Қуръони карим ким учун тушди?
Савол: Қуръони каримнинг баъзи оятларининг мушриклар ёки мунофиқлар учун тушганини айтиш қанақасига тўғри бўлади? Барчаси мусулмонлар учун тушмадими?
Жавоб: Ибни Сабачи шиалар мунофиқлар ҳақида тушган оятларни кўрсатиб, Асҳоби киромга тил текказишди. Мазҳабсизлар ҳам мушриклар ҳақида тушган оятларни кўрсатиб мусулмонларга мушрик дейишди.
Қуръони карим Жаноби Пайғамбаримизга нозил қилинди. У ҳолда Қуръонни энг мукаммал тарзда тушунадиган ягона киши Пайғамбаримиздир. “Имон келтирганларга айтгин, мушрикларга айтгин, мунофиқларга айтгин, китоб аҳлига айтгин” деган жумлалар бор. Бир неча мисол келтирамиз. Мазҳабсизлар қуйидаги икки ояти каримани кўрсатиб, мазҳабларга, олимларга ва олимларга тобе бўлган мусулмонларга ҳужум қилишмоқда:
“Уларга (кофирларга) Аллоҳнинг туширганига амал қилинг дейилганида “Йўқ, биз оталаримизнинг йўлидан юрамиз” дейишди. Оталари ҳеч нарсага тушунмаган, тўғри йўлни топа олмаган бўлсалар ҳамми?!” (Бақара, 170)
“Улар (кофирлар) оталарини йўлдан озган ҳолда топиб, уларнинг ортларидан чопмоқдалар.” (Саффот, 69-70)
Мусулмонлар Расулуллоҳнинг ворислари бўлган олимларга эргашишса, мушрикларга тобе бўлган бўлмайди. Агар мусулмонларнинг ота-боболари тўғри йўлда бўлишса, албатта уларга эргашиш керак. Ҳақиқатан, Яъқуб алайҳиссалом вафот этадиган вақти ўғилларидан “Мендан кейин кимга қуллик қиласиз?” деб сўради. Ўғиллари айтдиларки: “Сизнинг ва оталарингиз Иброҳим, Исмоил ва Исҳоқнинг илоҳи бўлган ягона Аллоҳга қуллик қиламиз.” (Бақара, 133)
Ҳазрати Юсуф айтдики: “Оталарим Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқубнинг динига амал қилдим.” (Юсуф, 38)
Мазҳабсизлар ояти карималарга ўз калта ақллари билан маъно бериб, аҳли суннат мусулмонларни тўғри йўлда бўлган ота-боболарига ва мазҳаб имомларига эргашишда айбламоқда. Бу ояти каримада ўтган ота-боболарнинг мазҳаб имомлари билан ҳеч қандай алоқаси йўқлигини, қуйидаги икки ҳадиси шариф ҳам очиқча кўрсатмоқда:
“Охир замонда баъзи кимсалар сизнинг ва оталарингизнинг йўлидан ажралиб, суннатимдан узоқ қоладилар. Улардан узоқ туринг.” (Муслим)
“Кофирлар, кофирлар ҳақида келган оятларни мусулмонларга тўнкайдилар.” (Бухорий)
Ибни Сабачи шиалар ҳам мунофиқлар ҳақида тушган ояти карималарни “Саҳобалар ҳақида тушган” деб, Асҳоби киромнинг барчасига тил текказдилар. Бир-икки мисол келтирамиз: Мунофиқун сурасининг “Мунофиқлар сенинг олдингга келганларида” деб бошланадиган илк оятининг мунофиқ Абдуллоҳ бин Салул ва унинг тарафдорлари ҳақида тушгани бутун тафсирларда ёзилган. Муҳаммад сурасининг “Улардан сени тинглаб ёнингдан чиққанларидан кейин...” маолидаги 16-ояти ҳам мунофиқлар ҳақида нозил бўлган. Чунки Аллоҳу таоло мўминларни мунофиқлардан ажратиб, оятнинг сўнггида “Уларнинг қалбларини Аллоҳ муҳрлади” деб буюрди. Бундан кейинги оятда эса Асҳоби киромни нажот билан муждалади. Саид бин Жубайр ҳазратлари ҳам “Муҳаммад сурасининг “Қалбларида хасталик бўлган кишиларни кўрдинг” маолидаги 20-ояти мунофиқларни кўрсатмоқда” деган. (Ҳақ сўзнинг васиқалари)