Таржима ва тафсир ўқиш
Савол: Қуръони каримнинг таржимасини ёки тафсирини қилиш мумкинми?
Жавоб: Қуръони каримнинг таржимасини ёки тафсирини ёзиш мумкин ва бугунгача анчаси ёзилган ҳам. Ислом олимлари буни тақиқламаганлар. Лекин бу асарлар Қуръони каримнинг аслида мавжуд бўлган балоғатини акс эттира олмайди. Яна муроди илоҳияни (Аллоҳнинг нима демоқчи эканлигини) ҳам билдира олмайди. Қуръони каримнинг маъносини ва маъноларидаги нозикликларни тушунишни истаган ва балоғатининг завқини тотишни хоҳлаган мусулмонлар бу китоби мубинни аслидан ўқиши ҳамда маъносидан, завқидан баҳра олиш учун керакли илмларни ўрганишдан эринмаслиги керак.
Шекспирнинг, Виктор Гюгонинг шеърларидаги адабий санъатни англаш ва бундан завқ олиш учун инглизча, французчани адабиёти билан бирга ўрганиш керак бўлганидек Аллоҳ каломини ва ундаги юксак нозикликларини тушуна олиш учун ҳам керакли илмларни ўрганиш албатта шартдир.
Жаброил алайҳиссаломнинг Жаноби Пайғамбаримизга туширган бу калималардан ва жумлалардан бошқа ўқилган сўзлар ҳатто арабча бўлса ҳам, Қуръони карим бўлмайди. Масалан, жунуб ҳолда Қуръони карим ўқиш ҳаром, катта гуноҳ. Лекин шу ҳолда бошқа арабча ҳар қандай сўзни ўқиш ҳаром бўлмайди.
Баъзи кишилар китоб ёзган, тафсир ёзган ёки арабча биладиган дуч келган одамни олим деб билишади. Устига устак кўча-кўйда ҳаммага ўзини шайх деб тақдим қилувчи юзлаб одам кезиб юрибди. Етмагандек икки оғиз арабчаси билан Аҳли суннат йўлини бузаётган, йўл тўсарлар бор.
Олимлар жуда камайган
Ислом олимларининг энг улуғларидан бўлган Имом-и Раббоний ҳазратлари то 400 йил аввал айтдики: “Ислом олимлари бугун ғариб бўлди, камайди. Ҳозирги тариқатчиларнинг йўлига бидъат аралашгани ва бу йўл бузилгани учун Расулуллоҳнинг суннати билан юрувчи улуғ олимларни бу халқ танимайдиган ҳолга келди. Сохта тариқатчилар халқнинг қалбини мана шу бидъатлар билан қозонишга уринишди. Бу билан динга хизмат қиляпмиз, ҳатто исломиятни такомиллаштиряпмиз деб ўйлашди. Афсуски ишнинг асли улар ўйлагандек эмас. Булар динни бузишга уринишяпти. Аллоҳу таоло уларни тўғри йўлга қовуштирсин! Ҳозир буюк олимлардан жуда кам қолган. Исломиятни севадиган кишилар ўша олимларнинг талабаларига ёрдам беришлари ва уларнинг йўлидан юришлари керак.” (Мактубот, 2-жилд, 62-мактуб)
Ҳадиси шарифда “Қиёматга яқин илм камаяди, жаҳолат ортади”, “Илмнинг камайиши олимларнинг камайиши билан бўлади. Жоҳил дин одамлари шахсий тушунчалари бўйича фатво бериб, фитна чиқарадилар. Инсонларни тўғри йўлдан адаштирадилар” ва “Ҳар аср аввалги асрлардан баттарроқ бузилади. Мана шу тариқа қиёматгача вазият доим бузилиб боради” деб марҳамат қилинган. Инсонларнинг энг яхшилари бўлган олимларнинг ёзган китобларини ёқтирмай, бузуқ асрдаги бузуқ одамларга ва уларнинг бузуқ китобларига алданиб қолишдан эҳтиёт бўлиш лозим. (Ҳадиқа)
Имом-и Молик ҳазратлари айтдики: “Фиқҳ ўрганмай тасаввуф билан шуғулланган киши диндан чиқиб, зиндиқ бўлади. Фиқҳ ўрганиб, лекин тасаввуфдан бехабар бўлган киши бидъат аҳли, яъни мазҳабсиз бўлади. Ҳар иккаласига эришган одам ҳақиқатга етади.” (Мараж-ул-баҳрайн)
Фарзи айн бўлган фиқҳ китобларини ўқимасдан аввал тафсир ўқиш жоиз эмас. Чунки бизга ўхшаган муқаллидларнинг тафсирлардан фиқҳ масалаларини ўрганишлари мумкин эмас. Жаҳаннамга кетишлари хабар берилган 72 фирқанинг олимлари тафсирлардан нотўғри маъно чиқарганлари учун йўлдан адашдилар. Олимларнинг ўзи йўлдан адашгандан кейин биз каби жоҳилларнинг тафсирдан нимани тушунишимизни бир ўйлаб кўришимиз керак. Тўғри ёзилган тафсирларни ўқиган кишилар шундай фалокатга тушаётган бўлса, чаламуллаларнинг, мазҳаб душманларининг ёзган тафсирларини ўқиганлар нима аҳволга тушаркан?
Оддий тўртта математик амални билмасдан туриб олий математикани ўрганиш имконсиз. Худди шунингдек ақоид, фиқҳ ва бошқа керакли илмларни ўрганмасдан туриб тафсир ўқиганлар албатта йўлдан адашади.
“Фиқҳ илмини ўрганмасдан тафсир билан вақт ўтказиш тўғри эмас. Чунки тафсирдан ваъз ва қиссалар ўрганилади. Фиқҳдан ҳалол, ҳаром ўрганилади.” (Радд-ул-мухтор)
“Тафсир ўқиш амр қилинмади. Фиқҳ ўрганиш эса амр қилинди.” (Бариқа, 1297-бет)
Тафсир нима?
Савол: Тафсир нима дегани?
Жавоб: Тафсир каломи илоҳийдан (Аллоҳнинг каломидан) муроди илоҳийни (Аллоҳнинг мақсадини) англаш деганидир.
Тафсир учун керакли бўлган 15 асосий илмдан бири “Қалб илми”дир. Аллоҳу таолонинг росиҳ илмли олимларга воситасиз равишда эҳсон қилган мана шу қалб илмига "Мавҳиба" деб ҳам айтилади. Бир киши нариги 14 илмни тўла ўзлаштирган бўлсаю фақат мавҳибага соҳиб бўлмаса, қилган тафсири мўътабар бўлмайди. Қилган тафсири оятларнинг асл мақсади бўлмай балки шахсий тушунчалари бўлгани учун Жаҳаннамда азобга дучор бўлади. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики:
“Қуръондан ўзбошимча, шахсий тушунчаси ва қараши билан маъно чиқарган одам кофир бўлади.” (Мактубот-и Раббоний)
Яъни ўша ўзбошимча берилган маъно тўғри бўлса ҳам, шаръий йўл билан чиқарилмагани учун хато бўлади. Агар берган маъноси нотўғри бўлса, имони кетади.
“Қуръони каримни ҳеч бир тилга, ҳатто арабчага ҳам таржима қилиб бўлмайди. Ҳар қандай бир шеърни ҳатто ўзи ёзилган тилга ҳам, тўла таржима қилиш, яъни ўша тилда бошқа сўзлар билан ифодалаш мумкин эмас. Ҳадиси шарифларда ҳам ҳолат худди шундай. Ҳадис китобларидан ҳадис нақл қила олиш учун ҳадис олимларидан ижозат олган бўлиш керак.” (Бариқа, 1-жилд)
Ҳадис шарифларни ва ояти карималарни ҳадис китобларидан ва Қуръони каримдан эмас, ўша соҳанинг мутахассиси бўлган ҳақиқий ислом олимларининг китобларидан нақл қилиш керак. Масалан, “Иҳёу улумиддин”даги ҳадиси шарифда ёки “Мактубот”да келтирилган ояти каримада айтилишича... " - деб нақл қилиш лозим.
Бир куни Расулуллоҳ бир оятнинг маъносини ҳазрати Абу Бакрга шарҳлаб, изоҳлаётганларида уларнинг суҳбатларига гувоҳ бўлиб ўтирган ҳазрати Умар Пайғамбаримизнинг изоҳларидан ҳеч нарсани тушунмаган эди. Ҳолбуки ўзи ҳадиси шарифда “Агар мендан кейин пайғамбар келадиган бўлса, Умар пайғамбар бўларди” деган суюнчига мушарраф бўлган саҳоба эди. Шунчалик юксак даражада бўлишига ва она тили арабчани жуда пухта билишига қарамай ҳазрати Умар Қуръони каримнинг ўзи тугул, тафсирини ҳам тушунишдан ожиз қолган эди. Қуръони каримнинг маъносини ёлғизгина Муҳаммад (саллоллоҳу алайҳи вассалам) тушунганлар ва ҳадиси шарифлари билан изоҳлаганлар. Ҳадиси шарифлар Қуръони каримни, мазҳаб имомлари ҳадиси шарифларни, ислом олимлари эса мазҳаб имомларининг сўзларининг изоҳлаганлар. Қуръони каримда намозларнинг неча ракъатдан иборатлиги, байрам ва жаноза намозлари қандай ўқилиши, закот нисоби, рўзанинг ва ҳажнинг фарзлари билан ҳуқуқий масалалар очиқ-ойдин билдирилмаган.
“Фиқҳ илмию масалаларини ислом олимлари ояти карималардан ва ҳадиси шарифлардан чиқарганлар. Бу илмлар фақатгина фиқҳ китобларидан ўрганилади. Фиқҳ китоблари турганда, диний масалаларни тафсирлардан ўрганишга уриниш нофила ибодат билан вақт ўтказиш бўлади. У ҳам бўлса, тафсир соҳасининг арбобига шундай. Арбоб бўлмаганларнинг фарзи айн мартабасидаги фиқҳ китобларини ўқишни йиғиштириб қўйиб, нафл мартабасидаги тафсир ўқишлари асло жоиз бўлмайди. Чунки мужтаҳид бўлмаган кишиларнинг тафсирдан фиқҳ илмини ўрганиши имконсиздир. Жаҳаннамга кетишлари билдирилган етмиш икки залолат фирқасининг пешволаридан ҳар бири ўзига яраша илм соҳиби олим кишилар эди. Ўша олимлар тафсирлардан нотўғри маъно чиқарганликлари туфайли ҳақ йўлдан адашиб, ортидан эргашган тарафдорларини ҳам адаштиришди. Олимларнинг ўзи ҳақ йўлни йўқотиб, адашиб турганида олимлик даражасига етмаган одамларнинг тафсир ўқишлари фалокат бўлади.” (Ҳадиқа)
“Қуръони карим таржималари симпозиуми”да дунёдаги ҳар хил тилларга таржима қилинган 1500дан ортиқ нусха Қуръони карим таржималари тадқиқ қилиниб, уларда бир-бирига мос келмайдиган, зиддиятли ҳукмлар аниқланган. Бунинг ҳақиқий сабаби таржимонларнинг ишларида нақлни асос қилиб олмасликларидир. Қуръони каримнинг ҳақиқий маъносини билишни орзу қилган киши дин олимларининг калом, фиқҳ ва ахлоқ китобларини ўқиши керак.
Муфассир ким?
Савол: Муфассир деб кимга айтилади?
Жавоб: Муфассир – тафсир китоби ёзадиган дуч келган одам дегани эмас. Муфассир - каломи илоҳийдан муроди илоҳийни тушуна олган теран олим деганидир. “Байзовий” тафсири буларнинг энг қийматлиларидан бири. Тафсир китобларини тушуна олиш учун йигирмата асосий илмни яхшилаб ўрганиш керак. Асосий илмлардан бири тафсир илмидир. Бу йигирма асосий илмга ёрдамчи яна саксонта илм бўлади. Бу илмлар қайсилар эканлиги “Мавзуот-ул улум”да ёзилган.
Дипломига ишонганлар
Олий маълумотли дипломига ишониб, тафсир илми билан шуғулланмоқчи бўлган одам алданиб, имонини йўқотади. Бу сузишни билмайдиган одамнинг олий маълумотига ишониб, денгизга калла ташлашидек аҳмоқона иш бўлади.
Тафсир илмидан бехабар одамнинг ҳадис ва тафсир ўқишга уриниши меъдаси касал кишининг кучли овқатлар ейишига ўхшайди. Ҳолбуки бу хастанинг аввало парҳез қилиши, ундан кейин қувватли нарсалар ейиши керак. Бизга ўхшаган асосий илмлардан бехабар одамлар дин ўрганиш мақсадида Қуръон таржимаси, тафсир ва ҳадис китобларини ўқишдан бошлайдиган бўлса, ҳеч нарса ўзлаштира олмайди. Ўқиганларидан фақат нотўғри хулосалар чиқариб, динини, имонини йўқотиб қўйиши мумкин. Замонамизда тобора кўпроқ учраб турган имонини йўқотган “чаламулла”ларнинг куфрига айнан нима сабаб бўлгани суриштирилганда, деярли барчасининг тафсир ўқиганликлари туфайли шундай имон кемирувчи шубҳаларга тушганлари аниқланган. Ҳатто машҳур ва мўтабар тафсирлар ҳам асосий илмлардан бехабар, ихтисоси бўлмаган кишиларга фойда ўрнига зарар беради. Тафсир илмларини ўзлаштирмасдан аввал тафсир китобларини ўқишга киришганларнинг имонларини йўқотиш хавфига дуч келишлари табиий ҳол бўлганлиги учун Мазҳари Жони Жонон ҳазратлари тафсир ёзиш орзусини изҳор қилиб келган бир шогирдига изн бермаганлар. (Мақомот)
Туркийда ёзилган тафсирларнинг энг қийматлиси ва машҳур бўлганларининг ўзида ҳам шахсий фикрлар мавжуд. Шу туфайли ўқувчиларига зарари фойдасидан кўра кўпроқ тегмоқда. Айниқса, охирги асрлардаги мустамлака мактабларида акасарияти бемазҳаб, ислом душмани, бидъат соҳиби қилиб етиштирилган сохта "шайх"ларнинг Қуръони каримнинг маъносини маълум марказларнинг идеологияларига хизмат қилдириш мақсадида эгиб-букиб ёзган қалбаки тафсирлари ва таржима китоблари айни заҳардир. Буларни ўқиган ёшларнинг онглари заҳарланиб, 14 асрдан буён келаётган шаръий ҳукмларга нисбатан қабиҳ шубҳалар ва эътирозлар пайдо бўлмоқда. Заҳарланган ёшлар айнан шунинг учун тахминан 10-12 аср аввал яшаган мазҳаб имомларини, фақиҳ ва муфассирларни ҳадисларни танлашда, сиҳҳатли-сиҳҳатсизини ажратишда саводсизликда ва маҳоратсизликда айблашаётир. Шу боисдан бизга ўхшаган оддий оми одамларнинг исломиятни ўрганишни тафсир ва ҳадиси шариф ўқишдан бошлашлари қаътиян дуруст эмас. Чунки Қуръони каримни ва ҳадиси шарифни нотўғри тушуниш ёки атиги биттисидан шубҳаланиш имонни кетказади. Фақатгина араб тилини билиш билан тафсир ва ҳадисларни тушуниб бўлмайди. Арабча биладиган ҳар бир кишини дин олими деб ўйлаган одам қаттиқ адашади. Байрутда она тили арабча бўлган кўплаган поплар, роҳиблар бор. Лекин ҳеч бири исломиятнинг "и" сини тушунмайди.
Қайси тафсир зарарли?
Савол: Динимизни асл манбасидан ўрганиш учун қайси таржима ва тафсирларни ўқиш керак?
Жавоб: Қуръони каримнинг маъносини ёлғиз Муҳаммад алайҳиссалом тўлиқ тушунганлар ва ҳадиси шарифлари билан шархлаб, изоҳлаб берганлар. Қуръони каримни ҳаққоний равишда тафсир қилган ягона одам ўша зот бўладилар (алайҳиссалом). Энг тўғри тафсир китоби эса, Ул ҳазратнинг ҳадиси шарифларидир. Дин олимларимиз ўша ҳадис шарифларни тўплаб, мавзуларига кўра тартиб бериб вужудга келтирган китобларига тафсир исмини беришган. Ояти карималарни қисқача ёки тўлалигича таржима қилиб бўлмагани учун ислом олимлари бу асарларида таржима эмас, узун-узоқ тафсир ва таъвилларини билдирганлар. Расулуллоҳ жанобимиз билдирган маъноларга “тафсир” дейилади. Тафсир фақат Фахри оламнинг (алайҳиссалом) муборак тилларидан Асҳоби киромга ва улардан Тобеинга ва Тобеъи тобеинга, мана шу тариқа дуруст ва қийматли инсонларнинг сўзлари орқали фиқҳ ва калом олимларига етиб келган хабарлардир. Бундан бошқаларига тафсир дейилмайди.
Маолан дегани нима?
Савол: Баъзи китобларда “Ояти каримада маолан буюрилдики...” деб айтилади. Бу нима дегани?
Жавоб: “Бу ояти кариманинг маъноси, тафсир олимларининг билдирганлари бўйича мана шундай” дегани. Шунинг учун Қуръон таржимаси дейилган китоблардан Қуръони каримнинг маъносини тушуниб бўлмайди. Қуръон таржимасини ўқиган киши ўқиганларидан ҳеч қачон муроди илоҳийни (Аллоҳнинг мақсадини, шу оятда нима демоқчилигини) била олмайди. Аксинча оятларга таржимоннинг илм савиясига ва дунёқарашига яраша қилган шарҳини ўрганади. Бидъат аҳлининг ёки тафсир илмидан бехабар жоҳилларнинг қилган таржималарини ўқиганлар эса, Аллоҳу таолонинг айтмоқчи бўлганларини эмас, аксинча таржимоннинг ўзича тушундим деб ўйлаб, яна ўзича тушунтирмоқчи бўлганларини ўқиб ўрганади. Қуръони каримнинг ҳақиқий маъносини англашни, ўрганишни хоҳлаган одам ислом олимларининг калом, фиқҳ ва ахлоқ китобларини, яъни булардан олиб тайёрланган ҳамда нақлга асосланган фиқҳ китобларини ўқиши керак.
“Қуръони каримнинг таржимаси деб номланган китобларни ўқиган одам амалга, ибодатга оид билимларни асло ўргана олмайди. Эътиқодга оид илмларни ўрганиши эса, умуман мумкин эмас. Чунки 72 залолат фирқаси Қуръони каримга нотўғри маъно берганликлари учун йўлдан адашганлар. Қуръон таржимасини ўқиб тўғри имонни, аҳли суннат эътиқодини ўрганиб бўлмайди. Ҳатто “Байзовий”, “Жалолайн” каби мўтабар тафсирларни ҳам бизга ўхшаганларнинг тушуниши мумкин эмас. Қуръони каримнинг маъносини ўрганишни истаган киши аҳли суннат олимларининг ёзган калом, фиқҳ ва ахлоқ китобларини ўқиши керак.” (Ҳадиқа)
Жаноби Пайғамбаримиз ҳадиси шарифлари билан Қуръони каримни изоҳлаганлар. Бу шарҳларга тафсир дейилади. Агар муайян бир ояти кариманинг маъносини Расули акрам жанобимиз очиқча билдирмаган бўлсалар, ислом олимлари ушбу ояти кариманинг бир неча маънолари орасидан динимизга мос бўлганини танлайдилар. Бунга таъвил қилиш ва шу танланган маънога эса маол дейилади. Халқ орасида "маол" - таржима маъносида ишлатилса ҳам, аслида таржима дегани эмас.
Қуръон таржимаси
Савол: Телевизорда, театрда Бетховеннинг 9-симфониясини, Моцартнинг “Фигаро”си ва Мольернинг шеърлари нима учун немисча, италянча, французча ижро қилинади ёки тингланади. Нима учун “Бу чет тилида экан, буларни ўзимизнинг тилимизда айтишимиз керак” деб, буларни ўзбекчага таржима қилишмайди-ю, лекин Қуръонни таржима қилишиб, буни Қуръон деб аташади?
Жавоб: Чунки юқоридагиларни ўзбекчага тўла таржима қилишга қудратлари етмаслигига каллалари етади. Уларнинг ўзбекчаларига Бетховеннинг ёки Шопеннинг асари десалар, ҳолларига қарғалар ҳам кулишини жуда яхши билишади. Оддий бир шеърнинг таржимаси ҳам ўша шеърнинг асли ўрнига ўтмаслигини жумла жаҳон билади. У ҳолда Қуръони каримнинг таржимасига ҳеч вақт Қуръон дейиш мумкинми? Шекспирнинг, Виктор Гюгонинг шеърларидаги сўз ўйинларини, нозик санъатларни тушуниб завқланиш учун инглиз ва француз тилларини адабиёти билан бирга ўрганиш керак бўлганидек Аллоҳ каломининг балоғатию нозикликларини тушуниш учун ҳам зарурий илмларни ўрганиш шарт. Уларни ўрганмасдан туриб оятларни англашга уриниш энг қалтис хатолардандир.
Оригинал таржима!
Савол: Битта диншунос “Чоп қилинган таржималар орасида бир-бирига мос келмайдиган турли-туманликлар бўлгани учун ўзим бу ишга бел боғлаб, таржима қилиб чиқдим. Меники оригинал бўлгани учун бошқаларига нисбатан ишончли” деди. Нима бошқа таржималар Қуръоннинг оригиналидан (асл нусҳасидан) тайёрланмаганми? Бу диншуноснинг таржимасига ишонсак бўладими?
Жавоб: Номини “оригинал” деб аташи бефойда. Барибир ҳар бир янги таржиманинг аввалгиларидан ҳеч қандай ортиқ жойи бўлмайди. Маол - таржима қилган кишининг Қуръони каримдан англаган маъноси деганидир. Оятларни ўқиганда ҳар бир одам ўз илмига яраша маълум бир нарсаларни тушунади. Аксарияти нотўғри бўлган сотувдаги Қуръон мазмуни, маоли ва таржималаридан маълумки, Қуръони карим сўзма-сўз таржима қилинса тамоман хато бўлади. Муроди илоҳийни тушунмасдан туриб, қилинган таржималар ҳеч қачон тўғри бўлмайди. Муроди илоҳийни эса, фақат Жаноби Пайғамбаримиз тушунганлар ва билдириши керак бўлганларни ҳадиси шарифлари билан билдириб кетганлар. Шунинг учун маолдан дин ўрганилмайди. Динимиз фақат эътиқод, фиқҳ ва ахлоқ илмларининг нақлга асосланиб ёзилган мўътабар илмиҳол китобларидан ўрганилади.
Арабча билган кишининг Қуръон ўқиши
Савол: Она тили арабча бўлган кишининг Қуръон ўқиётганида маъносини тушуниши, таржима ўқигандек зарарли бўладими?
Жавоб: Йўқ, зарари йўқ. Ҳатто афзал. Лекин оятлардан ҳукм чиқариши жоиз эмас. Масалан, Кавсар сурасини ўқиётганида “Ванҳар” калимасининг “қурбон сўй” маъносига келишини билишининг зарари йўқ. Лекин “ушбу оятдан мақсад бой-камбағал, диндор-динсиз барчага қурбонлик сўйиш фарздир дегани” дея бир ҳукм чиқарса, нотўғри бўлади. Чунки она тиллари арабча бўлган Саҳобаи киром ҳам Қуръони каримнинг тўғри маъносини Расулуллоҳдан сўраб ўрганишарди. Ҳадиси шарифда “Қуръони каримнинг маъноларининг барини тушуниб бўлмайди” деб марҳамат қилинган. (Ибни Можа)
Куннинг ояти нима дегани?
Савол: Газеталарда, интернет саҳифаларда “Куннинг ояти” деган рукн остида оят таржималари бериб боришнинг бирон зарари борми?
Жавоб: Бундай ёзиш яхши эмас. Ояти карималар ҳар кун учундир. Куннинг ояти, ойнинг ояти дейиш дуруст эмас. Бунинг иккинчи зарари қуйидагича:
Қуръони каримни сўзма-сўз таржима қилиш мумкин бўлмагани учун берилган маъно нотўғри бўлади. Бундай таржима билан муроди илоҳийни тушуниб бўлмайди. Бу тарзда оят таржималарини матбуотда бериб бориш ва буларни ўқиш, ўқувчиларни нотўғри хулосаларга олиб келгани учун дуруст бўлмайди. Оят таржимасидан дин ўрганилмайди, бу билан амал қилиб бўлмайди.
Тафсирга амал қилиш
Савол: “Бариқа” китобида “Бизнинг тафсир китобларига амал қилишимиз эмас, фиқҳ китобларига амал қилишимиз амр қилинди” дейилади. Тафсир Аллоҳнинг китоби ҳисобланади. Фиқҳ эса олимларнинг китоби. Нима учун олимларимизнинг китоби Расулуллоҳнинг ҳадислари ва Аллоҳнинг китобидан баланд тутиляпти?
Жавоб: Йўқ, асло баланд тутилаётгани йўқ. Тафсир ҳақида ҳам бевосита Аллоҳнинг китоби дейиш нотўғри. У ҳам муфассирларнинг тушунганлари мажмуи. Улардан тўғри тушунганлари ҳам бўлган, нотўғри тушунганлари ҳам. Тафсир ҳақида Қуръон каби “Бу Аллоҳнинг китобидир” дейилмайди. У тафсир ёки таржима қилган кишининг тушунганлари тўпламидир. Қуръони каримни нотўғри тушунганлар тўғри тушунганларга нисбатан жуда кўп. Масалан, намоз вақтлари борасида таржимонлардан “Уч вақт”, “Олти вақт”, ҳатто “Етти вақт” деб дъаво қилган одамлар ҳам бўлган. Лекин Жаноби Пайғамбаримиз “Беш вақт” деганлар ва умр бўйи беш вақт намоз ўқиганлар. Шунинг учун таржималарни, тафсирларни, шахсан Аллоҳнинг сўзи сифатида қабул қилиш жуда нотўғридир.
Тафсирдан ва ҳадислардан тўрт ҳақ мазҳаб чиққанидек 72 бузуқ фирқа ҳам чиқди. Биз ўзимиз тафсирдан бир нарса ўрганишга уринсак, қайси мазҳабга киришимиз, қайси жарга думалашимиз ноаниқ бўлади. Фиқҳ илми эса тафсир ва ҳадиси шарифлардан чиқарилган. Аҳли суннат олимларининг бу икки манбадан чиқарган фиқҳ илмига амал қилсак, тафсирга ҳам, ҳадиси шарифларга ҳам амал қилган бўламиз.