Тасбиҳ айтиш суннатдир
Савол: Намоздан кейин Субҳоналлоҳ, Алҳамдулиллоҳ, Аллоҳу акбар деб тасбиҳ айтиш бидъатми?
Жавоб: Ижмо билан собит бўлган муаккад бир суннатдир. Тасбиҳларни бармоқ билан санаш ва тасбеҳдан фойдаланиш жоиз. Жаноби Расулуллоҳ бир аёлнинг тасбиҳларни данаклар билан санаётганлигини кўрганлар, лекин тақиқламаганлар. Бу эса тасбиҳларни тошчалар, данаклар ва тасбеҳ билан санашнинг жоиз эканлигини кўрсатмоқда. (Радд-ул-мухтор)
Қуръони каримда Боқият-ус-солиҳат (давомли бўлган яхши ишлар) ифодаси ўтмоқда. Расулуллоҳ айтдиларки: “Боқият-ус-солиҳатни кўп айтинг. Булар: тасбиҳ, таҳлил, таҳмид, такбир ва тамжиддир.” (Табароний)
(Тасбиҳ – Субҳоналлоҳ; Таҳлил – Ла илоҳа иллаллоҳ; Таҳмид – Алҳамдулиллоҳ; Такбир – Аллоҳу акбар; Тамжид – Ла ҳавла вала қуввата илло биллоҳ дейишдир.)
Бутун гуноҳлари авф қилинади
Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики: “Ҳар намоздан кейин 33 субҳоналлоҳ, 33 алҳамдулиллоҳ, 33 аллоҳу акбар сўнгра Ла илоҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарика лаҳ лаҳул-мулку ва лаҳул-ҳамду ва ҳува ала кулли шайин қодирни ўқиган кишининг денгиз кўпигича гуноҳи бўлса ҳам авф этилади.” (Муслим)
“Бармоқ учлари билан санаб тасбиҳ ва таҳлил қилишда давом этинг. Қиёматда ҳар аъзодан ҳисоб сўралади ва бармоқлар учун “тасбеҳда фойдаланди” дейилади. Ғофил бўлган киши раҳматдан узоқ қолади.” (Ҳаким)
“Такбир, таҳмид, тасбиҳ ва таҳлили сабаб билан мусулмон бўлиб қариган кишидан яхшиси йўқдир.” (И.Аҳмад)
Фақирлар “Ё Расулуллоҳ, бадавлатлар даража ва неъмат жиҳатидан биздан ўзиб кетдилар. Биз намоз ўқиймиз, улар ҳам ўқийдилар; биз рўза тутяпмиз, улар ҳам тутяптилар. Бироқ улар закот, садақа бермоқда, қулларни озод этмоқда, биз эса буларни қила олмаймиз” деганларида Жаноби пайғамбаримиз марҳамат қилдиларки: “Сизлардан устун бўлганларга етиша оладиган, паст бўлганлардан ўзиб кета оладиган ва айнан сизлар қилган ишни бажарганлардан бошқа кишиларнинг устун бўлмайдиган бир нарсани ўргатаман. Ҳар намознинг сўнггида 33 марта субҳоналлоҳ, 33 алҳамдулиллоҳ, 33 аллоҳу акбар, бир марта Ла илоҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарика лаҳ. Лаҳул-мулку ва лаҳул-ҳамду ва ҳува ала кулли шайин қодир”ни айтинг!” Фақирлар “Бадавлатлар ҳам биздек тасбиҳ айтиб, яна биздан ўтиб кетадилар” деганларида Расулуллоҳ айтдиларки: “Бу Аллоҳу таолонинг фазлидир, истаган кишиларига беради.” (Абу Довуд)
Имоми Раббоний ҳазратлари айтдики: “Намоз ўқиган киши Раббига ёлвормоқда, Унинг буюклигини ва Ундан бошқа барча нарсанинг ҳеч эканлигини кўрмоқда. Намоздаги кам-кўстлар айтилган тасбиҳ ёрдамида тамомланади. Лойиқ ва мукаммал ибодат қила олмаганлигини билдиради. Таҳмид билан намоз ўқиш орқали шарафланишнинг, Унинг ёрдами билан бўлганлигини билдириб, бу катта неъматга ҳамд этилади. Такбир билан эса Ундан бошқа ибодатга лойиқ зот йўқлиги билдирилади.” (304-мактуб)
Гуноҳ қилган бир киши бу амр ва тақиқларнинг соҳибининг азаматини ва кибриёсини ўйлаганида эди, Унинг амрларига қарши келолмасди. Гуноҳ қилиши Унинг амрлари ва тақиқларига қиймат бермаганлигини кўрсатмоқда. Бундай ҳоллардан Аллоҳу таолога сиғинамиз. Танзиҳ калимасини (яъни юқорида ёзилган тасбиҳни) кўп ўқиш билан бу қусур авф этилади.
Истиғфор айтиш, гуноҳларнинг пардаланишини исташдир. Танзиҳ калимасини ўқиш эса гуноҳларининг ўчирилиб йўқ қилнишини исташдир.
Субҳоналлоҳ ҳайратланарли бир калимадир. Айтилиши қисқа, маънолари ва фойдалари кўпдир.
Таҳмид (алҳамдулиллоҳ) калимасини кўп айтиш билан Аллоҳу таолога шукр этилган бўлади. Унинг берган неъматларининг шукри адо этилган бўлади.
Такбир (аллоҳу акбар) калимаси Аллоҳу таолонинг инсонлар қилган шукрлардан жуда юксакда эканлигини, Унга ярашадиган шукр қилина олмаслигини кўрсатмоқда. Чунки Унга қилинган истиғфорлар, авф тилашлар учун кўп истиғфор айтиш керак.
Ҳақ таолога ярашадиган ҳамд фақатгина Унинг ўзи тарафидан қилина олади. Шунинг учун Саффот сурасининг сўнггида “Субҳона раббика...” деб буюрган. Ўзини ҳисобга тортишни истаган киши бу ояти каримани кўп ўқиши лозим. Мана шу тариқа истиғфор ва шукр қилган бўлади. Истиғфор ва шукр эта олмаслигини ҳам ва қусурларини ҳам билдирган бўлади. (Мактуботи Раббоний, 1-жилд, 309-мактуб)
Савол: Намоздан кейинги тасбиҳларни 33дан кўп ўқиш зарарлими?
Жавоб: Намоздан кейинги тасбиҳларни ўқиётганда 33 та бўлишига диққат қилиш керак. Диннинг амрларида турли ҳикматлар бор. Бу миқдор дорининг миқдори кабидир. Ортиқ ёки кам бўлса кутилган фойда ҳосил бўлмайди. Хазина 33 дадир. Бир метр олдинга ёки орқага силжиса хазинани тополмайди. Тасбиҳларни 33 та ўрнига, кўпроқ савоб бўлсин деб 40 ёки ундан кўпроқ айтиш бидъат бўлади. Ҳеч тасбиҳ айтмасдан туриб кетилса гуноҳ бўлмайди. Лекин суннат савобидан маҳрум қолади.
Савол: Масжидда намоз ўқигандан кейин дуони кутмасдан ишимизга кетаётиб йўлда Оятал-курсини ўқиш ва тасбиҳларни айтишнинг зарари борми?
Жавоб: Намоз ўқигандан кейин тасбиҳ айтиш шарт эмас, зарур иши бўлган одам кетиши мумкин. Тасбиҳни йўлда ҳам айтиши мумкин. Лекин муҳим ва шошилинч иши бўлмаган киши албатта тасбиҳни айтиши лозим. Чунки намозлардан кейин тасбиҳ айтишнинг фазилати кўп.
Имоми Раббоний ҳазратлари айтадики: “Намоз ўқиган киши Раббига ёлвормоқда, Унинг буюклигини ва Ундан бошқа барча нарсанинг ҳеч эканлигини кўрмоқда. Намоздаги кам-кўстлар айтилган тасбиҳ ёрдамида тамомланади. Лойиқ ва мукаммал ибодат қила олмаганлигини билдиради. Таҳмид билан намоз ўқиш орқали шарафланишнинг, Унинг ёрдами билан бўлганлигини билдириб, бу катта неъматга ҳамд этилади. Такбир билан эса Ундан бошқа ибодатга лойиқ зот йўқлиги билдирилади.” (304-мактуб)
Иши бўлган киши дуони кутмасдан туриб кетиши, йўлда ўқиши жоиз. Зарурат бўлмагунча дуо ва тасбеҳларни тарк этмаслик лозим. Оятал-курси ва тасбеҳларнинг фазилати катта. “Эй ўғил илмиҳоли”даги ҳадиси шарифда марҳамат қилинадики: “Кимки фарз намозларидан кейин ўрнидан турмасдан бир марта Оятал-курси ўқиб, 33 субҳоналлоҳ, 33 алҳамдулиллоҳ, 33 аллоҳу акбар айтса, ҳаммаси 99 бўлади. Бир марта Ла илоҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарика лаҳ лаҳул мулку ва лаҳул-ҳамду ва ҳува ала кулли шайин қодир деса, Ҳақ таоло у кишининг гуноҳларини авф этади.”
Бир ҳадиси шарифда эса, бомдод намозини ўқиб бўлиб, ўрнидан турмасдан ва гапирмасдан ўн марта “Ла илоҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарика лаҳ лаҳул мулку ва лаҳул-ҳамду йухйи ва йумит ва ҳува ала кулли шайин қодир” ўқиган кишининг ҳар турли ёмонликлардан ва шайтоннинг шарридан муҳофаза қилиниши бир қанча савобларга қовушиши билдирилган. (Насоий)
Бу ерда Аллоҳу таолонинг авф этиши суюнчиланган гуноҳлар Ўзи билан қули орасида бўлган ва тавбаси қилинган гуноҳлардир. Икки қул орасида ўтган ҳақлардан қутулиш учун ўша киши билан ҳалоллашиш, розилик олиш ҳам керак бўлади.
Савол: Намоздан кейин имом дуога қўл очганда ҳали тасбиҳ айтиб улгурмаган киши ҳам дуога қўшиладими?
Жавоб: Тасбиҳ айтгандан кейин дуога қўшилган яхшироқдир.
Савол: Эҳтиёж бўлганда чап қўл билан тасбиҳни санаш жоизми?
Жавоб: Албатта жоиз. Жаноби Пайғамбаримизнинг яхши ишларни ўнгдан бошлаши, кийим-кечак, еб-ичиш каби одатларига “Суннати завоид” дейилади. Буларни унутиб ёки бир узр билан тарк этишнинг зарари йўқ. (Ҳадиқа)
Хайрли, яъни яхши ишларни ўнг қўл билан ишлаш суннатдир. Чап қўл билан ишласа ҳам зарари йўқ, лекин ҳар бир ишда Пайғамбаримизни тақлид қилиш яхшидир.
Савол: Намоздан ва тасбиҳ билан дуолардан кейин нима ўқилади?
Жавоб: Намоздан (салом бергандан) кейин уч марта “Астағфируллоҳ, астағфируллоҳ мин кулли мо кариҳаллоҳ, Астағфируллоҳ ал азим аллазий ла илоҳа илла ҳувал ҳаййал қаййума ва атубу илайҳ” ўқилади. Тасбиҳлардан ва дуодан сўнгра 67 марта астағфируллоҳ айтилиб, 70га тамомланади.
Савол: Тасбиҳ айтаётганда ўзимиз эшитадиган даражада айтишимиз керакми?
Жавоб: Ҳа, ўзи эшитиши керак.
Тасбиҳни бармоқ билан ҳисоблаш
Савол: Тасбиҳни бармоқ билан санаганнинг савоби кўпми ёки тасбеҳ билан?
Жавоб: Намоздан кейин тасбиҳларни бармоқ билан санаш суннатдир. Хаёли паришон бўлиб, ҳисобда адашадиган кишиларнинг тасбеҳ билан санашларининг савоби кўп бўлади. Ҳисобда адашадиган кишиларнинг тасбеҳ билан, адашмайдиганлар эса бармоқ билан санагани яхши. Баъзилар айтганидек тасбеҳ ёрдамида тасбиҳ айтиш суннатга зид эмас.
Савол: Баъзи кишилар тасбеҳ ўгираётганда Субҳоналлоҳ деганда тасбеҳни пастдан юқорига, Алҳамдулиллоҳ деганда текис, Аллоҳу акбар деганда юқоридан пастга қаратиб тутади. “Нимага бундай қиласизлар?” деб сўраганимизда “Сирот кўприги шундай бўлгани учун” деб жавоб бердилар. Бундай қилишнинг зарари борми?
Жавоб: Ҳеч қандай зарари йўқ.
Савол: Намоздан кейин Оятал-курси ўқигандан кейин тасбеҳга нимага уфлаймиз?
Жавоб: Тасбеҳга эмас, қўлимизга уфлаймиз. Уфлаш жоиз, чунки Жаноби пайғамбаримиз бирон нарса ўқиганларида баъзан қўлларига уфлаб, муборак вужудларига сурардилар. Қўлларига уфлаётганида тасбеҳга ҳам уфланса зарари бўлмайди.
Савол: Қуёш чиқаётганда ва ботаётганда тасбиҳ ва дуо қилишнинг зарари борми?
Жавоб: Зарари йўқ. Фақат бомдоддан кейин қуёш чиқаётганида ўқилмайди. Аср намози қуёш ботмасдан бошланса, қуёш ботгандан кейин давом этилади.
Савол: Шом ва бомдод намозидан кейин Ҳашр сурасининг охирини, хуфтондан кейин Аманарасулуни ўқиш мустаҳабми?
Жавоб: Ҳа, мустаҳаб.
Савол: Ҳашр сурасининг охирини ўқиётганда 3-сида “Астаизу” дейиш жоизми?
Жавоб: Ҳа, жоиз.
Савол: 33лик тасбеҳ билан тасбиҳ айтиш жоизми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Қаҳрабо ёки кумуш тасбеҳ қўлланиш жоизми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Намоз ўқиётганда ёнимизда шовқин солаётган кишига “Ундай қилма, адашиб кетяпман” деган маънода имо этиш учун тасбиҳларни бироз баланд овозда айтиш жоизми?
Жавоб: Ҳа, жоиз.
Савол: Намозларни секин ўқийман. То мен намозни тугатиб тасбиҳ айтишни бошлагунимча масжидда Қуръон ўқишни бошлайдилар. Қуъон ўқилишини тинглаб кейин тасбиҳ айтишим керакми ёки ўқилаётган вақтда тасбиҳ айтсам ҳам бўладими?
Жавоб: Ўқилаётган Қуръонни тинглаш фарздир, минг йил тасбиҳ айтсангиз ҳам уни тинглаганда эришадиган савобчалик савоб қозона олмайсиз. Чунки нофила фарзнинг ёнида денгиздан бир томчи ҳам эмас. Шунинг учун фарзни танлаш керак, яъни Қуръонни тинглаш лозим. Ҳатто Қуръон ўқилаётганда суннат ва нофила намозни ҳам ўқимаслик керак.
Савол: Фарз намозлардан аввал ёки кейин саждага ётиб дуо қилинмайдими?
Жавоб: Намоз ичида саждада бўлганида дуо қилинмайди. Фарз намоздан ташқарида ҳар вақт саждага бориб дуо қилинади. Лекин фарз билан суннат, суннат билан фарз намозлари орасида қилмаслиги керак. Нофила намозларда саждада экан, дуо қилиши мумкин.
Савол: Баъзилар уч истиғфорни имом салом берганидан кейин ўқимоқда. Аллоҳумма антассалом... дан кейин ўқилиши керакмасми?
Жавоб: Ҳа.
Савол: Қиш кунлари совуқ бўлганидан намозларни тугатгандан кейин тасбиҳ ва дуоларни ётоқда ўқиш жоизми?
Жавоб: Ҳа, жоиз.
Савол: Намоздан кейин ҳар доим бир хил дуо ўқиш макруҳми?
Жавоб: Шуъур билан, уйғоқ қалб билан ўқилса, бир хил дуо ўқилса ҳам макруҳ бўлмайди. Бир дуони ёд олиб, шеър каби ўқиш макруҳдир. Лекин нима истаётганини билиб, айни нарсаларни исташ макруҳ эмас.
Савол: Дуо қўл очаётганда баъзи имомлар икки қўлини бир вақтда кўтаради, баъзилари эса аввал ўнг қўлини сўнгра чап қўлини кўтаради. Қайси бири тўғри?
Жавоб: Иккала қўлни бир вақтда кўтариш керак.
Савол: Электрон тасбеҳ билан тасбиҳ айтиш, зикр этиш бидъатми?
Жавоб: Ҳисоблаш ибодат эмас, одатдир. Туяга миниш завоид суннатдир. Автомобилга, самолётга миниш одатдир, суннатга зид эмас. Шу каби механик ёки электрон асбоблар билан тасбиҳ айтиш бидъат эмас. Лекин бу одатларни одамларнинг ичида қўлланиш эътиборни тортади. Риёга, фитнага сабаб бўлиши мумкин. Шу сабабли чўнтакда ва ёлғиз қолганда қўлланиш лозим.
Нормал тасбеҳлар билан ҳам, электрон тасбеҳлар билан ҳам тасбиҳ айтиш бидъат эмас. Ибни Обидин ҳазратлари айтадики: "Расулуллоҳ бир аёлнинг тасбиҳларни данаклар ёрдамида санаганини кўрдилар, лекин тақиқламадилар. Бу эса тасбиҳларни тошчалар, данак ва тасбеҳлар билан айтишнинг жоиз экнлигини кўрсатмоқда. Бунга далил: Абу Довуд, Термизий, Насоий, Ибни Ҳиббон ва Ҳакимнинг Саид бин Аби Ваққосдан (родиаллоҳу анҳ) ривоят этган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ бир аёлнинг данаклар ва майда тошчалар билан тасбиҳ айтганини кўргани ҳолда буни тақиқламаганлигини билдирмоқда." (Радд-ул мухтор)
Жаноби пайғамбаримиз ишнинг аслини билдирдилар. Масалан “Азонни баланд жойда ўқинг” деб буюргандилар. Шунинг учун минорада азон айтиш суннатга зид дейилмайди. Тасбиҳни хурмо данаги, зайтун данаги ёки майда тошчалар билан санаш суннатга зид эмас. Марҳум устозимизнинг бир хотираси бу мавзуни жуда яхши тушунтириб беради:
Лицейда ўқитувчилигимда дарсда бир ўқувчи “Устоз, урушда ўлган мусулмон шаҳид бўладими?” деб сўради. “Ҳа, шаҳид бўлади” дедим. “Пайғамбаримиз буни хабар берганларми?” деди. “Ҳа” дедим. “Денгизда чўкса ҳам, самолётдан ёки вертолётдан қулаб ўлса ҳамми?” деди. “Ҳа, шундай” дедим. “Пайғамбаримиз буларни хабар берганларми?” деб сўради. “Ҳа, хабар берганлар” дедим. Шунда у “Устоз у пайтларда самолёт ва вертолётлар бормиди?” деди. “Жаноби пайғамбаримиз Жами-ул-калим эди. Кўп нарсаларни бир калима билан, бир жумла билан билдирди. “Баланддан йиқилган шаҳид бўлади” деб марҳамат қилдилар” дедим. Ўқувчи “Энди тушундим” деди.
Демак, отдан йиқилсин, минорадан йиқилсин, баланд жойдан йиқилиб ўлган киши шаҳид бўлади. У вақтлар минора ёки бошқа нарсалар бўлмаган-ку дейилмайди.
Ракдан ўлган мўминнинг шаҳид бўлиши билдирилганда “У замонлар рак бормиди” деганларга ҳадиси шарифда ички хасталиклардан ўлган киши шаҳид бўлиши айтилганди. Ҳар бир касалликнинг номма-ном билдирилиши шарт эмас. Қуйидаги ҳадиси шариф кўплаган хасталикларни ўз ичига олмоқда: “Ички хасталиклардан ўлган киши шаҳиддир.” (Ибни Асокир)
Савол: Тасбеҳдаги доналар 33 эмас, кўп ёки кам бўлса зарари борми?
Жавоб: Агар билмаса зарари йўқ. 33 рақами 3га тенг бўлингани учун тасбиҳ айтаётганда учталаб саналса, кам ёки кўп эканлиги алоҳида ҳисобламасдан ҳам аниқ бўлади.
Савол: Намоздан кейин Жаннатни исташ ва Жаҳаннамдан сақланиш учун қайси дуони ўқиш керак?
Жавоб: Бир ҳадиси шарифнинг мазмуни қуйидагича: “Намозни тугатган киши ҳеч нарса гапирмасдан “Аллоҳумма ажирни минаннор ва адҳилнил жанната” демаса, фаришталар “Фурсатни бой берди, Жаҳаннамдан сақланишни исташдан ожиз қолди”, жаннат ҳам “Хайф бўлсин, Жаннатни исташдан ожиз қолди” дейди.” (Табароний) Дуонинг маъноси “Ё Рабби, Жаҳаннамдан сақла, Жаннатга киритгин” деганидир. Бу дуони намоздан кейин дуо қилинаётганда ўқиш мумкин. Намозни тугатиб дегани тасбиҳларни айтиб, дуо қилиб бўлгандан кейин деганидир. Тасбиҳлардан аввал айтилиши бидъат бўлади. Дуодан кейин гапирган бўлса ҳам бу дуони ўқиса, билдирилган ажрларга қовушади.
Савол: Дуо қилаётганда бармоқларнинг ораси очиқ бўладими?
Жавоб: Йўқ, бешта бармоқ ёпишган ҳолатда бўлади.
Савол: Аманарасулуни ўқиётганда тинглаганларнинг дуо қисмида омин дейишлари жоизми?
Жавоб: Жоиз, яхши бўлади. (Ширъа)
Савол: Бомдод ва шом намозларидан кейин Ҳашр сурасининг охирини, хуфтондан кейин Аманарасулуни ўқиш катта савоб. Уларни намозда ўқиш, билдирилган вақтда ўқишнинг ўрнига ўтадими?
Жавоб: Ҳа, жуда яхши бўлади. Ҳар доим бомдод ва шом намозининг фарзи ёки суннатининг илк ракатида Ҳашр сурасининг охирини ўқиш мумкин. Иккинчи ракатда эса бошқа бир сура ўқилади. Агар Ҳашр сурасини иккинчи ракатда ўқийдиган бўлса, у ҳолда биринчи ракатда бошқа сура ўқиш керак. Худди шунингдек хуфтон намозининг фарзи ёки суннатида Аманарасулу ўқилади. Биладиган ва вақти бўлган киши Таборака сурасини ҳам ўқиса яхшироқ бўлади.
Савол: Намозлардан аввал уч истиғфор ўқиш керак экан. Буларни қоматдан аввал ёки кейин ўқиш лозим?
Жавоб: Намозлардан аввал уч истиғфор ўқишнинг кераги йўқ. Лекин намозлар битгандан кейин салом бериб Аллоҳумма антассалом...ни ўқиб бўлгач, уч истиғфор дуоси айтилади. Бу суннатдир. Фақат жума куни бомдод намозининг суннатидан аввал уч истиғфор дуоси ўқилади. Бошқа намозлардан аввал ўқишнинг кераги йўқ. Ҳар намоздан аввал уч, беш, юз марта ўқиса ҳам зарари йўқ, лекин “Фалон вақтда шунча ўқиш суннатдир” деса, нотўғри бўлади.
Савол: Намоздан сўнг дуога бошлаётганда “Субҳона роббиял алиййил аълал ваҳҳоб” ними ёки “Ва мо арсалнака илло раҳматан лил-оламин” ояти каримасини ўқиган яхши?
Жавоб: Иккаласини бирга ўқиган яхши.
Савол: Намоз ўқиб, дуони тугатгандан кейин Фотиҳа ўқилса, қўллар кўтарилмасдан ўқиладими?
Жавоб: Ҳа.
Савол: “Бомдод ва аср намозларидан кейин сўнгги суннат бўлмагани учун жамоат ўрнидан турмаслиги керак” деганлар бор. Бу тўғрими?
Жавоб: Нотўғри. Сафларни бузиш мустаҳабдир, охирида суннати бўлмаган намозларни бундан истисно тутмаслик керак. Китобларда айтиладики: "Фарз намозларни ўқиб бўлгандан кейин, сафларни бузиш (жой ўзгартириш) мустаҳабдир." (С.Абадия)
“Жамоатнинг фарз намоздан сўнг сафларни бузиши кейин келган кишиларнинг уларни фарз намозни ўқимоқда деб ўйламаслиги учун мустаҳабдир.” (Ҳалаби-йи сағир)
Кўрганимиздек сафларни бузиш бомдод ва аср намозлари билан барча намозларга тегишли.
Савол: Масжидга кирганида ўтирмасдан намоз ўқилса ёки ўрнидан турмасдан аввал шу дуо ўқилса шунча савобга эришади деган ҳадислар бор. Масжидда ўтиргандан кейин ёки оёққа туриб бўлгандан кейин ўқилса савоби камаядими ёки ҳеч савоб ололмайдими?
Жавоб: Ҳадиси шарифлардан бизнинг ҳукм чиқаришга уринишимиз ва чиқарган ҳукмимизга кўра амал қилишимиз катта хатолик бўлади. Чунки бу ҳадиси шарифлар ижтиҳод қилиниши керакдир, бошқа бир ҳадиси шариф билан ўзгартирилган бўлиши мумкин, кучини йўқотгандир ёки биз билмайдиган бошқа бир тавили бордир. Мазҳабимизнинг ҳукми бўйича амал қилишмиз керак.(Бариқа)
Ҳадиси шарифда денгиздан чиққан ҳар турли ҳайвонни ейишга бўлади деб турса ҳам, Ҳанафий олимлари денгиз ҳашаротларини ейиш жоиз эмаслигини билдирганлар. Яна ҳадиси шарифда қон олдиришнинг, вужуддан қон чиқиши таҳоратни бузмаслиги билдирилган ҳолда Ҳанафий олимлари вужуддан қон чиққанда таҳорат бузилишига ҳукм берганлар. Бунинг учун бизнинг ҳадиси шариф билан эмас, мазҳабимизнинг шу мавзудаги ҳукми билан амал қилишимиз керак. Сиз айтган ҳадиси шарифлардан бир нечасининг мазмуни қуйида билдирилган: “Масжидга кирганда ўтирмасдан аввал икки ракат (таҳият-ул масжид) намоз ўқинг!” (Бухорий) Ҳанафий мазҳабига кўра, ўтиргандан кейин ҳам ўрнидан туриб ўқиши мумкин.
“Шом намозидан кейин ортиқча гап гапирмасдан 6 ракат намоз ўқиган киши 12 йил нофила ибодат этган кишидек савобларга эришади.” (Ибни Можа) Ортиқча гап гапирган бўлса ҳам яна шу савобларга эришади.
“Бомдод намозини ўқигандан кейин ортиқча гап гапирмасдан қиблага қараб ўтирилса, қуёш бир найза бўйи кўтарилгандан сўнг икки ракат ишроқ намозини ўқиган киши Жаннатидир.” (Ислом ахлоқи) Ортиқча гап гапирган бўлса ҳам шу вақтда ишроқ намозини ўқиса, ишроқ савоби ҳосил бўлади.
“Шом намозини ўқигандан кейин ҳеч гапирмасдан етти марта “Аллоҳумма ажирни минаннор” деган киши шу кеча вафот этса, унга Жаҳаннам оташидан қутулиш ҳужжати берилади. Бомдод намозидан кейин ҳам шу шаклда ўқиб, шу куни вафот этса, оташдан қутулиш ҳужжати берилади.” (Муслим) Бунинг тасбиҳлардан аввал ўқилиши бидъат бўлади. Гапиргандан кейин ўқиса ҳам айни савобга қовушади.
Бир ҳадиси шарифда бомдод намозини ўқигандан кейин ўрнидан турмасдан ва ортиқча гап гапирмасдан 10 марта “Ла илоҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарика лаҳ лаҳул-мулку ва лаҳул-ҳамду йухйи ва йумит ва ҳува ала кулли шайин қодир”ни ўқиган киши шу куни ҳар турли ёмонликлардан ва шайтоннинг шарридан ҳимояланиши ҳамда кўплаган савобларга эришиши билдирилган.(Насоий) Ўрнидан туриб кетган бўлса ҳам, ушбу дуони ўқишдан аввал дунё сўзини сўзлаган бўлса ҳам, бу дуонинг фазилатига қовушади. Албатта яхшиси гапирмасдан туриб ўқишдир.