Аллоҳдан бошқасидан ёрдам сўраш

Савол: Биз инсон сифатида ҳар кимдан ёрдам сўраймиз. “Аллоҳдан бошқасидан ҳар қандай мақсадда ёрдам сўраш ширкдир” дейишади. Бунинг жоиз бўлган ва жоиз бўлмаган қисмлари қайсилар? "Истиғоса", "истиъона", "тавассул", "таважжуҳ", "васила" деганлари нима? Жоиз бўлгани ва бўлмагани нима?

Жавоб: Барчаси жоиз. Жоиз бўлмаган нарса фақат Аллоҳдан бошқасини яратувчи деб билиш, Аллоҳу таоло хоҳламаса ҳам унинг фойда ва зарар бера олишига ишонишдир. Оддий бир мусулмон эса, шундоқ ҳам Аллоҳдан бошқасини яратувчи деб билмайди. Қуйида бу хусусларнинг барини мисоллар билан изоҳлаймиз:

Истиғоса

Шафоат, ёрдам сўраш, Аллоҳу таолодан бир истагининг, тилагининг бажарилиши учун Пайғамбарларни ва авлиё зотларни, севган қулларини васила қилиб, яъни орага қўйиб дуо қилиш деганидир. Ҳадиси шарифда “Қиёматда инсонлар аввал Одам, сўнгра Мусо ва кейин Муҳаммад (алайҳиссалом) билан истиғоса қиладилар.” (Бухорий)

“Истиғоса қилинган, ёрдам сўраладиган ва ёрдамни яратадиган ёлғиз Аллоҳу таолодир. Лекин Пайғамбарлар, авлиё зотлар, солиҳ қуллар ва шу кабилар ишнинг бажарилишига воситадир, василадир, яъни сабабдир. Исталган нарсани яратадиган эса фақат Аллоҳу таолодир.” (Шавоҳид-ул-ҳақ)

Имоми Субкий айтадики: “Расулуллоҳ билан истиғоса қилиш ундан шафоат сўраш деганидир. Бу эса жуда яхши нарса. Аввал ва кейин келган ислом олимларининг ҳеч қайсиси бунга қарши биронта гап айтмаганлар. Фақат Ибни Таймия буни инкор қилди. Мана шу тариқа тўғри йўлдан чиқди. Ўзидан аввал келган олимларнинг ҳеч бири айтмаган бир бидъат чиқарди. Бу бидъат билан мусулмонларнинг тилига тушди.” (Жомиус-сағир шарҳи)

Ваҳҳобийлар “Аллоҳдан бошқасидан ёрдам сўраш, унга сиғиниш ширкдир” дейишади. Аллоҳдан бошқасини яратувчи деб билиш ширкдир. Буни билмайдиган ҳеч бир мусулмон йўқ. Лекин бошқалардан ҳам истиғоса қилишни, мажозан айтиш жоиз. Чунки бир ояти каримада маолан шундай буюрилган:

“Унинг қавмидан бўлган душманига (Қибтий) қарши ундан (Мусо алайҳиссаломдан) истиғоса (ёрдам) сўради.” (Қасос, 15)

Ҳадиси шарифларда ҳам марҳамат қилиндики:

“Ё Рабби, сендан сўраганида сўзини қайтармай берадиган зотларингнинг ҳурмати учун Сендан сўрайман.” (Ибни Можа)

“Ёрдам сўраган киши “Эй Аллоҳнинг қуллари, менга ёрдам беринг!” десин.” (Ҳусн-ул-ҳасин)

Сўнгги икки ҳадиси шариф ёнида бўлмаган кишилардан ҳам ёрдам сўрашни амр қилмоқда. (Ал-Усул-ул-арбаъа фи тардид-ил-ваҳҳобия)

Ҳамма нарсани яратаётган Аллоҳдир. “Сабабларга мурожаат қилинг” деб буйрилгани учун маълум бир сабабга ёпишиш керак. Ибни Камол бошозода ҳазратларининг “Ҳадиси арбоъин”идаги “Бир ишингизда қийналиб қолганингизда қабрдагилардан ёрдам сўранг” ва Дайламий билдирган “Қабрдагилар бўлмаганида эди, ер юзидагилар ҳалок бўларди”ҳадиси шарифлари ҳам Аллоҳу таолонинг изни билан ўлганларнинг тирикларга ёрдам бера олишини кўрсатмоқда. (М.Насиҳат)

Имоми Биргивий айтадики: “Бир ҳадиси шарифда “Бир мўминнинг қабрини зиёрат қилаётганда “Ё Рабби! Муҳаммад алайҳиссалом ҳурмати учун бунга азоб бермагин” деса, Аллоҳу таоло қиёматгача унинг азобини тўхтатади” деб марҳамат қилинган.” (Атфол-ул-муслимин)

Қабрдаги ўликларда ҳис бўлишини билдирган кўплаган ҳадиси шарифлар бор. Асҳоби киром ва Тобеини изом Расулуллоҳнинг қабри саодатларини зиёрат ва истиғоса қилишарди. Бу ҳақда жуда кўплаган китоблар ёзилган. “Ҳисн-ул-ҳасин”китобида “Дуонинг қабул бўлиши учун Пайғамбарларни ва солиҳ қулларни васила қилиш керак” деб ёзилган. Имоми Субкий ҳазратлари Расулуллоҳни ва авлиёларни зиёрат қилиш ҳамда руҳларидан истиғоса қилишнинг жоиз эканлигини исботлаганлар.(Шифо-ус-сиқом) 

Истиъона

Истиъона ҳам ёрдам сўраш деганидир. Расулуллоҳ жанобимиздан ва авлиёлардан шафоат сўраш, истиъона, яъни ёрдам сўраш, Аллоҳу таолони унутиш, Унинг яратувчи эканлигини эсдан чиқариш дегани эмас. Булут воситаси билан Аллоҳу таолодан ёмғир кутиш, дори ичиб Аллоҳу таолодан шифо кутиш, замбарак, бомба, ракета, самолётдан фойдаланиб Аллоҳу таолодан ғалаба кутишлар барчаси Аллоҳу таолодан истиъонадир. Буларнинг ҳаммаси сабабдир. Аллоҳу таоло ҳамма нарсани бир сабаб билан яратмоқда. Бу сабабларга мурожаат қилиш ширк эмас, аксинча диннинг амридир.

Пайғамбарлар ҳам доим сабабларга ёпишганлар. Аллоҳу таолонинг яратган сувини ичиш учун булоққа, У яратган нонни ейиш учун новвойга ва Аллоҳу таоло ғалаба бериши учун уруш воситалари ҳамда таълим-тарбия берилганидек, Аллоҳу таолонинг дуоларни қабул қилиши учун ҳам Пайғамбарлар ва авлиёларнинг руҳларига кўнгил боғланади. Аллоҳу таолонинг электромагнит тўлқинлар билан яратган овозини ушлаш учун радиодан фойдаланиш Аллоҳу таолони қўйиб, бир қутига сиғиниш эмас. Чунки радио қутисидаги воситаларга бу хусусиятларни, бу қувватларни берадиган Аллоҳу таолодир. Аллоҳу таоло ҳамма нарсада ўз қудратини яширган.

Мушрик бутга сиғинади, Аллоҳу таолони ўйламайди. Мусулмон сабаблардан, воситалардан фойдаланаётганида сабабларга, махлуқларга таъсир ва хусусият берган Аллоҳу таолони ўйлайди. Истагини Аллоҳу таолодан кутади. Келган нарсаларни Аллоҳу таолодан деб билади. Қибтийдан қутулиш учун Мусо алайҳиссаломдан истиғоса қилган, яъни ёрдам сўраган киши ҳақида нозил бўлган ояти кариманинг маъноси ҳам буни тасдиқлаб турибди.

Мўминлар ҳар намозда Фотиҳа сурасини ўқиётганда “Ё Рабби, дунёдаги орзуларимга, эҳтиёжларимга эришиш учун моддий, фанний сабабларга ёпишаман ва менга ёрдам беришлари учун севган қулларингга ёлвораман. Буларни ишлаётганда ҳамма вақт тилакларни берадиган, яратадиган фақат Сен эканлигига ишонаман. Фақат Сендан кутаман!” демоқда. Ҳар куни буни айтиб юрган мўминларга "мушрик" дейиш хоинликдир. Пайғамбарларнинг, авлиёнинг руҳларидан ёрдам сўраш Аллоҳу таоло яратган сабабларга ёпишиш деганидир. Уларнинг мушрик эмаслиги, холис мўмин эканлиги Фотиҳа сурасининг бир ояти очиқча хабар бермоқда. Ваҳҳобийлар моддий, фанний сабабларга ёпишадилар, нафсларининг истакларига етиш учун ҳар воситага, чорага тап тортмай қўл уришади-ю Пайғамбарларни ва авлиёни васила қилишга эса ширк дейишади. Бу мунофиқликнинг ўзгинасидир. 

Тавассул

Тавассул бирон истагининг, бирон мақсадининг ҳосил бўлиши учун бирон нарсани васила, сабаб қилиш деганидир. Аллоҳу таолонинг севганларини орага қўйиб, уларнинг ҳурмати учун деб дуо қилишга ёки шу тариқа қилинган дуога “тавассул” деб айтилади. Бунга яна “истиғоса” ва “ташаффу” ҳам дейилади.

Имоми Субкий айтадики: "Расулуллоҳ жанобимиз билан тавассул қилиш икки хил бўлади:

Биринчиси, унинг юксак мартабаси, баракати учун Аллоҳу таолодан исташдир. Бундай дуо қилаётганда тавассул, истиғоса ва ташаффу сўзларидан хоҳлаган бирини ишлатиш мумкин. Уччови ҳам бир нарсани билдиради. Бу калималарни айтиб дуо қилган киши Расулуллоҳни васила қилиб, Аллоҳу таолодан сўраган бўлади. Уни восита қилиб, Аллоҳу таолодан истиғоса қилмоқда. Дунё ишларида ҳам бир кишидан унинг яхши кўрган кишисини васила қилиб бир нарса сўралса, дарров бермоқда.

Иккинчиси, тилагига қовушиш учун Расулуллоҳнинг Аллоҳу таолога дуо қилишини Ундан сўрашдир. Чунки У зот қабрларида тирикдир. Сўралган нарсани эшитади ва Аллоҳу таолодан истайди. Қиёмат куни қиладиган шафоати ҳам қабул қилинади." (Шавоҳид-ул-ҳақ)

Шаҳобуддин Рамлий ҳазратлари айтадики: “Пайғамбарлар ва авлиёлар ўлганидан кейин улар билан тавассул, истиғоса қилинади. Пайғамбарлар вафот этганларидан кейин мўъжизалари тўхтаб қолмайди. Авлиёлар ҳам вафот этганларидан кейин кароматлари поёнига етмайди. Пайғамбарларнинг қабрда тирик эканликларини, намоз ўқишларини, ҳаж ибодатини бажаришларини ҳадиси шарифлар очиқча билдирмоқда. Шаҳидларнинг ҳам тирик эканликлари, кофирлар билан жанг қилаётганда ёрдам беришлари маълум.” (Шавоҳид-ул-ҳақ)

“Хулосат-ул-калом” китобида айтиладики: "Тавассул, истиғоса ва таважжуҳ бир нарсадир. Барчаси жоиз. Бир ҳадиси шарифда маолан “Қиёматда инсонлар аввал Одам алайҳиссаломга истиғоса қиладилар” деб марҳамат қилинган. (Бухорий)

Ҳазрати Умар қаҳатчилик бўлган вақтда Жаноби Пайғамбаримизнинг амакиси ҳазрати Аббос билан тавассул қилдилар. Яъни уни васила қилиб, Аллоҳу таолодан ёмғир сўрадилар. “Ё Рабби, қаҳатчилик бўлганида Жаноби Расулуллоҳ билан тавассул қилардик. Сен бизга ёмғир берардинг. Энди сенга Жаноби Расулуллоҳнинг амакиси билан тавассул қилмоқдамиз. Бизга ёмғир эҳсон қилгин!” деб дуо қилганида Аллоҳу таоло уларга ёмғир берди." (Бухорий)

“Неча асрлардан бери, тўғри йўлда бўлган мусулмонлар Аллоҳу таолонинг севган қулларини васила этиб дуо қилдилар, мана шу тариқа орзу-истакларига қовушиб, ташвишларидан қутулгандилар. Дуонинг қабул бўлиши ҳаром луқма емасликка боғлиқ. Бу эса фақат Жаноби Ҳақнинг севганларида бўлиши мумкин. Ўлик ёки тирик Аллоҳу таолонинг севганларини орага қўйиб қилинган дуо уларнинг баракати билан ва ҳурматлари учун қабул бўлмоқда. Аввал қилинган солиҳ амаллар билан ҳам тавассул қилинади.”(Саодати абадия)

Мазҳабсизлар айтишадики: “Аллоҳу таолодан ўзганинг бирон бир иш қилганини айтган одам мушрик бўлади. Масалан, “Фалон дори оғриқни тўхтатди”, “Террорист фалон кишини ўлдирди” ёки “Расулуллоҳнинг қабри шарифи ёнида ёки фалонча авлиё зотнинг қабри ёнида Аллоҳу таоло дуомни қабул қилди” деган одам мушрик бўлади.”

Мазҳабсизлар “маъжоз” ва “истиъона”нинг нима эканлигини тушунишмайди. Бир кишининг бир иш қилганини айтишга, бу сўз маъжозан айтилган бўлса ҳам, дарров ширк дейишади. Ҳолбуки Аллоҳу таоло Қуръони каримнинг бир қанча жойида ҳар бир ишнинг ҳақиқий бажарувчиси ўзи эканлигини, маъжозий бажарувчисининг эса қуллари эканлигини билдирмоқда. 

Ҳақиқий ҳоким 

Ҳақиқий ҳоким Аллоҳу таолодир. Икки ояти карима маоли:

“Ҳукм фақат Аллоҳникидир.” (Яъни ҳукм бериш ҳуқуқи бўлган, ҳоким бўлган зот фақат Аллоҳу таолодир.) (Анъом, 57)

“Ораларидаги келишмовчиликка сени ҳоким (ёки ҳакам) қилмагунларича имон келтирган бўлмайдилар.” (Нисо, 65)

Биринчи ояти карима ҳақиқий ҳокимнинг, фақат Аллоҳу таоло эканлигини билдирмоқда. Иккинчи ояти карима эса инсонга ҳам маъжозан ҳоким дейиш мумкинлигини билдирмоқда. Инсонларга маъжозан "ҳоким", "ҳакам", "ҳукм берувчи" каби сўзларни айтиш ширк бўлмайди. 

Тирилтувчи ва ўлдирувчи 

Тирилтирадиган ва ўлдирадиган фақат Аллоҳу таолодир. Ояти карималарда маолан буюриладики:

“Тирилтирадиган ва ўлдирадиган фақат Удир.” (Юнус, 56)

“Ўлим пайтида одамни Аллоҳу таоло ўлдиради.” (Зумар, 42)

“Ўлдириш учун вакил қилинган фаришта сизни ўлдиради.” (Сажда, 11)

“Одам алайҳиссаломнинг ўғли биродарини ўлдирди.” (Моида, 30)

Илк икки оятда ўлдирувчининг Аллоҳу таоло эканлиги билдирилмоқда. Учинчи ояти каримада инсонларни бу ишда вакил бўлган фариштанинг ўлдириши ҳақида айтилган. Тўртинчи оятда эса, одам одамни ўлдира олиши маъжозан билдирилган. Ундай бўлса, “Фалони фулонни ўлдирди” дейиш қанақасига ширк бўлсин!? 

Хастага шифо берувчи 

Хасталарга шифо берувчи фақат Аллоҳу таолодир. Ояти карималарда маолан буюриладики:

“Хаста бўлганимда менга фақат У (Аллоҳу таоло) шифо беради.” (Шуаро, 82)

“(Ҳазрати Исо айтадики:) Кўрнинг кўзини даволайман ва пес хастасини яхши қиламан ҳамда Аллоҳу таолонинг изни билан ўлганларни тирилтираман.” (Оли Имрон, 49)

Биринчи ояти каримада шифо берадиган зотнинг Аллоҳу таоло эканлиги таъкидланса ҳам, иккинчи оятда маъжозан Исо алайҳиссаломнинг ҳам шифо бергани билдирилмоқда. Ҳатто ўликларни тирилтиргани хабар берилган. Ваҳоланки юқорироқда билдирилган ояти каримада ўлдириб-тирилтадиган зотнинг фақат Аллоҳу таоло эканлиги таъкидланган эди. Демак “шифо бериш”, “тирилтириш” каби феъллар маъжозан одамлар учун ҳам ишлатила олади. 

Фарзанд берувчи 

Фарзандни ҳам Аллоҳу таоло беради. Иброҳим алайҳиссалом “Эй Раббим! Менга солиҳлардан бир ўғил эҳсон қилгин!”деб фарзанд сўрагани Қуръони каримда билдирилган. (Саффот, 100)

Иброҳим алайҳиссаломнинг аёли Сора волидамиз ҳам Аллоҳу таолонинг фарзанд бериши хушхабарини эшитганида“Бўлиши мумкин эмас! Менинг ёшим ўтган бўлса, эрим ҳам қариб қолганида фарзанд кўраманми? Бу ақл бовар қилмас нарса” деганди. (Юнус, 72)

Аллоҳу таоло уларга Исҳоқ алайҳиссаломни берганди. (Анъом, 84)

Фарзандни Аллоҳу таоло бергани ҳолда Жаброил алайҳиссалом Марям волидамизга маъжозан “Мен сенга пок бир ўғил бериш учун Раббининг юборган элчисиман” деди. (Марям, 19) 

Ҳақиқий соҳиб, ҳақиқий дўст 

Инсоннинг ҳақиқий соҳиби Аллоҳу таолодир. Уч ояти карима маоли:

“Аллоҳу таоло имон келтирганларнинг валийси, яъни соҳибидир.” (Бақара, 257)

“Сизнинг валийингиз, яъни соҳибингиз Аллоҳ ва Расулидир.” (Моида, 56)

“Набий мўминларга ўзларидан ҳам кўра кўпроқ соҳибдир.” (Аҳзоб, 6)

“Валий” калимаси бу ерда “соҳиб”, “молик”, “дўст”, “эга” маъносидадир. Биринчи ояти каримада имон келтирганларнинг соҳиби-эгаси Аллоҳу таоло эканлиги билдирилмоқда. Учинчи ояти каримада эса Жаноби Пайғамбаримизнинг ҳам мўминларнинг соҳиби, дўсти эканлиги билдирилмоқда. Худди шундай “муъин” бўлган ягона Аллоҳу таолодир. Лекин бандаларига ҳам маъжозан “муъин” деган. Муъин - ёрдам берувчи, мадад қилувчи, ёрдамчи деганидир. Ояти каримада маолан буюрилганки: “Яхшиликда ва тақвода бир-бирингизга муъин - ёрдамчи бўлинг!” (Моида, 2) 

Инсонларнинг қули 

Мазҳабсизлар Аллоҳдан бошқасининг қули деган маънода бирон исмга тўқнаш келишса, масалан, “Абдуннаби”, “Абдуррасул” сингари “пайғамбарнинг қули” деган маънога келувчи исм эгаси мусулмонларга мушрик дейишмоқда. Баъзи мазҳабсизлар эса “Усмонийларда халқ Аллоҳнинг эмас, подшонинг қули эди. Шунинг учун подшо халққа “Қулларим” дерди. Айнан мана шу сабабдан султонлик тузумига қарши чиқиш ҳурматга лойиқдир” дейишади. Ваҳоланки бир ояти каримада маолан “Турмуш қурмаган хотин-қизларингизни, қулларингиз ва чўриларингиздан солиҳ бўлганларини уйлантиринглар!” деб буюрилган. (Нур, 32)

Ояти каримада кўриб турганимиздек “қуллар”нинг ҳам қуллари бўларкан. Подшонинг қуллари дейишнинг ҳеч қандай диний зарари йўқлигини бу ояти карима ҳам кўрсатиб турибди. “Қул” сўзининг “хизматкор-малай”, “жория-чўри” деган маънолари ҳам бор. 

Одамга Раб дейиладими? 

Инсонларнинг ҳақиқий Рабби Аллоҳу таолодир. Лекин маъжозан бошқасига ҳам Раб дейиш жоиздир. Юсуф алайҳиссаломнинг подшога “Раб” дегани қуйидаги ояти каримада билдирилган:

“Раббинг (малик, ҳукмдоринг) ёнида мени ёдга ол (гинки, мени зиндондан чиқарсин)!” (Юсуф, 42)

“Раб” калимаси “илоҳ” маъносига келганидек, “хўжайин”, “етиштирувчи”, “тарбиячи”, “тарбияловчи” деган маъноларга ҳам келади. Мазҳабсизлар қисир луғатлари билан бир томонлама мана шундай калималарни ишлатди деб мусулмонларга мушрик дейишдан чекинишмаяпти. 

Пайғамбарлардан ёрдам сўраш 

Савол: Жин сурасининг 18-оятида “Масжидлар Аллоҳникидир. У ҳолда у ерда Аллоҳга қўшиб бир бошқасига дуо қилманглар! Уларга ёлворманглар!” оятига қарамай Пайғамбарлар ёки авлиёлардан ёрдам сўраш ширк бўлмайдими?

Жавоб: Мазкур ояти каримада тақиқланган “дуо” илм тилида ишлатиладиган дуо демакдир. Яъни “сиғиниш орқали қилинган дуо”дир. Бу дуо фақат Аллоҳу таолога нисбатан бажарилади. Лекин бир киши фақат Аллоҳу таолога сиғиниш кераклигини, фақат Унга дуо қилинишини, Аллоҳу таолодан бошқанинг яратувчи эмаслигини, барча нарсани Унинг яратган ва ҳаракат этдирганини билган ҳолда, пайғамбар ва авлиёларни васила қилиб, уларнинг Аллоҳу таолонинг севган қуллари эканлигини ва Аллоҳ уларнинг руҳларига, инсонларга ёрдам бера олиш қувватини беришини ўйлаб, руҳларидан ёрдам кутса жоиз бўлади. Улар қабрларида бизга номаълум равишда ҳаёт кечирадилар. Уларнинг руҳларига, кароматлар ва тасарруф қуввати эҳсон қилинган. Мана шундай эътиқодда бўлган мусулмонга “мушрик” дейиш батамом нотўғридир. (Фойдали билимлар)

Имоми Қуртубий ҳазратлари бу ояти кариманинг тафсирида айтадики: “Христианлар черковга ва яҳудийлар синагогага кирганларида Аллоҳга шерик қўшардилар. Аллоҳу таоло масжидларга кирганида фақат Аллоҳга дуо ва ибодат қилишларини, китоб аҳлига ўхшаб шерик қўшиб ибодат қилмасликларини амр қилиб “Дуо ва ибодатда уларга сиғингандек бут ёки бошқа ҳар қандай нарсани шерик қўшманг!” деб буюрмоқда.” (Қуртубий)

“Жалолайн” тафсирида ҳам бу оятда “Черков ва синагогаларда хиристианлар билан яҳудийларнинг қилганларидек Аллоҳу таолога шерик қўшманглар!” деб буюрилгани билдирилмоқда.

Хулоса шуки, бу ояти кариманинг пайғамбардан ёки авлиёдан ёрдам сўраш билан зиғирча алоқаси йўқ. Охир замонда мана шундай ҳамма нарсани чаппасига "тушунадиган" кимсалар чиқишини Сарвари олам жанобимиз 14 аср аввал мўъжиза билан билдирганлар. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Мусулмонман деган номни ниқоб қилганлар ичида оқибатларидан энг қўрққанларим, Қуръоннинг маъносини ўзгартирувчилардир.” (Табароний)

“Кофирлар, кофирлар ҳақида нозил бўлган оятларни мусулмонларга тўнкашади.” (Бухорий)

Кўриб турганимиздек, кофирларнинг ибодатхоналаридаги қилиқларига тегишли ояти карималарни умуман алоқаси бўлмаган ҳолда пайғамбарлардан ва авлиёлардан ёрдам сўраш масаласига олиб келиб кийдиришга уринаётганлар айни кофирлардир.