Исо Масиҳ таваллудини (Рождество) нишонлаш жоизми?
Савол: Янги йилни ва Исо Масиҳ таваллудини (Рождество) нишонлаш жоизми?
Жавоб: Янги йил билан Рождество бир-биридан тубдан фарқ қилади. Рождество насронийларнинг диний маросими. Буни нишонлаш заруратсиз жоиз эмас. Янги йилнинг инсонлар учун, мусулмонлар учун хайрли бўлишини тилаш ёки “Янги йилинг қутлуғ бўлсин!” деган одамга жавобан “Сенга ҳам қутлуғ бўлсин!” дейиш жоиз. Аммо бу кечага ўзгача эътибор қаратмаслик, бошқа кечалардан алоҳида ажратмаслик керак. Масалан, бу кеча уйини арча билан безамаслик, курка пишириб емаслик лозим. Айниқса, муборак бир кеча ҳисоблаб, мавлуд ўқитиш, суҳбатлар ташкиллаш умуман тўғри эмас.
Савол: Кўпчилик одамлар Аллоҳдан, Жаннатдан, Жаҳаннамдан гапирадилар. Ҳозирги кунда илм-фан буларнинг хурофот эканлигини, ҳеч қандай яратувчи йўқлигини, ҳамма нарсанинг тасодифан пайдо бўлганлигини, ўлгандан кейин ҳамманинг тупроққа айланишини, ҳеч кимнинг қайта тирилмаслигини таъкидламоқда. Охир-оқибат ҳамма барибир даҳрий, атеист бўлади, Аллоҳга ишонадиган одам қолмайди. Шу тўғрими?
Жавоб: Ҳамма нарсанинг тасодифан пайдо бўлганлигини фан эмас, атеистлар даво қилишяпти. Фан эса айнан аксини таъкидламоқда. Бир чумоли ёхуд бир буғдой донасини ҳам ярата олмаган даҳрийнинг (атеист) муаззам мавжудот бўлган одамнинг ўз-ўзидан пайдо бўлганини валдираши хурофотми ёки бир Яратувчининг борлигига ишониш хурофотми? Қуёш, ой, юлдузлар, коинотдаги бутун махлуқот ўз-ўзидан пайдо бўлдими?
Миллионлаган махлуқлар тадқиқ этилса, ҳар бирида тасодифан рўй бериши имконсиз бўлган не-не хариқалар (ажойибот)ни кўриш мумкин. Масалан, қуёш ерга нисбатан ҳозирги турган ўрнидан озгина яқинроқ жойлашганда ҳамма нарса ёниб кул бўлар, ҳаёт бўлмасди. Аксинча бироз узоқ бўлганида эди, совуқлигидан яна ҳаёт бўлмасди.
Ҳазрати Али қайта тирилишига ишонмайдиган бир даҳрийга айтдики: “Биз охиратга ишонамиз. Борди-ю сенинг гапинг тўғри чиқиб, қайта тирилиш бўлмаса ҳам, биз ишониб ибодат этганимиз учун ҳеч нарса йўқотмаймиз, бунинг бизга умуман зарари йўқ. Борди-ю бизнинг ишонганимиздек чиқадиган бўлса, у ҳолда сен Жаҳаннамда абадий қоласан.”
Даҳрий ўз эътиқоди бўйича, ўлгандан кейин йўқ бўлиб кетади. Исломиятга кўра эса, у Жаҳаннамда мангу азоб чекади. Исломиятга ишонганлар эса чексиз неъматлар ичида яшайдилар. Ақлли, билимли одам бу иккисидан албатта иккинчисини танлайди. Абадий азобда қолиш заиф бир эҳтимол бўлган тақдирда ҳам ақлли инсон бунинг чорасини кўради. Ҳолбуки охират ҳаёти шунчаки бир эҳтимол эмас, очиқ-ойдин ҳақиқатдир. Қани қай бир нарса ўз-ўзидан яратилган? Ўз-ўзидан пайдо бўлган бирон-бир мавжудот борми? Шундай экан, эс-ҳуши, ақли жойида бўлган инсоннинг Аллоҳга ва охиратга ишониши керак.