Мазҳабнинг кераклиги
Савол: Мазҳаб дегани нима, ҳақ бир мазҳабга тобе бўлмаган киши нима бўлади?
Жавоб: Бир мужтаҳиднинг ижтиҳод қилиб жамлаган ҳукмларининг барчасига бирдан ўша мужтаҳиднинг мазҳаби дейилади.Асҳоби киромнинг барчаси теран олим, мужтаҳид эдилар. Ҳар бири дин илмларида, сиёсат, идора ва замонларининг фан илмларида ҳамда тасаввуф маърифатларида гўёки дарё эдилар. Бу илмларнинг ҳаммасини Расулуллоҳнинг қалбларга зиё бўлган, руҳларга даво бўлган сўзларини эшитиш билан оз вақтда қўлга киритдилар. Ҳар бирининг алоҳида мазҳаби бор эди. Мазҳаблари бир-бирларидан оз ёки кўп фарқ қиларди.
Тобеиннинг ва Тоба-и тобеиннинг орасида ҳам мужтаҳидлар бор эди. Бу мужтаҳидларнинг фақат тўрттасига тегишли ижтиҳодларгина китобларга тўлалигича ёзилиб, дунёнинг ҳар жойига ёйилди. Бошқаларининг мазҳаблари унутилди. Бу тўрт мазҳабнинг имонлари Асҳоби киромнинг имонлари билан бирдек эди. Шунинг учун тўрттасига ҳам аҳли суннат дейилади. Имонлари орасидаги асосда фарқ йўқ. Бир-бирларини дин биродарлари деб билишади, бир-бирларини севадилар. Бир-бирларига мос келмаган ишларида зарурат туғилса, бир-бирларини тақлид ҳам қиладилар. Аллоҳу таоло мазҳабларнинг мана шундай алоҳида ва фарқли бўлишини истаганди. Бу фарқлиликнинг мусулмонларга Аллоҳу таолонинг раҳмати эканлигини, Жаноби Пайғамбаримиз хабар бергандилар. Чунки тўрт мазҳаб орасидаги майда-чуйда ўзгачаликлар мусулмонларнинг ишларини осонлаштирмоқда. Ҳар бир мусулмон шароитига, яшайдиган жойининг иқлимига қараб ўзига қулай бўлган мазҳабни танлайди. Ибодатларини ва ҳар ишини ўша мазҳабнинг ҳукмларига мослаб бажаради.
Агар Аллоҳу таоло хоҳласа, Қуръони каримда ҳамма нарсани очиқ-ойдин билдирарди. Мана шу тариқа битта манбадан фарқли ҳукмлар чиқарилиб, амалда фарқли мазҳаблар ҳам ҳосил бўлмасди. Қиёматгача дунёнинг барча жойида ҳар қанақа иқлим ва шароитда ҳар бир мусулмон учун ягона низом бўларди. Мусулмонларнинг ҳоллари, яшашлари қийинроқ бўларди.
Расулуллоҳнинг йўли
Жаноби Пайғамбаримизнинг йўли Қуръони карим орқали, ҳадиси шарифлар орқали ва мужтаҳидларнинг ижтиҳодлари орқали кўрсатилган йўлдир. Бу уч васиқа (ҳужжат) билан бирга шариатда "ижмо-и уммат" деган тўртинчи далил ҳам бор бўлиб, бу Асҳоби киромнинг ва Тобеиннинг иттифоқи (сўзбирлиги) экани “Радд-ул мухтор”да ёзилган.
“Бир ҳукм устида тўрт мазҳабнинг ижтиҳодлари орасида ижмо ҳосил бўлса, бу ижмога ҳам имон келтириш керак, ишонмаган одам куфрга тушади.” (Мактубот, 2/36)
Ислом олимлари нотўғри нарса устида иттифоқ қилишмайди. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики: “Умматим залолат (адашган, нотўғри фикр) устида бирлашмайди.” (И.Аҳмад)
Ушбу тўртта васиқага (ҳужжатга) “Адилла-и шариа” (Шариатниннг далиллари) дейилади. Булардан бошқа барча нарса бидъатдир. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики: “Умматим 73 фирқага бўлинади. Улардан фақат биттаси Жаннатга киради. Улар Менинг ва Асҳобимнинг йўлида бўлганлардир.” (Ибни Можа)
Бу ерда назарда тутилган "бўлиниш" - усулда, имонда бўлган тарқоқлик, бўлинишдир. Асҳоби киром давридан кейин мусулмон бўлган одамлардан бир қисмининг имонлари бузилди. Улар Саҳобаларнинг тўғри бўлган имонидан ажралдилар. Шу тариқа залолат (адашган) фирқалари пайдо бўлди. Бу бузуқ фирқаларга "бидъат фирқалари" дейилади. Улар баъзи носсларни (оят ва ҳадис) таъвил қилиб, адашганликлари учун кофир бўлмайдилар. Лекин исломиятга зарарлари кофирларнинг зарарларидан кўп бўлди. Бидъатчи гуруҳлар бир-бирлари билан жангу жадало қилганликлари етмагандек аҳли суннатга қарши ҳам кўп жанглар уюштирдилар. Шунинг оқибатида кўплаган мусулмоннинг қони тўкилди, мусулмонларнинг ривожланишига тўсиқ бўлишди.
Бидъат фирқаларини Аҳли суннатнинг тўрт ҳақ мазҳаби билан чалкаштирмаслик лозим.
Мазҳаб ва раҳмат
Аллоҳу таоло ва Расули мўминларга марҳамат қилганликлари учун баъзи ишларнинг қандай бажарилишини Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда очиқча билдиришмади. Агар очиқча билдирилганида, айнан шундай бажариш фарз ёки суннат бўларди. Фарзни бажармаганлар гуноҳкор, эътибор бермаганлар эса кофир бўлишарди. Мўминларнинг ҳоллари қийин кечарди. Аллоҳ ва Расули меҳрибонликлари туфайли баъзи буйруқларини усти ёпиқ ҳолда беришди. Бундай ишларни очиқча билдирилган буйруқларга ўхшатиб, қиёслаб бажариш лозим бўлди. Дин олимлари орасида ишларнинг қандай бажарилишини мана шундай қиёслаб тушуна олганларига "мужтаҳид" дейилади.
Тўрт мазҳабнинг ҳоли бир шаҳар халқининг ҳолига ўхшайдики, улар рўпара бўлган бир ишни ёки юқоридан келган бир фармонни қандай бажариш кераклигини мавжуд қонунлардан топа олишмаса, шаҳар кексалари тўпланиб, бу ишни қонуннинг шунга энг ўхшаш бўлган бир моддасига қиёслаган ҳолда бажарадилар. Баъзан ораларида бир тўхтамга келиша олмаса, баъзиси " ушбу фармондан давлатнинг мақсади шаҳарнинг ободончилиги ва халқнинг роҳат-фароғатидир" дейдилар. Бу ишни раъй ва фикрлари билан қонуннинг ўша мақсадга энг яқин бўлган бирон-бир моддасига қиёслаган ҳолда ижро қиладилар. Булар Ҳанафий мазҳабига ўхшайди.
Баъзилари эса, давлат марказидан келган маъмурларнинг ҳатти-ҳаракатлари-ю хоҳишларига қараб, бу ишни уларнинг хоҳишларига мослайди ва "давлатнинг мақсади мана шу", дейди. Булар Моликий мазҳабига ўхшайди.
Баъзиси эса, фармондаги гапларнинг ифодаси-ю ёзилиш услубига қараб бу ишни бажариш йўлини топадилар. Бу эса, Шофеъий мазҳабига ўхшайди.
Бир қисми эса, қонуннинг бошқа моддаларини ҳам тўплаб, бир-бирига таққослаб, уйғунлаштириб, бу ишни бажаришнинг ўзгача йўлини излайди. Булар эса, Ханбалий мазҳабига ўхшайди.
Тўрт тўғри йўл
Мана шу йўсинда шаҳар катталаридан ҳар бир гуруҳ амрни бажаришда бир йўл топади ва барчаси ўз йўлининг тўғри ва қонунларга мос эканлигини айтади. Аслида қонуннинг ва фармонинг талаби мана шу тўрт йўлдан бири бўлиб, қолган учтаси нотўғридир. Лекин улар орасидаги тафовут қонунга эътиборсизлик ёхуд давлатга қарши чиқиш учун эмас, балки барчаси қонунга энг чиройли равишда тобе бўлиш, давлатнинг амрини бажариш учун ҳаракат қилганликларидан ҳеч бири айбдор деб топилмайди. Балки бундай ҳаракат қилганликлари учун таҳсинга ҳам сазовор бўлишади. Лекин ораларидан тўғрисини топган гуруҳ нисбатан кўпроқ мукофотга лойиқ бўлади. Тўрт мазҳабнинг ҳолати ҳам худди шунга ўхшайди. Ҳар мазҳаб имоми тўғри йўлни топиш учун ҳаракат қилганлигидан янглишганлари авф қилинади. Ҳатто савоб ҳам қозонади. Чунки уларга бу ҳуқуқни Аллоҳу таоло ва Расули берган.
Энди мана шу тўрт мазҳабдан бошқасига тобе бўлиш эса, умуман жоиз бўлмайди. Бу Саҳобаларнинг ва Тобеиннинг мазҳабларини паст кўриш дегани эмас. Чунки Асҳоби киромнинг ва бошқаларининг мазҳабларини тўлалигича билмаймиз. Уларни тўла билганимизда эди, уларга тобе бўлишимиз ҳам жоиз бўларди. Чунки барчасининг мазҳаблари тўғри эди. Тўрт мазҳаб тўлалигича билингани ва китоблари ҳам барча мамлакатларга ёйилиб кетгани учун ҳар бир мусулмоннинг фақат мана шулардан бирига тобе бўлиши лозим.
Имоми Раббоний ҳазратлари “Бир мазҳабга тобе бўлмаган одам мулҳид бўлади” деб айтганлар. (Мабда ва Маод)
Юсуф Набҳоний ҳазратлари “Ҳозирда ҳар бир мусулмоннинг мавжуд тўрт мазҳабдан бирига тобе бўлиши керак” деб айтганидек имоми Шаъроний, С.Аҳмад Таҳтовий ҳазратлари каби кўплаган олим ҳам худди шу нарсани билдиришган. Қуръони каримдаги “Аллоҳнинг ипига ёпишинг!” амри “Фиқҳ олимларининг, мазҳаб имомларининг билдирганларига тобе бўлинг!” деганидир. (Таҳтовий “Дурр-ул мухтор” ҳошияси, забойиҳ қисми)
Мазҳаб алмаштириш
Тўрт мазҳабнинг имомлари ва уларни тақлид қилган олимлар ҳар бир мусулмоннинг тўрт мазҳабдан истаганини танлаши мумкинлигини ва бир мазҳабдан бошқа мазҳабга ўтиши жоизлигини ҳамда қийинчилик бўлган вақтларда бошқа мазҳабни тақлид қилиши мумкинлигини айтганлар. Аллоҳу таоло мўминларнинг тўрт мазҳабга ажралишларини ва бунинг қуллари учун фойдали бўлишини азалда тақдир ва ирода қилди. Амалда мазҳабларга ажралишдан рози эканлигини билдирди. Рози бўлмаганида эди, Расули бу ажралишнинг раҳмат эканлигини айтмаган бўларди. Эътиқодда бўлинишни тақиқлаганларидек, амалда бўлинишни ҳам тақиқлардилар. (Мезон)
Агар Расулуллоҳ Қуръони каримда мавҳум ҳолатда билдирилган, яъни қисқа ва маъноси мужмал ҳолатда бўлган оятларни шарҳламаганларида, Қуръони каримнинг маъноси ёпиқлигича қоларди. Расулуллоҳнинг ворислари бўлган мазҳаб имомларимиз ҳам, агар ҳадиси шарифлардаги мавҳум бўлган жиҳатларни шарҳламаганларида, суннати набавия ҳам умматга ёпиқлигича қоларди. Мана шу тарзда ҳар асрда келган олимлар Расулуллоҳга тобе бўлган ҳолда, шариатдаги мавҳум ҳукмларни изоҳлаганлар.
Бизга маълум бўлган тўртта мазҳаб имоми замонида бошқа мазҳаб имомлари ҳам бор эди. Уларнинг ҳам алоҳида мазҳаблари бор эди. Лекин уларнинг мазҳабларида бўлган кишилар тобора камайиб бориб, бугунги кунда умуман қолмади.(Ҳадиқа)
Аҳли суннатнинг тўрт мазҳабининг имонлари, ишонган нарсалари бир-бирларининг айнисидир. Ораларида ҳеч фарқ йўқ. Фақат амалдагина озгина фарқлар бор. Бу эса, мусулмонлар учун қулайликдир. Ҳарбир мусулмон хоҳлаган мазҳабини танлаб, ўшани тақлид қилади. Ҳар ишини танлаган мазҳабига мослаб бажаради. Мусулмонларнинг тўрт мазҳабга ажралишлари Аллоҳу таолонинг раҳматидир. Бир мусулмон ўз мазҳаби бўйича ибодат қилаётганда бирон заҳмат, бирон машаққат ҳосил бўлса, бошқа бир мазҳабни тақлид қилган ҳолда, бу ишни осонлик билан бажаради.
Ўлчов нима бўлиши керак?
Имоми Раббоний ҳазратлари айтадиларки: “Аҳли суннат олимларининг билдирганларига мос келмайдиган ҳар қандай маъно нотўғридир. Чунки ҳар бир бузуқ эътиқодли кимса ўзини Қуръони каримга ва ҳадиси шарифларга тобе деб ҳисоблайди. Калта ақли билан бу манбалардан ўзбошимча маънолар чиқариб, йўлдан адашиб, фалокатга тушади. Аллоҳу таоло Қуръони каримда маолан“Қуръони каримда билдирилган мисоллар кўпларни куфрга етаклайди, кўпларни эса ҳидоятга, тўғри йўлга эриштиради”деб марҳамат қилган. (Бақара, 26) Аҳли суннат олимлари тушунган маънолар бешак тўғридир. Чунки улар бу маъноларни Салафи солиҳиннинг асарларини тадқиқ қилиб, қўлга киритганлар. Тўғри маълумотларни бизга етказган улардир. Қутулиш йўлини нотўғри йўлларнинг чалкашлигидан ажратиб, умматга тақдим қилганлар улардир. Агар ўша улуғ олимларнинг ҳидоят нурлари бўлмаса, бизлар тўғри йўлни асло топа олмасдик. Агар тўғрилар билан нотўғрилар бир-биридан ажратилмаганда, биз бечоралар залолатга тушардик. Исломиятни бузилишдан, емирилишдан сақлаб қолган нарса уларнинг ҳаракатидир. Уларга тобе бўлган қутулади. Уларга тобе бўлмаган эса, бузилади, бошқаларни ҳам бузишга уринади.” (1/286)
Мазҳабларга бўлган эҳтиёж
Баъзилар “Ҳадисларга эмас, Қуръонга амал қилиш керак” дейишади. Ҳолбуки ҳадислар Қуръондан бошқа нарса эмас. Қуръони каримнинг изоҳидир. Аллоҳу таоло буюрдики:
“Расулга итоат қилган киши Аллоҳга итоат қилган бўлади.” (Нисо, 80)
“Пайғамбарнинг амрига бўйсунинг, тақиқлаганларидан сақланинг!” (Ҳашр, 7)
“Туширганимни инсонларга изоҳла!” (Наҳл, 44)
Олимлар ҳам бевосита оятларни изоҳлаб, Қуръони каримдан ҳукм чиқара олганларида эди, Аллоҳу таоло Пайғамбарига “Фақат сенга ваҳий бўлганларни таблиғ қилгин холос” дерди. Қўшимча қилиб, изоҳлашларини ҳам амр қилмасди. Агар Расулуллоҳ Қуръони каримда қисқа ва маъноси очиқ бўлмаган калималарни изоҳламаганида, Қуръони каримнинг маъноси умматга ёпиқлигича қоларди. Агар оятлар билан чекланилиб, уларни изоҳловчи ҳадиси шарифлар айтилмаганда, намозларнинг неча ракат бўлиши, қандай ўқилиши, рукуъ ва саждада ўқиладиган тасбиҳлар, жаноза ва байрам намозларининг ўқилиш шакли, закот нисоби, рўзанинг, ҳажнинг фарзлари, ҳуқуқий илмлар умуман билинмасди. Яъни ҳеч бир олим буларни Қуръони каримдан мустақил равишда топиб чиқара олмасди. Буларни Жаноби Пайғамбаримиз изоҳлаганлар. Агар мазҳаб имомлари ҳадиси шарифларни изоҳламаганида, ҳатто суннатларни ҳам билолмай ўтиб кетардик. Суннатни мужтаҳид олимлар изоҳлаб, амал қилишга тайёр ҳолга келтирганлар, мана шу тариқа мазҳаблар юзага келган.
Мазҳаб нима?
Бир мужтаҳиднинг адилла-и шариадан чиқарган ҳукмларига ўша мужтаҳиднинг мазҳаби (йўли, меҳнати) дейилади. Саҳобаларнинг барчаси мужтаҳид эдилар. Барчасининг мустақил мазҳаблари бор эди. Лекин ўша юзминглаган мустақил мазҳаблардан атиги тўрттасигина китобларга батамом қайд қилиниб, дунёнинг барча жойига тарқалди. Тўрт мазҳаб орасида амалга тегишли фарқли ижтиҳодлар бизнинг ишларимизни осонлаштирмоқда. Ҳар бир мусулмон аҳволига қараб, ўзига қулай бўлган мазҳабни танлайди.
Агар Аллоҳу таоло хоҳласа, Қуръони каримда барча буйруқ ва таъқиқларни очиқча билдирарди. Киноя йўли билан, насиҳат маъносида ва ишорат билан билдирмасди. Шунда мазҳаблар ҳам пайдо бўлмасди. Ҳамма минтақаларда ягона низом, ягона тартиб бўларди. Лекин бундай шароитда мусулмонларнинг ҳоллари, яшашлари қийин бўларди.
Бугунги кунда тўрт мазҳабнинг бирига тобе бўлиш керак. Чунки Саҳобадан ҳаммаларининг ва бошқа мужтаҳидларнинг мазҳаблари китобларга тушириб улугрилмагани туфайли илм аҳли томонидан тўла ўзлаштирила олмаган. Тўрт мазҳабнинг эса, барча соҳаларга тегишли ҳукмлари тўла-тўкис билингани ва китоблари ҳамма диёрларга ёйилиб, оммавийлашиб кетганлигидан бугунги даврда маълум ва машҳур бўлган тўрт мазҳабдан бирига тобе бўлиш шарт. Мазҳаблар уммат учун раҳматдир. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Олимларнинг фарқли ижтиҳодлари (мазҳабларга бўлинишлари) раҳматдир.” (Байҳақий)
“Олимларга тобе бўлинг!” (Дайламий)
“Уламо анбиёнинг ворисидир.” (Термизий)
Бир мусулмон ўз мазҳаби бўйича ибодат қилаётганида бирон машаққат ҳосил бўлса, бу ишни бошқа мазҳабни тақлид қилиб, осонлик билан бажара олади. Масалан, Шофеъийлар ҳажда очиқ териси билан аёлларнинг очиқ терисига тегса, таҳорати бузилади. Шунинг учун улар Ҳанафий мазҳабини тақлид қилган ҳолда, ҳажларини адо этадилар. Бу очиқ-ойдин бир раҳматдир.
Фарзанднинг мазҳаби
Савол: Эр-хотиндан бири Ҳанафий, иккинчиси Шофеъий бўлса, боланинг мазҳаби нима бўлади?
Жавоб: Бола ота-онага тобе эмас. У тўрт ҳақ мазҳабдан қайси бирини яхши билса ёки қайси бирини тўғри ўргана оладиган китоб бўлса, шу мазҳабни танлайди.
Бир мазҳабга тобе бўлиш шарт
Савол: Баъзилар “Ҳамманинг ҳам муайян бир мазҳабга тобе бўлиш мажбурияти йўқ. Ҳар мазҳабдан ёқтирган ҳукмларни олиши мумкин” дейишмоқда. Унда бу кишининг мазҳаби нима бўлади?
Жавоб: Бундай дейиш ва бундай қилиш мазҳабсизликнинг ўзгинасидир. Дин китобларимизда айтиладики: “Ҳар бир кишининг ўз мазҳабига тобе бўлиши вожибдир. Зарурат бўлмагунича бошқа мазҳаб бўйича амал қилиши жоиз эмас. Бир кишининг ўз мазҳабидан ажралиши жоиз эмаслиги иттифоқ билан билдирилди.” (Баҳр-ур-ройиқ)
Буюк олим Ибни Амир Ҳаж “Таҳрир” шарҳида “Бир мужтаҳиднинг сўзи билан амал қилинади, лекин эҳтиёж бўлганда бошқа бир мужтаҳидни тақлид қилиш мумкин” деб ёзган. (Радд-ул мухтор)
“Бир ишни ва бунга боғлиқ бўлган ишларни бир мазҳабга кўра бажараётганда бу мазҳабни тарк этиш иттифоқ билан тақиқланган.” (Таҳрир-ул-усул, Мухтасар-ул-усул, Дурр-ул мухтор)
“Ҳар бир мусулмоннинг ибодат қилаётганида ва ҳаромдан сақланаётганида ўз мазҳабининг ҳукмларига тобе бўлиши лозим.”(Саодати абадия)
“Мужтаҳид бўлмаган бир олимнинг тўрт мазҳабдан бирини тақлид қилиши вожиб. Тақлид қилмаса, тўғри йўлдан адашади. Бошқаларни ҳам адаштиради.” (Мезон-и кубро)
“Мужтаҳид бўлмаган кишининг мазҳаб ўзгартириши жоиз эмас. Бир мазҳабни тақлид қилиши лозим.” (Радд-ул мухтор)
“Бир кишининг ўз мазҳабини тарк этиши жоиз эмаслиги иттифоқ билан билдирилган.” (Таҳрир)
“Тўрт мазҳабдан бирида бўлган киши Аллоҳу таолонинг амрига амал қилган бўлади.” (Жавҳара шарҳи)
“Мазҳабига зид иш қилишни ҳеч бир олим жоиз кўрмади.” (Кимё-и саодат)
“Исломнинг биноси ушбу тўрт асос устига қурилди. Ўзига мос келадиган, хоҳлаган мазҳабини танлагандан кейин буни ташлаб, бошқа мазҳабга ўтган одам илк мазҳаби ҳақида ёмон ўйлаган бўлади. Кейин келган олимлар буни иттифоқ билан билдирдилар.” (Сифр-ус-саодат шарҳи)
"Аҳли суннат олимлари авомнинг маълум бир мазҳабнинг маълум бир имомига тобе бўлишлари лозимлигини билдирдилар.“Кашф” китоби буни тафсилоти билан тушунтирган. Ҳар мазҳабнинг қулайликларини тўплаб, бу билан амал қилишга "талфиқ" дейилади. Бундай қилган киши фосиқ бўлади. “Таҳтовий шарҳи” буни атрофлича тушунтирган." (Мухтасар-и виқоя шарҳи)
Аллоҳнинг ипига ёпишмоқ
Савол: “Аллоҳнинг ипига ёпишган қутулади. Аллоҳнинг ипи эса Қуръон эканлигига кўра ҳадисларга, фиқҳ илмларига ва мазҳабларга ҳожат йўқ. Мазҳаблар бидъатдир” деганлар учрамоқда. Шунда мазҳабсиз бўлиш керакми?
Жавоб: Қуръони каримда маолан буюриладики:
“Доим бирга Аллоҳнинг ипига маҳкам ёпишинг, парчаланиб, бўлинманг.” (Ол-и Имрон, 103)
Абдулғани Наблусий ҳазратлари айтадики: “Бу ояти карима эътиқодда парчаланмасликни билдирмоқда. “Эътиқодда, ишониладиган нарсаларда бўлинманг, нафсингизга ва бузуқ фикрингизга эргашиб, тўғри имондан ажралманг” демоқда. Эътиқодда бўлиниш, парчаланиш албатта жоиз эмас. Ҳадиси шарифда “Жамоат билан бирга бўлинг! Аллоҳнинг розилиги, раҳмати, ёрдами жамоатда, бирликдадир. Жамоатдан ажралган одам Жаҳаннамга тушади” деб марҳамат қилинди. Асҳоби киром кундалик қилинадиган ишлар ва амалларнинг изоҳида, ижросида бир-бирларидан фарқли йўл тутишарди. Лекин эътиқод қилинадиган маслаларда ҳеч қачон ажралишмасди, фарқли йўл тутишмасди. “Умматимнинг ихтилофи раҳматдир” маолидаги ҳадиси шариф фарқли ижтиҳоднинг ва фарқли фиқҳий мазҳабларнинг жоиз эканлигини кўрсатмоқда.” (Ҳадиқа)
Саййид Аҳмад Таҳтовий ҳазратлари ҳам айтадики: “Қуръони каримда билдирилган “Аллоҳнинг ипи”дан мақсад жамоатдир. Жамоат эса фиқҳ ва илм соҳибларидир. Фиқҳ олимларидан бир қарич ажралган киши адашади. "Сиводи аъзам" фиқҳ олимларининг йўлидир. Фиқҳ олимларининг йўли эса, Расулуллоҳнинг ва Хулофаи рошидиннинг (тўорт халифанинг) йўлидир. Бу йўлдан ажралганлар жаҳанннамга кетади. Фирқа-и ножия (дўзахдан қутулувчи гуруҳ), бугун тўрт мазҳабда тўпланган. Бу тўрт мазҳаб Ҳанафий, Моликий, Шофеъий ва Ханбалийдир. Бу замонда бу тўрт ҳақ мазҳабдан бирига тобе бўлмаган одам, бидъат соҳиби бўлиб, жаҳаннамга кетади.” (Дурр-ул мухтор ҳошияси)
Муҳаммадий мазҳаби
Савол: Фалсафачи бир одам “Аллоҳ бир бўлса, пайғамбар бир бўлса, бир эмас, тўртта мазҳабнинг юзага келиши аниқ бўлинувчиликдир. Бу Муҳаммадий мазҳабига зид. Ҳақ бўлган ягона мазҳаб Муҳаммадийликдир. Мен Муҳаммадий мазҳабиданман” дейди. Бундай мазҳаб борми?
Жавоб: Бу гап “Мен ўта кетган, ғирт мазҳабсизман” дейишдир. Ҳеч бир ислом олими Муҳаммадийлик деган мазҳабнинг мавжудияти ҳақида маълумот қолдирмаган. Жаноби Пайғамбаримиз бу умматнинг 73 фирқага бўлинишини ва 72 тасининг йўлдан адашиб, жаҳаннамга кетишини, фақат битта фирқанинг қутулишини, бу фирқанинг эса, Суннатга амал қилган ва Асҳоби киромнинг йўлида юрадиган кишиларнинг фирқаси эканлигини билдиргандилар.
"Аҳли суннат олимлари, бу фирқанинг Аҳли суннат вал жамоат фирқаси эканлигида ижмо юзага келганлигини билдирганлар. Амалда тўрт мазҳабнинг ҳақ эканлигига ҳам ижмо ҳосил бўлган. Ижмони инкор қилганларнинг кофир бўлиши ҳам аниқ билдирилган." (Радд-ул мухтор)
"Аҳли суннат олимлари тўрт мазҳабнинг ҳақ эканлигини ва тўрт мазҳабдан бошқаси билан амал қилишнинг жоиз эмаслигини иттифоқ билан билдирганлар ҳамда бунда ижмо ҳосил бўлган." (Ал-Масоил-ул-мунтаҳаботу фир-рисолати вал василати)
Мазҳабга тобе бўлиш фарзми?
Савол: Салафиймиз деганлардан баъзилари “Ибни Таймиянинг билдирган йўлга тобе бўлиш фарз” дейишади. Ибни Таймиянинг хатоларига эмас, тўғри сўзларига амал қилиш фарз эмасми?
Жавоб: Пайғамбарлардан ташқари ҳеч кимнинг йўлига, мазҳабига тобе бўлиш фарз дейилмайди. Чунки “Маълумот-и Нофиъа" (Фоидали маълумотлар) китобида “Пайғамбар бўлмаган ҳар қандай одамнинг мазҳабига, йўлига эргашишнинг фарз эканлигини айтган кимса кофир бўлади” дейилган. Чунки олим қанчалик улуғ бўлса ҳам, ижтиҳодида хато бўлиши мумкин. Шунинг учун “Айнан мана шу олимга тобе бўлиш фарз” дейилмайди.
Мужтаҳид олимларнинг хатолари авф қилинган, бунинг устига хатоларига ҳам савоб борлиги ҳадиси шариф орқали билдирилган. Шунинг учун мужтаҳид бўлмаган киши тўрт ҳақ мазҳабдан энг яхши билганига амал қилади. “Муҳаққақ шунга амал қилиш фарз” дейилмайди, лекин бугунги даврда тўрт мазҳабдан бирига тобе бўлиш лозим. Чунки дин китобларида айтиладики:
“Мужтаҳид бўлмаган бир олимнинг тўрт мазҳабдан бирига тақлид қилиши вожибдир.” (Мезон-и кубро)
Ибни Обидин ҳазратлари айтадики: “Бир ояти каримада маолан “Биладиганлардан сўранг!” деб буюрилди. Шунинг учун мужтаҳиддан сўраш, бир мазҳабга тобе бўлиш вожиб бўлди.” (Фоидали маълумотлар)