Хасталикда намоз қандай ўқилади?
Савол: Хаста одам намозларини қандай ўқийди?
Жавоб: Хасталик турлича бўлади. Оёқда туролмайдиган касал намозни ўтирган ҳолида ўқийди. Ўтиролмайдиган эса ётган ҳолида имо билан ўқийди.
Ҳадиси шарифда: “Хаста намозини оёқда туриб ўқий олмаса, ўтирган ҳолида, бунга ҳам кучи етмаса, орқаси билан ётган ҳолида имо билан ўқийди” деб марҳамат қилинди. Ол-и Имрон сурасининг “Улар оёқда турганида, ўтирганида, ётганида Аллоҳни зикр қиладилар” маолидаги 191-оятидаги "зикр" - намоз деганидир. “Намозни кучи етган одам тик туриб ўқийди, туриб ўқий олмаган одам ўтирган ҳолида, бунга ҳам кучи етмаган одам эса, ётган ҳолида имо билан ўқийди” деганидир.(Баҳр-ур-роиқ)
Савол: Туриб намоз ўқий олмайдиганлардан тиззаларини бука олмайдиганларга ўхшаб бука оладиган кишилар ҳам оёқларини қиблага қараб узатса бўладими?
Жавоб: Тиззаларини бука олмаган киши оёқларини қиблага қаратиб ўтириб ўқийди. Лекин бука оладиган киши оёқлари устида ўтириб ўқийди. Ўзига қулай бўлган шаклда чордона қуриб ёки тиззаларини тикиб, қўлларини қовуштириб ёки бошқа бир тарзда ерга ўтиради. Узрсиз қиблага оёқ чўзиб ўтириш макруҳ бўлади. Бука олмайдиган кишилар учун макруҳ бўлмайди.
Савол: Белим ва тиззам оғрийди, эгила олмайман, сажда қилолмайман. Оёқларимни бука олмайман, намозни қандай ўқишим керак? Стулда ўтириб ўқисам бўладими?
Жавоб: Оёқларингизни бука олмасангиз, ерга ўтириб оёқларингизни қиблага қаратиб узатиб, имо билан ўқийсиз. Ерга ҳам ўтира олмасангиз қиблага қаратиб қўйилган каравот ёки диванда оёқларигнизни осилтирмасдан ўтириб ўқийсиз.
Агар стул ёки креслода ўтириш керак бўлса, у ҳолда олдингизга бошқа бир стул ёки курси қўйиб, оёқларингизни унинг устига чиқариб, яъни қиблга қаратиб чўзиб намоз ўқилади. Тиззаларини бука оладиган киши қиблага қаратмайди, букиб ўтиради.
Савол: Оёғида тура олмайдиган хаста намозни қандай ўқийди?
Жавоб: Тик тура олмайдиган ёки туриш соғлигига зарар берадиган, боши айланадиган киши фарзларни ҳам сажда қиладиган жойда ўтириб ўқийди. Рукуъ учун эгилади, сажда учун бошини ерга қўяди. Деворга, ҳассага, инсонга таяниб, бироз оёқда тура оладиган киши тик туриб такбир олиши ва кучи етганича оёқда туриб ўқиши фарздир. Суяниб ўтира оладиган касалнинг, ётган ҳолида имо билан ўқиши жоиз бўлмайди.
Фарз намозни ўқиётганда узрсиз деворга, ҳассага суяниш макруҳдир. Агар қандайдир бир узр бўлса, макруҳ бўлмайди.
Ҳомила ёки хаста одам ўнг ва чап тарафига курси каби бир нарса қўйиб, уларга суяниб ўрнидан тура оладиган бўлса, шу тариқа ўқиши керак. Бу ҳам мумкин.
Савол: Хастамизнинг яхши бўлгунча ҳаракат қилмай ётиши лозим. Рукуъ ва сажда қила олмайди. Бу хаста намозларини қандай ўқийди?
Жавоб: Туриб ёки ўтириб имо билан ўқийди. Буларни ҳам қила олмаса, ётган ҳолида имо билан ўқийди.
Савол: Туриб ҳам, ўтириб ҳам намозини ўқий олмайдиган хаста намозни қандай ўқийди?
Жавоб: Бир нарсага суяниб ёки бир киши ушлаб турса ҳам ерда ўтира олмайдиган хаста чалқанча ётган ҳолида ўқийди. Бош остига ёстиқ қўйилиб, юзи қиблага озгина қаратилади. Бўлмаса қиблага қараб ўнг ёки чап ёни билан ётади. Рукуъ ва саждаларни боши билан имо қилади. Боши билан ҳам имо этолмайдиган хаста намозини қазога қолдиради.
Савол: Пешонаси ва бурнида яра бўлган ёки бошқа бир сабаблар билан бошини ерга қўя олмайдиган хаста намозини қандай ўқийди?
Жавоб: Ўтириб имо билан ўқийди. Рукуъ учун бироз эгилади, сажда учун рукуъга эгилганидан кўпроқ эгилади.
Савол: Касалхонада хастамиз бор. Баданига турли асбоблар улаб қўйилган. Қиблага тўла ўгирила олмайди. Нима қилиши керак. Намоз ўқиётганида оёқларини қиблага қаратиб ётишининг зарари борми?
Жавоб: Қиблага қарай олмаган хастанинг ўзига қулай бўлган тарафга қараб намоз ўқиши жоиздир. Оёқларини қиблага узата олади. Агар тиззаларини букиб, кўтара олса, тиззаларини букиб олгани яхшироқ бўлади. Бошининг остига ёстиқ қўйилади. Юзи қиблага қаратилади. Бўлмаса қиблага қараб ўнг ёки чап ёни билан ётади. Намозни имо билан ўқийди. Қайси бири қулай бўлса, шундай қилади.
Савол: Оёқда кўп тура олмайдиган хаста такбирни ҳам ўтирган ҳолида оладими?
Жавоб: Агар ўтирганида сажда қила оладиган бўлса, девор ёки бошқа нарсага суяниб бироз оёқда тура оладиган кишининг туриб такбир олиши фарздир. Ўтирганида ҳам сажда қила олмайдиган бўлса, у ҳолда ўтирган ҳолида такбир олади.
Савол: Туриб намоз ўқиганда идрор ва ел чиқариб қўядиган киши ўтирганида таҳоратини ушлай оладиган бўлса, намозни ўтириб ўқийдими?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Ўтира олмайдиган касал туриб имо билан ўқийдими?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Намозни ётган ҳолда имо билан ўқийдиган хаста ўнг ёки чап ёни билан ётиб ҳам ўқиши мумкинми?
Жавоб: Ҳа. Ўнг ёни билан ётиш, чап тарафи билан ётишдан афзалроқ. Чалқа ётиш эса ўнг ёни билан ётиб имо қилиб ўқишдан афзалдир.
Савол: Намозда кўз билан ҳам имо-ишорат бўладими?
Жавоб: Кўз, қош ва қалб билан имо бўлмайди. Фатво шундай. Имоми Абу Юсуфга кўра, боши билан имо қила олмайдиган хастанинг кўзи билан имо қилиши жоиз. Имоми Зуфарга кўра эса, қалби билан ҳам имо жоиздир. (Радд-ул мухтор, Ҳалабий, Таҳтовий)
Боши билан ҳам имо қилаолмайдиган хаста истаса имоми Абу Юсуфнинг қавли бўйича, кўз билан имо қилиб намоз ўқиши мумкин.
Савол: Миядан жарроҳлик амалиётини кечирдим. Бошимни ўнг-чапга бура олмайман. Намозни қандай ўқисам бўлади?
Жавоб: Бошни чайқаш, ўнг-чапга буришнинг кераги йўқ. Сажда қила олсангиз ҳеч қандай муаммо йўқ. Қила олмасангиз ўтириб имо билан ўқийсиз.
Савол: Соғломлигида ўқий олмаган намозларни хасталигида таяммум билан ва ўтириб имо билан қазо қила оладими?
Жавоб: Ҳа, жоиз. (Радд-ул мухтор)
Савол: Оёғимда замбуруғ яралари (грибок) бор. Турганимда оғирлик тушганлиги учун яралардан сув чиқади. Таҳоратим бузилмаслиги учун намозни ўтирган ҳолатда ўқисам бўладими?
Жавоб: Ҳа, ўтирган ҳолда намоз ўқиши керак. (Ҳиндия)
Агар Моликий мазҳабини тақлид қиладиган бўлсангиз, сув чиқса ҳам таҳоратингиз бузилмайди.
Савол: Ётиб қолган бир хаста таҳорат олиши ёки бировнинг олдириши мумкин бўлмаса, нима қилади?
Жавоб: Таяммум қилади, намозларини имо билан ўқийди. (Мароқил фалоҳ)
Савол: Бир хасталик сабабли гапира олмайдиган ҳолга тушиб қолган киши намозларини қандай ўқийди?
Жавоб: Динимиз ҳеч кимга кучи етмайдиган ишни амр этмаган. Тилсиз бўлганлардан, гапира олмайдиган кишилардан ёки овоз пайлари зарар кўриб сўзлай олмайдиган кишилардан қироат фарзи соқит бўлади. (Мароқил-фалоҳ)
Демак, ақли жойида бўлган хаста ҳар қандай ҳолатда намозини ўқиши керак. Бу эса намознинг жуда муҳим бир ибодат эканлигини кўрсатмоқда.
Савол: Шифо топиши мумкин бўлмаган бир касалликка чалинган киши таяммум ҳам ололмаса, бир ёрдамчиси ҳам бўлмаса намозини қандай ўқийди?
Жавоб: Ақли жойида бўлган муддатда бутун чораларни ишлатиб, намозини ўқишга ҳаракат қилиши керак. Овқатини ким едираётган, бошқа хизматларини ким қилаётган бўлса, таяммумни ҳам шу киши олдиради. Лозим бўлса икки намозни жам қилади. Ётган ҳолида имо билан ўқиши мумкин. Имо билан ҳам ўқий олмайдиган касал намозини қазога қолдиради.
Савол: Думбада тукларнинг ичга ўсиши оқибатида жарроҳлик амалиёт қилинган бир танишим бор. Амалиёт жойидаги тикилган жойларга докторлар икки ҳафта сув теккизмаслигини айтишган. Яранинг устида бинт йўқ. Бу бемор ғусл олаётганда нима қилиши керак? Тикилган жойнинг устини бинт билан ўраб унинг устига масҳ тортса бўладими?
Жавоб: Ҳа бўлади.
Савол: Бир хаста бир ойча ҳаракат қилмасдан ётиши керак. Юриши тақиқланган, фақатгина ўрнидан тура олади. Лекин рукуъ ва сажда қила олмайди. Бу хаста намозларини қандай ўқийди?
Жавоб: Ўтириб имо билан ўқийди. Ўтира олмаса, ётган ҳолида имо билан ўқийди.
Савол: Болдирига амалиёт билан протез қўйилган бир беморнинг оёқлари оғримайди. Намозини қандай ўқийди?
Жавоб: Ўрнидан туриб ўқий олмаса, ўтирган ҳолида ўқийди.
Савол: Оғир касал намозларини қандай ўқийди? Намоз ундан соқит бўлмайдими?
Жавоб: Ақли жойида бўлса, намоз соқит бўлмайди. Ўтириб ёки ётган ҳолида ўқиши лозим. Саждага боролмаса, ўтирган ҳолида рукуъ учун бошини бироз эгади, сажда учун кўпроқ эгилади. Саждага бора оладиган бўлса, намозни ўтириб ўқийди. Бирон нарсага суяниб, ўрнидан тура олса, ёнига курси каби бир нарса қўйиб, шунга таяниб оёққа туради. Оёққа тура олмайдиган киши ўтириб ўқийди. Ўтира олмаса ётган ҳолида ўқийди. Динимизда қулайликлар бор, лекин бу ҳар ким ўзига осон бўлганини, хуш ёққанини қилаверсин дегани эмас. Тик тура оладиган бўлса, намозни ўтириб ўқимайди. Ўтириб ўқий оладиган одам ҳам, имо билан ўқий олмайди.
Агар касалнинг таҳорат олиши қийин бўлса, Моликий мазҳабини тақлид қилиб, жам қилиши жоиз бўлади. Ҳечким таҳорат олишига ёрдам бермаса, фақат шу ҳолатда таяммум қилади.
Савол: Бўйнимдан операция бўлганим учун бошим билан имо қила олмайман. Нима қилишим керак?
Жавоб: Вужудингиз соғлом бўлганига қараганда, ерга ўтирасиз. Рукуъ учун белингизни бироз эгасиз, сажда учун кўпроқ эгиласиз. Бўйинни ҳаракат эттириш муҳим эмас. Салом бераётганда ўнг-чапга қарашга эҳтиёж йўқ. Чунки ўнгга ва чапга қараш фарз ёки вожиб эмас, суннат. Салом бериш вожиб.
Савол: Ўтириб намоз ўқиётганида рукуъ ва саждани имо билан қилса, қўлларини қаерга қўяди?
Жавоб: Рукуда қўллари тизза устида бўлади, саждада сон устига қўйилади. Қиёмда эса боғланган ҳолатда бўлади. Қўллари бу ҳолатда бўлмаса ҳам намозга зарари бўлмайди.
Савол: Қўлимда қон сивороткаси бўлса, таяммум қила оламанми?
Жавоб: Сиворотканинг таяммумга зарари йўқ.
Савол: Жарроҳлик амалиётига киришдан аввал намозни тақдим (аввалги намоз вақтида) ёки таъхир (келаси намоз вақтида) этиш мумкинми?
Жавоб: Албатта. Ханбалий мазҳабини тақлид қилсангиз, у мазҳабда зарурий ҳолатларда намозларни шундай жам қилиб ўқиш мумкин. Агар тишида пломбаси ёки қопламаси (коронка) бўлса, Моликий мазҳаби тақлид қилинади.
Савол: Узрли бўлган Ҳанафий мазҳабидаги киши аср намозини ўқиётганида шом вақти кирса, таҳорати бузилгани учун намози саҳиҳ бўладими?
Жавоб: Саҳиҳ бўлмайди. Қазо қилиши керак. Лекин Моликий мазҳабини тақлид қилган бўлса, таҳорати бузилмайди.
Савол: Таҳорат ололмайдиган даражада бемор бўлган кишига аёли ёрдам бермаса, таяммум қиладими?
Жавоб: Ҳа. Эр-хотиннинг бир-бирига таҳорат олдириши вожиб эмас. Таҳоратда ёрдам бергани яхши бўлади. Таҳорат ололмайдиган хаста пул эвазига ҳам ёрдамчи топмаса, таяммум қилади.
Савол: Бир яқинимизнинг жинси аниқ эмас. Бундай одам намозни эркакларга ўхшаб ўқийдими ёки аёлларга ўхшаб? Жанозасини ким ювади? Кейинчалик аёлга айланган эркакларнинг ҳоли қандай бўлади?
Жавоб: Ҳам эркаклик, ҳам аёллик аъзоси бўлган ёки ҳар иккиси ҳам номаълум одамга хунаса дейилади. Ҳар иккала аъзоси ҳам бор бўлиб, сийдигини қайси аъзо ёрдамида қилса, шунга кўра ҳукм берилади. Болалигида ҳукм шундай бўлади. Улғайгач, соқол чиқиб, эркак каби иҳтилом бўлса, эркак ҳукмида бўлади. Кўкси ўсиб, аёллик ҳоллари юзага келса, аёл эканлиги аён бўлади. Агар эркак ёки аёллигига доир ҳеч бир аломат кўринмаса ёки ҳар иккисидан ҳам бирдек кўринса, бундай кишига хунса-и мушкил дейилади. Хунса-и мушкил ўзининг аёл бўлиш эҳтимолини ўйлаб, эҳтиётли ҳаракат қилади. Намозини аёллардек ўқийди. Ўлганида аёллардек кафанлангани яхши бўлади. Таяммум қилдириб дафн этилади.
Аёл бўлса керак деган гумон билан амалиёт қиилинаётганда эркак эканлиги маълум бўлган одам эркак ҳисобланади. Эркак деб гумон қилиниб, амалиёт натижасида аёл эканлиги аниқланган одам эса, аёл ҳисобланади. Лекин эркак киши аёлга айланиш нияти билан жарроҳлик амалиёти қилдирса, аёл бўлмайди. (Ҳидоя, Дурар, Ҳиндия)
Савол: Ўтириб-турганда тиззаларим оғрийди. Тиззалаб ўтира олмайман. Оёқда тикка тура оламан, лекин саждада тиззамни бука олмаганим учун оёғимни орқага узатаман. Бунинг зарари борми?
Жавоб: Бунинг зарари йўқ, истаганингиздек узатишингиз мумкин. Сажда қила оладиган ва оёқда тура оладиган кишининг намозни туриб ўқиши керак. Бирон нарсага суяниб ўрнингиздан тура олсангиз, ёнингизга табурет ёки бир нарса қўйиб шунга суяниб туринг ва ўзинигизга қулай бўлган йўсинда ўтиринг. Ўрнингиздан тура оладиган бўлсангиз, намозни ўтириб ўқий олмайсиз. Лекин ҳақиқатдан тураётганда оёғингиз қаттиқ оғриса, намозни тикка туриб бошлайсиз ва бошқа ракъатларни ўтириб ўқишингиз мумкин.
Савол: Намоз ўқий олмайдиган касал ўқий олмаган намози ва тута олмаган рўзаси учун фидя берадими?
Жавоб: Оғир хаста ва жуда қариб қолган киши намоз ўқий олмаса, ўрнига бир фақирга фидя (пул) бермайди. Лекин тута олмаган рўзаси ўрнига фидя бериши лозим.
Савол: Ўзим касалман, аёлимни уйғота олмасам, намозни таяммум билан ўқий оламанми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Оёғимга протез кийишим қийин. Протезсиз ўрнимдан туролмайман. Ўтириб намоз ўқишим жоизми?
Жавоб: Машаққатли бўлса, жоиз бўлади.
Савол: Сажда қила олмайдиган киши ўтириб имо билан ўқийдиган бўлса, ифтитоҳ такбирини оёқда тик туриб оладими?
Жавоб: Йўқ, сажда қилолмайдиган киши оёққа турмайди.
Савол: Ўтирса туролмайдиган киши намозни ўтириб ўқийдими?
Жавоб: Агар ўтирганида сажда қила оладиган бўлса, такбирни оёқда туриб олади. Кучи етганича намозни туриб ўқийди, мажоли қолмаса ўтириб давом эттиради.
Савол: Ўнг қошимда яра бор. Сажда қилганимда қонаб кетади. Саждада фақат пешонамнинг чап тарафини ва бурнимни ерга текказсам бўладими?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Наркоз таъсиридан қутулгунича намоз вақти чиқиб кетса нима қилиши керак?
Жавоб: Икки намозни жам қилади.
Савол: Таҳликали пайтларда намозни ўтириб ёки имо билан ўқиш жоизми?
Жавоб: Душман ёки йиртқич ҳайвон хавфи, хасталик оқибатида оёқда тура олмайдиган ёхуд ҳамма ёқ лой бўлиб, қуруқ ер топа олмаган киши намозини имо билан ўқийди. Кейинчалик буларни иёда этиши керак эмас. (Ҳалабий)
Савол: Шизофрения касалининг намози қандай бўлади?
Жавоб: Ғайритабиий ҳаракатлари давомли бўлмаса, ўзини яхши ҳис қилган вақтида намозини ўқийди, ўқимаганларини қазо қилади.
Савол: Икки қўли ёки икки оёғи бўлмаган кишига намоз ўқиш фарзми?
Жавоб: Ҳа, фарз. Ҳар бир одам кучи етганича ибодат қилади. Оёқда туриб намоз ўқий олмаган киши ўтириб ўқийди. Ўтириб ҳам ўқий олмаган киши ётган ҳолида имо билан ўқийди. Таҳорат ололмаган киши таяммум қилади.
Савол: Бир ёки бир неча узри бўлган киши намозини қандай ўқийди?
Жавоб: Узрли бўлган кишининг Моликий мазҳабини тақлид қилгани яхши. Чунки Моликий мазҳабида таҳоратни бузадиган бошқа бир сабаб бўлмаса, давом этаётган узр намоз вақти чиққанида ҳам таҳоратни бузмайди. Моликий мазҳабига кўра, узр соҳиби бўлиш учун таҳоратни бузадиган бир нарсанинг хасталик сабаби билан бир марта чиқиши кифоя. Бир намоз вақти ичида давомли чиқиши шарт эмас. Сийдик, ел тутолмайдиган ёки ярасидан қон, йиринг оқаётган ёхуд бошқа бир узри бўлган киши таҳорат ва намозининг бузилмаслиги учун Моликий мазҳабини тақлид қилади. (М.Арбаъа)
Савол: Бадандан чиққан қон қандай миқдорда бўлса таҳорат бузилади?
Жавоб: Оғиздаги ярадан хасталик сабабли қанча кўп қон чиқса ҳам Моликий мазҳабини тақлид этган кишининг таҳорати бузилмайди. Ҳанафийда эса қўлини тишига текказганида бармоғига қон суркалса, таҳорати бузилади. Лекин олма тишлаганида, тиш чўткасида ва тиш ковлагич устида қон кўринса, таҳорат бузилмайди. Тупурганида қон тупугидан кам бўлса ҳам таҳорат бузилмайди.
Савол: Намозни яқинда бошлаган бир танишимиз бор. Ҳар намозда ел қистар экан. Худди ел чиқариб қўйгандек бўлаверар экан. Бу ҳолат фақат намозга бошлаган вақтдагина содир бўларкан. Шу сабабли бир неча марта таҳорат олишга мажбур бўлаяпти. Бу киши нима қилиши керак?
Жавоб: Бу ҳақида ҳадиси шарифлар бор. Буларни шайтон қилар экан. Одамнинг орқа қисмига уфуриб, шубҳага туширар экан. Шунинг учун Жаноби Пайғамбаримиз “Бир овоз ёки ҳидини сезмагунингизча таҳоратингиз бузилган бўлмайди” деб марҳамат қилганлар. Демак, бу васвасадир, аҳамият бермаслик керак. Агар ҳақиқатдан таҳорати бузилаётган бўлса, Моликий мазҳабини тақлид қилади. Моликийда ўз қўлида бўлмаган, тутиб туролмаган елнинг чиқиши таҳоратни бузмайди.
Савол: Жарроҳлик амалиёти қилдирмоқчиман. Бурнимга тампон қўядилар. Таҳорат олишда, намоз ўқишда қандай йўл тутсам бўлади?
Жавоб: Таҳоратда буруннинг ичини ювиш фарз эмас. Бу борада муаммо йўқ.
Амалиётдан аввал ҳушдан кетказадилар. Ўзингизга келганингизда намоз вақти ўтиб кетган бўлиши мумкин. Шунинг учун Ханбалий мазҳабини тақлид қилишингиз керак. Айтайлик, пешин вақтида амалиётга кирадиган бўлсангиз, аср намозини пешин билан бирга жам қиласиз.
Аср намозини ўқигандан кейин амалиётга кирадиган бўлсангиз, шом билан хуфтонни жам қиласиз. Агар Моликийни тақлид қиладиган бўлсангиз, Ханбалийни эмас, Моликийни тақлид қилиб, икки намозни жам қиласиз. Хасталик вақтида Моликий мазҳабига кўра икки намозни жам қилиш мумкин.
Савол: Совуқдан қўл ёки лаб ёрилиб, қонаса, Моликийни тақлид қилган кишининг таҳорати бузиладими?
Жавоб: Бузилмайди. Самовий сабаблар билан бузилмайди.
Савол: Амалиётда қорнимдан тешик очиб кичик шланг уланган халтача осиб қўйдилар. Баъзида халтага ичкаридан нажосат сизади. Моликийни тақлид қилишим жоизми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Касалхонада ётоғидан туролмайдиган бемор намозини қандай ўқийди?
Жавоб: Қибла ўнг тарафида бўлса ўнг тарафга, чап томонида бўлса, чапга ўгирилиб ўқийди. Қибла оёқ тарафида бўлса, боши остига ёстиқ қўйиб, юзини қиблага қаратиб имо билан ўқийди. Боши қибла тарафга йўналган бўлса ёки бошқа тарафда бўлса, бошини бура олганича қиблага қаратади.
Савол: Бир қўли бўлмаган киши намозда қўлини қандай тутади?
Жавоб: Худди икки қўли ҳам бордек ҳаракат қилади.
Савол: Ҳомиладор аёл намозини ўтириб ўқий оладими? Доктор унга “Ҳаракат қилсанг, ҳомила тушади. Қимирламасдан ётишинг керак” деса, боласи тушмаслиги учун таҳорат ўрнига таяммум этиши жоизми?
Жавоб: Ҳа, жоиз. Намозда оёққа туришга қийналса, ўнг ёки чап томонига курси каби нарса қўйиб, шуларга таяниб туриб қилади. Бу вазиятда ҳам туриб ўқий олмаса, ўтириб ўқийди. Ўтириб ўқиётганида сажда қилолмаса, имо билан ўқийди.
Савол: Моликийни тақлид қилувчи ёки тақлид қилмайдиган Ҳанафийнинг бошига масҳ этиши зарар бериб, хасталигини орттирса масҳни тарк этиши жоизми?
Жавоб: Шофеъий мазҳабига кўра, бошнинг оз қисми, масалан, бир бармоқ билан масҳ қилса ҳам фарз бажарилади. Солиҳ ва мутахассис доктор “Ҳўл қўл билан бошни масҳ этиш касалликни кучайтиради” деса ёки ўз тажрибаси билан зарар беришини билса, Шофеъий мазҳабини тақлид қилиб, бошининг оз қисмини масҳ этиши жоиз бўлади.
Савол: Соғломлигида ўқимаган намозларни хасталигида таяммум ва имо билан қазо қилиши жоизми?
Жавоб: Ҳа, жоиз. Қазо қилганидан кейин соғлиги яхшиланса, такрор ўқиши керак эмас. (Дурар, Мажмуа-и Зуҳдия)
Савол: Оёқларини қиблага чўзиб, имо билан намоз ўқийдиган киши имом билан ёнма-ён турса, оёқлари имомнинг оёқларидан олдинда туради. Бу ҳолатда намози саҳиҳ бўладими?
Жавоб: Одатда оёқда туриб намоз ўқиётган ҳолларда оёқларнинг жойлашишига эътибор берилади. Жамоатдаги бир кишининг тўпиғи имомнинг тўпиғидан олдинда турса, намози саҳиҳ бўлмайди. Лекин имо билан ўқиётган киши учун бундай эмас. Бу ҳолатда тўпиққа эмас, боши турган жойга эътибор берилади. Имо билан намоз ўқиётган кишининг боши имомнинг бошидан орқада ёки у билан бир қаторда бўлса, оёқлари имомнинг оёқларидан илгарида бўлса ҳам намози саҳиҳ бўлади. (Ибни Обидин)
Савол: Намоз имо билан қандай ўқилади?
Жавоб: Имо билан дегани рукуъ учун бироз эгилиш, сажда учун ундан кўпроқ эгилишидир. Баданини эга олмаган киши фақат бошини эгади. (Ислом ахлоқи)
Савол: Ақли жойида, бутун бадан фалаж, яъни боши билан ҳам имо қилишдан ожиз бўлган хастанинг намозлари соқит бўладими?
Жавоб: Ҳа, бу ҳоли бир кундан кўпроқ давом этадиган бўлса, намозлари соқит бўлади, яъни бу намозлари фарз бўлишдан чиқади, қазосини ўқиши керак эмас.