Етмиш икки бузуқ фирқа қандай пайдо бўлди?
Савол: “Қуръони каримни ўз тушунчаси бўйича тафсир қилган одам кофир бўлади” деган мазмундаги ҳадисни кўпчилик эшитган. Яна “72 бузуқ фирқа Қуръонни нотўғри тафсир қилганлари учун жаҳаннамга кетишади. Лекин у ерда абадий қолишмайди” дейилади. Бу икки хабар бир-бирига зид, қарши эмасми?
Жавоб: Бу ерда зидлик йўқ. Ўз ақли бўйича тафсир қилиш бошқа, оятларни нотўғри тушуниш эса, бошқа нарса.
Абдулғани Наблусий ҳазратлари айтадиларки:
"Ижмо билан билдирилган ва зарурий равишда эътиқод қилиш керак бўлган масалаларда ҳамда амал қилинадиган ишларда ижтиҳод қилиш жоиз эмас. Чунки буларга ишонмаган одам кофир бўлади. Бу умматдан баъзилари эътиқод масалаларида ижтиҳод қилиб, 73 фирқага бўлинди. Қуръони каримда ва ҳадиси шарифларда очиқча билдирилмаган ҳамда очиқ бўлса ҳам маънолари ижмо билан ва зарурий деб билдирилмаган ишларда ижтиҳод қилиш жоиз. Имон этиш керак бўлган масалаларда ижтиҳод қилиш умуман жоиз эмас. Бундай масалаларда ижтиҳод қилишга уриниб адашиш куфр бўлмаса ҳам, катта гуноҳ бўлади. Мусулмонларнинг 73 фирқасидан 72 фирқаси мана шу йўл билан янглишиб, тўғри йўлдан чиқиб, аҳли бидъатдан бўлишди. Улар бузуқ ақидалари сабабли жаҳаннамга тушишади. Лекин мусулмон бўлганликлари учун жаҳаннамда абадий қолишмайди. Жазоларини ўтаб бўлганларидан кейин Жаҳаннамдан чиқарилишади." (Ҳадиқа)
Саййид Аҳмад Таҳтовий ҳазратлари айтадиларки:
"72 бидъат фирқасидан кофир бўлмаганлари аҳли қибладир. Уларнинг ҳеч бири кофир эмас. Лекин 72 фирқадан ҳохлаган бирига мансуб эканлигини айтган бир одам Қуръони каримда ёки ҳадиси шарифда очиқча билдирилган ва мусулмонлар орасида кенг ёйилган масалалардан бирига ишонмаса, кофир бўлади." (Таҳтовий)
Жаҳаннамга тушишлари билдирилган 72 фирқанинг олимлари мужтаҳид бўлмаганликлари учун ва тафсирлардан нотўғри маънолар чиқарганлари учун йўлдан адашдилар. Қуръони каримнинг ва ҳадиси шарифларнинг маъноларини ҳамма тўғри тушуна олганида эди, 72 та бузуқ фирқа пайдо бўлмасди. Бу фирқаларни чиқарганларнинг биттаси ҳам мужтаҳид эмасди, лекин ўқиган олим кишилар эди. Шунга қарамай ҳеч бири нассларнинг (Қуръони карим ва ҳадиси шарифларнинг) маъноларини тўғри англай олмади. Нотўғри тушуниб, ҳам ўзлари йўлдан озишди, ҳам эргашувчиларини адаштиришди.