6. Тургин, Замзам кўзини очгин!

Бу шундай сувки, асло тўхтамайди. Чанқаганларнинг чанқоғини босади, очларни тўйдиради, хасталарга шифо бўлади. Каъба яқинига ола қанотли қарға қўниб, ерни чўқилайди. Шу ерда чумоли инини кўрасан. Булоқ шунинг тагида.

Бани Зуҳра қабиласининг бошчиси Ваҳб бин Абди Манофнинг қизи Оминанинг зарофати, ахлоқи, шафқати шу даража мукаммалки, халқ орасида “Қурайш саййидаси” деган номга эга эди... Ҳануз 14 ёшда бўлишига қарамай комила ва донодир.

 - Сарваримиз изларидан - 6

М. Саид АРВОС қаламидан

 Қудуқдан, жўмракдан, бидондан...

Султон Абдулҳамид хон I-чи, замзам қудуғи оғзига уни худди билагузукдек қамраб турадиган жуда санъаткорона ишланган тош бир ҳалқа, унинг узарига безатилган панжара, уни устига эса жуда зарифгина бир хона барпо қилдирган эди. У пайтларда замзам суви қудуқдан худди биздагидек челак ташлаб тортиб чиқариларди. Ҳозир эса, мўминларга жўмраклардан ва хусусий бидонлар орқали улашилмоқда.

Абдулмутталиб иссиқ ёз кунларидан бирида Каъбага қўшни қурилган хонасида истироҳатга чекилган эди. Тушида “Тур ўрнингдан, Тоййибани қазгин!” дейилади.

- Тоййиба дегани нима?

Жавоб ололмасдан уйғонади. Эртаси куни яна шу жойда ухлаётганди. Яна шу овоз “Ўрнингдан тур, Баррани қазиб чиқар!” дейди.

- Барра дегани нима?

Эртасига яна шу жой ва яна шу овоз “Тур, Маднунани қазиб чиқар!” дейди. Тўртинчи куни яна уйқуга кетганида амр келади: “Тур ўрнингдан, Замзамни қазиб чиқар!”

Замзам ҳақида қулоғига чалинган эди, лекин қаерда эди-я? 

“Бу шундай сувки, ҳеч тўхтамайди. Чанқаганларнинг чанқоғини босади, очларни тўйдиради, хасталарга шифо бўлади. Каъба яқинига ола қанотли қарға қўниб, ерни чўқилайди. Шу ерда чумолининг ини очилганини кўрасан. Қудуқ ҳам шунинг тагида.”

Уйғонади, тушида айтилганидек битта қарға келиб, ерни чўқилаб чумоли инини очади. 

Анча йиллар олдин Журҳумийлар ҳадларидан ошиб, Макка халқига зулм қила бошлашади. Исмоил ўғиллари ҳам ғайратга келиб, қиличларини қўлга оладилар. Журҳумийлар қўрқиб, қочаётганларида Каъбани безатиб турган молларни Замзам қудуғига ташлаб, устини кўмиб кетишади. Ҳазрати Абдулмутталиб ўғли Хорис билан кўрсатилган жойни қазишни бошлайди. Кўп ўтмай қудуқнинг девор тошлари кўринади. Қурайшликлар уларнинг бошларига келиб қаққайиб туриб олишади. “Биз бутларимизнинг ёнини ковлашларингга рози эмасмиз” дейишади.

- Лекин бу жой Замзам қудуғининг ўрни.

- У ҳолда биз ҳам бирга қазамиз ва топилмага шерик бўламиз.

Тортишув кучайиб, Шомга боришга қарор қиладилар. У ерда бир донишманд киши бор, уни бу ишни ҳал этиш учун ораларида ҳакам қиладилар. Иссиқ бир кунда йўлга чиқадилар. Ҳаво ҳарорати одатдагидан анча ошиб кетади-да йўловчилар мешларида сув тугаб, жонларини сақлаб қолиш ҳаракатига тушадилар. Барча умидлари узилиб, адои тамом бўлиб турган пайтларида бехосдан Абдулмутталиб минган туя тошга қоқилиб, тош тагидан шаффоф ва муздек сув сизиб чиқади. Шу жойни озгина қазганларидан кейин сув фаввора бўлиб отилиб чиқади. Ҳаммаси тўйгунларича ичиб, сувга қонишади. Ёнидагилар қўлларини виждонларига қўйиб, тан берадилар ва “Қудуқни қазиш фақат сенинг ҳаққинг! Бунга ишорани барчамиз кўриб турибмиз. Энди ҳакамни хожати йўқ”- дейдилар.

Абдулмутталиб ўғли Хорис билан ярим қолган ишларини қайта бошлайдилар. Лекин ота-ўғил икковигина... Абдулмутталиб бир “оҳ” тортиб “Кошки ўн ўғлим бўлса-да, бирини худди Исмоилдек Аллоҳга қурбон қилсам!” дейди. Хуллас, замзам қудуғи кўринади. Қудуқдан қиличлар, қалқонлар ва бир олтин жайлон ҳам чиқади. Қурайшликларни яна ҳирс босиб “Бу қудуқда бизнинг ҳам ҳаққимиз бор” деб безбетлик қиладилар. Абдулмутталиб “Келинглар, қуръа ташлайлик, сизлар, мен ва Каъба. Кимга нима тушса, ўшани олиб қисматига рози бўлади”,- дейди. Қуръа ташлайдилар. Олтин жайлон Каъбага тушади, силоҳлар ҳазрати Абдулмутталибга. Қурайшликлар ҳеч вақосиз  қолишади.

Абдулмутталиб ўз ҳиссасига тушган силоҳларни ҳам сотиб, Каъабага сарф-харажат қилади. (Бошқа бир ривоятга кўра, уларни эритиб, Байтуллоҳга эшик ясатади.)

Мана шу кундан бошлаб, унинг Маккада обрў-эътибори ортади. Ўн ўғли бўлади (Хорис, Абу Лаҳаб, Ҳажл, Муқаввим, Дирор, Зубайр, Абу Толиб, Абдуллоҳ, Ҳамза ва Аббос) ва олти қизи (София, Атиқа, Байда, Барра, Воҳийма, Арво).

Абдулмуттолиб ўғиллари ичида энг кўп Абдуллоҳни севарди, чунки Нур-и Муҳаммадий унинг пешонасида порларди. Орадан йиллар ўтиб, бир куни фарзандларини тўплайди. “Менинг Яратганга шундай бир назрим бор, бирингизни қурбон қилишим керак. Қуръа ташлайлик, кимга чиқса...”

Қуръани Каъбада эътикофга кирган бир қарияга ташлатадилар. Абдуллоҳ чиқади. Абдуллоҳнинг она тарафи (Бани Маҳзум ўғиллари) эътироз билдиришади. “Биз бунга рози эмасмиз, Абдуллоҳ суратда ҳам, сийратда ҳам бошқача йигит. Маккада унингдек фасиҳ ва балиғ гапирадиган киши йўқ. Агар сизлар буни қиладиган бўлсангиз, бу иш одатга айланади.” Ўша пайтларда Ҳижозда Шужо исмли қари бир олим бор эди. Энг севган ўғли бошига тушган бу ишдан эсанкираган Абдулмутталиб унга бориб, маслаҳат сўрайди.

- Сизларда бир инсоннинг товони қанча?

- 10 туя.

- Ундай бўлса, туя билан Абдуллоҳ орасида қуръа ташлагин. Туяга тушса, уларни сўясан, Абдуллоҳга тушадиган бўлса, туяларни яна ўнтага оширасан.

Қуръа ташлайдилар, Абдуллоҳга тушади...

Ташлайдилар, яна Абдуллоҳга...

Тўққизинчи мартасида туяларга тушади. Бу пайтда туяларнинг сони юзга етганди. Бундан кейин ҳар эҳтимолга қарши деб ташланган барча қуръалар туяларга тушади. Абдулмутталибнинг юзига қон югуриб, кўнгли таскин топади. Мана шу кундан бошлаб араблар орасида инсоннинг товони юз туя бўлади. Абдулмутталиб юзта туяни Сафо билан Марва орасига келтириб сўяди. Фақатгина фақир-фуқаро эмас, қуш ва бўрилар ҳам тўяди.

Юзта туя аслида жиддийгина бойлик эди. Бу орада Уммул Қитол исмли мол ва жамол соҳибаси бўлган бир аёл Абдуллоҳнинг олдига чиқиб ялиниб “Менга уйлансанг, сенга юзта туя бераман. Сарфлаган харажатнинг ўрнини тўлдириб оласан”,- дейди. Абдуллоҳ иффатли йигит бўлганидан уялиб у ердан кетади. Омина онамиз билан уйланганидан кейин шу Уммул Қитол билан учрашиб қолади. Лекин аёлнинг бепарволигига ҳайратланади, ҳатто сўрайди нима бўлди деб.

- Мен аслида пешонангда порлаган нурга ошиқ бўлгандим. Ҳозир қарасам бу нур сендан кетибди. Демак, насиб эмас экан.

*

Шом ҳокимининг каримаси Фотима самовий китоблардан хабардор қиз эди. Номи гўзал Муҳаммад ҳақида эски китоблардан ўқиган, ғойибона Ул сарварнинг муҳаббати билан ёнмоқда эди. Маккага келади. Овдан қайтаётиб чодирининг олдидан ўтган Абдуллоҳни пешонасидаги нуридан танийди, ҳаяжонланади. Илтимос мен билан уйланинг,- деб ёлворади.

- Лекин мен Омина билан уйланганман.

- Майли, мени ҳам олинг!

- Отамдан сўрашим керак.

Абдуллоҳ бир фурсатини топиб Фотиманинг таклифини отасига маълум қилади. Абдулмутталиб буни муносиб кўриб “Яхши, биз розимиз”,- дейди. Бу орада нур Омина онамизга ўтади. Абдуллоҳ Фотиманинг олдига келиб “Мен розиман, уйланишимиз мумкин, ҳамма нарса тайёр”,- дейди. Фотима эса, аччиқ-аччиқ кулиб: “Биласизми, мен коинотнинг сарварига она бўлишни истаган эдим. Шу мақсадда не-не йўллар босиб ўтдим, не-не заҳматлар чекдим. Лекин афсуски муродимга эриша олмадим. Мана кўриб турибманки нур сиздан кетибди, демак, бунга Омина мендан-да лойиқроқ экан. Аллоҳу таоло қувончингизни доимий қилсин, яхши қолинглар”.- дейди. Фотима Шомга қайтиб, умрининг охиригача маҳзун ҳолда яшаб ўтади...

 Кўпаяди, камаймайди

Замзам қудуғи ерда кўринган доиранинг тагидадир. Энига икки ярим метр, чуқурлиги ўттиз метрдир. Лекин суви миллионлаган кишиларга етиб-ортади.

Ҳазрати Абдуллоҳ уйланадиган ёшга етганидан кейин отаси Абдулмутталиб қиз қидиришни бошлади. Уни асил, иффатли, шарафли бир қиз билан уйли қилиб, неварасига энг яхши онани танлаши керак эди. Илк ақлига келган қиз Бани Зуҳра қабиласининг пешвоси Ваҳб бин Абди Манофнинг қизи Омина бўлади. Омина мамлакатида ҳуснихулқи ва шафқати билан шуҳрат топганки, халқ орасида “Қурайш саййидаси” деган довруғга эга... Ҳануз 14 ёшда бўлишига қарамай комила ва донодир.

Отасидан рухсат сўрайдилар, Ваҳб бениҳоя мамнуният билан қабул қилади. “Эй амакиваччам, биласанми кечаси тушимда бобомиз Иброҳим (алайҳиссалом)ни кўрдим. Менга “Абдулмутталибнинг ўғли Абдуллоҳ билан қизинг Оминанинг никоҳларини ўқидим. Сен ҳам буни қабул қилгин ва уларни ҳурмат билан кутиб олгин”,- деди. Эрталабдан бери шу тушнинг таъсиридаман. Ўз-ўзимдан улар қачон келаркан деб сўраб ўтирибман”,- дейди.

- Субхоналлоҳ.

Муҳаммад алайҳиссаломнинг нури Омина волидамизга ўтганида бутлар юзтубан қулайди, фаришталар Иблиснинг тахтини парчалаб, денгизга ташлашади. Иблис Абу Қубайс тоғига чиқиб, шундай фарёд қиладики, барча гумашталари эшитиб, атрофига йиғилишади. Уларга “Сизларнинг ҳолингизга вой. Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг туғилиши яқинлашди. Бундан кейин тавҳид нури оламга ёйилади. Лот ва Уззага ҳечким сиғинмай қўяди”,- дейди.

Шу кечадан бошлаб, сеҳргарлар ва қоҳинлар ожиз қолдилар. Қоҳинликлари ва сеҳрлари тугади. Ҳазрати Омина ҳомиладорлик вақтида ҳеч қандай қийнчилик сезмайди. Юзисуви ҳурматига бутун коинот яратилган Сарвари олам Раби-ул-аввал ойининг ўн иккисида душанба куни кечаси дунёни шарафлантирадилар. Жаноби Расулуллоҳнинг аммалари София айтиб беради: Оминанинг дояси эдим. Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи васаллам) туғилар-туғилмас сажда қилди. Сўнгра бошини кўтариб, фасиҳ бир тил билан “Ла илоҳа иллаллоҳ, инни Расулиллоҳ” деди. Нури шундай порлоқ эдики, олдида қандилнинг нури хира тортиб қолди. Уни чўмилтирмоқчи эдим “Овора бўлма, биз Уни чўмилтирдик” деган овоз эшитдим. Уни киндиги кесилган ва суннатланган ҳолда топдим. Йўргаклаётганимда орқасида муҳри нубувватини кўрдим. “Ла илоҳа иллаллоҳ Муҳаммадун Расулуллоҳ” деб ёзилган эди.