Шафоатни инкор қилмоқ

Битта динбузар реформачи айтади: “Фазлурраҳмон (1919-1988) айтганидек Қуръон шафоат ақидасини рад қилади. Лекин сунний олимлар шафоатнинг ҳақ эканлиги иддаосидан ҳамон воз кечмадилар.”

Жавоб: “Сунний олимлар” деганига қараганда ўзининг сунний эмаслигини эътироф қилибди. Фазлурраҳмоннинг битта гапини “далил” деб келтирибди-ю имоми Аъзам, имоми Шофеъий, имоми Молик, имоми Аҳмад бин Ханбал ва бошқа аҳли суннат олимларининг ҳеч бирининг сўзларини нимага келтирмаган? Бу кимса, Аҳли суннат олимларига бўлган душманлигини ҳатто қоғозга ҳам ўрамабди. Бу қандай журъат!

Авваллари ваҳҳобийлар шафоатни инкор қилишарди. Ҳозирда уларнинг йўлбошчилари ҳам шафоатни ҳақ деб турганида, манави динни янгилаш армонида юрган мазҳабсизларнинг уни инкор қилиши ҳақиқий аҳмоқликдир. “Бу китобимда Китоб ва Суннат асос олинган” деб баландпарвоз гап қилгану бошқа хусусларда бўлганидек шафоат хусусида ҳам бутунлай Китоб ва Суннатга зид қарашлар олға сурган. Жаноби Ҳақнинг кофирларга ҳеч қандай шафоат бўлмаслигини билдирувчи оятларини олиб, буни мўминларга ҳам тегишлидек қилиб кўрсатиб, шафоатни батамом инкорга уриниши унинг нақадар маккор реформачи (бузғунчи) эканлигини кўрсатиб турибди.

Шафоатни инкор қилиш залолатнинг катталиги ва чуқурлигидан дарак беради. Ояти карималарда маолан шундай буюрилган:

“У кун ҳеч ким шафоат қила олмайди. Фақат Раҳмон бўлган Аллоҳ изн берган ва сўзларини ёқтирган одам шафоат қилади.” (Тоҳо, 109)

“Раҳмон бўлган Аллоҳ наздида ваъда ва изн олганлардан бошқаси шафоат қила олмайди.” (Марям, 87) (Муфассирлар бу икки ояти каримани изоҳлаб “Аллоҳу таолонинг изн берган кишиларигина шафоат қилади, бошқалари қилолмайди” деганлар.)

“Кўкларда фақат Аллоҳнинг истаган ва рози бўлган қулларига шафоат қилишларига изн берилган қанчалаган фаришталар бор.” (Нажм, 26) (Фаришталар ҳам фақат Аллоҳ ёқтирган бандаларга шафоат қила оладилар.)

“Бутун шафоатлар Аллоҳнинг изнига боғлиқ.” (Зумар, 44) (Кўплаган шафоат қилувчилар борки, бари Аллоҳу таолонинг изнига боғлиқ.)

Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Қиёматда биринчи бўлиб шафоат қиладиган одам мен бўламан.” (Муслим)

“Ҳамма Пайғамбарлар шафоат қиладилар.” (Бухорий)

“Қиёматда аввал Пайғамбарлар, сўнгра олимлар ва шаҳидлар шафоат қиладилар.” (Ибни Можа, Дайламий)

“Қуръон қиёмат куни шафоат қилади.” (Муслим)

Барча муфассирлар, муҳаддислар ва фақиҳлардек тўрт мазҳаб имоми ҳам шафоатнинг ҳақ эканлигини билдирганлар. Бу олимларнинг энг улуғи бўлган имоми Аъзам ҳазратлари ҳам “Пайғамбарлар, олимлар ва солиҳлар гуноҳкорларга шафоат қиладилар” деганлар. (Фиқҳи акбар)

Мавзуга алоқали шунча ҳадиси шарифлар, имоми Аъзам ва бошқа мазҳаб имомларидек буюк зотларнинг сўзлари бир чеккага суриб ташланиб, Фазлураҳмондек бузуқларнинг сўзи худди бирламчи носсдек олиниши бу ғаламисларнинг нима мақсадда жавло ураётганликларини кўрсатиб турибди.