Қуръони каримни таржима қилиш
Савол: Қуръони каримни сўзма-сўз таржима қилиш мумкинми?
Жавоб: Қуръони каримнинг тафсири ва таъвили фақат салоҳиятли мутаҳассис олимлар тарафидан ёзилади. Лекин сўзма-сўз таржима қилиш мумкин эмас. Таржимадан муроди илоҳийни тушуниб бўлмайди. Ҳадиси шарифларнинг ҳам сўзма-сўз таржимаси кўпинча нотўғри маъноларга келади. Ҳатто бир тилдаги ибора, термин ва мақолларнинг ҳам сўзма-сўз таржимаси жуда ғалати ва нотўғри бўлиб чиқади. Масалан, французча “De bonne guerre”нинг луғат маъноси “Яхши жангдан” дегани. Ибора сифатида эса “Қонунларга мос” (ҳаммаси яхши) деган маънода ишлатилади.
Инглизча “Rain cats and dogs” – ит-мушук ёғяпти дегани. Ибора сифатида “Ёмғир қуйиб ёғаяпти” деганни билдиради. Бир газетанинг инглизча биладиган мухбири чет эл газеталаридан мана шу гапни ўқиб, “Америкага ит-мушук ёғибди” деб хабар тайёрлаган эди. Инглизчада шундай хатога йўл қўйган одам Қуръони каримдаги ифодалар ва ибораларни таржима қилишда қош ёриб, кўз чиқармайдими?
Салафийларнинг “Аллоҳ кўкда” дейишлари ҳам мана шу сабаблидир. Аллоҳу таолони қўли, кўзи, қулоғи бор махлуқ деб тасаввур қилишларига ҳам сабаб шу. Арабчадаги ибораларга ўтишдан аввал ўзбекчадаги ибораларни кўриб чиқсак буни яхшироқ тушунамиз.
Масалан, “Кўз бўямоқ" таъбирини сўзма-сўз бошқа тилга ўгирсак, кўзнинг устига бўёқ суриш, унга ранг бериш деган маъно келиб чиқади. Ҳолбуки ўзбекчада “Кўз бўямоқ” - “алдаш” деган маънода ишлатилади. “Кўзга тушмоқ” кўзига бирон нарса тушиш эмас, "эътибор тортиш", "манзур бўлиш" деган маънода қўлланилади. “Қўли очиқ” иборасини ўгираётганда эса "қўл" ва "очиқ" сўзларига умуман тўхталиб қолмай, "сахий" деган маънога келадиган сўзлар билан таржима қилиш керак. Ўзбекчада таниш-билиши кўп, кўп ишларни ҳал қила олдаиган одамларга нисбатан “қўли узун” ибораси ишлатилади. Арабчада эса бу ибора "сахий" деган маънода ишлатилади. Ҳазрати Зайнаб бинти Жаҳш сахий ва маърифатли эдилар. Жаноби Пайғамбаримиз у ҳақида “Менга энг биринчи бўлиб қовушадиган киши қўли узун (сахий) бўлганингиздир” деб марҳамат қилганлар.
“Дунё” калимаси ўзбекчада "ер юзи", "олам" маъноларидан бошқа фикр ва эътиқод бутунлиги маъносида “Ислом дунёси” деб ҳам ишлатилади. “Дунёлари бошқа-бошқа” дегандек қараш маъносига ҳам келади. Тумонот одамга нисбатан ҳам “бир дунё одам келибди” тариқасида ишлатилади. Бошқа маънолари ҳам бор. Буларни бошқа тилларга “дунё” деб таржима қилиб бўлмайди-ку. Албатта, изоҳлаб таржима қилиш лозим. Қуръони каримнинг мана шундай сўзма-сўз қилинган таржималари имонни бузадиган даражада хавфли.
“Дунё” арабчада паст, мол-мулк каби маъноларга ҳам келади. Уч мисол келтирамиз:
“Дунё (жирканч, тубан нарсалар, ҳаром ва макруҳлар) малъундир.” (Ибни Можа) Кўпчилик оми халқ мана шу ҳадиси шарифдан нотўғри равишда умуман дунё ишидан қўл узиш керак экан деб ҳам тушунади.
“Дунё (мол-мулк) менга яқинлашишни истади. “Мендан узоқлаш” дедим. Кетаётганимда “Сен мендан қутулдинг, лекин сендан кейингилар мендан қутула олмайди” деди.” (Баззор)
“Жаннат оналарнинг оёқлари остида” ҳадиси шарифини “Жаннат онанинг розилигига боғлиқ” деб изоҳлаш керак. Лекин бу изоҳнинг ўзи етарли эмас. Чунки бундан ота-онанинг шариатга зид бўлган амрларига ҳам итоат қилиш кераклиги тушунилади. Бундан ташқари, бир фарзанд ўзи мусулмон бўлмаса-ю лекин ота-онасининг розилигини олса, Жаннатга киради деб ҳам хулоса чиқариш мумкин бўлади. Шундай экан ҳадиси шарифларни ислом олимлари изоҳлаган тарзда билдириш керак. Яъни “Мусулмон бир фарзанд мусулмон ота-онанинг динга зид бўлмаган амрларига риоя қилиб, розиликларини олса, Жаннатга киради” дейиш лозим.
“Аш-шаръу тахтассайф” ва “Ал жанннату тахта зилолиссуйуф” ҳадиси шарифларини сўзма-сўз таржима қилсак “Ислом қилич остидадир” ва “Жаннат қиличларнинг сояси тагида” деган маъно келиб чиқади. "Ислом қиличнинг остида" дегани нимани билдиради? Бу ерда "қилич" билан атом бомбаси, ракета, радар каби ҳар турли жанг қуроллари назарда тутилмоқда. Агар мусулмонлар иқтисодиётда, технологияда ривожланган бўлсагина динларини муҳофаза қилган бўладилар. Яъни исломият қилич ва бошқа қуролларнинг ҳимояси остидадир. Демак Американинг, Россиёнинг технологиядаги ютуқларини олиш керак. У ҳолда юқоридаги ҳадиси шарифнинг изоҳи қуйидагича бўлади: “Исломият, кофирлардаги қуролларнинг барчасини ўзлаштириб олиб ясаш орқали, буларни тўғри ишлатиш орқали мустаҳкам бўлиб тура олади.”
Қуръонни нотўғри таржима қилиш:
Деярли ҳар бир калиманинг бир ҳақиқий маъноси, бир киноя, маъжозий маъноси бўлади. Киноя - бирон нарсани биринчи ҳаммага маълум маъносидан бўлак сўзлар билан тушунтиришдир. Қуръони каримда маъжозий ифодалардан бошқа “Муташобиҳ”оятлар ҳам бор. Бундай оят ва калималарга биринчи маъноларини бериш жуда катта хатоликка сабаб бўлади. Айниқса Аллоҳу таолонинг зоти ва сифатлари ҳақидаги мажоз (кўчма маънодаги ифодалар), муташобиҳ бўлган оятларда жуда эҳтиёт бўлиш керак. Чунки Қуръони каримда маолан марҳамат қилинадики:
“Лайса камислиҳий шайун (Унга ўхшайдиган ҳеч нарса йўқ).” (Шўро, 11)
“Субҳонакаллоҳумма (Аллоҳим сени нуқсон сифатлардан танзиҳ, камол сифатлар билан тавсиф қиламан).” (Юнус, 10)
Аллоҳу таолонинг ҳеч нарсага ўхшамаслиги таъкидланган бўлишига қарамай, баъзи оятларда худди махлуққа ўхшатилиб тасвирлангандай тасаввур уйғотадиган оятлар ҳам бор. Масалан қуйидагилар:
“Қиёмат куни ер юзи Аллоҳнинг кафтида бўлади, кўклар ҳам ўнг қўли билан ушлаб турилади.” (Зумар, 67)
“Яҳудийлар Аллоҳнинг қўли боғлиқ дейишди. Йўқ, Аллоҳнинг икки қўли ҳам очиқ.” (Моида, 64)
“Аллоҳнинг қўли уларнинг қўлининг устидадир.” (Фатҳ, 10)
“Шарқ ҳам, ғарб ҳам Аллоҳники. Қаерга ўгирилсангиз Аллоҳни юзи шу ерда.” (Бақара, 115)
“Аллоҳ Аршга истиво қилган. Сиз қаерда бўлсангиз ҳам У сиз билан бирга.” (Ҳадид, 4)
Бу оятларда билдирилган "қўл", "юз", "ўрин" билдирувчи ифодаларни ҳар қандай оми одам бирон махлуқнинг қўли, юзи ёки жойи деб ўйлаб қолиши мумкин. Ҳолбуки Аллоҳ ҳеч бир махлуққа ўхшамайди. Ўхшамаслигини ҳам биринчи оят таъкидлаган эди. Агар “истиво” калимаси ўзбекчага "ўтирмоқ" деб таржима қилинса, Аллоҳ махлуқларга ўхшатилган бўлиб, юқоридаги оятларга зид бўлади. “Сиз қаерда бўлсангиз У сиз билан бирга” ифодаси маъжозийдир. Чунки У макондан муназзаҳдир. Салафийлар бу оятни таъвил қилишади-ю бошқаларини таъвил қилишдан қочишади. Шунинг учун салафийларга эмас, аҳли суннат олимларининг изоҳларига эътибор қилиш керак.
Изоҳларсиз таржималар нотўғри бўлади. Қуръони каримда маолан буюриладики:
“Аёлларга тегсангиз ғусл қилинг.” (Моида, 6) (Бу ерда "ламс" (тегиш) калимасидан мақсад жимо-жинсий алоқадир. Агар мана шу нозик нуқтага эътибор берилмаса, нотўғри равишда аёлларга тегиб кетган ҳар эркакнинг ғусл олиши кераклиги тушунилади.)
“Қанотингни мўминлар учун туширгин.” (Ҳижр, 88) (Бу ерда "меҳр-шафқат қилгин, тавозу кўрсатгин" деган маъно қасд қилинган. Таржима қиляпман деб қуруққина "қанотингни туширгин" демаслик керак.)
“Қўлларингни бўйнингга боғлама, бутунлай ҳам очиб қўйма.” (Исро, 29) (Бу хасислик қилма, исрофга ҳам йўл берма деганидир. Шу боис изоҳларисиз ёзмаслик керак.)
“Ибилнинг қандай яратилганлигига қарамайдиларми?” (Жосия, 17) (Ибил – туя деганидир. Ибилнинг бошқа маъноларини ҳам тушунган битта муртад таржимон ибилни “ёмғир олиб келаётган булут” дея таржима қилиб, Қуръоннинг маъносини ўзгартиришга уринганди.)
Раҳмон сурасининг бош тарафларида "вазн", "мезон" калималари ўтади. Сотувдаги баъзи таржималарда “вазн” - "тарози" деб таржима қилинган. Бу ердаги “вазн” калимасини "тортмоқ, ўлчамоқ, тарози" деб таржима қилиш катта хато!. Ояти каримада қуёш ва ойнинг маълум бир ҳисоб, бир мувозанат, бир тенглик, бир система, бир низом бўйича ҳаракат қилиши ҳақида билдирилган, тош-тарозу ҳақида эмас. "Мўмин", "кофир", "фосиқ", "солиҳ", "мунофиқ" каби калималар айнан олиниши керак. Ундан кейин керакли изоҳларни келтириш мумкин. Буларнинг ўрнига таржима деб бошқа сўзлар ишлатилса, маъноси бузилади. Масалан, бир мазҳабсиз Кофирун сурасидаги “кофир” калимасини “нонкўр” деб таржима қилган. Бир бошқа мазҳабсиз “солиҳ” калимасини “тинчликсевар” деб таржима қилишга журъат қилган. Яна бири “салот” калимасини “дуо” деб таржима қилганди. "Салот" калимаси аслида "дуо" маъносига келса ҳам, аксар жойда "намоз" ўрнида ишлатилмоқда. "Салот"ни "дуо" деб таржима қилган мазҳабсизнинг таржимасини асос қилиб олган ва ўзларини "Қуръончилар" деб атайдиган бир гуруҳ пайдо бўлган. Уларнинг фикрларига кўра динда намоз деган нарса йўқ. Бирмунча дуо қилиб юрса намоз ўқилган бўлармиш.
Мана шу бир неча аччиқ мисоллардан кўринадики, Қуръони каримни сўзма-сўз таржима қилиш нотўғри бўлганидек, бундай нотўғри таржималарни муқаддас китоб деб кўтариб юриб, унга амал қилишга уриниш ҳам қатъиян нотўғри!