Кимларга салом берилмайди
Савол: Кимларга салом берилмайди?
Жавоб: Қуйидаги кишиларга фақат шу қуйидаги ҳоллардагина салом берилмайди:
1. Намоз ўқиётганга;
2. Хутба ўқиётган кишига ва уни тинглаётганга;
3. Қуръони карим ўқиётган кишига ва уни тинглаётганга;
4. Ваъз айтаётган кишига ва уни тинглаётганга;
5. Фиқҳ дарсида ўтирган кишига;
6. Дин дарси бераётганга ва дин дарси билан машғул бўлганларга;
7. Турмуш ўртоғи билан машғул бўлганга;
8. Аврат ери очиқ бўлганга;
9. Таҳорат бузаётган кишига;
10. Овқатланаётган кишига.
Рўйхат бошида келтирилган иккита ҳолатдан ташқари, бошқаларга салом берилса, алик олиш мажбурияти бўлмаса ҳам, саломига жавоб беришлари яхшироқ бўлади.
Қуйидагиларга эса, ҳеч қачон салом берилмайди:
1. Бегона қизларга ва ёш аёлларга;
2. Қиморбозга ва ўйин ўйнаётганларга;
3. Спиртли ичимлик ичаётганларга;
4. Ғийбат қилаётганларга;
5. Чолғу асбоби чалаётганларга;
6. Фосиқларга (очиқча гуноҳ қиладиганларга);
7. Бегона аёлларга шаҳват билан қараб ўтирганларга;
Салом бериш жоиз бўлмаган бу кишилар ўзлари салом берса, алик олинади. Зарур бўлганда, ишимиз тушганда, юзлашиб қолганда фитна чиқмаслиги учун салом берилади.
Ғайри муслимларга фақат ишимиз тушганда "ассалому алайкум" деб эмас, балки бундан ўзгача кўринишдаги маҳаллий саломлашиш турларидан биттасини ишлатган ҳолда салом берилади ва улар берган саломга ҳам яна шу тарзда алик олинади.
Бидъат аҳлига ҳам эҳтиёж бўлган вақтдагина салом берилади.
Бойларга фақат бой бўлгани учун салом бериш жоиз эмас.
Тиланчининг тиланаётганда берган саломига алик олиш шарт эмас.
Савол: Хусуф ва кусуф намозлари қандай намоз, улар қандай ўқилади?
Жавоб: Бу икки намоз нофила намоздир. Кусуф намози қуёш тутилганда, хусуф намози эса ой тутилганда ўқилади.
Кусуф намози
Қуёш тутилган вақт жума намозини ўқитадиган имом азонсиз ва иқоматсиз камида икки ракат намоз ўқитади. Намозни овоз чиқариб ёки овозсиз ўқиши мумкин. Қироатда узун сура ўқиган яхши. Намоздан кейин ҳам қуёш очилгунга қадар қиблага қараб ёки жамоатга ўгирилиб ўтириб дуо қилади. Бундай имом топилмаса, бу намозни ҳар ким ўзи уйида алоҳида ўқийди. Саҳрода, далада ҳам ўқиш мумкин.
Кусуф намозида имом Аъзам, имом Молик ва имом Аҳмадга кўра хутба ўқилмайди, имом Шофеъийга кўра эса, намоздан кейин хутба ўқиш мустаҳабдир.
Хусуф намози
Ой тутилганда ҳар кимнинг ўз уйида алоҳида қуёш тутилганда ўқиладиган намоз каби қироатни овоз чиқариб ёки овозсиз икки ёки тўрт ракат намоз ўқиши яхши бўлади. Бу намозни масжидда жамоат билан ўқиш ҳам жоизд Намоз икки ракат қилиб ўқилса бомдоднинг суннатидек, тўрт ракат қилиб ўқилса, асрнинг илк суннатидек ўқилади.