Ҳижрий ойларни аниқлаш
Савол: Муборак кечалар яқинлашганда “Янги ой (ҳилол) бугун кўринмади, ҳайит ёки муборак кеча бугун эмас, эртага” дейдиган кишилар кўп учрамоқда. Бу йил Қурбон байрамини шанба куни деб Зул-қаъда ойини 32 кунга етказганлар ҳам бўлди. Ҳижрий ойлар билан муборак кечаларни бир-икки кун кейинга суриш, кунини ўзгартириш тўғрими?
Жавоб: Албатта нотўғри. Ер юзининг қаерида бўлмасин, Рамазон ҳилоли кўринганида дунёнинг барча минтақаларида рўза бошланади. Лекин ҳаж, қурбон байрами ва намоз вақтлари бундай эмас. Буларда бир жойда вақти кириши билан бошқа жойларда ҳам вақти кирган бўлиши шарт эмас. (Ислом ахлоқи)
Рамазон рўзасини бошлаш учун ҳилолнинг (янги туғилган ойнинг) кўриниши шарт. Ҳаво булутли бўлиб, ҳилол кўринмаса ва Шаъбон ойининг ҳам ўша куни 29 куни бўлса, 30 кунга тамомланади. Лекин ой кўринмади деб, 31 ва 32-кунларга ўтилмайди.
Айтайлик, Зул-ҳижжа ойининг ҳилоли Тошкентда кўринмади, лекин Африкада кўринди. Зул-ҳижжанинг ўнинчи куни Африкада қурбон байрами ўтказилади. Тошкентда эса Зул-ҳижжанинг 11-куни байрам қилинади. Байрам қилинган кун бир кунга силжиган бўлса ҳам, Зул-ҳижжа ойининг кунларида ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди. Мана шу ҳақиқат тўғри тушунилмагани учун ҳар ўлка халқи байрам деб эълон қилинган кунни Зул-ҳижжанинг ўнинчи куни деб гумон қилишиб, катта чалкашликларга сабаб бўлишяпти. Ер юзининг бир ўлкасида 10 зул-ҳижжа бўлса, бошқа ўлкасида 11 зулҳижжа бўлиб қолмайди. Масалан, янги ойнинг ҳилоли Сурияда кўринмасдан, Мисрда кўринган бўлса, Мисрда ўнинчи Муҳаррам кунида, Сурияда ҳали тўққизинчи Муҳаррам давом этаётган бўлмайди. Кунлар ер юзининг барча минтақаларида бирдек бўлгани каби ойлар ҳам бирдек бўлади. Америкада тақвимлар Шаъбоннинг биринчи кунини кўрсатиб турганда, Арабистонда Ражаб ойининг охирги куни бўлиши қатъиян мумкин эмас.
Ҳижрий ойларнинг ҳилоли дастлаб ер шарининг хоҳлаган бир жойда кўриниши билан бутун ер юзида кўрилган ва янги ой бошланган бўлиб ҳисобланади. Масалан Африкада ҳилол кўрилиб, Покистонда кўрилмаса, покистонликларнинг “Биз ҳилолни кўрмадик, Ошуро куни ўн биринчи кун бўлади” дейишлари нотўғри бўлади. Яъни Африкада Муҳаррам ойининг ўнинчи куни бўаётганда, Покистонда ўн биринчи куни ўтаётган бўлмайди. Қамарий ойлар худди милодий ойлардек дунёнинг барча жойида бирхил. Бир давлатда 3 февраль куни, бошқа давлатда 4 февраль бўлмаганидек бир жойда 3 Шаъбон куни, бошқа жойда 4 Шаъбон бўлмайди. Мана шу нуқтага эътибор бериш лозим. Муборак кун ва кечаларнинг вақтини силжитиб, ўзгартириб, фитна-фасодга ва келишмовчиликларга сабаб бўлиб қолмаслик керак.
1434 йили Муҳаррам ойининг ҳилолини бевосита кўриш мумкин бўлган ўлкаларнинг хоҳлаган бирида ҳилол кўринса, бутун дунёда Муҳаррам ойи кирган бўлади. Шу тариқа 1434 йили бутун дунёда Ошуро куни 10 Муҳаррам бўлган 2012 йил 24 ноябрь санасига тўғри келади. 1434 йили Муҳаррам ҳилолининг қаерлардан кўриниши ҳақида йиллик намоз вақтлари тақвимини бериб борувчи 2012 йил 14 ноябрь кунги “Туркия тақвими”да қуйидаги маълумот берилган:
“Муҳаррам ойининг ҳилоли бугун Туркия соати билан 13:39да (Тошкент вақти билан соат 16:39да) биринчи бўлиб, Австралия қитъасининг ўртасидан бошлаб кўринишни бошлайди.”
Ҳижрий ойларнинг 14-куни ҳилол тўлин ой шаклида бўлади. Ойнинг олтинчи кунида эса 7-куннинг ҳилоли ерюзига ярим ой шаклида кўринади. Бу йил ҳам бир ҳайъат тузилиб, Зул-ҳижжа ойининг 6-куни ойни кузатдик. Ҳилол ярим ой шаклида эди. Йилнинг ҳар ойида кузатамиз, ойнинг олтинчи куни доим ярим ой шаклида бўлади. Бу эса расадхонанинг чиқарган ҳисоблари қатъиян тўғри эканлигини кўрсатади. Аллоҳу таолонинг низомида хатолик, кечикиш бўлмагани учун қуёш ҳам, ой ҳам ҳисобланган вақтда чиқиб-ботади. “Саодати Абадия” китобида айтиладики: "Бу ҳисоблар қамарий ойнинг бошланган вақтини топиш учун эмас, ҳилолни кўра оладиган кечани аниқлаш учун қилинади. Имоми Субкий ҳам шундай деганлар. Имомнинг гапини чаппасига алмаштириб ёзадиганларга алданмаслик керак". (Таҳтовий ва Шарнблолий ҳошиялари)
“Ислом ахлоқи” китобида “Тақвимларда ҳисоб билан топиб ёзилган кечадан бир аввалги кечада “Ҳилолни кўрдик” дейиш қатъиян ботилдир. Бундай ботил гапга ишониб, Арафотга чиққанларнинг ҳаж амаллари саҳиҳ бўлмайди. Булар ҳожи бўла олмайдилар” дейилади. “Халқ билмагани учун қайси куни ҳаж қилса ҳам жоиз бўлади” дейдиган бесаводларга ҳам эътибор бермаслик керак.
Бу мавзуда ҳеч бир ислом олими ҳисоб билан топилган кунни байрам-ҳайит қилинглар деб айтмаган. Чунки“Ҳилолни кўришингиз билан рўза тутишни бошланг, яна ҳилолни кўришингиз билан байрам қилинг!” ҳадиси шарифини билмайдиган ислом олими йўқ. Ибни Обидин ҳазратлари айтадики: "Рамазон рўзасини тутиш янги ҳилолни кўриш билан фарз бўлади. Жаноби Пайғамбаримиз: “Ҳилолни кўргандан кейин рўза тутишни бошланг!” деб буюрганлар. Ҳолбуки янги ойнинг туғилиши кўриш билан эмас, ҳисоб билан топилади ва бу масалада ҳисоб саҳиҳ бўлиб, ҳилол ҳисоблаб топилган кунда-вақтда чиқади. Лекин худди ўша кечада ва вақтда кўринмасдан бир кеча кейин кўриниши мумкин. Шу сабабли Рамазон рўзаси янги ой туғилган кечадан эмас, ер юзидан дастлаб кўринган кечадан эътиборан бошланади. Чунки исломият шундай амр қилган." (Саодати абадия)
Кўриб турганимиздек, олимлар янги ойнинг (ҳилолнинг) ҳисоб билан топилган вақтда, кунда мутлақ равишда туғилишини билдирганлар. Бу ҳайитларнинг ҳам ҳисоб билан бошланишини кўрсатмайди. Ҳаво булут бўлгани учун ёхуд бошқа сабаблар билан ҳилол чиққани ҳолда ер юзидан кузатила олмаса, бу ой 29лик бўлса 30 кунга тўлдирилади. Лекин 30 кун бўлган бўлса, ҳилол кўрингунга қадар кутиб ўтирилмайди. “Ойнинг 31и бўлди, янги ҳилол кўринмади, 32сини ҳам кутайлик” дейилмайди.
Ҳилол бир жойда кўринса, бошқа жойда кўринмаса, кўринмаган жойларда Қурбон байрами бир кун кейин нишонланади. Лекин ҳижрий (қамарий) ойнинг санаси ўзгармайди. Масалан бу йили Зул-ҳижжа ойининг ҳилоли Арабистонда кўринмагани учун Қурбон ҳайити ҳисоб билан топилган кундан бир кун кейинга жума кунига сурилди. Лекин жума куни Зул-ҳижжанинг 10-чи куни эмас, 11-чи куни бўлди. Чунки ушбу ойнинг ҳилоли Арабистонда кўринмади деб эълон қилинаётган куни оқшоми ер юзининг бошқа минтақасида Жанубий Америкада кўрилди. Шундоғам ҳисоб орқали ҳилолни қайси минтақалардан кўриш мумкину қайсиларидан мумкин эмаслиги тегишли тақвимларда 50 йилдан буён берилиб борилади.
Вақтлар, муборак кун ва кечалар билан алоқали бундай мавзуларда жуда қийматли асар бўлган “Туркия тақвими”асос қилиб олинса, ҳеч қанақа чалкашликлар бўлмайди.