Уйда ҳеч ким бўлмаса
Савол: Уйга ёки масжидга кирганимизда ичкарида ҳеч ким бўлмаса, салом беришимиз керакми?
Жавоб: Ҳеч ким бўлмаса “Ассалому алайна ва ала ибодиллаҳиссолиҳин” деб салом берилади. Чунки уйимизда ва масжидда фаришталар бўлади. Елкаларимизда ҳам фаришталар бор. Уларнинг барчасига салом берган бўламиз.
Савол: Бир қиз билан кўришиб-гаплашиб турамиз. Учрашганда қўл ушлашиб, сайр қиламиз. Бир-биримиз билан гаплашишимиз ва қўл ушлашиб юришимиз зино ҳисобланадими?
Жавоб: Ёлғиз “зино” дейилганда жинсий алоқа тушунилади. Қизга боқишингиз бу кўз зиносидир. Гаплашишингиз эса тил зиносидир. Ҳадиси шарифда: “Кўзларнинг зиноси боқмоқ, қулоқнинг зиноси эшитмоқ, тилнинг зиноси гаплашмоқ, қўлнинг зиноси тутмоқ, оёқларнинг зиноси юрмоқдир” деб буюрилди. (Бухорий, Муслим, Абу Довуд)
Савол: Дўстларимнинг бошига мусибат тушса, улар учун қайғуролмайман. Ҳатто севинаман. “Ажаб бўпти” дейман. Бошқасининг бошига тушган мусибатга севиниш ҳақида динда нима дейилган?
Жавоб: Бу жуда ёмон хулқ. Бунга тавба-истиғфор қилиш керак. Атрофдаги инсонларнинг ишлари яхши бўлиб кетиши учун дуолар қилиш лозим. Чунки худди шу нарсалар сизнинг ҳам бошингизга келиши мумкин. Ҳадиси шарифда: “Мусулмон биродарингни бошига тушган мусибатга зинҳор қувонма. Чунки, Аллоҳу таоло марҳамат қилиб, уни ўша фалокатдан қутқариб, айни мусибатларни сенинг бошингга солиши мумкин” деб буюрилди. (Термизий)
Савол: Бир танишим дўстининг аёлини олиб қочиб, унга уйланди. Бу қилган иши исломиятга мосми?
Жавоб: Бу иши уч жиҳатдан тўғри эмас:
1) Бошқасининг аёлини йўлдан оздириш катта гуноҳ ҳисобланади. Ҳадиси шарифда: “Ўзганинг аёлини йўлдан оздириб, алдаганлар биздан эмас” дейилган. (Абу Довуд)
2) Эри бу аёлни талоқ қилмасдан аввал, ҳеч ким унга уйлана олмайди. Бирга яшашлари зино бўлади.
3) Эри аёлининг қочиб кетганини эшитиши билан дарҳол талоқ қилса ҳам, иддат муддати тугамагунча унга уйланиш мумкин эмас. Агар уйланса, зино бўлади.
Бир кимса ўзганинг аёлини йўлдан урса, бошқа биров ҳам чиқиб унинг аёлини йўлдан уриши мумкин. Ота-боболаримиз “Бировга чоҳ қазисанг, унга ўзинг тушасан” деганлар. Ҳадиси шарифда марҳамат қилиндики: “Ўзингиз номусли бўлсангиз, аёлингиз ҳам номусли бўлади.” (Ҳаким)
Эрига хиёнат қилиб қочиб кетган аёл бирга қочган эркакка ҳам хиёнат қилиши мумкин. У эркак билан нима учун қочган бўлиши мумкин? Ё бойлиги учун, ё чиройи учун ёки ёш бўлгани учун. Қандай сабаб билан бўлмасин, ундан ҳам бойроғи, ундан ҳам чиройлироғи, ундан ҳам ёшроғи учраб қолса, у билан ҳам қочиб кетмаслигига ким кафолат бера олади? Аллоҳдан қўрқмаган кимса, ҳар нарса қилиши мумкин.