Ибодат нима?
Ибодат – деб, бизни ва бутун мавжудотни йўқдан бор қилган ва ҳар дақиқада кўринадиган ва кўринмайдиган бало-қазолардан асраб турган, ҳар дақиқада турли неъматлар, яхшиликлар бериб парвариш қилаётган Аллоҳу таолонинг амрларига ва таъқиқларига амал қилишга айтилади.
Ибодат – деб, Аллоҳу таолонинг муҳаббатига мушарраф бўлган пайғамбарларга, авлиёларга, олимларга ўхшаш учун ҳаракат қилишга, уларнинг айтганларини адо этишга ва уларга тобе бўлишга айтилади.
Инсонга битмас-туганмас неъматлар, ризқлар юбориб турган Аллоҳу таолога кучи етгунча шукр этиш, ҳар бир инсоннинг инсонлик ёки қуллик вазифасидир. Оқил инсонларга ярашадиган бу вазифа ҳам қарз, ҳам фарздир. Лекин, инсонлар ўзларининг қусурли, ожиз, қисқа ақллари билан Аллоҳга “жалла жалолуҳу” қандай қилиб шукр қилиш кераклигини ҳеч қачон топа олмаганлар. Шукр ва ҳурмат мақсадида бажариладиган вазифалар Аллоҳу таоло тарафидан билдирилмагунча, инсонларнинг шукр ва ибодат қилаяпман деб ишлаётан нарсалари, ширк ёки ҳақорат бўлиши ҳам мумкин.
Ана шунинг учун инсонларнинг Яратганга қалб, тил ва бадан билан ўташи керак бўлган шукр қарзи, қуллик вазифалари Аллоҳу таоло тарафидан билдирилган бўлиб, Унинг суюкли пайғамбари тарафидан бизларга таблиғ қилинди.
Аллоҳу таоло амр этган қуллик вазифаларига Исломият дейилади. Аллоҳга қилинадиган шукр пайғамбарининг йўлидан юриш орқалигина адо этилиши мумкин. Пайғамбар йўли эса, Аҳли суннатнинг мазҳаб имомларига тобе бўлиш орқали топилади. Ўша йўлдан юрмаган, четга чиққан кимсаларнинг ҳеч бир шукрини, ҳеч қайси ибодатини Аллоҳу таоло қабул қилмайди ва улардан рози бўлмайди.
Демакки, эси-хуши жойида бўлган ҳар бир банда Аллоҳу таолога шукр ва ибодат қилиши учун, Муҳаммад алайҳиссаломнинг кўрсатган йўлидан юришга мажбурдир. Ул сарварга тобе бўлган киши, шубҳасиз мусулмондир. Аллоҳу таолога шукр қилишга, яъни пайғамбарга тобе бўлишга эса Ибодат қилиш дейилади. Исломият икки қисмга бўлинади:
1. Қалб билан эътиқод қилиниши, ишонилиши керак бўлган нарсалар.
2. Бадан ва қалб билан бирга адо этиладиган ибодатлар.
Бадан орқали бажариладиган ибодатларнинг энг улуғи намоздир. Мукаллаф бўлган ҳар бир мусулмоннинг кунда беш вақт намоз ўқиши фарздир.