Шаввол ойида рўза тутиш
Савол: Рамазондан кейин Шаввол ойида рўза тутишнинг қандай фойдаси бор?
Жавоб: Рўзани қачон тутса ҳам савоби катта. Ҳадиси шарифда “Рўза Жаҳаннам оташидан сақлайдиган бир қалқондир” деб марҳамат қилинган. (Бухорий)
Шаввол ойида тутилган рўзанинг савоби жуда катта. Қуйидаги ҳадиси шарифларда шундай марҳамат қилинган:
“Рамазондан кейин Шаввол ойида ҳам 6 кун рўза тутган киши онасидан туғилган кундагидек гуноҳсиз бўлади.” (Табароний)
“Рамазон рўзаси билан Шавволда ҳам 6 кун рўза тутган киши бир йил рўза тутган бўлиб ҳисобланади.” (Ибни Можа)
“Рамазон ойи рўзаси ўн ойга, Рамазондан кейин тутилган 6 кун рўза эса икки ойга тенг бўлади. Мана шу тариқа бир йил рўза тутгандек савобга эришилади.” (Ибни Ҳузайма)
Бу олти кун рўзани байрамдан кейиноқ тутган афзал. Орасини узиб тутиш ҳам жоиз. Бу рўзаларни қазога ният қилиб тутиш керак. Қазо рўзаларини душанба ва пайшанба кунлари тутиш афзал. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Амаллар душанба ва пайшанба кунлари Раббимизга арз қилинади. Мен амалларим арз қилинаётган вақтда рўзадор бўлишни хоҳлайман.” (Термизий)
“Душанба ва пайшанба гуноҳлар кечириладиган кун бўлгани учун рўза тутаман.” (Муслим)
“Жаннатнинг эшиклари душанба ва пайшанба кунлари очилади.” (Муслим)
Савол: Шаввол ойи бошланди. Олти кун рўза тутишни бошламоқчиман. Рамазон ойида баъзи сабабларга кўра етти кун рўза тутолмадим. Олти кунлик рўза қазоларнинг ўрнига ўтадими ёки 13 кун рўза тутишим керакми?
Жавоб: Олти кун рўза тутаётганда қазога ҳам ният қилсангиз ҳам қазо ўталади, ҳам Шаввол ойида рўза тутиш савобига эришасиз. Етти кун қазо рўза тутсангиз қарзингиз қолмайди.
Савол: Шаввол ойида тутилган олти кунлик рўзани (қазо ва нофилага ният қилиб) кетма-кет тутдик. Баъзилар душанба-пайшанба куни тутилиши кераклигини айтганида кўнглимизда бир ёмон ният бўлмай “Олти кунлик рўзани бир кун бўлса ҳам вақтлироқ тутиб қутулайлик” деб айтганларимиз бўлди. Бунинг бир зарари борми?
Жавоб: Рўза тутган кишининг ёмон нияти бўладими? Сиз уни ўзингизга бир вазифа деб билганингиз учун шундай дедингиз. Намоз учун ҳам шундай дейиш мумкин. “Айниқса мана шу намозни бир он бўлса ҳам эртароқ ўқийлик” ёки “Аввал намозни ўқиб қутулайлик” дейиш куфр бўлмайди. Чунки бу қарздан бир он бўлса ҳам эртароқ қутулиш деганидир.
Савол: Биз қўшнилар билан олти кун рўзаларимизни тутдик. Қўшнилардан бири аёлларнинг рўзадан қарзи бўлса, бу олти кун нофила рўзани тутолмаслигини айтди. Шу тўғрими?
Жавоб: Фарз намоздан қарзи бўлган киши нофила ва суннат намоз ўқий олмайди, лекин рўза тутиши мумкин. Чунки кейинги Рамазонгача қарзидан қутула олади. Лекин ушбу олти кунлик рўзаларни тутаётганида қазога ҳам ният қилса, ҳам бу кунларда рўза тутган бўлади, ҳам қазодан қутулади.
Савол: Шаввол ойида тутиладиган олти кунлик рўзани шу ойнинг ичида қайси кун тутса ҳам бўладими?
Жавоб: Ҳа, 30 кун ичида олти кун рўза тутилади.
Савол: Мен олти кун рўза тутишни бошладим. Иккинчисини бугун тутаман. Лекин кеча тунда бироз уйқу қисиб турганди, еч-ичиб дарров ётдим. Эрталаб турганимда рўзага ният қилмаганим ёдимга тушди. Лекин кечаси ётаётганимда аёлимга “Мен саҳарликка тураман, эртага ва индинга рўза тутаман” дегандим. Бу гапларим ниятнинг ўрнига ўтадими?
Жавоб: Саҳарликка турибсиз, овқатланибсиз ҳам. Бу ниятнинг ўрнига ўтади. Ҳатто шошилиб, “Вақт чиқмасдан шуларни еб-ичиб олай” дейиш ҳам ниятдир.
Савол: Ҳилолга қарамасдан тақвимлар бўйича рамазон ва байрам қилинса, Рамазондан кейин икки кун рўза тутиш керак бўлади. Бундан ташқари ҳайз ҳолида тутилмаган рўзалар ҳам бўлади. Шаввол ойида олти кун рўза тутиш ҳам жуда савобли. Қазо намозларини ўқиётганида нофилага ҳам ният қилинганидек қазо рўзаларини тутаётганида Шаввол ойининг рўзаси билан бирга қазо рўзасига ҳам ният қилиш мумкинми?
Жавоб: Ҳа, шундай ният қилинади. Шаввол ойида қазо рўзасини тутаётганида Шаввол ойига алоҳида ният қилинмаса ҳам Шаввол ойида тутилиши керак бўлган нофила рўза тутилган бўлади. Жаноби Пайғамбаримиз Муҳаррамнинг тўққизинчи ва ўнинчи кунлари нофила рўза тутиш билан бирга, ҳар арабий ойнинг 13, 14 ва 15-кунлари ва Қурбон байрами арафасида нофила рўза тутардилар. Расулуллоҳ бу кунларда рўза тутганлари учун бизнинг ҳам бу кунларда рўза тутишимиз мустаҳаб бўлди. Бу кунларда қазо рўзасини тутаётганда суннат ёки мустаҳаб дейилмаса ҳам Жаноби Пайғамбаримиз шу кунларда рўза тутганлари учун суннат ёки мустаҳаб ҳам бажарилган бўлади.
Мана шундай кунларда нофила рўза тутаётиб қазога ҳам ният қилиш керак, яъни “Илк қазога қолган Рамазон ойининг рўзасини тутишга” дейиш лозим. Қазо рўзамиз бўлмаса ҳам бундай ният қилишнинг ҳеч зарари йўқ. Қазомиз бўлмаса шундоқ ҳам нофила бўлади. Қийматли кунларда рўза тутаётганда ҳамма вақт қазога ҳам ният қилиш керак.