Ҳадиси шарифларни тушуниш
Савол: “Саодати абадия” китобида билдирилган “Заррача (яъни жуда кичик) бир гуноҳдан сақланиш бутун жин ва инсонларнинг ибодатларидан ҳам яхши” ҳадиси шарифидаги ибодатларга фарзлар ҳам кирадими?
Жавоб: Кўп марта такрорлаганимиздек хусусий ҳукм билдирилган ҳадиси шарифларга аҳли суннат олимларининг изоҳларисиз маъно бериш нотўғри бўлади. Бундан ташқари шартсиз билдирилган ҳадиси шарифларда баъзи шартлар мавжуд бўлиши керак. Изоҳланиши керак бўлган ҳадисларга бир неча мисол келтирайлик:
Мўмин эмас
Баъзи ҳадиси шарифларда “Фалон ишни қилган одам мўмин эмас” деган ифода ўтади. Лекин бу ҳамиша ўша гуноҳни қилганлар кофир бўлади деган маънога келмайди. Балки "Комил, яъни етук мўмин эмас" деганидир. Бу маънодаги ҳадиси шарифлардан бир нечтасини келтирамиз:
“Қўшниси оч ўтирганда, ўзи тўқ ҳолда ётган киши мўмин эмас.” (Бухорий)
“Қўшниси унинг ёмонлигидан омонда бўлмаган киши мўмин эмас.” (Бухорий)
“Молига ёки бола-чақасига зарар беради деган андиша билан қўшнисига эшигини бекитган, у билан алоқани узган киши мўмин эмас.” (Хароитий)
“Ўзи ёқтирган нарсасини қўшниси ёки дўстларига раво кўрмаган киши мўмин эмас.” (Муслим)
“Фаҳш гапларни сўзлаган киши мўмин эмас.” (Бухорий)
“Балони неъмат, роҳатни мусибат ҳисобламаган киши мўмин эмас.” (Табароний)
“Ўзи ёқтирган нарсани биродарига раво кўрмаган киши мўмин эмас.” (Бухорий)
“Зино қилган, шароб ичган ва ўғирлик қилган киши шу ҳолатларда мўмин эмас.” (Бухорий)
“Омонатга риоя қилмаган кишининг имони йўқ.” (Табароний)
“Марҳаматли бўлмаган кишининг имони бўлмайди.” (Табароний)
Биздан эмас
Баъзи ҳадиси шарифларда “Фалон қилиқни қилган одам биздан эмас” деган ифодалар учрайди. Булардан ҳаммаси "кофир бўлади" деган маънода эмас. "Гуноҳкор бўлади" деган маънода ишлатилганлари ҳам бор. Бу маънодаги баъзи ҳадиси шарифлар:
“Бошқасининг аёлини, қизини йўлдан урган кимса биздан эмас.” (Имом Аҳмад)
“Мусулмонга зарар берган, ҳийла қилган киши биздан эмас.” (Муслим)
“Бизни алдаган киши биздан эмас.” (Табароний)
“Илм ўрганмаган киши биздан эмас.” (Дайламий)
“Бало келганида уст-бошини йиртиб, дод-вой қилган одам биздан эмас.” (Бухорий)
“Қўлида маблағи бўла туриб, оиласини қийин аҳволда ушлаган киши биздан эмас.” (Жоми-ус-сағир)
“Қарши жинсдагиларга ўхшашга уринган кимсалар биздан эмас.” (Имом Аҳмад)
“Саломга алик олмаган киши биздан эмас.” (И.Сунний)
“Ҳасадчи ва чақимчилар мендан эмас.” (Табароний)
“Биздан эмас” ифодаси “Суннатимга амал қилмаган ёки макруҳ қилган бўлади” маънога келадиган ҳадиси шарифлардан баъзилари:
“Илондан қўрқиб ўлдирмаган киши биздан эмас.” (Абу Довуд)
“Тирноқларини олмаган киши биздан эмас.” (Имом Аҳмад)
“Ғусл қилганидан кейин таҳорат олган одам биздан эмас.” (Абу Довуд)
“Уйланмаган киши биздан эмас.” (Ибни Можа)
Жаннатга кира олмайди
Баъзи ҳадиси шарифларда “Фалон ишни қилган одам Жаннатга кира олмайди” деган ифодалар учрайди. Буларнинг баъзилари “кофир бўлади” деган маънода эмас, балки “гуноҳ бўлади” деган маънода айтилган. Бу гуноҳларни ишлаган киши Жаннатга умуман кира олмайди дегани эмас, иймонли бўлса мағфиратга ва шафоатга эришса, Жаннатга киради. Савоблари гуноҳларидан кўп бўлса, Жаннатга киради. Буларнинг ҳеч бири бўлмаса, гуноҳларининг жазосини тортганидан кейин Жаннатга киради деганидир. Бу маънодаги ҳадиси шарифлардан баъзилари:
“Ишлаган яхшиликларини миннат қилган киши жаннатга кира олмайди.” (Термизий)
“Хасис кимса жаннатга кира олмайди.” (Дайламий)
“Фоиз еган киши жаннатга кира олмайди.” (Ҳаким)
“Хизматкорига ёмон муомалада бўлган киши жаннатга кира олмайди.” (Термизий)
“Етимнинг ҳақини еган кимса жаннатга кира олмайди.” (Ҳаким)
“Ҳаёсиз бўлган киши жаннатга кира олмайди.” (Дайламий)
“Маст қилувчи ичимликлар ичган одам жаннатга кира олмайди.” (Ҳаким)
“Ўзини эркакка ўхшатишга уринган аёл жаннатга кира олмайди.” (Насоий)
“Ота-онасига осий бўлган кимса жаннатга кира олмайди.” (Насоий)
“Фаҳш гапларни гапирган киши жаннатга кира олмайди.” (Абу Нуайм)
Жаҳаннамга кирмайди
Баъзи ҳадиси шарифларда “Фалон амални қилган одам жаҳаннамга кирмайди” деган жумлалар учрайди. Бундай кишиларнинг Жаҳаннамга кирмаслиги учун бир неча шартлар бор. Илк шарт мусулмон бўлиши лозим. Мусулмон бўлмаган кимса муҳаққақ Жаҳаннамга тушади. Иккинчи шарт аҳли суннат эътиқодида бўлиши керак. Бу эътиқодда бўлмаганларга бидъат аҳли дейилади. Бидъат аҳлининг ҳам муҳаққақ жаҳаннамга бориши ҳадиси шариф орқали билдирилган. Учинчи шарт савоблари гуноҳларидан кўп бўлиши ёхуд авфга ёки шафоатга қовушиши лозим. Бу маънодаги ҳадиси шарифлардан баъзилари:
“Ла илоҳа иллаллоҳ, Муҳаммадун Расулуллоҳ, деган киши жаҳаннамга кирмайди.” (Муслим)
“Сахий одам кўп гуноҳ қилса ҳам жаҳаннамга кирмайди.” (Риёз-ун носиҳийн)
“Инсонларга қулайлик ва мулойимлик кўрсатган киши жаҳаннамга кирмайди.” (Термизий)
“Ота-онасини рози қилган мўмин нима қилса-қилсин, жаҳаннамга кирмайди.” (Ширъа)
“Мени тушида кўрган одам жаҳаннамга кирмайди.” (Ибни Асокир)
Жаҳаннамдадир
Баъзи ҳадиси шарифларда “Фалон ишни қилган одам жаҳаннамга тушади” ифодаси ўтади. Булардан ҳам баъзилари “кофир бўлади” деган маънода эмас. “Гуноҳ бўлади” деган маънога келадиганлари ҳам бор. “Бу гуноҳларни қилган одам муҳаққақ жаҳаннамга тушади” дегани эмас. Иймонли ва эътиқоди тўғри бўлса, авф ёки шафоатга эришса жаннатга киради. Савоблари гуноҳларидан кўп бўлса, жаннатга киради. Булардан ҳеч бири бўлмаса, “Гуноҳларининг жазосини тортганидан кейин жаннатга киради” деганидир. Бу маънодаги ҳадиси шарифлардан баъзилари:
“Ғийбат қилган киши жаҳаннамдадир.” (Исфаҳоний)
“Кулиб гуноҳ ишлаган кимса, йиғлаб жаҳаннамга кетади.” (Абу Нуайм)
“Пора олган киши ҳам, берган киши ҳам жаҳаннамга кетади.” (Табароний)
“Мусулмонни алдаган киши жаҳаннамдадир.” (Табароний)
“Жаброил алайҳиссалом айтдики: Ё Расулуллоҳ, сенинг исминг тилга олинганида сенга саловот келтирмаган одам азобга лойиқ бўлади, жаҳаннамга кетади.” (Имом Аҳмад)
“Аллоҳ розилигидан бошқа ният билан илм ўрганган кимса жаҳаннамга тушади.” (Термизий)
“Кечаси қоим (намозда), кундузи соим (рўзадор) бўлган киши жамоатга келмаса, жаҳаннамга кетади.” (Термизий)
“Хасис киши жаҳаннамга тушади.” (Байҳақий)
“Мусулмон биродари билан уч кундан ортиқ аразлашиб юрган киши жаҳаннамга кетади.” (Насоий)
Жаннатга киради
Баъзи ҳадиси шарифларда “Фалон ишни қилганлар жаннатга киради” деган ифодалар учрайди. Бундай кишиларнинг Жаннатга кира олиши учун мусулмон бўлиши, эъитқоди тўғри бўлиши, савоблари гуноҳларидан кўп бўлиши, мағфиратга ёки шафоатга эришган бўлиши каби баъзи шартлар мавжуд. Бу шартлар бўлмаса, жаннатга киролмайди. Мисол келтирамиз:
“Кибрдан узоқ бўлган ҳолда ўлган киши жаннатга киради.” (Термизий)
“Одамлардан ҳеч нарса истамаслигига сўз берган кишининг жаннатга киришига кафилман.” (Насоий)
“Пок бўлганлар жаннатга киради.” (Дайламий)
“Икки қиз фарзандига чиройли муомалада бўлган киши мутлақо жаннатга киради.” (Ибни Можа)
“Эри ундан рози бўлган ҳолда ўлган аёл жаннатга киради.” (Термизий)
Бутун гуноҳлари кечирилади
Баъзи ҳадиси шарифларда “Фалон амални қилган кишининг бутун гуноҳлари кечирилади” деб айтилади. Бу ҳадиси шарифларда билдирилган бутун гуноҳларнинг авф қилиниши учун мусулмон бўлиш, эътиқоди тўғри бўлиш каби шартлари бор. Зотан бидъат аҳлининг ибодатлари қабул бўлмайди. Бутун гуноҳлар дейилганда кичик гуноҳлар назарда тутилган. Катта гуноҳларнинг авф қилиниши учун алоҳида тавба қилиши, қул ҳақлари бўлса ҳақ соҳиблари билан ҳалоллашиш ҳам керак. Намоз, рўза каби фарз ибодатлар тарк этилган бўлса, тавба-истиғфор қилиш билан бирга буларнинг қазосини ўташи ҳам керак. Юқоридагиларни бажо келтирмасдан туриб қуйида келтирилган ишларни қилиш билан улар авф қилинмайди. Бу маънодаги баъзи ҳадиси шарифлар:
“Таҳорат олган киши бутун гуноҳлардан тозаланган бўлади.” (Муслим)
“Арафа куни мингта Ихлос ўқиган кишининг бутун гуноҳлари авф этилади.” (Абу-ш-шайх)
“Чиройли таҳорат олиб, намозини жамоат билан ўқиган кишининг бутун гуноҳлари кечирилади.” (Муслим)
“Жума куни ғусл олган кишининг гуноҳлари авф қилинади.” (Табароний)
“Жума кечаси Ёсин сурасини ўқиган кишининг гуноҳлари кечирилади.” (Исфаҳоний)
“Ҳар куни уч марта Одам алайҳиссаломга саловот айтган кишининг, яъни “Саловотуллоҳи ала Одама” деганнинг бутун гуноҳлари авф этилади.” (Дайламий)
“Ишроқ вақти икки ракъат намоз ўқиган кишининг бутун гуноҳлари кечирилади.” (Имом Аҳмад)
“Икки мусулмон саломлашиб, мусофаҳа қилса (қўл бериб кўришса) ва бир марта менга саловот айтса, онадан туғилганидек бутун гуноҳлари кечирилади.” (Риёз-ун носиҳийн)
“Жума куни бомдод намозидан аввал “Астағфируллоҳал аъзийм аллази ла илоҳа илла ҳув ал ҳаййал қаййума ва атубу илайҳ”ни ўқиган кишининг бутун гуноҳлари авф қилинади.” (Ибни Сунний)
“Ҳар намоздан кейин 33 субҳоналлоҳ, 33 алҳамдулиллоҳ, 33 аллоҳу акбар сўнгра “Ла илоҳа иллаллоҳ ваҳдаҳу ла шарика-лаҳ лаҳул мулку ва лаҳул-ҳамду ва ҳува аъло кулли шайин қодир”ни ўқиган кишининг денгиз кўпигичалик гуноҳи бўлса ҳам авф қилинади.” (Муслим)
Қабул бўлмайди
Баъзи ҳадиси шарифларда “Қилган ибодати қабул бўлмайди” деган ифода учрайди. Булардаги “Қабул бўлмайди” ифодаси “бекорга кетади, саҳиҳ эмас” дегани эмас. Бу ибодат саҳиҳ бўлади, лекин ваъда қилинган катта савобларга эриша олмайди ёки савоби камаяди деганидир. Бу маънодаги баъзи ҳадиси шарифлар:
“Ҳаром кийим билан ўқилган намоз қабул бўлмайди.” (Баззор)
“Бир луқма ҳаром еган кимсанинг қирқ кун ибодатлари қабул бўлмайди.” (Табароний)
“Аёлининг ҳақларини адо этмаган кишининг намозлари, рўзалари қабул бўлмайди.” (Муршид-ун-нисо)
“Закот бермаганнинг намозлари қабул бўлмайди.” (Табароний)
“Уни хоҳламаган жамоатга имом бўлган кишининг намози қабул бўлмайди.” (Байҳақий)
“Сочларини туя ўркачидек тепасига турмаклаб юрган аёлнинг намози қабул бўлмайди.” (Табароний)
“Шароб ичган кишининг намози қирқ кун қабул бўлмайди.” (Термизий, Ҳаким, Насоий)
“Дин биродарининг аврат жойига қараган кишининг қирқ кечалик намози қабул бўлмайди.” (Ибни Асокир)
“Эри рози бўлмагунча аёлнинг намозлари ва бошқа яхшиликлари қабул бўлмайди.” (Табароний)
“Ҳадиқа” ва “Бариқа” китобларида “Бидъат аҳлининг ҳеч бир ибодати қабул бўлмайди” ҳадиси шарифини изоҳлаб “Ибодатлари саҳиҳ бўлади, лекин савоб берилмайди” дейилган.
“Бидъат аҳлининг ибодатлари саҳиҳ бўлса ҳам, қабул бўлмайди. "Қабул бўлмайди" дегани "саҳиҳ бўлмайди" дегани эмас. Саҳиҳ бўлади, лекин савоби бўлмайди деганидир.” (Радд-ул мухтор)
Бир ҳадиси шарифда ҳам марҳамат қилинадики: “Аёл эридан рухсатсиз рўза тутолмайди.” (Бухорий, Муслим) Фарз бўлган рўза учун ҳеч кимдан рухсат сўралмайди. Бу ерда билдирилгани нофила рўзадир.
“Заррача (яъни жуда кичик) бир гуноҳдан сақланиш бутун жин ва инсонларнинг ибодатларидан ҳам яхши” ҳадиси шарифидаги нофила ибодатлар назарда тутилган. Чунки нофила ибодат қилиш фарз эмас. Гуноҳлардан сақланиш эса барчага фарз. (Саодати Абадия)
Кўриб турганимиздек, Қуръони каримнинг таржимасини ўқиб тушунгани бўйича амал қилиш қанчалик нотўғри бўлса, ҳадиси шарифлардан тушунгани бўйича амал қилиш ҳам шунчалик нотўғридир. Аҳли суннат олимларининг изоҳлари бўйича амал қилиш керак. Имом Раббоний ҳазратлари айтдики: “Ҳадисларга амал қилиш бизга жоиз эмас. Мазҳабимизнинг ҳукмларига зид кўринган ҳадиси шарифлар олимларнинг сўзларини рад эиш учун далил ва васиқа бўлолмайди.” (1/312)
Муҳаммад Ходимий ҳазратлари айтганки: “Диндаги тўрт далил мужтаҳидлар учундир. Биз учун далил мазҳабимиз билдирган ҳукмлардир. Чунки бизлар оят ва ҳадислардан ҳукм чиқара олмаймиз. Мазҳабнинг бир ҳукми оятга, ҳадисга мос келмайдигандек кўринса ҳам нотўғри эмас, чунки оят ва ҳадис ижтиҳодни талаб қилиши мумкин, бошқа оят ёки ҳадис билан ўзгартирилган бўлиши мумкин ёки унинг биз билмайдиган таъвили бор бўлиши мумкин.” (Бариқа, 94-бет)
“Мужтаҳид бўлмаган дин одами ўқиган ҳадисидан ўзи тушунгани бўйича амал қилолмайди. Мужтаҳидларнинг ояти карима ва ҳадиси шарифлардан англаб, берган фатво билан амал қилиши керак. “Тақрир” китобида ҳам шундай дейилган.” (Кифоя)
Гуноҳлар авф этилиши учун
Савол: Табаронийда “Чоршанба, пайшанба, жума кунлари рўза тутиб, жума кунида озгина ёки кўп садақа берган кишининг гуноҳлари кечирилади, онасидан туғилган кунидек пок бўлади” маолидаги бир ҳадис бор. Агар бу ҳадис саҳиҳ бўлса, уч кун рўза тутиб, бироз садақа берган кишининг барча гуноҳлари қанақасига авф этилади?
Жавоб: “Саҳиҳ бўлса” деб шубҳа билан ёндошиш жуда хатарли. Имом Табаронийдек улуғ ҳадиси шариф олимининг китобида уйдирма ҳадис учрамайди. Биз оддий бир мусулмон бўлиб туриб, ҳадис тўқиб чиқаришдан қўрқамиз-у, у улуғ зот ҳеч қўрқмаганми? “Ҳадис тўқиб чиқарган кимса жаҳаннамдаги жойига тайёрлансин!” ва “Уйдирма ҳадис ривоят қилган, уни уйдиришга ҳозирланганидек Жаҳаннамдаги жойига ҳам тайёрлансин!” маолларидаги ҳадиси шарифларни ҳар бир ҳадис олими билади. Шунинг учун ҳеч бир ҳадис олими ҳадис уйдирмайди ва уйдирилган гапни ҳадис деб китобига ёзмайди. Шунинг учун мўътабар бир китобдаги ҳадиси шарифни тушунмасак ҳам, изоҳлай олмасак ҳам уйдирма дейишдан жуда эҳтиёт бўлишимиз керак.
Ҳадиси шарифларда тафсилотлар бўлмайди. Гуноҳларнинг авф қилиниши учун баъзи шартлар мавжуд. Биринчиси мусулмон бўлиши лозим. Мусулмон бўлмаган кимса рўза тутса, гуноҳлари кечирилмайди. Иккинчи шарт аҳли суннат эътиқодида бўлиши керак. Аҳли суннат бўлмаганларнинг гуноҳлари рўза тутиш билан авф қилинмайди. Учинчиси ҳаром ишлаган кишиларнинг, намоз ўқимаганларнинг гуноҳлари авф этилмайди. Рамазон рўзасини тутмасдан чоршанба, пайшанба, жума кунлари нофила рўза тутиш билан гуноҳлар авф қилинмайди.
Бу уч шартнинг учтаси ҳам бўлса, нофила рўза билан, садақа бериш билан катта гуноҳлар эмас, кичик гуноҳлар кечирилади. Буларни билмасдан ҳукм беришга ҳаракат қилиш улкан хато бўлади.
Кўринишига алданиш
Савол: “Кишининг намози ва рўзаси асло сизни алдамасин! Унинг пул билан бўлган муносабатига боқинг!” маолидаги ҳадиси шарифнинг изоҳи қандай? Бундан гўё намоз ўқийдиган кишилар ҳам нотўғри иш қилади деган маъно чиқмайдими?
Жавоб: Намоз тўғри ўқилса ҳам, нотўғри ўқилса ҳам кўринишда бирдек. Рўза ҳам шундай. Жаноби Пайғамбаримиз кўринишга алданмаслик кераклигини билдирмоқдалар. Ихлоссиз бажараётган бўлса, албатта, ундан ёмонлик кутилади. Лекин тўғри ишлаётган бўлса, ундан ёмонлик кутилмайди. Чунки Қуръони каримда тўғри ўқилган намоз бутун ёмонликларнинг муҳаққақ олдини олиши ҳақида билдирилган. Намозни тўғри ўқиган киши ҳеч кимни алдамайди. Алдаётган бўлса, намозини тўғри ўқимаётганлигига аломатдир. Шунинг учун бир кишининг намозни тўғри ёки нотўғри ўқиётганлигини билолмаймиз. Ҳар бир намоз ўқиган кишини қусурсиз деб қабул қилиш адашишга сабаб бўлади. Шунинг учун у кишининг савдо қилишига, пулга бўлган муносабатига, пул учун қилаётган фидокорлигига қараш керак. Савдо-сотиқда ҳийла қилаётган бўлса, беш-ўн тийин ёки ундан кўпроқ чақа учун бизни алдаётган бўлса, намозини тўғри ўқимаётгани маълум бўлади. Айниқса пулга бўлган муносабати кишининг асл башарасини, ким эканлигини кўрсатади.