Тез аччиқланиш
Савол: Мен жуда тез аччиқланаман. Катта-кичиклигига қарамай, қўпол гапириб юбораман. Аччиғимни боса олишим учун нима қилишим керак?
Жавоб: Аччиғини босиш учун диннинг амрларига бўйсуниш керак, бунинг гуноҳ эканлигини билиш лозим. Инсон билиб туриб қизишиб, ғазабланмайди. Ғазабланса ҳам, аччиғини боса олади. Чунки динимиз ғазабланмасликни эмас, жаҳлини боса олишни амр этмоқда. Ҳар бир инсон аччиқланиши мумкин, фақат қизишиб, дин чегараларидан ташқарига чиқмаслиги, зарарли иш қилмаслиги керак.
Ғазабланган вақтда аузу бисмиллоҳ билан икки қул аузуни ўқиш керак. Жаҳл чиққанда ақл кетади. Исломият белгилаган чегарадан чиқиб кетади. Қуйида бунга боғлиқ бир неча ҳадиси шарифлар келтирилган:
“Ғазабланган кимса истаганини қилишга кучи етгани ҳолда юмшоқ муомалада бўлса, Аллоҳу таоло унинг қалбини ҳаловат ва имон билан тўлдиради.” (Ибни Абуд Дунё)
“Жаҳл шайтоннинг васвасасидан ҳосил бўлади. Шайтон эса оловдан яратилган. Олов сув билан ўчирилади. Шу сабабли ғазабланганингизда таҳорат олинг.” (Абу Довуд)
“Ғазабланган кимса оёқда турган бўлса, ўтирсин. Шунда ҳам жаҳли босилмаса, ётсин.” (Абу Довуд)
Оёқда тик турган кишининг интиқом олиши осон. Ўтирганда эса имконияти камаяди. Ётганда ундан ҳам камаяди. Жаҳлланиш кибрдан туғилади. Ётиш кибрнинг камайишига сабаб бўлади. Жаҳлланганда “Аллоҳуммағфирли занби ва азҳиб ғайза калби ва ажирни минашшайтон” дуосини ўқиш ҳадиси шарифда билдирилган. (Ибни Синний)
Маъноси: Ё Рабби, гуноҳимни авф эт. мени қалбимдаги ғазабдан ва шайтоннинг васвасасидан қутқар.
Савол: Қўл соатларнинг ойналари чизилиб кетмаслиги учун сапфирдан, корпусларини эса чидамли бўлиши учун титандан ясашади. Бу иккаласи ҳам олтиндек қимматбаҳо. Бу соатларни қўлланиш ҳаром эмасми?
Жавоб: Бунинг ҳеч зарари йўқ. Платина ҳам қимматбаҳо металдир. Олтиннинг ҳаром бўлиши қимматбаҳо бўлганлиги сабабли эмас. Кумуш арзон бўлишига қарамай кумуш қошиқ, кумуш пичоқ ҳам жоиз эмас. Темир эса жуда арзон, аммо темирдан узук жоиз эмас. Бир нарсанинг ҳалол ёки ҳаром эканлиги динимизнинг амри билан билинади. Ўзимизча қиёслаб, у нарса ҳаром бўлса, бунда ҳам шу хоссалар бор, демак бу ҳам ҳаром дейишимиз асло жоиз эмас.