Қирқ рақами ҳақида
Савол: Кўплаган дуоларни қирқ кун ўқиш кераклигини айтадилар. Қирқ куннинг аҳамиятли томони борми?
Жавоб: Қирқ рақами кўп бажариш билдирилган ишларда энг оз қилиниши лозим бўлган миқдордир. Бир киши бир дуони кўп ўқимоқчи бўлса, камида қирқ марта ўқиши лозим. Тирноқ олишни, қўлтиқ ва қўпол аврат атрофидаги тукларни тозалашни қирқ кундан кечиктириш гуноҳ бўлади. Солиҳ қариндошини ҳам қирқ кундан ошмасдан зиёрат қилиб туриш керак. (С.Абадия)
Қирқ кун бомдод намозининг суннати ва фарзи орасида қирқ бир марта Фотиҳа ўқилади. Бисмиллоҳнинг охиридаги “Мим” ҳарфини Фотиҳадаги “Лом” ҳарфи билан қўшиб ўқиса, қилинган дуо қабул бўлади. Сувга уфланиб хастага ёки сеҳр-жоду қилинган одамга ичирилса, шифо топади ва сеҳр-жодудан қутулади. (Тафсир-и Азизий)
Қирқ рақами билан боғлиқ бўлган ҳадиси шарифлардан баъзиларини қуйида келтириб ўтамиз:
“Ҳар кеча қирқ оят ўқиган кимса ғофиллардан бўлиб ёзилмайди.” (Байҳақий)
“Қирқ киши бир жамоатдир. Улар бир майитга дуо қилсалар, Аллоҳу таоло бу майитни авф этади.” (Бухорий)
“Ширкдан узоқ бўлган қирқ мўмин бир мусулмоннинг жанозасини ўқисалар, Аллоҳу таоло, муҳаққақ, бу мўминларнинг дуоларини қабул этиб, майитни авф этади.” (Муслим, Абу Довуд)
“Қирқ кун ичида илм суҳбатида бўлмаган кимсанинг қалби қораяди. Катта гуноҳ бўлган ишларни қилишни бошлайди. Чунки илм қалбга ҳаёт беради. Илмсиз ибодат бўлмайди. Илмсиз ибодатнинг фойдаси бўлмайди!” (Ҳазанат-ур ривоят, М.Раббоний)
“Қирқ кун ихлос билан исломиятга эргашган кимсанинг қалбини Аллоҳу таоло ҳикматга тўлдиради.” (Абу Нуайм)
“Қирқ кун ҳалол луқма еган кимсанинг қалбини Аллоҳу таоло нур билан тўлдиради. Қалбига ҳикматни дарёдек оқизади. Дунё севгисини қалбидан чиқаради.” (Абу Нуайм)
“Фол очтирган киши фолчига ишонмаса ҳам, қирқ кун намози қабул бўлмайди.” (Муслим)
“Ҳақдан ботилни ёки ҳидоятдан далолатни ажратиш учун илмдан бир мавзу ўрганиш нияти билан уйидан чиққан кимса, бир обид кишининг қирқ йиллик ибодати каби ажр олади.” (Дайламий)
“Тўрт тарафидаги қирқ уй қўшни ҳисобланади.” (И.Ҳиббан)
“Аллоҳу таоло розилиги учун ҳалол ва ҳаромни англатадиган қирқ ҳадисни умматимга билдирган киши охиратда олим сифатида қайта тирилади.” (Абу Нуайм) (Олимлар шу сабабли “Қирқ ҳадис” номи билан ҳадис китоблари ёзганлар.)
“Бир кўрни қўлидан тутиб, қирқ қадам олиб юрган кишига Жаннат вожиб бўлади.” (Табароний)
“Бир хаста қирқ марта “Ла илоҳа илла анта субҳонака инни кунту миназзолимин” дуосини ўқиса, шаҳид бўлиб вафот этади. Агар шифо топса, гуноҳлари кечирилади.” (Нажот-ул мусалли)
“Қирқ ёшдан ошган кимсанинг хайрли ишлари (савоблари) ёмон ишларидан (гуноҳларидан) кўп бўлмаса, Жаҳаннамга тайёрланаверсин.” (И.Ғазолий)
“Қирқ ёшга кирган ҳолда гуноҳларига тавба этмаган кимсанинг юзини шайтон силаб “Бу ортиқ қутулолмайди” дейди.” (И.Ғазолий)
Имон билан вафот этиш учун қуйидаги дуони кунда қирқ марта ўқиш керак:
“Ё хаййу ё қаййум ё залжалоли вал икром ё ла илоҳа илла анта.”