Савдолашиш - суннатдир
Савол: Бирон нарса сотиб олаётганда албатта савдолашиш шартми?
Жавоб: Шарт эмас. Агар эҳтиёж бўлса, савдолашилади. Савдода мусулмоннинг алданиши жоиз бўлмаганидек алдаши ҳам жоиз эмас. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Мусулмонни алдаганлар биздан эмас.” (И.Рофий)
“Бизни алдайдиганлар биздан эмас.” (Табароний)
“Алдаган жаннатга кирмайди.” (Термизий)
Камбағал киши сотаётган молни баҳосидан сал кўтариб, кўпроқ пулга олиб, уларни севинтириш керак. Лекин бойдан мол сотиб олаётганда алданиш савоб эмас. Аксинча пулини (мулкини) зое қилиш бўлади. Шунинг учун бойдан ҳамма вақт савдолашиб, арзонроқ олишга ҳаракат қилиш керак. Ҳазрати Ҳасан ва ҳазрати Ҳусайн ҳар гал бирон нарса сотиб олмоқчи бўлсалар савдолашиб олардилар. Улардан “Бир кунда шундоғам катта пул садақа берасизлар-у, аммо нарса сотиб олаётганда нимага узоқ савдолашасизлар?” деб сўралганда “Берганларимизни Аллоҳ розилиги учун берамиз. Қанча садақа берсак ҳам кам. Лекин савдо-сотиқда алданиш ақлнинг ёки молнинг нуқсонлигидан дарак” деб жавоб бердилар. (Кимёи саодат)
Савол: Савдолашиш суннат бўлгани учун биз "фалон баҳога берасанми" десак, сотувчи рози бўлмаса, нима қилишимиз керак?
Жавоб: Савдолашиш дегани, албатта айтилган баҳосидан тушириб, арзонга олиш дегани эмас. "Фалон баҳога берасанми" дейиш билан савдолашилган, суннат бажарилган бўлади.