3. Озар ўгай, Торух ўз ота
Жаноби пайғамбаримизнинг оналари, ота-боболари ўз замонасининг ҳамда юртларининг энг асил, энг шарафли, энг мумтоз ва энг жамил инсонлари эди. Улар орасида Шит, Нуҳ, Худ, Идрис, Иброҳим ва Исмоил каби набийлар (алайҳиссалоту вассалом) бор. Иброҳим алайҳиссалом ўз отаси вафот этгач, онаси амакиси Озарга турмушга чиқишга мажбур бўлади. Ўгай отаси Озар бут ишлаб, сотарди. Ҳазрати Иброҳим бутларни ипга боғлаб, юзтубан судраб, бозорга олиб борар, уларни мазах қиларди.
Сарваримиз изларидан – 3
Тарих бўйича ер юзига тўрт киши тўла ҳукмрон бўлганки, улардан иккиси мўмин, иккиси кофирдир...
Мўминлар Сулаймон алайҳиссалом билан Искандар Зулқарнайн, кофирлар эса Намруд билан Бухтуннасардир. Намруд ҳокимиятининг илк йилларида инсофли ва адолатли бир ҳукмдор эди. Ҳар айтгани айтган, дегани деган бўлгандан кейин кибрга берилиб, илоҳликни даъво қила бошлади. Бўйи баробар ҳайкалларини ясатиб, ҳар тарафга тарқатди. Лекин бир куни кўрган туши унинг тинчини бузди. Тушида ёрқин порлаган бир нурнинг ой, қуёш, юлдузларни хира торттирган, бири келиб, уни тахти билан ағдариб ташлаганини кўрди. Коҳинлар, мунажжимлар яқинда туғиладиган бир гўдакнинг Намрудни расво қилиши, уни ер билан яксон қилиши ҳақида хабар бердилар.
Буни эшитган Намруд дарҳол аёлларни эрларидан ажратиб, бошларига назоратчи қўйдиради. Ўша кунларда Иброҳим алайҳиссаломнинг онаси Амила эри Торуҳдан (солиҳ бир мўминдир) ҳомила эди. Ўғлини яширинча туғиб, бир ғорда сақлашга муваффақ бўлади. Эмизишга борганида уни қорни тўқ ҳолда кўрар, унинг бармоқларидан ёғ, асал, сут ва хурмо шарбати оқарди. Шу сабабли гўдак тез улғаяди. Ғордан неча ёшда чиққанини билмаймиз, лекин балоғатга етмасдан ақл ва фаросатда комил бўлиб, илмлар билан зийнатланади.
Иброҳим алайҳиссаломнинг отаси вафот этгач, онаси амакиси Озарга турмушга чиқишга мажбур бўлади. Озар эса бут ясаб сотишни касб қилган эди. Амакиси ва ўгай отаси бўлмиш Озар бошқа ака-укаларига берганидек, унга ҳам бутларни бериб, бозорга сотиб келиш учун юборарди. Ҳазрати Иброҳим бутларни арқонга боғлаб, юзтубан қилиб судраганча бозорга олиб борарди. Бутларнинг бошларини сувга тиқиб, мазах-масхара қиларди. Кеч кирганда молларни қандай олган бўлса шундайлигича қайтариб олиб келарди. Озар ундан “Нимага сотмадинг?” деб сўрарди. Ҳазрати Иброҳим “Ҳам кўр, ҳам кар бўлса, буларни ким оларди” дерди. Иброҳим алайҳиссалом жуда юмшоқ муомалада бўлиб, амакиси Озарни имонга чақирарди. Озар эса ғазабга миниб, пўписа қиларди. Ўгай ўғлини қўрқитиб, ўзига тобе қилиб оламан деб ўйларди.
Калдоний қавми меҳрижон кунларини тантана билан қутларди. Бутхонага таомларини қолдириб, қирларга сайилга чиқишарди. Шом вақтида шаҳарга қайтиб келиб, бутхонада юкинишиб, қолдирган таомларини уйларига олиб кетишарди. Яна шундай меҳрижон кунида барча қирда юрганида Иброҳим алайҳиссалом бутхонага келиб, таомларни бутларнинг оғизларига тиқиб “Нимага емайсизлар?” деб сўрайди. Сўнгра энг катта бутдан бошқа бутларнинг барчасини чопиб-синдириб, болтани энг катта бутнинг бўйнига осиб қўяди. Халқ бутларининг синиб ётганлигини кўриб, дод-фарёд кўтаради. Иброҳим алайҳиссаломдан шубҳаланиб “Бу ишни сен қилдингми?” деб сўрайдилар. Ҳазрати Иброҳим эса катта бутни кўрсатиб “Кўрмаяпсизларми, у бўйнига болта осиб олибди. Унинг ўзидан сўранглар!” дейди. Халқ: “Улар гапиролмайди-ку” дейди. Шунда Иброҳим алайҳиссалом: “Агар бутлар ўзларини ҳам ҳимоя қилишга қодир бўлишмаса, сизларни қандай ҳимоя қилади? Аҳволларига қаранглар, ҳаммаси бўлак-бўлак бўлиб ётибди”,- дейди. Халқ ҳазрати Иброҳимни тутиб, зиндонга ташлайди. Бу воқеа Намруднинг қулоғига чалиниб “Уни ҳузуримга олиб келинглар!” деб амр этади. Иброҳим Халилуллоҳ Намруднинг ҳузурига кирганида бошқалардай сажда қилмайди. Сабабини сўраганларида “Мен Раббимдан бошқасининг олдида эгилмайман. Зеро тирилтирадиган ҳам У, ўлдирадиган ҳам У”,- дейди. Намруд жуда кибрли эди. Соқчиларига зиндондан икки маҳбусни олиб келишларини буюради. Бирини авф этади, иккинчисининг бошини танасидан жудо эттиради. Сўнгра “Қара бири ўлди, бири қолди. Демак, мен ҳам ўлдириб, тирилтира оламан”,- дейди. Иброҳим алайҳиссалом: “Менинг Раббим қуёшни шарқдан чиқаради, қани кучинг етса, сен ғарбдан чиқариб боққин”,- дейди. Намруд чорасиз қолиб, асабийлашади: “Катта бир гулхан ёқинг ва Иброҳимни ўша оловга ташланглар!”- деб буюради. Нодонликни қаранг... Ҳечам оловдан олтинга зарар келармиди?
Бутпарастлар бир неча кун уринишиб, тоғдай баланд қилиб ўтин йиғишади, ёқилган олов кўкка ўрлайди, ҳатто тафтидан қушлар учиб ўтолмайди. Шу вақтда шайтон бир қари киши кўринишида келиб, Намрудга ақл ўргатади: “Гулханнинг тутуни бўлади, алангаси бўлади, яна яқинига боролмадик деб бу ишдан воз кечиб юрманглар. Келинглар яхшиси мен сизларга палаҳмон ясашни ўргатаман.”
Фаришталар ҳазрати Иброҳимнинг олдига келиб “Жаноби Ҳақ шамолни амримизга берди, гулханни учириб кета оламиз. Сувлар амримизга берилди, сўндира оламиз. Тупроқ амримизга берилди, юттириб юбора оламиз” дейишди. Иброҳим алайҳиссалом “Йўқ, дўст билан орамизга тушманглар. Ёнадиган бўлсам, ўз қусуримдандир, сабр қиламан. Қутуладиган бўлсам, лутфу инояти сабаблидир, шукр қиламан”,- деди.
Шунда бир чумчуқнинг тумшуғида сув ташиётганлигини кўрадилар. Ундан “Тумшуғингдаги озгина сув нима ҳам бўларди?” деб сўрайдилар. Чумчуқ “Оловни ўчира олмаслигимни мен ҳам биламан, лекин ўзимнинг ким тарафда эканлигимни билдиряпман”,- дейди.
Иброҳим алайҳиссаломнинг палаҳмонга жойлашганида “Хасбиаллоҳ ва нималвакил”,- дейди. Палаҳмон отилиб, ҳавога кўтарилганида Жаброил алайҳиссалом келиб “Нима истагинг бор?” деб сўрайди. Иброҳим алайҳиссалом “Истагим бор, лекин сендан эмас”,- дейди. Жаброил алайҳиссалом: “У ҳолда Аллоҳу таолодан сўрагин”- дейди. Иброҳим Ҳалилуллоҳ: “Раббимга ҳамма нарса маълум. Олов кимнинг амри билан ёнмоқда? Ҳалил Жалилнинг ишидан розидир”,- дейди. Шунда шундай амр келади: “Эй олов! Иброҳим учун салқин ва безиён бўл!” Буни эшитиб, Иброҳим алайҳиссалом йиғлашни бошлайди. Фаришталар нимага йиғлаётганини сўрайдилар. Иброҳим Ҳалилуллоҳ “Бу хитоб оловга насиб бўлди. Шу нидо менга келганида эди, ёнишга ҳам рози эдим”,- дейди. Кейин нима бўлгани ўзингизга маълум... Гулхан гулистонга айланади, қушлар, гуллар, шаффоф сувлар...
Имтиҳон дунёси
Намруд шундай мўжизага гувоҳ бўлган, эс-хуши тиниқлашиб, икки олов орасида қолган эди. Бир томонда ҳақиқат, нариги томонда салтанат. Вазирлари (астағфируллоҳ) “У кўкларнинг илоҳи бўлса, ер сизга тегишли”,- деб уни куфрида қолишга чақиришарди.
Намруд ҳақни тан олиб, Иброҳим алайҳиссаломга “Сенинг Раббинг жуда улуғ ва қудратли экан, Унга атаб тўрт минг сигир қурбон қилмоқчиман”,- дейди. Иброҳим Ҳалилуллоҳ: “Сен аввал тўғри йўлга киргин, имон келтиргин”- дейди. Намруд: “Шу қўлимдан келмайди-да, шундай салтанатдан воз кечиш осонми”,- дейди. Шундай кўриниб турган мўъжизага калдоний қавми ҳам ўжарлик қилиб ишонмайди, аксинча адоват ва душманликлари ортади. Намруд эса ёлворишга тушади: “Сен туфайли обрў-эътиборимга путур етди. Бу ерлардан кета қолгин, илтимос!”
Шу кунларда ҳижрат ҳақида амр келади. Иброҳим алайҳиссалом ёнига жияни Лут (алайҳиссалом) ва амаки қизи Сорани олиб, Бобилдан чиқади. Аввал Ҳарронга боради, сўнгра Шомга.
Бу орада Бобил шаҳрини чивинлар булутдек босиб, инкорчиларнинг қонларини сўриб, қуритишади. Кичкина бир чивин Намруднинг бурнига кириб олиб, то ичкарироққа ўрмалайди. Калласида чивин ғинғиллашни бошлаганида Намруд бунга чидай олмай, бошини тўқмоқлаб туриши учун хизматчи ҳам тайинлаб қўяди. Охири бу иш хизматчиларининг ҳам жонига тегиб, тўқмоқ билан қаттиқроқ уриб, калласини пачоқлайдилар. Ҳолбуки у ер юзига ҳоким бўлган тўрт ҳукмдорнинг бири эди. Иброҳим алайҳиссалом охир-оқибат Мисрга кўчиб ўтади. У ерда Синон бин Уълвон исмли ахлоқсиз бир малик бор эди. Иброҳим алайҳиссаломнинг амаки қизи бўлган Соранинг ҳусни-жамолига мафтун бўлиб, унга соҳиб бўлишга уринади. Золим малик унга энди қўлини узатганида аъзолари ишламай, ранги оқариб, оғзи кўпириб, нафаси тиқилади. Сорага тегилолмай тутқаноқ касалига учрайди. Бундан қўрқиб кетган малик уларга ўз малайлари орасидан Ҳожар исмли бир хизматчисини ҳадя қилиб, ўзидан узоқлаштиради.
Ҳожар солиҳа қиз бўлиб, ҳар ишида Аллоҳнинг розилигини изларди. Карвон билан қайтиб, Фаластинга жойлашадилар. Иброҳим алайҳиссалом қазиган қудуқдан сув отилиб чиқади. Атрофлари яшилга бурканади, лекин одамлар очкўзлик қилиб, қудуқларини олиб қўйишади.
Иброҳим алайҳиссалом Қист номли бир балдага кўчиб ўтиб жойлашади. Чўпонлик қилиб, қўй боқа бошлайди. Аллоҳу таоло ишига барака бериб, суруви 12 мингга (қўйлар сони эмас, сурув!) етади. Олтинга қиймат бермайди, уни итларининг бўйнига тасма қилиб тақади.
Бир куни Жаброил алайҳиссалом йўловчи қиёфасида келиб, ундан сўрайди: “Бу сурувлар кимники?” Иброҳим алайҳиссалом: “Булар бизга омонат, ҳақиқий эгаси Раббимдир”,- дейди. Жаброил алайҳиссалом: “Менга сотасанми?” деб сўрайди. Ҳалилуллоҳ: “Бир марта Аллоҳ дегин-да, сурувларнинг учдан бирини ола қол”,- дейди. Жаброил алайҳиссалом уч марта “Аллоҳ” деб айтади. Иброҳим алайҳиссалом молининг тамомини унга тортиқ қилиб юборади. Зеро, қалби калимаи тавҳиднинг лаззати билан шод бўлганди. Жаброил алайҳиссаломга “Яна бир марта айтгин, сенга қул бўлайин”,- дейди. Жаброил алайҳиссалом: “Бу имтиҳон эди. Молинг ўзингга хайрли бўлсин!”- дейди. Ҳалилуллоҳ эса: “Мен Аллоҳ учун берганимни қайтиб ололмайман”,- дейди.