Стулда ўтириб намоз ўқиш
Савол: Баъзи масжидларга стуллар қўйилган. Стулда ўтириб намоз ўқийдиганлар “Динда осонлик бўлгани учун сутлда ўтириб намоз ўқиймиз” дейдилар. Бу тўғрими?
Жавоб: Тўғри эмас. Динда қийинчилик йўқ дегани “Сизга қийин бўлган ибодатни бажарманг ёки бу ибодатларни истаганингиздек ўзгартиринг” дегани эмас. Динимиз изн берган рухсатлардан фойдаланиш керак. Масжидгача келишга қурби етган одамнинг ерга ўтиришга кучи етмайдими. Сажда қила олмаса оёқларини қиблага қаратиб ўтириб, имо билан ўқийди. Ёки стулга ўтириб, оёқларини иккинчи стулнинг устига чўзган ҳолда ўтириши мумкин.
Савол: Хаста кишининг стулда ўтириб намоз ўқиши нима учун жоиз эмас?
Жавоб: Диний китобларда айтиладики: Тик тура олмайдиган ёки тик турса боши айланиб зарар кўрадиган киши фарзларни ҳам сажда қиладиган жойида ўтириб ўқийди. Рукуъ учун эгилади. Сажда учун бошини ерга қўяди. Деворга, ҳассага, бир инсонга суяниб, бироз вақт оёқда тик тура оладиган киши такбирни ўрнидан туриб олиши ва намозни кучи етганича тик туриб ўқиши фарз. Сажда учун ерга эгила олмаган хаста 25 смдан баланд бўлмаган қаттиқ нарса устига сажда қилади. Пешонасида яра бўлган одам фақат бурни билан, бурнида ҳам яра бўлган киши ёлғиз пешонаси билан сажда қилади. Пешонаси билан бурнида ҳам бирон узри бўлиб бошини ерга ёки юқоридагидек қаттиқ нарса устига қўя олмайдиган киши ўрнидан тура олса ҳам, ерга ўтириб намозни имо билан ўқийди. Яъни рукуъ учун бироз эгилади, сажда учун рукуъдан кўпроқ эгилади. Сажда учун ўзи ёки бошқа киши ердан бир нарса кўтариб, юзини унинг устига қўйиши таҳриман макруҳдир.
Расулуллоҳ бир хастани зиёрат қилдилар. Унинг қўли билан ёстиқни кўтариб, унинг устига сажда қилаётганини кўриб, ёстиқни олиб ташладилар. Хаста бир тахтани кўтариб унга сажда қилди. Пайғамбаримиз тахтани ҳам олиб ташлаб “Кучинг етса ерга сажда қилгин! Ерга эгила олмасанг, бирон нарса кўтариб унинг устига сажда қилмагин! Имо билан ўқигин ва саждада рукуъга нисбатан кўпроқ эгилгин!” деб буюрдилар. (Фатҳул-қодир, Мароқил-фалоҳ, Ҳалабий, Мажма-ул-анҳур)
Бир аъзосидаги касаллик сабабли дуруст ўтира олмайдиган киши ўзи истаганидек ўтиради. Ўтира олиши учун оёқларини қиблага қараб чўзиши ҳам мумкин. Ёстиққа ёки бошқа нарсага суяниб ўтира олади. Йиқилмаслиги учун бир киши ушлаб туриши ҳам мумкин. Лекин баланд нарса устига ўтириб, имо билан ўқиши жоиз эмас.
(Стулда ўтириб намоз ўқиган кишининг намози қабул бўлмайди. Чунки стулда ўтириш учун зарурат йўқ. Стулда ўтира олган киши ерга ҳам ўтира олади ва ерда ўтира олган кишининг ерда ўтириб ўқиши лозим. Намоздан кейин ердан тура олмайдиган, стулдан эса осон тура оладиган хастанинг ердан туришига бир киши ёрдамлашади. Ёки қиблага қараб қўйилган каравотда оёқларини осилтирмасдан ўтириб намоз ўқийди. Намоздан кейин оёқларини каравотдан тушириб, стулдан тураётганидек ўрнидан туради.)
Бирон нарсага суяниб ёки бир кишининг тутиб туриши билан ҳам ерда ўтира олмайди хаста намозни чалқа ётган ҳолда ўқийди. Оёқларини қиблага чўзади. Боши тагига ёстиқ қўяди. Юзини қиблага қаратади. Ёки қиблага қараб ўнг ёки чап ёни билан ётади. Рукуъ ва саждаларни боши билан имо қилади. Шундай имодан ҳам ожиз бўлган киши ақли жойида бўлса ҳам, бир кундан кўп шу ҳолатда қолса, намозларини қазо қилмайди. Самовий бир сабаб билан, яъни ўз қўлида бўлмаган, масалан, хасталикдан ёки ҳушидан кетишдан ёхуд сажда ва ракъатлар сонини унутадиган даражада паришонхотир бўлиб, бешдан кўп намозини ўқий олмаган одам ҳам шундай. Маст қилувчи ичимликлар ёки дори таъсирида ҳушидан кетган, паришон бўлган кишининг ўқий олмаган намозлари бир неча кунлик бўлса ҳам барчасини кейиндан қазо этиши лозим.
Хастанинг ётоқда ёки стулда оёқларини осилтириб ўтириб намоз ўқиши жоиз эмас. Хаста киши намозни ерда ёки узунлиги қибла истиқоматида турган диван устида қиблага қараб ўтириб ўқийди. Ерга ўтирганида қайтиб ўрнидан тура олмаса, стул, кресло ёки каравот устида ўтиради. Оёқларини курси устига чиқариб имо билан ўқийди. Фалаж бўлиб, ўтирган стулидан тушиб чиқа олмайдиган киши ҳам оёқларини бир курси устига чиқариб қўйиб ёки қўйдириб ўқийди. Бунга ҳам имкон бўлмаса, зарурат туфайли ўз ўриндиғида ўқиши жоиз бўлади.
Савол: Тиззаларини бука олмайдиган хасталар стулда ўтириб намоз ўқий олмайдилар. Бу хаста ўтириб-туролмаса ёки фалаж бўлса, нима қилади? Ғилдиракли ногиронлар аравачасида ўтириб ўқиса бўладими?
Жавоб: Тиззаларини бука олмайдиган хаста ётоғи устида оёқларини қиблага қаратиб чўзиб ўтириб имо билан ўқийди. Диванда ёки каравотда ҳам худди шу ҳолатда ўтириб намоз ўқийди. Креслога ўтирса оёқларини курсига ёки бошқа бир креслога чиқариб қўйиб намоз ўқийди. Буларни ҳам қила олмайдиган хаста ётган ҳолида имо билан ўқийди.
Ногиронлар аравачасида ўтирган фалаж киши ҳам бирор ёрдамчиси бўлмаса, оёқларини олдидаги курсига қўя олмагани учун оёқларини осилтириб намоз ўқиши жоиз.
Савол: Ҳар хил касалликлар билан оғрийдиган беморлар учун ўриндиқли жойнамозлар ишлаб чиқарилган. Хасталар бу ўриндиққа ўтириб, оёқларини тагига букиб олади. Уларнинг бундай намоз ўқишлари жоизми?
Жавоб: Хаста киши ерда қандай ўтириш қулай бўлса шундай ўтиради. Ўтира олмаса, орқасини деворга суяб олади. Тиззалаб ўтира олмаса, чордона қуриб ўтиради. Оёқларини бука олмаса, қиблага қаратиб чўзиб ўтиради. Юқоридаги жойнамоздек велосипед ўриндиғига ўхшаш нарса устига ҳам ўтириши мумкин. Тагига ёстиқ ҳам қўйиши мумкин. Стулга ўтириб, оёқларини осилтириб ўтириш эса жоиз эмас.