Авлиё қабрини зиёрат қилиш
Савол: Бир авлиёнинг қабрини зиёрат қилаётганда нималарга эътибор бериш керак?
Жавоб: Саййид Абдулҳаким Арвосий ҳазратлари бу ҳақда шундай деганлар: Буюк бир зотнинг қабрини зиёрат учун борган одам агар унга робита қилса, яъни дунё ишларини ўйламасдан, қалбига-ҳаёлига ҳеч нарса келтирмай, у зотнинг руҳини сезги органлари орқали сезилмайдиган бир нур деб фараз қилиб, буни қалбига келтирса, ўша руҳдан зиёратчининг қалбига файз оқиб кела бошлайди. Чунки авлиёларнинг руҳлари файз манбаидир. Манбани қалбига олиб келган киши унинг файзига, неъматига, билинмайдиган эҳсонларига албатта эришади. Шу тариқа руҳи қувват олиб, комиллашади.
Қабр ёнига келганда аввало салом берилади. Қабрнинг ўнг томонига, яъни қибла тарафига, майитнинг оёқ учига яқинроқ турилади. Худди аввал кўргандай қабрдаги зотнинг қиёфаси ҳаёлан хотирга келтирилади. Аузу-бисмиллоҳ билан 1та Фотиҳа, 11 марта Ихлос сураси ўқилади. Ҳосил бўлган савоб сарваримиз жаноби Расулуллоҳнинг, барча пайғамбарларнинг, Асҳоби киром ва авлиёнинг руҳларига ҳамда қабрдаги зотнинг руҳига ҳадя қилинади. Қабрдаги зотнинг руҳига қалбан боғланишга ҳаракат қилинади. Яъни унинг руҳи худди бир нурдек тасаввур қилиниб қалбга жойланади. Қалбида баъзи нарсалар ҳис қилингунча шу вазиятда турилади. Агар зиёратчида олиш қобилияти бор бўлса, қабрдаги зот ҳам бера олишда уста бир валий бўлса, шартларига риоя қилинган ҳолда сабр билан кутилса, албатта баъзи нарсалар қўлга киритилади.
Бу шартлар – у зотнинг ўзини таниганига, саломига алик олганига, руҳининг комил, етук эканлигига, руҳининг бирон замон ё маконга боғлиқ эмаслигига, қаерда ҳурмат билан эсланса, шу ерда ҳозир бўлиб, файз бера олишига; Аллоҳу таолонинг руҳнинг озуқаси бўлмиш файзни айнан ўша зотнинг руҳи орқали юборишига ишонишдир.
Узум егиси келган одам боққа кириб, олча дарахтига осилмайди, балки токдан узиб олади. Сув қидирган киши дарахтга, ўчоқ бошига эмас, аксинча булоқ бошига, чашмага боради. Даво излаган бемор дўконга эмас, шифохонага боради. Худди шунингдек қалбининг озиғини, руҳининг тозалигини талаб қилган толиб ҳам авлиёнинг қабрига боради. Аллоҳу таоло бу неъматларни авлиёларнинг қабрларидан тарқатмоқда. Ҳамма нарсани яратган ва тарқатадиган Аллоҳу таоло. Лекин барча нарсани маълум бир сабаб билан бериш-узатиш Унинг одатидир. Унинг неъматига муяссар бўлишни истаган одам яна Унинг одатига бўйсуниши, эргашиши ва сабабини топиб-ўрганиб, ўша сабабларига мурожаат қилиши керак. Истаган нарсасига етказувчи сабабларни сўраб-суриштириш ва уларни билиб олишдан бош тортиш Аллоҳу таолонинг одатига бўйсунмаслик, унинг одатини ўзи учун ўзгартиришини талаб қилиш бўлади. Бир қабрдан файз ола билиш учун қабрда ётган зотга нисбатан худди у зот ҳаётдек одоб ва ҳурмат кўрсатиш керак. (Р.Шарифа)