5. Каъбанинг бошқа бир қурувчиси

Иброҳим алайҳиссалом Жаброил алайҳиссалом кўрсатган ўрнидан яна унинг ўргатганидек деворларни кўтариб чиқди. Ҳазрати Исмоил гоҳ тош, гоҳ лой ташир, отасига керакли хом-ашёларни етказиб турарди. Қурилиш жараёнида устига чиқиб ишлаган тошга “Мақом-и Иброҳим” дейилади. Каъбаи шариф нима учун олтин ёки кумушдан эмас, тупроқдан қурилди? Иззат ва буюклик Жаноби Ҳақнинг қиймат беришига боғлик. Аллоҳу таоло Одам алайҳиссаломни ҳам тупроқдан яратди, аммо асли нур бўлган фаришталарни унинг қаршисида сажда қилдирди.

 - Сарваримиз изларидан - 5

М. Саид АРВОС қаламидан

 Кимки Байтуллоҳни тавоф қилса, Аллоҳу таоло у кишининг ҳар бир қадамига бир савоб ёзади ҳамда бир гуноҳини ўчиради. (Ҳадиси шариф)

Одам алайҳиссаломнинг тавбаси қабул бўлиб, Ҳавво волидамиз билан қайта қовушганди.

Биргаликда Муздалифа Мино орқали Макка-и мукаррамага келадилар. Уларни фаришталар кутиб олади. “Биз сенинг яратилишингдан икки минг йил аввал ҳам бу ерни тавоф қилардик. Сен ҳам тавоф қилгин, саодат эшиклари очилсин” дейишади. Ҳажнинг усул ва асосларини ўргатадилар.

Ҳақ таоло Одам алайҳиссаломнинг ҳурмати учун Жаннатдан Байт-и маъмурни туширади. Байт-и маъмур қизил ёқут бўлиб, икки эшиги бордир. Бири шарққа, бири эса ғарбга қараб очилади. Эшиклари зумраддан, қандиллари олтиндандир. Ҳар бири қуёшдай порлайди. Ҳажар-ул асвад у вақтлар оппоқ бир ёқут эди. Тавофдан кейин Байт-и маъмур ўз ўрнига қайтади. Одам алайҳиссалом фаришталар кўмагида ўша ўринга Каъбаи шарифни бино этади. Ҳақ таоло: “Сен инсонларнинг илкисан, бу уй ҳам уйларнинг аввалидир!” деб марҳамат қилади. Ҳазрати Одам байтни қуриб битиргандан кейин Яратганга муножот қилади:

- Илоҳим, ҳарбир қурилган бинонинг ҳақи-эвази бўлади, бизга ҳам ҳазинангдан бирон эҳсон бўладими?

- Авлодингдан кимки бу бинони тавоф қилса, гуноҳларини авф этаман.

- Ё Рабби, яна.

- Ё Одам, авлодингдан бир киши зиёрат қилишни жуда истаса-да, келишга қудрати етмаса, унинг ҳам гуноҳларини авф этаман.

Одам алайҳиссалом 45 марта ҳаж қилади. Яна Шомдан Маккага қадар пиёда бориб!

Нуҳ тўфонида Каъба сув остида қолади, лекин тошлари тоғларга омонат қилинади. Токи, Аллоҳу таоло Иброҳим алайҳиссаломга “Янгидан қур!” деб амр этмагунча Байтуллоҳнинг ўрни кичик бир дўнглик ҳолича қолади. Ҳазрати Иброҳим Жаброил алайҳиссалом билан бирга йўлга чиқади. Шомда иҳром кияди, Макка-и мукаррамага келиб, Ҳарам-и шарифга қовушадилар.

Бу вақтлар Исмоил ҳали кичик бўлиб, тоғларда камалак отиб ўйнарди. Жаноби Раббил оламин Каъбанинг ўрнини бир булут билан кўрсатади. Булутга айтадики: “Сенинг амалинг бекор кетмайди. Саййидил мурсалин (саллаллоҳу алайҳи васаллам)ни юборганимда сени унинг боши устида соябон қиламан.” Ўргимчакка ҳам Каъбанинг бўйи ва энини ўлчашни амр этади ҳамда уни ҳам кейинчалик оламлар ҳавас қиладиган иш билан вазифалантиради. Яъни Савр ғорида Ҳабибига парда қилади.

Иброҳим алайҳиссалом Жаброил алайҳиссалом кўрсатганидек деворларни қалаб чиқади. Ҳазрати Исмоил гоҳ тош, гоҳ лой ташир, отасига керакли хом-ашёларни етказиб турарди.

Ҳазрати Иброҳим девор кўтарилиб, бўйи етмаганидан кейин бир тошнинг устига чиқади. Муборак оёғининг изи тушиб қолган бу тошга “Мақом-и Иброҳим” дейилади. Иброҳим алайҳиссалом ўғли Исмоилдан шундай бир “ўзгача тош” истайдики, тавофда ҳожиларга белги бўлсин. Исмоил алайҳиссалом бир тош олиб келади, ундан ҳам яхшироғини истайди. Яна олиб келади, яна бошқасини истайди... Шу пайтда Абу Қубайс тоғидан (ҳозирда устида қиролнинг саройи бор) бир овоз келади: “Тўфон вақтида Жаброил алайҳиссалом менга бир тошни омонатга қолдирганди. Келиб омонатингизни олинглар!” Ҳазрати Исмоил чопиб бориб, тошни олиб келиб отасига беради. Бу тош Ҳажар-ул асвад эди. Ривоят қилинишича, Байтуллоҳнинг тошларини фаришталар Тур-и Сино, Тур-и Зайна, Лубнон, Жуди ва Хиро тоғларидан олиб келишган. Каъбанинг ташқи кўриниши беш тоғдан қурилди дейишади, ботини эса бешта асос устига...

 Ота-ўғил Каъбаи шарифни қуриб битиргандан кейин тавоф қилиб, ҳажнинг амалларини бажарадилар. Иброҳим алайҳиссалом Байтуллоҳни ўғлига топшириб, уни ўз ўрнига халифа қилиб қолдиради. Шомга қараб йўлга чиққанида тепаликлардан Маккага боқади. Водий ичида тошлоқ бир макон...

Ҳолбуки Шом боғ-боғчалар, серсув ирмоқлар, кишини ўзига жалб этувчи бозорлари билан машҳур эди. Халилуллоҳ қўлларини очиб “Ё Рабби, Исмоилнинг авлодига марҳамат қил!” деб дуо қилади. Туяга минаётган вақтида ваҳий келади: “Барча одамзодни бу байтни тавоф ва зиёрат қилишга чақир!”

- Ё Рабби, менинг овозим қаерга ҳам етарди?

- Чақириш сендан, эшиттириш биздан. Токи инсонлар келиб, байтимни зиёрат қилиш билан шарфлансинлар!

Ҳазрати Иброҳим бир тошнинг устига чиқади. Бу тош турган жойида ўсиб катталаша бошлайди. Катталаша-катталаша баландлиги тоғлардан-да ўтади. (Фарқли бир ривоят бўйича Мақом-и Иброҳим деб айнан ўша тошга айтилади.)

“Эй инсонлар! Ҳазрати Борий таоло бир байт бино қилдирди. Келиб, уни зиёрат қилинглар!” Ҳазрати Иброҳим қайси тарафга қараб чақирса, шу тарафдан “Лаббайк!” деган жавоб келади. Ҳатто отасининг белида, онасининг қорнида бўлганлар ҳам овоз беришади. Ҳаётларида уч марта ҳаж қиладиганлар уч марта “Лаббайк” дейдилар, беш марта ҳаж қиладиган беш марта жавоб берадилар.

Энди Каъбаи шариф нима учун олтин ёки кумушдан эмас, тупроқдан қурилди деб сўровчилар бўлиши мумкин. Ҳар бир нарсанинг иззат ва улуғлиги Жаноби Ҳақнинг ўша нарсага қиймат бериш-бермаслигига боғлик. Аллоҳу таоло Одам алайҳиссаломни ҳам тупроқдан яратди, аммо асли нур бўлган фаришталарни унинг қаршисида сажда қилдирди.

Ҳазрати Исмоил ва Ҳожар онамиз ҳақида айтиб ўтдик. Истасангиз энди Сора хоним ҳақида ҳам бир-икки оғиз айтиб ўтайлик.

Бир куни уйларига уч нафар очиқ чеҳрали навқирон йигитлар келади. Иброҳим алайҳиссалом семиз бир мол сўйиб, Сора хоним гўзал таомлар пиширади. Меҳмонлар таомга қўл узатмаганидан кейин Иброҳим алайҳиссаломнинг қалбига қўрқув тушади. У замонларда меҳмоннинг нияти яхши бўлса, олдига қўйилган таомлардан еб ўтирарди. Қўл узатмай ўтирса, ё молига тажовуз этарди, ё қон тўкиларди. Яна учинчи эҳтимол ҳам бор... Балки булар фариштадир? Балки қавмини ҳалок этиш учун келгандир? Такрор “Қани, олинглар” деса ҳам меҳмонлар дастурхонга қўл узатишмайди.

- Биз ҳақи тўланмаган таомдан емаймиз.

- У ҳолда ҳақини беринглар!

- Ҳақи нима?

- Таом бошида “Бисмиллоҳ”, охирида эса “Алҳамдулиллоҳ” дейишдир.

Келганлар бир-бирига маъноли қараб “Аллоҳу таолонинг уни нима учун ўзига ҳалил (дўст) қилганлиги билиниб турибди” дедилар. Сўнгра ўзларини таништирадилар. Бири ҳазрати Жаброил, бири ҳазрати Микоил ва бири ҳазрати Исрофилдир. Ҳазрати Иброҳимга бир ўғил берилиши ҳақида хушхабар айтадилар. Ҳазрати Сора парда ортида буларни эшитиб, ҳайратидан ҳатто кафтини чакасига енгил уради ҳам... Хонасига кетаётиб “Мен бир ожиза, қари бўлсам (99 ёшда эди), туға оламанми?” дейди. Фаришталар “Раббинг айнан хабар берганимиздек буюрди. У ҳоким ва олим зотдир, ҳамма нарсага қодирдир”,- дейдилар. Фақатгина Исҳоқ исмли ўғил кўришларигина эмас, неваралари Яъқубдан ҳам сўз очадиларки, мужда ичида муждалар (суюнчи) яширин.

Ниҳоят Иброҳим алайҳиссалом ҳазрати Сора ва ўғли Исҳоқни олиб, Маккага келади. Ҳазрати Исмоил уларни жуда яхши кутиб олиб, кўнгилларини хуш этади.

Иброҳим Ҳалилуллоҳ садоқати билан танилади. Намрудга “Менинг Раббим қуёшни шарқдан чиқаради, сен ҳам ғарбдан чиқаргин-чи” деганида Аллоҳу таолодан ваҳий келади: “Иззим ва жалолим ҳаққи учун қуёш ғарбдан чиқмагунча қиёмат бўлмайди. Токи сенинг гапинг ва садоқатинг, Намруднинг ожизлиги-ю Менинг қудратим юзага чиқсин!”

Бўсаға масаласи

Ҳожар онамиз вафот этганидан кейин Иброҳим алайҳиссалом бир куни Маккага келади. Ўғлининг эшигини тақиллатади. Эшикни бир аёл очади.

- Сиз Исмоилнинг кими бўласиз?

- Хотиниман.

- Исмоил қани?

- Овга кетди.

- Ўзларинг яхши ўтирибсизларми? Аҳволларингиз яхшими?

Худди шуни кутиб тургандек келин арз-додию шикоятини дастурхон қилади. Иброҳим алайҳиссалом сабр билан тинглаб бўлгач “Эринг келганида унга уйнинг бўсағасини алмаштирар экансиз деб айтгин, хўбми?”,- дейди. Исмоил алайҳиссалом отасининг гапига кириб, у билан ажрашади ва Хола исмли солиҳа аёлга уйланади. Халилуллоҳ келиб, Холадан ҳол-аҳвол сўраганида “Алҳамдулиллоҳ, дадажон” деб, шукр қилади. Иброҳим алайҳиссаломнинг уст-бошидаги сафар чангларини қоқиб, поклаб, меҳмон қилиб, хушбўй ҳидлар билан сийлайди. Иброҳим алайҳиссалом унга ҳам хабар қолдиради: “Эрингиз келганда унга уйнинг бўсағасини муҳофаза қилар экансиз деб айтинг, қизим.” Мана шу тариқа Ҳабибуллоҳнинг нури Хола онамизга насиб бўлади ва ўғли Қайдар туғилади...

*

Иброҳим алайҳиссалом меҳмонсиз дастурхонга ўтирмасди. Ҳеч кимни тополмаса, кўчага чиқиб, фақир-фуқароларни изларди...

Бир куни уйига олиб келган қариянинг мункир (инкорчи, динсиз) эканлигини билиб, илтифотини аяйди. Шунда Ҳақ таоло Иброҳим алайҳиссаломга хитоб қилиб: “Мен етмиш йилдир унинг куфрига қарамай ризқини берсам-у сен бир кун таом беришдан нимага ўзингни тийяпсан!”,- деб койийди. Ҳалилуллоҳ дарҳол қариянинг ортидан югуриб кўчага чиқиб, унга ялиниб-ёлвориб такрор уйига меҳмонга олиб келади. Қария “Бироз аввал бошқача эдинг, нима бўлди?” деб сўрайди. Иброҳим алайҳиссалом айтиб беради...

Қария “Ё Иброҳим, У душманига илтифот кўрсатмагани учун ўз дўстини озорлади. Раббинг жуда карамли экан. Менга имонни ўргатгин!”- дейди.

*

Ривоят қилинадики, яна бир куни меҳмон излаб, кўчага чиққанида жуда ҳам мажолсиз бўлган қарияни учратади. Уни эшакка миндириб, саодатхонасига олиб келади. Қариянинг қўллари титраб, таомни гоҳ қулоғига олиб боради, гоҳ кўзига. Оғзига солганини ҳам чайнай олмай, бари ерга тўкиларди. Иброҳим алайҳиссалом ғоят таъсирланиб “Ё Рабби, мени ҳам шундай аҳволга тушмасимдан аввал жонимни олгин”- дейди. Қария шахт билан ўрнидан туриб, жонини олади. Чунки у ҳазрати Азроил эди!

 

Икки ракат намоз

Кимки ҳаж нияти билан Байти шарифга келиб, Каъба атрофида тавоф қилса, сўнгра Мақоми Иброҳимга келиб икки ракат тавоф намозини ўқиса, сўнгра Замзам қудуғига бориб сувидан ичса, Жаноби Ҳақ уни худди онасидан туғилган кунидагидек қилиб, гуноҳларидан покиза қилади.  (Ҳадиси шариф)

 

Усмоний халифалиги замонидаги Мақом-и Иброҳим