Таҳажжуд, саҳар вақти ва саҳарлик
Савол: Саҳар вақтининг аҳамияти қандай?
Жавоб: Саҳар вақти шарий кечанинг, яъни қуёшнинг ботишидан имсок вақтига қадар бўлган вақтнинг сўнгги олтидан бири. Ёз ва қиш ойларида бу вақт қисқариб-чўзилади. Таҳажжуд намозининг вақти эса шаръий кечанинг сўнгги учдан биридир.
Кеча ярмидан кейин ўқилган таҳажжуд намози кундуз ўқилган минг ракатдан ҳам фазилатлидир. Музаммил сурасининг иккинчи оятида маолан “Кечанинг ярмида намоз ўқи!” деб буюрилган. (Ислом ахлоқи)
Таҳажжуд намозини кеча ярмидан оғганда ўқиш мумкин. Кечанинг сўнгги учдан бирида ўқилса яхшироқ бўлади. Саҳар вақтида ўқиш эса ундан ҳам яхши. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилинадики:
“Кечанинг сўнггида уйғона олмаслигидан андиша қилган киши кечанинг аввалида витрни адо қилсин! Сўнгра ётсин. Кечанинг сўнггида уйғона олишига умид қилган киши витрни ўша вақтда ўқисин! Чунки кечанинг сўнггидаги ўрнидан туришида раҳмат фаришталари ҳозир бўладилар.” (Муслим)
“Кеча саҳар вақтида ва намозлардан кейин қилинган дуо қабул бўлади.” (Термизий)
“Саҳар вақти Аллоҳу таоло буюрадики: Истиғфор этадиган одам йўқми, уни мағфират қилайин. Тилагини сўрайдиганлар, истаганини бераман, дуосини қабул қиламан.” (Муслим)
Саҳар вақти дуо ва истиғфорлар қабул бўладиган пайт. Рамазон ойида саҳарликка турганида саҳар вақтида турган бўлади. Бу вақтда дуо қилишни ғанимат деб билиш керак. Аллоҳу таоло яхшиларни мадҳ этиб “Улар саҳар вақтида истиғфор қиладилар” деб буюрган. (Зорият, 18)
Яқуб алаҳиссалом ўғилларига “Сиз учун яқинда (саҳар вақти) Раббимга истиғфор қиламан” деди. (Юсуф, 98)
Ол-и Имрон сурасининг 17-оятида сабр қилганлар, содиқлар (сўз, иш ва ниятларида тўғри бўлганлар), намоз ўқиганлар, закот берганлар ва саҳар вақтларида истиғфор қилганлар мадҳ қилинган. Буларнинг энг охирида истиғфор қилганларнинг билдирилиши инсоннинг ҳар ибодатини қусурли деб билиб, доимо истиғфор қилиши учундир.
Фурсатни ғанимат билиш керак. Умрни фойдасиз нарсалар билан ўтказмаслик лозим. Ҳақ таолонинг ризосига мос ишларга сарфлаш керак. Беш вақт намозни таъдили арконига риоя қилган ҳолда жамоат билан адо этиш керак! Таҳажжуд намозини ўқиш, саҳар вақтларини истиғфорсиз ўтказмаслик, ғафлатда қолмаслик, ўлимни ва охиратни ўйлаш, ҳаром бўлган дунё ишларидан юз ўгириб, охират ишларига вақт сарфлаш керак. Зарурий бўлган дунё эҳтиёжини топиб, бошқа вақтларини охиратини обод қилиш билан машғул бўлиши лозим. (Мактуботи маъсумия)
Савол: Саҳарликка турмасдан рўза тутиш гуноҳми?
Жавоб: Гуноҳ эмас, лекин саҳарликка туришда жуда катта савоб бор. Бир қултум сув ичиш учун бўлса ҳам саҳарликка турган яхши. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Саҳарлик овқати муборакдир. Саҳарликнинг бари барокатдир. Бир қултум сув учун бўлса ҳам саҳарликка туринг! Аллоҳу таоло ва фаришталари саҳарликка турган кишиларга салоту салом қиладилар.” (И.Аҳмад) (Яъни Аллоҳу таоло саҳарликка турган кишиларни мағфират қилади, фаришталари эса улар учун дуо қилади.)
“Саҳарликка туринг, саҳарликда барокат бор.” (Бухорий)
“Саҳарликда овқатланиб, рўза тутишингизга ёрдамчи бўлинг!” (Байҳақий)
“Саҳарлик таомини ейиш учун турмоқ Аллоҳнинг сизга бағишлаган барокатидир, буни бой бериб қўйманг!” (Насоий)
“Еганлари ҳалол бўлиш шарти билан ҳисобга тортилмайдиган уч киши: рўзадор, саҳарлик овқатини еган ва Аллоҳ йўлида соқчиликда турган кишилар.” (Насоий)
“Бир луқма бўлса ҳам саҳарлик овқатини енг, чунки унда баракат бор.” (Дайламий)
“Мўминнинг саҳарлиги хурмо билан бўлиши қандай яхши.” (Абу Довуд)
“Аллоҳу таоло саҳарликка турган кишиларга раҳмат кўрсатади.” (Табароний)