Қуръони карим бўйича савол-жавоблар
Савол: Қуръони карим Қадр кечаси тушганми ёки Барот кечаси?
Жавоб: Тафсирлардаги маълумот қуйидагича:
Лавҳ-ул маҳфузга тушиши Барот кечасида бўлган. Дунё самосига туширилиши эса Қадр кечасига тўғри келган. Илк нозил бўлиши Қадр кечасида бўлган. 23 йил давомида тушган. Бир ояти карима маоли: “Очиқ-равшан Китобга-Қуръонга қасамки, албатта Биз уни бир муборак-баракатли кечада нозил қилдик. У (кеча)да барча пухта-аниқ иш(лар) айрилур.” (Духон, 3-4)
Бу оятнинг шарҳида айтиладики: Қуръони карим Лавҳ-ул маҳфузга бу кеча туширилди. Дунё самосига туширилиши эса Қадр кечасида бўлди. Бир ояти каримада “Албатта, Биз у (Қуръон)ни Қадр кечасида нозил қилдик” деб буюрилган. (Қадр, 1)
Савол: Ҳар бир мўъжиза махлуқ (яратилган) бўлади. Қуръони карим махлуқ бўлмаса, қанақасига мўъжиза бўлади?
Жавоб: Тўғри ҳар мўъжиза яратилади. Лекин Қуръони карим истисноий равишда махлуқ бўлмаган мўъжизадир.
Савол: Қуръонда Фотиҳа сурасидан кейин “омин” деган калима йўқ. Демак бу сурадан кейин “Омин” деганлар Қуръони каримга илова, қўшимча киритган бўлмайдими? Бу хатоликнинг сабаби нима?
Жавоб: Бу ерда ҳеч қандай хатолик йўқ. Бу “фақат Қуръон” деб, ҳадиси шарифларни инкор қиладиган кимсаларнинг зеҳнида хатодек кўринади. Қуръони каримдан биз ҳамма нарсани тушуна оламизми? Масалан, намозни бузадиган нарсалар Қуръонда ёзилганми? Намознинг фарзлари ва қандай ўқилиши кераклиги ёзилганми? Намознинг суннатлари, макруҳлари ва вожиблари ҳақида ёзилганми? Намозлар неча ракъатдан ўқилиши ҳақида маълумот борми? Буларни ва бошқа барча нарсаларни Аллоҳу таоло жаноби Пайғамбаримизга билдирган. У эса бизга билдирганлар. Пайғамбаримиз Фотиҳадан кейин “омин” дейиш керак деганлар. “Омин” дейиш суннатдир. Аслида хатолик Қуръоннинг таржимасини ўқиб, Қуръонда омин деган калима йўқ деган кишиларнинг ўзида. Ҳар бир мусулмоннинг оят мазмуни ё таржимаси эмас, фиқҳ китоби ўқиши лозим. Энг гўзал, энг фойдали фиқҳ китоби эса “Том илмиҳол Саодати абадия”дир.
Савол: Наҳл сурасининг “Аллоҳ сизлар билмайдиган кўплаган нарсаларни яратади” маолидаги 8-ояти каримасидаги “сиз билмайдиган нарсалар” деган ифода нимани англатади?
Жавоб: Ояти каримада “Сиз билмайдиган нарсалар” деб марҳамат қилинган. Билганимизда, бундай ифода айтилмасди. Бу ифода ҳақида фақат тахмин қилинмоқда. Бу жумлани баъзи муфассирлар “Ажойиб-ғаройиб” деб тафсир қилганлар. Ҳозирги кунда дастлаб хаёлимизга келадиган нарсалар ракета, телевизор, компьютер ва бошқа техника жиҳозларидир. Яна бошқа нарсалар ҳам ишлаб чиқилади деганидир. (Тибён)
Савол: Баъзи китоб сотувчилари Мусҳафларни белдан паст бўлган жойларга қўйишади. Бу ҳурматсизлик эмасми?
Жавоб: Китоб сотувчиларининг бундай қилиши Қуръони каримга ҳурматсизлик бўлади. Қуръони карим ўргатилишига, ўқилишига сабаб бўлиш нияти билан Қуръони каримни чоп эттириб, Мусҳаф сифатида сотишлари жоиз ва савоб. Сотган пули ҳам ҳалол, лекин Мусҳафларни ўз таннархига яқин баҳода сотиш керак. Агар бошқа китоблардан кўрилган фойда яхши бўлса, Мусҳафни ўз таннархига сотиш керак.
Савол: Қуръони каримни ётоқхонада бош томонимизда баландроққа осган ҳолда ётамиз. Бундан ташқари бу хонада ва бошқа хоналарда ҳам диний ёзувлар бор. Буларнинг зарари йўқми?
Жавоб: Ётоқхонада Мусҳаф ва диний ёзувлар бўлишининг зарари йўқ.
Савол: Қуръони каримнинг таржимасини ўқиш хатмнинг ўрнига ўтадими?
Жавоб: Хатм ўрнига ўтмайди.
Савол: Тафсирлардан динни ўрганмоқчиман, бу тўғрими?
Жавоб: Тўғри эмас. Тафсирлардан дин ўрганилмайди. Динни Аҳли суннат олимларининг қийматли китобларидан тайёрланган фиқҳ ва илмиҳол китобларидан ўрганиш керак.
Савол: Уйга Қуръони карим олмоқчиман. Қайси бирини олишимни тавсия қиласиз, таржимаси билан ёзилганини олсам бўладими?
Жавоб: Оятларнинг таржимаси ёки мазмуни деб бегона ёзувлар аралаштирилган нусхалари дуруст эмас. Қайси бирини ўқиш қулай бўлса шуни олинг.
Савол: Автомобилимдаги панель қутисида (бордочок) ғилофда Қуръони карим олиб юраман. Лекин автомобиль ичида ундан да баландроқ жойда олиб юришнинг имкони йўқ. Панель қутиси бел баравар баландликда туради, бундай олиб юришим тўғрими?
Жавоб: Зарари йўқ.
Савол: Теридан ишланган ғилоф ичидаги кичик Мусҳаф билан ҳожатхонага кириш жоизми?
Жавоб: Жоиз.
Савол: Мусҳафни баланд жойга очиқ ҳолда қўйиш жоизми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Мусҳафнинг чеккаларига ислом ҳарфлари билан ёзув ёзиш жоизми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Ичида Мусҳаф бўлган сумкани тиззадан паст олиб юриш жоизми?
Жавоб: Йўқ, жоиз эмас.
Савол: Жуда кичик Мусҳафлар бор. Буларни бўйнига тақиб юриш гуноҳми?
Жавоб: Қуръони каримни ўқий олмайдиган даражада кичик ҳарфлар билан ёзиш, бундай кичик Мусҳафларни сотиб олиш гуноҳ бўлади. Аллоҳу таоло Қуръони каримни ўқиш, тинглаш, амрларини ўрганиб ёйиш учун юборди. Қуръони каримни ўқий олмайдиган даражада кичик ҳарфлар билан ёзиш уни ҳақоратлаш бўлади. Халифа ҳазрати Умар мана шундай кичик ҳарфлар билан ёзган биттасини чақириб жазолаган эди. (Ҳалабий)
Бундай Мусҳафларни сотиб олиш, ёнида олиб юриш, христианлардек олтин ёки кумуш ғилоф ичига жойлаб уст-бошига тақиб юриш бефойда ва гуноҳдир.
Савол: Намозда ўқилган Қуръоннинг савоби кўпми ёки намоздан ташқарида ўқилгандами?
Жавоб: Намозда ўқилган Қуръоннинг савоби кўпроқ бўлади. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики: “Намозда ўқилган Қуръоннинг савоби намоздан ташқарида ўқилган Қуръоннинг савобидан кўпдир.” (Жомиуссағир шарҳи)
Савол: Қуръоннинг иккинчи сурасига Бақара дейилишининг сабаби нима?
Жавоб: Бақара – сигир деганидир. Мусо алайҳиссалом замонида Бани Исроилдан бир йигит ўзидан бошқа меросчиси бўлмаса ҳам очкўзлик қилиб бадавлат амакисини ўлдиради. Ўлигини яширинча бошқа бир қишлоққа ташлаб кетади. Эртаси куни ҳазрати Мусога бориб, амакисини қўшни қишлоқдагилар ўлдиришганини айтади. Бу қишлоқдагилар уни ўлдирмаганликларини айтадилар. Шунда Жаноби Ҳақ бир сигир сўйиб унинг бир бўлаги билан ўликни урсалар, ўлик тирилиб қотилининг ким эканлигини ҳазрати Мусога айтишини ваҳий қилади. Қавми бунга ишонмасдан ҳазрати Мусога “Сен бизни мазах қиляпсанми?” дейишади. У эса пайғамбарлар ҳазил-мазах қилмаслигини айтиб “Жоҳилликдан Аллоҳга сиғинаман” дейди.
Ҳазрати Мусодан сўйиладиган сигирнинг сифатини сўрайдилар. Ҳазрати Мусо таърифлайди. Қиймати уч олтин бўлишига қарамай, айтилган васфлар фақат битта сигирда топилгани учун териси тўла олтин берилиб, сигирни сотиб олиб сўядилар.
Сўйилган сигирнинг бир бўлаги билан ўликка урилганда ўлик тирилиб “Мени жияним ўлдирди” дейди ва қайта ўлади. Айбланаётган қишлоқдагилар қотилни тутиб ўлдирадилар. Шу тариқа икки қишлоқ орасидаги тортишув ниҳоясига етади. Бу хусус Бақара сурасининг 67-73 ояти карималарида билдирилган.
Сўнгги ояти кариманинг давомида маолан “Аллоҳ мана шундай ўликларни тирилтади, ўйлаб ҳақиқатни англашингиз учун сизга (қудратини, пайғамбарига берган мўъжизаларни) кўрсатади” деб марҳамат қилинган.
Фиръавнлар давридаги Мисрда сигир муқаддас ҳайвон эди. Ҳозирда Ҳиндистонда бўлганидек улар ҳам сигирга сиғинардилар. Аллоҳдан бошқа нарсаларга сиғинилмаслигини ва бундай ботил ақидаларни йўқотиш ғояси билан мазкур мўъжиза кўрсатилганди.
Бақара сурасида Ҳақ билан ботил англатилмоқда. Ҳўкиз билан тортилган омоч тупроқни иккига ажратганидек Ҳақни ботилдан ажратиш жиҳатидан бу сурага Бақара деб ном берилган.
Савол: Жуда эскириб, йиртилган Мусҳафни ёқиб юбориш жоизми?
Жавоб: Эскирган, фойдаланиб бўлмайдиган ҳолга келган Мусҳафни чириб тупроқ бўлгунича очилмаслигига амин бўлган ва оёқ босилмайдиган жойга кўмиш керак. Бундай жой тополмаса, ёқиб кулини кўмиш ёки кулини денгизга, дарёга оқизиш керак.
Савол: Мусҳаф саҳифалари орасига гул қўйиш жоизми?
Жавоб: Мусҳаф орасига гул қўйиш жоиз, ҳурматсизлик деб ҳисобланмайди. Газета парчасини қўйиш ҳурматсизлик бўлади. Кирил ҳарфлари ислом ҳарфлари билан аралашган бўлади.
Савол: Фанда динозаврлар ва уларнинг музлик даврида қирилиб кетганлиги ҳақида айтилади. Қуръонда бундай нарсалар ҳақида айтилганми?
Жавоб: Қуръони каримда тарихдан, биологиядан, технологиядан, медицинадан айтилса ҳам, у тарих, география, медицина ёки биология китоби эмас. Уларни бирма-бир санаб ўтирмайди. Бутун одамзоднинг Одам алайҳиссаломдан тарқаганлигини билдиради холос.
Савол: Қироат ва тиловат нима дегани?
Жавоб: Иккиси ҳам Қуръони карим ўқиш дегани. Одатда қироат намоз ичида ўқишни, тиловат эса намоздан бошқа вақт ўқишни билдиради.
Савол: Қуръони карим Мусҳаф ҳолига қандай келган?
Жавоб: Қуръони карим 23 йилда бўлак-бўлак нозил бўлган. Тушган оятлар турли нарсаларга ёзилиб сақланиши билан бирга мўминлар тарафидан дарров ёд олинарди. Лекин Ямома жангида бутун Қуръони каримни ёд олган 70 нафар қори шаҳид бўлганидан кейин “Қуръони каримни ёддан биладиганлар камаймоқда” деб хавотирга тушган ҳазрати Умар халифа ҳазрати Абу Бакрга Қуръони каримни ёдлаган қориларни йиғиб, уларга ёдларидаги оятларни битта жойга ёзиб, тўплатишни тавсия ва илтимос қилди. Ҳазрати Абу Бакр Муҳаммад алайсҳиссаломнинг котиби бўлган Зайд бин Собитга Қуръони карим сураларини алоҳида-алоҳида қоғозларга ёзилишини амр қилди. Сўнгра бир ҳайъат Қурайш лаҳжаси билан бир Мусҳаф ёзди. Ҳазрати Усмон замонида бу Мусҳафдан 6 дона ёзилиб, вилоятларга юборилди. Шу тариқа Расулуллоҳ вафот этадиган йили Жаброил алайҳиссалом билан бирга икки марта ўқиган Қуръони карим китоб ҳолига келди. Бунга мос келмаган нусхалари йўқотилди. Бугун бутун ислом ўлкаларида мавжуд бўлган Мусҳафларнинг тартиби ва шакли Мусҳаф-и Усмонийга тўла мос келади. Ўша вақтлардан бери бир ҳарфи ҳам ўзгармаган. (Миръоти коинот)
Савол: “Қуръони карим ўқигандан кейин “содақаллоҳул-азим” дейиш бидъат. Чунки маъноси “энг тўғрисини Аллоҳ билади” деганидир” дейишади. Шу тўғрими?
Жавоб: Содақаллоҳ – “Аллоҳ тўғри сўзлади” деганидир.
Содақа Расулуллоҳ – “Расулуллоҳ тўғри сўзлади” дегани.
Содақаллоҳул-азим – “Азим бўлган, буюк бўлган Аллоҳ тўғри сўзлади” дегани.
Қуръони карим Аллоҳу таолонинг сўзи бўлгани учун, суралардан кейин “Аллоҳ тўғри сўзлади” дейиш, бидъат эмас. Бир неча асрлардан бери олимларимиз шундай дейишади.
Савол: Қуръони каримдаги сураларнинг ва оятларнинг ўрни қандай аниқланган? Нима учун нозил бўлиш тартибига кўра қўйилмаган?
Жавоб: “Сураларнинг тартибини Жаноби Пайғамбаримиз билдирганлар. Халифа ҳазрати Усмон эса қандай билдирилган бўлса, шундайлигича Мусҳафларга ёздирган.” (Раҳбар энциклопедияси)
Расулуллоҳнинг динга оид ҳар бир сўзлари ваҳийга асосланган. Бир ояти каримада маолан “Расулим ўз истаги билан гапирмайди. Унинг (диний ҳукмларга оид ҳар) сўзи ваҳийдир” деб буюрилган. (Нажм, 3-4)
Бир ҳадиси шарифда “Қасам ичаманки, мен сизларга фақат Аллоҳу таолонинг амр этганларини амр қиламан, тақиқлаганларини тақиқлайман” деб марҳамат қилинган. (Табароний)
“Фарқли қавллар бўлса ҳам, оятларда бўлганидек сураларнинг ўринлари ва тартиби ҳам ваҳийга асосланган.” (Қуртубий)
Савол: Мусҳаф билан Қуръон орасидаги фарқ нима?
Жавоб: “Қуръон” - луғатда ўқиш, ўқилган деган маъноларга келса ҳам терминда “Аллоҳнинг сўзи” деганидир. Мусҳаф Аллоҳнинг сўзлари ёзилган китобнинг номи. Катта Қуръон, кичик Қуръон, эски Қуръон, янги Қуръон дейилмайди. Яъни Аллоҳнинг сўзларининг каттаси, кичиги, эскиси, янгиси бўлмайди. Лекин Мусҳаф китоб бўлгани учун янгиси, эскиси, каттаси, кичиги бўлади. Шунинг учун Қуръон Аллоҳнинг сўзи-каломи, махлуқ эмас. Лекин Мусҳаф қоғоз бўлиб, махлуқдир. Махлуқ “яратилган” дегани.
Мусҳаф Аллоҳнинг сўзларидан ёзилган китоб бўлгани учун Мусҳаф ўрнига Қуръон дейишнинг зарари йўқ, лекин калималарни ўз ўрнида ишлатган яхши.