10. Яна бир Бусра сафари

Ҳазрати Ҳадижа Шомга юборадиган карвонининг тайёргарлигини кўраётганда Атика амма келиб, жияни Муҳаммаддан сўз очади. “Шомга карвон юбораётганинг ҳақида эшитдик. Агар бу ишни Унга топширсанг сендан миннатдор бўлар эдик.” Роҳиб Настура одоб билан ҳузурига келиб “Исо алайҳиссаломга Инжилни юборган Аллоҳ ҳаққи учун айтаманки, сен сўнгги пайғамбарсан. Қани энди сенга ваҳий тушадиган кунларга етсам-у, хизматингда бўлсам” деди.

- Сарваримиз изларидан - 10

М. Саид АРВОС қаламидан

Ҳувайлид қизи Ҳадижа (родиаллоҳу анҳа) Макканинг аслзода оилаларидан бирига мансуб эди. Насаби

ҳазрати Қусайда алайҳиссалоту вассалом Жанобимиз билан бирлашади. Бундан аввал икки марта турмушга чиққанди. Атик бин Азиздан бир қизи, Абу Хола Ҳинд бин Зурора ат-Тамимийдан бир ўғли бор эди.

Кучли, ишбилармон, доно аёл эди. Карвончиликдек қийин ишнинг уддасидан чиқарди. Қулларига, хизматидагиларга шафқат билан муносабатда бўлар, фикрларини сўрар, қўллаб-қувватларди. Хизматчилари ҳам шу сабабдан унга содиқ эдилар.

Қурайшликлар бу марҳаматли аёлни “пок” маъносига келадиган “Тоҳира” ва буюк маъносини берадиган “Кубро” номи билан атардилар.

Малика-и арабнинг албатта сўровчилари кўп эди. Бой-бадавлат ва обрў-эътиборли кишилар унинг остонасини тўздиришарди. Ҳадижа хоним уларнинг ҳеч бирига мойиллик билдирмасди.

Бир кечаси туш кўради... Ой осмондан тушиб, бағрига кирибди. Нури қўлларидан чиқиб, теварак-атрофни чароғон қилиб ёритмоқда эди...

Туш таъсирида уйғониб, бориб амакисининг ўғли Варақа бин Навфалга гапириб беради. Варақа ўзи кўп китоб ўқиганидан кўз нурини йўқотган, лекин илми дарёдек бир зот эди. (Ҳадижа ҳам кўп китоб ўқир, Таврот ва Инжилдан хабардор эди.) Варақа тушни “Бизга билдирилган охир замон пайғамбари дунёга келди. Эй Ҳадижа, сен У билан турмуш қурасан ва биринчи бўлиб имон келтириш шарафига эга бўласан. Бу дин бутун жаҳонга ёйилиб, нури оламни қамрайди!” деб таъбир этади. Ҳазрати Ҳадижа бу сирни ҳеч кимга айтмай сақлайди.

Шу вақтларда Сарвари коинот 25 ёшлар атрофида эди. Аммаси Атика билан амакиси Абу Толиб уни уйлантириш ҳақида маслаҳат қилишди. Бу ишга қўллари калталик қилди. Шундан сўнг аввал жиянларига пул топадиган бир иш топмоқчи бўлдилар. Маккада эса иш дейилганда ҳамманинг ўйига фақат битта нарса келади “Карвон!”

Ҳазрати Ҳадижа Шомга юборадиган карвонининг тайёргарлигини кўраётганда Атика амма келиб, жияни Муҳаммаддан сўз очади. “Вақти келди. Уни уйлантиришимиз керак. Лекин тўй қиладиган бойлигимиз йўқ. Шомга карвон юбораётганинг ҳақида эшитдик. Агар бу ишни Унга топширсанг сендан миннатдор бўлар эдик” дейди.

- Эй саййида-и Қурайш, Муҳаммад-ул Амин ҳақида эшитганман. Тўғрилигига шубҳам йўқ. Лекин карвонни бошқариш маҳорат талаб қилади. Шунинг учун ўзи билан кўришиб, гаплашишим керак.

Бу ишларнинг кўрган туши билан алоқаси борлигини ҳис этиб, севинчи ичига сиғмасди. Ҳабибуллоҳ келадиган вақт янги либослар кийиб, уйини безатиб, хизматчиларига кўрсатмалар бериб, таъбири жоиз бўлса, султонлардек кутиб олади. Келганида олдида самовий китоблар бор эди. Бир Тавротга, бир Жанобимизга қарайди. Ҳатам-ул анбиёга оид белгиларни топади.

Ортидан амирлар, подшолар югуриб юрган Ҳадижа қарор қабул қилганди. У билан турмуш қуриб, сўнгги пайғамбарга хоним бўлиш шарафига эришади.

Карвон ҳозирланаётганда Ҳабибуллоҳга бир қимматбаҳо либос юборди. Бундан ташқари, ҳукмдорлар киядиган бир либос тиктириб, энг ёш ва энг кучли туяни безатиб жўнатади. Сўнгра хизматчисини ёнига чақириб “Тинглагин Майсара, карвон Маккадан чиқиб кетгунча Муҳаммад-ул Амин йўл кийимида ўз туясида боради. Лекин шаҳардан чиққан заҳоти Унга шу либосларни ҳадя этганимни айтиб, буларни кийишини илтимос қиласан. Уни безатган туяга миндириб, жиловини тутасан. Унутмагин, унинг амрига бўйсунгин. Уни ранжитма, хафа қилма, чарчатмагин. Ҳамиша кўз-қулоқ бўлгин, таҳликаларда ҳимоя қилгин. Бу савдодан фойда тушадими-йўқми, умуман аҳамияти йўқ, у ерда ортиқча ҳаялламанглар!” деди.

Вақти келиб, туялар сафга тизилади. Йирик товонларини тупроққа уриб, атрофни чанг-тўзонга белаб, йўлга тушадилар...

Абдулмутталиб ўғиллари учун бу аслида қайғули ҳолат эди. Оиладан бир киши илк марта бошқасининг карвони билан ёлланган ишчи сифатида йўлга чиқмоқда эди. Қурайшда ҳақ эвазига ишлаш аслзодаларга мос эмас эди.

Карвон секин-аста узоқлашиб, водийлар ичида кўздан йўқолади. Дам олиш учун тўхтаганларида Майсара қимматбаҳо кийимларни бериб “Ҳадижа хонимнинг амри. Мана шуларни кийишингизни истадилар” дейди. Сўнгра ёш ва кучли туяга миндириб, унинг жиловидан тутади. Бу имтиёз карвондаги Абу Жаҳл ва Шайбанинг назаридан четда қолмайди. Ҳасадлари келиб, ичи қоралик қилиб ҳаловатлари бузилади. Ҳатто Майсарани четга тортиб “Бу илтифот нима учун? Унга эски либосларини кийдир, бироз қийналсин” дейишади. Майсара “Ўз ишингизни қилинг, менинг ишимга аралашманглар” деб жавоб беради.

Лекин Хузайма бин Ҳаким Суламий (Хадижа онамизнинг қариндоши бўлади) Сарвари коинотнинг фавқулода ҳолларига шоҳид бўлиб, ҳайратдан донг қотади.

Бу орада туялардан иккитаси йиқилиб ётиб қолади. Йўл эса узоқ. Ёлғиз чора иккисини сўйиб, юкларини бошқа туяларга тақсимлаб чиқиш эди. Майсара чорасиз эди. Ваҳимага тушиб Ҳабибуллоҳнинг ёнига бориб, ёрдам сўрайди. Фахри коинот келиб туяларнинг бошини ва оёқларини силаб-сийпайди. Аллоҳу таолонинг лутфи билан мажолсиз туялар сапчиб туриб, карвоннинг олдига тушиб йўрғалай бошлайди.

Хузайма Майсарага қараб “Битта жойга ёзиб қўйгин. Кейин айтмади дема. Ҳали кўрасан, бу йигитнинг шони юксак бўлади. Қайси бирин айтай, боши устида соя қилган қушлар, қўли тегиши билан кўпайган овқатлар, яшилга бурканган дарахтлар...” дейди.

Эски Шом деб ҳам аталадиган Бусра бир қанча маданиятни ўз ичига олган антик бир шаҳар эди. Баланд-баланд устунлар, театрлар, саройлар... Қурайш карвони яна монастир атрофида дам олишга тўхтайди. Бахира вафот этган, унинг ўрнига талабаси Настура ўтирганди. У ҳам сўнгги пайғамбарга ишонган, Ҳижоз тарафлардан бир аломат кутмоқда эди.

Туялар чўктирилиб, юклар туширилади. Жанобимиз қуриган зайтун дарахтининг тагига ўтиради. Шу онда дарахт яшилланиб, мева солади... Бу ажойибот Настуранинг назаридан четда қолмайди. Тезда чопиб бориб “Лот ва Узза ҳаққи учун исмингни айтгин” дейди.

- Менга бундан оғир гап айтилмаган.

Бахира айтган Расул шумикан?! Майсарага ўгирилиб “Кўзларидаги қизиллик доим борми?” деб сўради.

- Ҳа, бор.

Роҳиб Настура одоб билан ҳузурига келиб “Исо алайҳиссаломга Инжилни юборган Аллоҳ ҳаққи учун айтаманки, сен сўнгги пайғамбарсан. Қани энди сенга ваҳий тушадиган кунларга етсам-у, хизматингда бўлсам” деди.

Сўнгра Майсара ва Хузаймани четга тортиб “Биламан ва ишонаманки, Муҳаммад душманлари устидан ғолиб бўлади. Лекин барибир Шомга борманглар деб маслаҳат бераман. Яҳудийларга ишониб бўлмайди” дейди. Майсара соҳибаси Ҳадижанинг “Тезроқ ҳаялламасдан қайтинглар” деган амрини хотирлайди.

Чўлда ёлғиз ўзи

Жанобимиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) Бусрага қилган сафарларида тагига ўтирган дарахт чўлнинг чидаб бўлмас жазирамасига қарамасдан асрлардир қуримаган. Ҳозирда Иордания ҳудудларида бўлган (Ал-Мафрақ) бепоён саҳрода ундан бошқа дарахт йўқ. Режиссёр Мустафо Гоувернеурнинг бу дарахт ҳақида туширган фильми ботаникларни ҳайратга туширди.

Муждачи!

Бусрада сотадиганларни сотиб, оладиганларни олиб, Шомдан қайтаётган карвонга қўшиладилар. Маккага уч фарсаҳ қолганида Майсара туялардан бирини безатиб, Ҳабибуллоҳга “Энди боринг, соғ-саломат қайтганимиз ҳақида хонимга хабар беринг” деди. Абу Жаҳл ёнларига келиб дейди:

- Бу газлама ва гиламлар нима учун керак?

- Хонимнинг қўли очиқ, сахий. Эҳтимол буларни мужда-суюнчи олиб борган одамга ҳадя қилар.

- Лекин нимага Муҳаммад? У йўл билмаса, из билмаса, бошқасини юбор!

- Бу менинг ишим, сен аралашма!

Тўғриси Жанобимиз теварак-атрофни яхши билмасди, уни устига йўлга чиқиши билан ғалати бир уйқу босди. Аллоҳу таоло Жаброил алайҳиссаломни кўмакка юборади ва уч кунлик масофани бир онда босиб ўтадилар.

Ҳазрати Ҳадижа жориялари билан уйнинг томига чиққан эди. Муждачини кўриб, бу ўша бўлиши керак, чунки икки қуш қанотини очиб соялаб келмоқда. Ниҳоят, Ҳабибуллоҳ эшикни тақиллатиб, мактубни беради. Майсара қисқа ва лўнда ёзган эди. “Хоним Муҳаммад-ул Аминнинг баракати билан фойдамиз кутганимиздан кўп бўлди. Сизга айтадиган кўп нарсам бор.”

Ҳадижа-и Кубро жавоб ёзиб берди. Туяни устидаги безак-зийнатлари билан муждачига ҳадя қилади. Ҳабибуллоҳ жавоб мактубини олиб, шу кун ичида карвонга қайтади. Уни узоқдан кўрган Абу Жаҳл “Мана, йўлидан адашиб қайтиб келяпти. Сенга айтмаганмидим, бошқасини юбор деб” дейди. Лекин жавоб мактубини кўргач, ўзини йўқотиб қўяди: “Ишонмайман, бу вақт ичида шунча масофани босиб ўтиб бўлмайди!”

Карвон Маккага кираётганда Ҳадижа онамиз дераза ёнида эди, кўзлари Фахри коинотда...

Ҳадижа волидамизнинг Жанобимиз (саллаллоҳу алайҳи васаллам) билан турмуш қурганини биласиз. Лекин “Майсара қаёққа кетди?” деб сўрашингиз мумкин. Шундай содиқ бирининг илк мусулмонлар орасида бўлиши керак эмасмиди? Исми нимага Амморлар билан, Билоллар билан тилга олинмайди?

Ибни Ҳожар Асқалоний “Ал-Исоба” китобида ғуломи Ҳадижа ҳақида “Биъсатга етишиб-етишмаганлиги ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга бўлмасам ҳам, эҳтиётан Асҳоби киром сафига ёздим” деб айтган. У ҳолда бизга у ҳақда гап кетганда “родиаллоҳу анҳ” дейишдан бошқа иш қолмайди.