Таржима ўқишнинг оқибати
Савол: “Қуръон таржимаси” деган китобларни қўлларидан туширмай ўқиб юриб, мазҳабларни ва диннинг баъзи амрларини инкор қилаётганларга дуч келяпмиз. Аллоҳнинг каломини ўқиган одам ҳам йўлдан адашадими деб ҳайронмиз?
Жавоб: “Қуръон мазмуни”, “Қуръоннинг шарҳли маъноси”, “Қуръоннинг изоҳли таржимаси” сингари номлар билан сотувга чиқарилаётган ўзбекча, русча ва ҳакозо тиллардаги китоблар Аллоҳнинг каломи эмас. Қуръони каримнинг ҳар бир ояти ҳақида сарваримиз Расулуллоҳ (алайҳиссалом) ҳазратлари томонидан саҳобаларга ўқиб эшиттирилган пайтларда билдирган маъноларига “тафсир” дейилади. Шу жиҳатдан “Қуръоннинг ягона тўғри тафсири Расулуллоҳга тегишли” дейилади. Бир калиманинг Аллоҳу таоло ва Расулуллоҳ тарафидан очиқ билдирилмаган бирнеча маънолари орасидан динга уйғун бўлганини танлаб олишга “таъвил” ва ўша танланган маънога “маол” дейилади. Биздагилар бунга “таржима” дейишади. Аслида ояти карима бошқа тилга ўгирилганда унга “таржима” дейилади. Ояти карималарни қисқартиб ёки тўлалигича таржима қилиб бўлмайди. Яъни ояти карималарни таркиби билан, калималарнинг тартиби, тизилиши, боғланишидан келиб чиқадиган маънолари билан бошқа тилга ўгириб бўлмайди. Ислом олимлари ояти карималарнинг таржималарини эмас, узун тафсир ва таъвилларини ёзганлар, билдирганлар.
Қуръоннинг таржимасини ўқиган киши мурод-и илоҳийни, яъни Аллоҳу таолонинг муроди нима эканлигини асло ўргана олмайди. Таржима қилган кишининг билим даражасига кўра қилган шарҳини ўрганади. Биронта жоҳил ёки мазҳабсиз томонидан қилинган таржимани ўқиган киши эса, Аллоҳу таолонинг нима демоқчи бўлганини эмас, таржимоннинг ўзича тушундим деб ўйлаб, ўз калласидан чиқариб ёзганларини ўқиб ўрганади.
Қуръон таржимаси сифатида ёзилган китоблар китобхонга Аллоҳу таолонинг оятлардаги мақсадини, унинг шариатдаги маъноларини бера олмайди. Аксинча ўқувчиларини муаллифининг фикрларига ва мақсадларига асир қилиб, диндан ажралишларига сабаб бўлади.
Қуръони каримни ва ҳадиси шарифни нотўғри тушуниш инсоннинг имонини кетказади. Дуч келган маол ё таржималарни ўқиган кишилар онгида кундан кунга шубҳа-гумон ва эътирозлар туғилмоқда. Бир неча мисол келтирайлик:
1. Бир аёл Қуръони каримнинг таржимасини ўқиб “Қуръонда аёлларнинг ўраниб юриш амри ёзилмагани учун ҳижобдан воз кечдим” деб рўмолни ташлади. Бу аёлнинг Қуръони карим деб айтаётгани аслида бир таржимадир. Қуръони каримда аёлларнинг ҳижобда юриши амр қилинмаган дейиш Қуръони каримга туҳмат бўлади. Бир ояти каримада маолан “Мўмин аёлларга айт:(Бегона эркакларга қарашдан) сақлансинлар, номусларини муҳофаза қилсинлар, (қўл, юз каби) кўринадиган қисмидан ташқари зийнатларини (соч ва бўйин каби зийнат тақиладиган жойларини) кўрсатмасинлар, ҳиморларини (рўмолларини) ёқаларигача (соч, қулоқ ва бўйинларини) бекитсинлар!” (Нур, 31)
Жаноби Пайғамбаримиз Қуръони каримни изоҳлаб, айтганларки: “Аёлнинг юз ва икки қўлидан ташқари бутун бадани авратдир.” (Абу Довуд)
2. Бир йигит “Намозда ўқиладиган сураларнинг таржималарини кўриб чиқдим. Намозда қиссалар, воқелар ёки ҳайз қони ҳақидаги оятларни ўқияпган эканмизку. Буларнинг намозга, ибодатга нима алоқлари бор? Шу ҳаёллар мени тарк этмай қўйди. Охирида уларни қўйиб, ўзбекча дуо қилишни бошладим” деганди.
Бундай сўзлар ибодатнинг нима эканлигини тушунмаганлигини кўрсатади. Чунки намозни инсонлар ўйлаб чиқарган эмас. Намознинг ва барча ибодатларнинг қандай бажарилишини, ичида нималар ўқилиши кераклигини Аллоҳу таоло Расулига билдирган. Жаноби Пайғамбаримиз эса Асҳобига билдирган ҳамда ўзлари ҳам бажо келтирганлар. Дин имомларимиз буларнинг барчасини Асҳоби киромдан кўриб ва эшитиб, ўрганганлар ҳамда китобларига ёзганлар. Бу улуғ олимлар билдирадики, намозда ўқиладиган Қуръоннинг Аллоҳ каломи бўлиши лозим. Вазифа фақат мана шу тариқа бажарилган бўлади. (Фойдали маълумотлар)
3. Ўлган яқинлари учун Ёсин-и шариф ўқиган бир йигит “Ёсиннинг таржимасини ўқигандан кейин бундан воз кечдим. Чунки Ёсин сурасида ўлганларга дуо қилишга умуман алоқаси йўқ, тарихий воқеалардан, қиёматда бўладиган нарсалардан сўз юритилмоқда” деб, бундан сўнг намозни ҳам ташлаб қўйган.
Бу киши Қуръон таржимаси ўрнига ислом олимларининг китобларини ўқиганида эди, Қуръони каримнинг ҳар бир ҳарфининг шифо ва дардларга даво эканлигини, буни ўқиш билан ҳосил бўлган савобнинг ўлганларга қанчалик фойдали бўлишини билиб, “шунчаки тарихий воқеалар ҳақида сўз кетмоқда” демасди.
Савол: Бир мусулмонни ўлдирган одам абадиян жаҳаннамда қолади деб ишонаман, буни Қуръон таржимасини ўқиб ўргангандим. Энг катта гуноҳнинг ширк эканлигини, Аллоҳ буни асло авф этмаслигини, бундан бошқа гуноҳларни хоҳласа кечиришини ҳам таржимадан ўқидим. Мен ҳам бир мусулмоннинг ўлимига сабаб бўлдим, энди нима қилишим керак?
Жавоб: Одам ўлдирган мусулмон киши кофир бўлмайди. Бир мусулмонни “Нимага мусулмон бўлдинг?” деб ўлдириш куфрдир. Бошқа бир сабаб билан, масалан, пулини олиш учун ўлдириш куфр эмас. Ҳеч бир гуноҳ куфр, яъни кофирлик эмас.
Ҳатто мусулмон бўлгани учун ўлдирган бўлса ҳам, кейин қилмишига пушаймон бўлса, Аллоҳу таоло бутун гуноҳларини мағфират қилади. Энг ашаддий кофирни ҳам кечириши мумкин, ҳатто барча гуноҳларини савобга айлантиради. Раббимиз кофирликни кечиради, ширкни ҳам, фақат қул тавба қилса бўлди. Тавба қилиши билан янгидан туғилганидек тоза мусулмон бўлади. Раббимизнинг “Мағфират қилмайман” дегани кофир бўлиб, мушрик бўлиб, тавба қилмасдан ўлганларга тааллуқли. Яъни кофирлар охиратда авф қилинмайди, мағфиратга эришмайди.
Дин “Қуръон таржималари”дан ўрганилмайди. Юқоридаги нотўғри хулосалар ва бемаъни эътиқодлар “таржима” ўқишнинг оқибатида ҳосил бўлмоқда. Ҳар бир мусулмонга дин сифатида нималарни билиши кераклиги фиқҳ ва илмиҳол китобларида ўргатилади. “Том илмиҳол Саодати абадия”да ҳаётда учрайдиган бутун саволларга жавоблар ёзилган. “Динини билмаган кишининг дини йўқ” деган гап бор. Шунинг учун илмиҳол китобларини ўқиб динимизни ўрганишимиз керак.
Савол: Қўлимда бир Қуръон таржимаси бор. Уни ўқиб бошим қотди. “Фосиқ” кофир деганими? Фосиқ тавба билан фосиқликдан қутула олмайдими?
Жавоб: “Фосиқ” – кофир дегани эмас. Қуръон таржималари билан динни тўғри ўрганишингиз мумкин эмас. Кўпгина калима ва терминлар ҳар илмда бошқа-бошқа маъноларда ишлатилади. Масалан, “золим” калимаси тафсир илмида “кофир” деган маънони билдирса, Фиқҳ илмида бошқасининг ҳаққини тортиб олган кимсага айтилади. У ҳолда илмга оид бир китобни ўқиб англай олиш учун аввало калима ва ибораларнинг ўша илмдаги хос маъноларини билиш керак. Бир неча йил арабча ўрганиб ва қўлига луғат китобини олволиб, Қуръони каримни ва ҳадиси шарифларни таржима қилишга уринган “динфурушлар”нинг бойлик орттириш мақсадида қилган таржима ва тафсирлари мўтабар эмас. Фойдасидан зарари кўп тегмоқда.
Тавба қилиб қайта гуноҳ қилмаган киши фосиқликдан қутулади. Жаноби Ҳақ самимий равишда тавба қилинган ҳар қандай гуноҳни мағфират қилади. Бир кофир куфрига тавба қилса, мўмин бўлади, бутун гуноҳлари авф қилинади. Бир мўмин ҳар қандай гуноҳни қилса, ҳатто Аллоҳга ширк қўшса ҳам, сўнгра пушаймон бўлиб тавба қилса, Аллоҳу таоло яна авф қилади.
Савол: Бир Қуръон таржимасида Муҳаммад сурасининг 7-оятида “Аллоҳга ёрдам қилсангиз, У ҳам сизга ёрдам қилади”деб ёзилади. Аллоҳга қандай ёрдам бериш мумкин?
Жавоб: Худди шу маънода яна бир неча ояти карима бор:
“Аллоҳ ўзига ёрдам берганларга ёрдам қилади. Албатта Аллоҳ кучлидир, ғолибдир.” (Ҳаж, 40)
“Аллоҳга ва Пайғамбарга ёрдам берганлар...” (Ҳашр, 8)
Ҳадиси шарифда “Аллоҳнинг амрини азиз қил, Аллоҳ ҳам сени азиз қилсин!” деб марҳамат қилинган. (Дайламий)
Тўғридан Қуръон таржималаридан, маоллардан, ҳадислардан динни ўрганиб бўлмайди. Нотўғри тушунишларга сабаб бўлади. Ислом олимларининг шарҳи билан бирга ўқиш керак. Фиқҳ китоблари Қуръони каримнинг тафсирларидир.
“Аллоҳга ёрдам бериш” дегани “Аллоҳнинг динига ёрдам” деганидир. Яъни исломиятга хизмат қилиш дегани. Исломиятга хизмат Аллоҳу таолонинг, Расулининг ва олимларнинг билдирган усуллари бўйича олиб борилса, хизмат бўлади. Ўзига ёққан усуллар бўйича ҳаракат қилса, кўп ҳолларда фитна чиқади.
Қуръон таржимаси деб номланувчи китобларнинг қанчалик зарарли эканлигини мана шундан ҳам тушуниб олса бўлади. Калом, фиқҳ ва тасаввуф каби керакли илмларни Қуръон таржимаси деган китоблардан ўрганиш асло мумкин эмаслиги шундоғам маълум. Ҳатто бу илмларни мўътабар, тўғри тафсирлардан ҳам тушуниб, сузиб олишимиз имконсиз. Керакли илмларни илмиҳол китобларидан ўрганишимиз лозим.
Савол: Баъзи кишилар ўзларига ваҳий келганини айтишади. “Чумолига, қарғага ҳам ваҳий келади-ю, нима учун бизга келмасин” дейишади. Бир қисми эса “Набий келмайди, лекин Расул келади. Биз расулмиз” дейишяпти.
Жавоб: Ваҳий хабар деганидир. Ибора сифатида Аллоҳу таолонинг Жаброил алайҳиссалом воситаси билан Пайғамбарларига юборган хабар деганидир.
Ваҳийнинг келиши жаноби Пайғамбаримизнинг вафоти билан тўхтаган. Имоми Раббоний ҳазратлари “Пайғамбарлик ниҳоясига етди ва ваҳий келиш тўхтади. Дин камолига етди ва неъмат тамом бўлди” деб айтганлар.
“Қисоси анбиё” китобининг 410-саҳифасида айтиладики: “Расулуллоҳ ҳаёт пайтларида ваҳий келиб, умматга таблиғ қилинарди. Ундан кейин ваҳий келиши тўхтади. Ҳеч кимга ваҳий келиш эҳтимоли қолмади.”
Ваҳий икки турли бўлади:
1. Ваҳий-и матлу.
2. Ваҳий-и ғайри матлу.
Жаброил алайҳиссалом Аллоҳу таолодан олган хабарларни келтириб Пайғамбарга етказарди. Бу ваҳийнинг калималари ҳам, маънолари ҳам Аллоҳдан эди. Қуръони карим ваҳий-и матлудир.
Ваҳий-и ғайри матлу Аллоҳу таоло тарафидан Пайғамбарнинг қалбига билдирилади. Пайғамбар бу ваҳийни ўз сўзлари билан ёнидагиларга айтади. Бу сўзларга “Ҳадиси қудсий” ҳам дейилади.
Ваҳий фақат Пайғамбарларнинг қалбларига келади. Авлиёга ҳам келмайди. Фаришталар келтирган ўй-фикрларга “Илҳом”дейилади. Илҳом пайғамбарларнинг ва солиҳ мусулмонларнинг қалбларига келади.
Аллоҳу таоло ҳар бир ҳайвонга маълум бир нарсаларни ўргатган. Она қушлар полапонларининг қорни очганини билиб, уларга егулик келтиради. Буни қаердан билади? Аллоҳу таоло ўргатди. Сут эмизувчи ҳайвонлар болаларини эмизади. Ипак қурти тут баргини ипакка айлантиради. Кенгуру хавф туғилса, болаларини халтасига солиб қочади.
Буларни уларга ким ўргатди? Албатта Аллоҳу таоло ўргатди. Яъни ҳар ҳайвонга муайян нарсаларни ўргатди. Бунинг Пайғамбарларга келган ваҳий билан ҳеч қандай алоқаси йўқ. Буларга “Илҳом” дейиш тўғрироқ бўлади. Қуръони каримда маолан айтилдики: “Раббинг асаларига “Тоғларда, дарахтларда ва тайёрланган уяларда яшагин. Сўнгра ҳар турли ҳосилдан егин, сўнгра ишлашинг учун Раббинг кўрсатган йўлдан юргин” деб ўргатди. Қоринларидан инсонларга шифо бўлган турли рангдаги асал чиқади. Мулоҳазали одамлар учун бу ерда бир ибрат бор.” (Наҳл, 68-69)
Таржималарда, тафсирларда “Аллоҳ арига илҳом қилди, ўргатди” ифодалари ўтган. Ҳеч бир олим “Арига ваҳий келади, ари пайғамбардир” демаган.
Қуръони каримда қарға ҳақида келган бир ояти кариманинг маоли қуйидагича: “Аллоҳ биродарининг ўлигини қандай кўмишни кўрсатиш учун унга (Қобилга) ер титаётган бир қарғани юборди. (Қобил эса) “Менга хайф! Биродаримнинг ўлигини кўмиш учун мана шу қарғачалик ҳам бўлолмадим” деди ва ишига пушаймон бўлди.” (Моида, 31)
Қарғага буни ўргатган Аллоҳу таоло арига ҳам, бошқа ҳайвонларга ҳам кўп нарса ўргатган. Мана шулардан ўз калласидан хулоса қилиб, “Демак, ваҳий тўхтамабди, қарғага ҳам, арига ҳам ваҳий келаётган экан, менга ҳам ваҳий келяпти” дейиш беҳад нотўғри. Инсонларга шайтондан васваса келади, фаришталардан илҳом келади. Шайтондан келган ўйни “Менга ваҳий келяпти” деб ўйлаб, “Мен Расулман” дейдиган бузуқлар ҳам чиқиши мумкин. Шайтоннинг расулларига (элчиларига) эътибор қилмаслик керак.
Савол: Ваз-зориёт сураси 50-оятида “Аллоҳга қараб чопинглар-шошинглар (имон келтириш учун). Албатта мен сизларга У зот (-нинг азоби)дан очиқ огоҳлантирувчидирман” дейилади. Бу ерда Жаноби Пайғамбаримизга хитобан “Айтинг” ифодаси бўлиши керак эмасмиди?
Жавоб: Қуръони карим Жаноби Пайғамбаримизга тушди. Яъни барча гаплар унга айтилган. “Айтинг” дейилмаса ҳам, У зотга тушгани учун автоматик равишда “Шундай деб айтинг” деган маъно чиқади. Имоми Қуртубий ҳазратлари бу хусус: “Бу ояти каримада Аллоҳу таоло Расулуллоҳга инсонларга шундай дейишини амр қилди.”- деганлар. (Жомиъул аҳком)
Таржимадан дин ўрганмоқчи бўлган киши Қуръони каримда хато кўп экан деб ўйлайди. Шунинг учун ислом олимлари: “Қуръони каримнинг ҳақиқий маъносини англаш, ўрганишни хоҳлаган мусулмонлар дин олимларининг калом, фиқҳ ва ахлоқ китобларидан тайёрлаган бирон илмиҳол ўқишлари керак. Бундай илмиҳоллар Қуръони каримдан ва ҳадиси шарифлардан олинган бўлади. Қуръон таржимаси сифатида ёзилган китоблар ўқувчисига диний тўғри йўналиш беролмайди. Аксинча ўқувчиларини авторларнинг ўйлари-ю мақсадларига асир қилиб, диндан чиқишларига сабаб бўлади.”- дейишган.
Савол: Қуръонда ўтган буйруқлар фарз бўладиган бўлса, Қуръонда “Бажаринг” деган ҳамма буйруқ фарзми?
Жавоб: Ҳамма “Бажаринглар” деган буйруқларнинг ҳукми фарз эмас. Бир неча мисол келтирамиз:
1. “Ҳар бир сажда чоғида (намозда) зийнатланингиз (тоза, чиройли кийимларингизни кийинг).” (Аъроф, 31) (Намозда чиройли кийимларни кийиш фарз эмас.)
2. “Эй иймон келтирганлар! Бир-бирингиз билан қарз муомаласи қилсангиз уни ёзиб қўйинг. Бир-бирингиз билан савдо қилганда гувоҳ келтиринг.” (Бақара, 282) (Қарздорнинг тилхат бериши ва савдода гувоҳ келтириш фарз эмас, суннатдир.)
3. “Уйга кирганингизда ўзингизга (маҳрам бўлган, оиладан ҳисобланадиган уй халқига, бўлмаса ўзингизга) салом беринг.” (Нур, 61) (Салом бериш фарз эмас, суннат.)
4. “Жума намозини ўқигандан кейин ер юзига тарқалинг!” (Жумъа, 10) (Тарқалиш фарз эмас. Тарқалмасдан масжидда ўтирса ҳам зарари йўқ. Намозни ўқиб бўлгандан кейин кетишингиз мумкин демоқчи.)
5. “Агар валиси бўлган етим қизларга уйланиб, уларнинг ҳақларига риоя қила олмасликдан қўрқсангиз, улар билан эмас, ҳалол бўлган бошқа аёллар билан икки, уч ва тўртгача уйланинг! Агар ораларида адолатсизлик қилишдан қўрқсангиз, биттасига уйланинг ёки соҳиб бўлганингиз билан қаноат қилинг.” (Нисо, 3) (Тўрттагача уйланиш фарз ҳам, ҳатто мандуб ҳам эмас. Фақатгина зарурат ҳолида изн берилган иш.) (Неъмат-и ислом) Жоҳилият даврида эркаклар ҳимояларидаги бегона етим қизлар билан унинг молига кўз тикиб уйланарди. Бир неча етим қиз билан уйланганлар ҳам бўларди. Хотин етим, ҳеч кими йўқ бўлгани учун эри гоҳ маҳр пулида, гоҳ уйлангандан кейин турли ноҳақлик ва азиятлар чектирарди. Ҳатто меросига эгалик қилиш учун ўлимини пойларди. Етимларга ҳақсизлик қилинмаслиги учун бу ояти карима туширилган.
6. “Қурбонлик қилган гўштдан ўзингиз ҳам енг, йўқсилларга ҳам едиринг.” (Ҳаж, 28) (Қурбонлик гўштни ўзи ейиши ёки йўқсилларга бериш фарз эмас. Учдан бирини фақирларга бериш мустаҳаб.)
7. “Тонгдан оқ ип қора ипдан ажраладиган пайтгача еб-ичаверинглар. Сўнгра кечгача рўзани бенуқсон қилиб тутинглар!” (Бақара, 187) (Имсок вақтигача еб-ичиш фарз эмас. Саҳарликда овқатланиш ҳам фарз эмас. Имсок вақтигача еб-ичиши мумкин демоқчи.)
Кўриб турганингиздек, бизга ўхшаганларнинг таржимани ўқиб ҳукм чиқариши жоиз эмас.
Савол: Барча таржималарни кўриб чиқдим. Аъроф сурасининг 51-оятида Аллоҳу таоло сув ва егулик сўраган Жаҳаннамдаги кофирларга “Улар дунёда бугунларини унутганидек биз ҳам бугун уларни унутамиз” деб айтган деб ёзилган. Аллоҳ унутадими?
Жавоб: Астағфируллоҳ, Аллоҳу таоло асло унутмайди. (Тоҳо, 52)
Қуръони каримни сўзма-сўз тушунишга ҳаракат қилиш ҳам энг қалтис хатолардан ҳисобланади. Мужассима фирқаси ва уларнинг давомчиси бўлган замонавий салафийлар мана шу хатога кўп тушишади. Бундай оятлар кўп. Масалан, Қуръони каримда буюриладики:
“Аллоҳга ёрдам қилсангиз, У ҳам сизга ёрдам беради.” (Муҳаммад, 7)
“Биз ҳам бугун сизни унутдик.” (Сажда, 14)
Қуръон таржималаридан ва маолларидан динни тўғри ўрганиб бўлмайди. Бу китоблардаги маълумотларга суяниб, қатъий хулосалар чиқариш ёки сўзма-сўз тушуниш ҳам хатарли. Чунки бундай китоблар нотўғри тушунишларга сабаб бўладиган гаплар билан тўла. Уларни Ислом олимларининг изоҳи билан бирга ўқиш керак. Фиқҳ китоблари Қуръони каримнинг тафсирларидир. “Аллоҳга ёрдам” дегани “Аллоҳнинг динига ёрдам, яъни исломиятга хизмат” деганидир. Исломиятга хизмат ҳам, агар Аллоҳу таоло, Расули ва олимлар кўрсатган тарзда бажарилса, хизмат бўлади.
Сиз сўраган оятдаги “унутиш” эса, “худди унутилгандек муомала кўрасиз, сизга ёрдам берилмайди” деган маънода ишлатилган.
Савол: Сотувдаги таржималарда Юнус сурасининг 88-оятида шундай дейилган: “Мусо Аллоҳга айтди: Ё Рабби, Фиръавнга бунча мол-мулкни одамларни Сенинг йўлингдан оздириши учун бердингми? Уларни ва молларини йўқ қилгин...” Мусо алайҳиссаломдек пайғамбар ҳам Аллоҳу таолога шундай койиш оҳангида гап қиладими, шундай айблайдими? Бу таржималар нотўғри эмасми?
Жавоб: Ҳа, нотўғри. Биз ҳам сотувдаги анча таржималарни кўриб чиқдик. Кўпчилиги юқоридагидай ғалати шаклда ёзилган. Шунинг учун шарҳи бўлмаган таржималарга ишонилмайди. Тафсирларга қараш керак. Қуртубий тафсирида айтиладики: “Лийудиллу” калимасидаги “Лом” ҳарфининг турли маънолари бор. Бу ердаги “Лом” натижани билдиради. Хабарда келдики: “Бир фаришта ҳар куни шундай дейди: Охир-оқибат ўлиш учун туғиласиз. Ишларингизни ҳам охирида хароб бўлиши учун бино қиласиз.”
Оятда Фиръавн ва одамларининг ишлари ниҳояси йўлдан адашишга борадигани учун гўёки берилган моллар, хароб бўлишлари учун берилгандек. “Сендан юз ўгирган бўлишларига қарамай уларга бунчалик мол-мулк бердинг. Сенинг улардан юз ўгиришингдан ҳам қўрқмадилар. Сенинг улардан рози эмаслигингни тушунмадилар. Бузуқликларида давом этдилар. Мол-мулкни йўлдан адашмасликлари учун бердинг, лекин улар бузилдилар, шундай экан йўлдан чиқишларига сабаб бўлган мол-мулкни уларнинг қўлларидан олгин. Берган молларинг билан уларни бу йўлда имтиҳон қилгин” демоқчи бўляпти. Натижада оятнинг маоли шундай бўлади: “Мусо алайҳиссалом айтдики: Ё Рабби, Сен Фиръавн ва қавмига дунё ҳаётида кўз қамаштирадиган бойлик ва мол-мулк бердинг. Бунчалик молни гўёки Сен инсонларни сенинг йўлингдан адаштиришлари учун бергандек ушбу молларни ёмон йўлларда қўлланмоқдалар. Уларни ва молларини йўқ этгин, кўнгилларини ҳам қаттиқ қилгин, токи аламли азоб кўрмагунларича иймон келтирмаслар.”
Савол: Қуръон таржима қилиб, шуҳрат қозонган битта ёзувчи “Таржима қилганлар китобга ўз ўйларини қўшсалар ҳам, оятларни нотўғри таъвил қилсалар ҳам, Қуръонни тушуниш учун таржима ўқиш керак, чунки таржимасиз мусулмон бўлмайди” дейди. Бир киши умрида ҳеч таржима ўқимаса, динига, имонига бирон зарари борми?
Жавоб: Йўқ, ҳеч қандай зарари йўқ. Аксинча, таржимон ҳам тан олишга мажбур бўлганидек таржималар нотўғри тушунчалар билан тўла. Бундай таржималарни ўқиш жуда хавфли. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Қуръонни ўз тушунгани бўйича шарҳлаган одам, тўғри айтган бўлса ҳам, муҳаққақ хато қилган бўлади.” (Насоий)
“Қуръонга салоҳияти бўлмасдан маъно берган киши Жаҳаннамда азоб кўради.” (Термизий)
“Қуръонни ўз тушунчаси етовида тафсир қилган кимса кофир бўлади.” (Мактубот-и Раббоний)
“Қуръон таржималари”ни ўқиб олиб “Қуръонда ҳижоб деган нарса йўқ экан” деганлар чиққанидек “Намоз беш эмас, уч вақт экан. Товуқдан ҳам, балиқдан ҳам қурбонлик бўлар экан" деган гумроҳлар ҳам учрамоқда. Яқинда “Қуръон ит гўштини тақиқламаган” деганлар ҳам пайдо бўлди. Бу уйдирма ҳукмларнинг барчаси таржималардан шахсий хулосалар оқибатида чиқарилмоқда. Қуръони каримнинг ҳақиқий маъносини ўрганишни истаган киши таржима эмас, мўтабар бир фиқҳ китобини ўқиши керак. Қуръон ва ҳадисларда билдирилган имон, фиқҳ ва ахлоқ масалаларининг ҳақиқий мағзи, изоҳи, тафсирини мусулмонларга етказишни ўша мўтабар фиқҳ ва илмиҳол китоблари зиммаларига олган, таржима китоблари эмас.