Севишганлар куни (Валентин куни)
Савол: “Валентин куни” деб номланувчи севишганлар кунини нишонлаш, ҳадя олиб-беришнинг зарари борми?
Жавоб: Бу кун худди оталар, оналар кунидек оддий бир кун, холос. Агар ғайридинларнинг диний ҳиссиёт ва мақсадларига алоқаси бўлмаган, шунчаки дунёвий мақсадларда белгиланган кун бўлса эди, уни нишонлашнинг зарари бўлмасди . Яъни янги турмуш қурганлар, эр-хотин бир-бирига ҳадя беришлари мумкин бўларди. Лекин ҳозирги кунда "севги-муҳаббат" деганда беникоҳлар орасидаги ношаърий, яъни исломга зид бўлган, ўйнаш орттириш назарда тутилади. Бу эса асло жоиз эмас, ҳаром бўлган нарса эса, умуман нишонланмайди. Дунёвий одат бўлган нарса жоиз, лекин ушбу одат динимизга зид бўлса, нишонланмайди.
Қуйида келтирилган насроний ҳикояси тўғри бўлса, севишганлар кунини нишонлаш бир попнинг ёшларни шаҳвоний орзулари учун топиштиришини нишонлашдек бўлади. Ундай ғайридинларнинг байрамларини нишонлаш эса ғоят таҳликалидир.
Валентин (севишганлар) кунининг тарихи
Золимлиги билан машҳур бўлган Рим императори Клавдий II катта қўшин тўпламоқчи бўлади (м.к. 200). Клавдий II ўз аскарларининг жангу-жадаллар, ҳарбий юришлардан чалғимасликлари, оилаларига боғланиб қолиш важидан узоқ муддатли муҳорабалардан бўйин товламасликларини назарда тутиб, уларнинг уйланиб оила қуришларини таъқиқловчи фармон чиқаради. Лекин поп Валентин ёшларнинг хоҳиш-истакларига монанд, уларни махфий равишда никоҳлар эди. Бундан хабар топган император уни қамоққа ташлайди. Маҳбусликда эканида, у қамоқхона бошлиғининг қизи Жулия билан танишади, унинг ожиз кўзларини даволайди.
Қамоқхона бошлиғи жигаргўшасини даволагани учун миннатдорчилик сифатида Валентинни озод этишга уриниб кўради, аммо бунинг уддасидан чиқолмайди. Император уни олий жазо – ўлимга ҳукм этади. У ўлимидан аввал Жулияга кўнглини очиб, изҳори дил мактуб юборади ва у билан видолашади. Валентинни 14 февраль куни қатл қилишади.
Шундан кейин ҳар йил 14 февраль куни поп Валентинни хотирлаш учун беникоҳ севишганлар тарафидан қутланади.
Шунга кўра, насронийлар Валентинни бир-бирига кўнгил қўйган ёшларнинг ҳомийси деб билиб, унинг шарафига 14 феврални «Севишганлар куни», «Азиз Валентин куни» сифатида байрам қилишади. Ушбу сана 496 йили Рим папаси Геласий I томонидан Католик черковининг муҳим байрамлари рўйхатига киритилган, 1969 йили эса Пол VI томонидан бу байрам рўйхатдан олиб ташланган экан. Шундай бўлса-да, ғарбда насронийлар орасида бу кунни зўр тантана билан нишонлаш одати сақланиб қолган.