Инсон яратди

Бир Аллоҳга айтай хамду санолар,

Бир қисм тупроқдан инсон яратди.

Тан қафасин қилмоқ учун мунаввар,

Жон нуридан шамъи-тобон яратди.

 

Кўрмакка кўз берди, тилга мақолат,

Жонни қўйди танда беш кун омонат,

Азалда ҳаркимга қилса иноят,

Кўкрагинда нури иймон яратди.

 

Аввало яратди Одам отани,

Анга жуфт айлади Ҳавво онани,

Фирдавси аълода эди макони,

Анга душман малъун шайтон яратди.

 

Ҳақдан нузул бўлди Мусога “Таврот”,

“Инжил” васфин Исо айлади исбот,

Довуд “Забур” ўқиб, қилди муножот,

Муҳаммад шонинда “фурқон” яратди.

 

Муҳаммадни сарвар айлаб жаҳона,

Деди: “Пайғамбардур охир замона ”,

Жабройилдан ваҳй эндириб равона,

Кофирларга Шоҳимардон яратди.

 

Бирин паст айлади, бирин сарбаланд,

Бирни фақир айлаб, бирни давлатманд,

Бирни хор айлади, бирни аржуманд,

Бирни гадо, бирни султон яратди.

 

Овозаси етиб Рум-у Яманга

Миср, Шому Ҳиндистону Даҳанга,

Донғи кетиб Хитой билан Хўтанга,

Бир амири соҳиб-қирон яратди.

 

Салтанати беклар ичра шаҳона,

Шижоат баҳрида дурри ягона,

Эшмуҳаммад шоҳдан қолди нишона,

Тангрим ани марди майдон яратди.

 

Қаро ердан яшил сабза кўкартиб,

Ҳар ёғочдан турли мева чиқартиб,

Кун-кундан боғларнинг меваси ортиб,

Гул очилиб, боғу бўстон яратди.

 

Маҳдумқули айтар, Ҳаққа ситойиш,

Ҳар мушкил ишимга сенсан кушойиш,

Кечаю кундузга бериб намойиш,

Хуршид ила моҳи тобон яратди.