Буларга амал қилиш ё қилмаслик ўлкаларнинг ва инсонларнинг урф-одатларига боғлиқ бўлиб, диний ҳукмлар эмас. Ҳар ўлканинг одати бир-биридан анча фарқланади. Ҳатто бир ўлканинг урф-одатлари вақт ўтиши билан ўзгаришларга учраб туради. Шундай бўлса-да урф-одатга тегишли ишларда ҳам (бир узри бўлмаса) Расулуллоҳга тобе бўлиш, дунё ва охиратда инсонга жуда кўп фойда келтиради ва турли саодатларга йўл очади.” (Мактуботи Раббоний, 2/55)
“Китоб ва Суннат" дейилгандаги "суннат"дан мақсад ҳадиси шарифлардир. "Фарз ва суннат" деганда бу ердаги "суннат" Пайғамбаримизнинг фарз бўлмаган ҳолда қилган ишлари деганидир. "Суннат" сўзи ёлғиз ўзи ишлатилганида “Исломият” деган маънони англатади. Мана шу суннатга тобе бўлганларга “Аҳли суннат” дейилади.” (Жавҳара)
Шайх-ул-ислом Ибни Камол Бошозода ҳазратлари “Шарҳи ҳадис арбаъин” китобида “Суннатимни тарк қилган кишига шафоатим ҳаром бўлади” ҳадиси шарифини изоҳлаб айтадики: “Бу ҳадиси шарифдаги "суннат" - исломият деганидир. Чунки мўмин катта гуноҳ қилса ҳам шафоатдан маҳрум қолмайди. Чунончи ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики: “Умматимдан катта гуноҳ қилганларга шафоат қиламан.” (Абу Довуд)”
Кўриб турганимиздек аҳли суннатдан ажралганлар шафоатга қовуша олмайдилар. (Ширъа)
“Умматим орасида фитна-фасод ёйилган пайтларда суннатимга ёпишган кишига юз шаҳид савоби берилади”ҳадиси шарифи фитна вақтида аҳли суннат вал жамоат эътиқодида бўлиб, беш вақт намозини жамоат билан ўқиган кишига юз шаҳид савоби берилишини билдирмоқда. (Риёд-ун-насиҳин)
Шунинг учун аввало аҳли суннат эътиқодига мос равишда имон келтириш, сўнгра ҳаромлардан тийилиш, кейин фарзларни бажариш, сўнгра макруҳлардан тийилиб, муаккад суннатларни, ундан кейин мустаҳабларни бажариш керак.
Ўнгдан бошлашга ва тоқ сонга риоя қилиш
Савол: Чойга солинган қанд ё шакарни аралаштираётганда ўнгдан чапга қараб аралаштириш, пиёлани ўнг қўлда ушлаш, чойни тоқ сонда ичиш завоид суннат бўлади деган гапларни эшитиб турамиз. Нима пайғамбаримиз чой ичганмидилар, булар суннат бўладиган?
Жавоб: Бунақа масалаларда чой, қаҳва, лимонад деб алоҳида-алоҳида олиб қаралмайди. Булар мубоҳ ичимликлар ва нарсалар. Мубоҳ бўлган барча ишда ўнгдан бошлаш, миқдорининг тоқ бўлишига риоя қилиш суннати завоиддир. Яъни одатларга оид суннатдир. Буларга мустаҳаб ҳам дейилади. Буларни тарк қилиш гуноҳ эмас, лекин риоя қилиш савоб бўлади. Бир неча мисол келтирамиз:
Масжидга ўнг оёқ билан кириш, кирганидан кейин ўнг тарафга ўтириш мустаҳаб. Пойафзал, кўйлак кияётганда, соч олаётганида ва тараётганида, тирноқ олаётганида, мусулмоннинг уйига ва хонасига кираётганида, садақа бераётганида ўнгдан бошланади. Буларнинг аксини қилаётганида, масалан, пойафзал, пайпоқ, кийимларини ечаётганида, мусулмоннинг уйидан, хонасидан чиқаётганида, ҳожатхонага кираётганида, бурун қоқаётганида, истинжода чапдан бошлаш мустаҳабдир. Ҳеч қандай узрсиз буларнинг аксини қилиш танзиҳан макруҳ бўлади. Ўнг қўл билан еб-ичиш, ўнг қўл билан қурбонлик сўйиш, ўнг қўл билан ёзув ёзиш, чой, қаҳва, сув каби ичимликларни узатаётганда ўнгдан бошлаш мустаҳаб. Чапақай бўлганларнинг чап қўли билан ёзиши ва чап қўл билан қурбонлик сўйишларининг зарари йўқ.
Тўрт нарсанинг қиймати
Савол: Ҳамма ишда тоққа риоя қилишнинг суннат эканлигини биламиз. Шунда жуфт бўлиб қолган нарсалар қадр-қийматсиз бўладими?
Жавоб: Тоқ миқдорга риоя қилиш бошқа масала, қадр-қийматли нарсаларнинг тоқ ёки жуфт сонда бўлиши бошқа. Масалан жуфт сон бўлган тўрт (4) рақамига алоқадор анча нарса борки, бу уларнинг қадрини туширмайди. Бир нечтаси қуйида келтирилган:
Ер юзининг низоми тўрт нарса билан қоимдир: Тупроқ, сув, олов ва шамол.
Табиатнинг низоми тўртта: Иссиқлик, совуқлик, нам ва қуруқлик.
Диннинг салоҳи тўрт нарсага суянади: Намоз, закот, рўза ва ҳаж.
Инсоннинг дунёлик ҳаёти тўрт нарсадан иборат: Ейиш, ичиш, кийиниш ва бошпана топиш.
Тўрт китоб: Таврот, Инжил, Забур ва Қуръони карим.
Тўрт улуғ фаришта: Жаброил, Микоил, Исрофил ва Азроил (алайҳиссалом).
Тўрт содиқ халифа: Абу Бакр, Умар, Усмон, Али (родияллоҳу анҳум ажмоин).
Тўрт ҳақ мазҳаб: Ҳанафий, Моликий, Шофеъий ва Ханбалий.
Фасллар тўртта: Баҳор, ёз, куз, қиш.