Мерос
Савол: Мерос меросхўрлар орасида ҳали тақсимланмасдан аввал улардан бири ўз улушига тегадиган ҳиссасини ўзгага ҳадя қилиши жоизми?
Жавоб: Ҳажм ва вазн билан ўлчанадиган муштарак молни ўлчамасдан, тортмасдан ҳадя қилиш фоиз бўлади. Уй, полиз, газлама, уй ашёси каби нарсаларни ҳадя қилиш мумкин.
Савол: Мерос қолган пулни уч ака-ука бўлишмасдан туриб, бировга қарзга бериш жоизми?
Жавоб: Уччовининг розилиги билан бўлса, жоиз.
Савол: Отамнинг давлатдан оладиган пенсия маошида укамнинг ҳам ҳақи борми?
Жавоб: Мерос бўлмагани учун ҳақи йўқ.
Савол: Отам ҳаётлигида “Шу полизни уканг Аҳмадга бердим” деди. Аҳмад буни эшитмади. Тортиғи саҳиҳми?
Жавоб: Хабар етгандан кейин саҳиҳ бўлади.
Савол: Дўстим “Менинг полизимга экин эк. Ҳақи керак эмас” деди. Дўстим вафот этгач, ворислари ҳақини сўрамоқдалар. Беришим керакми?
Жавоб: Ҳа. Чунки дўстингиз ҳаётлигида мулкнинг эгаси ўзи эди. Энди бу полиз меросхўрларники. Улар билан келишиш керак.
Савол: Ворис, мерос қолган мулкнинг ҳаромдан йиғилганини билиб турса, уни олиши жоизми?
Жавоб: Ҳа, жоиз бўлади.
Савол: Менинг ворисим, яъни меросхўрим йўқ. Молимнинг қанча қисмини баъзи нарсаларга сарфлаш учун васият қила оламан?
Жавоб: Вориси бўлмаган одам бутун молини васият қилиши мумкин. Вориси бор одам эса, молининг учдан бир қисмидан ортиғини васият қила олмайди. Васият қилса ҳам, молининг учда биридан ортиғи берилмайди.
Савол: "Ўлган кишининг кийимларини уйда қолдириб бўлмайди” дейишади. Вафот этган одамнинг бутун кийимларини бева-бечорага тарқатиб юбориш керакми ёки баъзиларини хотира сифатида олиб қолиш мумкинми?
Жавоб: Марҳумнинг кийим-кечаги ворисларнинг мулкига ўтади. Ворислар зўзаро бўлишиб олганларидан кейин хоҳласа ўзлари кийишади ёки бошқа бировга бериб юборишади. Лекин мерос тақсимланмасдан аввал ҳеч кимга берилмайди.
Савол: Динимиз бўйича мерос тақсими ҳисобларидан бизга бир мисол бера оласизми?
Жавоб: Вафот этган кишининг меросхўрлари сифатида қуйидагилар қолса, мерос шу тартибда бўлинади:
1 қиз, 1 ўғил = Қиз 1/3, ўғил 2/3 ҳисса олади.
1 қиз, 2 ўғил = Қиз 1/5, ўғиллардан ҳар бири 2/5 ҳисса олади.
2 қиз, 2 ўғил = Қизларнинг ҳар бири 1/6, ўғилларнинг ҳар бири 2/6 ҳисса олади.
2 қиз, 1 ўғил = Қизларнинг ҳар бири 1/4, ўғил эса 2/4 ҳисса олади.
3 қиз, 1 ўғил = Қизларнинг ҳар бири 1/5, ўғил эса 2/5 ҳисса олади.
1 қиз, 3 ўғил = Қиз 1/7, ўғилларнинг ҳар бири 2/7 ҳиссадан олади.
3 қиз, 3 ўғил = Қизларнинг ҳар бири 1/9, ўғилларнинг ҳар бири 2/9 ҳиссадан оладилар.
Марҳумнинг аёли ҳаёт бўлса:
1 қиз, 1 ўғил, 1 хотин = Қиз 7/24, ўғил 14/24, аёли 3/24 ҳисса олади.
1 хотин, 1 қиз, 1 ўғилнинг қизи, 1 сингил, 1 она = қиз, 12/24, ўғлининг қизи 4/24, аёли 3/24, онаси 4/24, синглиси 1/24 ҳисса олади.
Марҳуманинг эри бор бўлса:
1 қиз, 1 ўғил, эри = Қиз 1/4, ўғил 2/4, эри 1/4 ҳисса олади.
Эри, 1 ўғилнинг ўғли, 1 ўғилнинг қизи, 1 қиз, 1 ука = Қизи 6/12, эри, 3/12, ўғлининг ўғли 2/12, ўғлининг қизи 1/12 ҳисса олади. Укаси мерос ололмайди.
Эри, 1 ота, ўғилнинг 3 қизи, 1 онанинг онаси = эри 9/45, отаси 6/45, ўғилларининг қизларидан ҳар бири 8/45, онасининг онаси 6/45 ҳисса олади.
Эри, 1 она, 1 отанинг онаси, 1 онанинг онаси, уканинг 2 ўғли = эри 6/12, онаси 4/12, укасининг ўғилларидан ҳар бири 1/12 ҳиса олади. Онасининг онаси ва отасининг онаси ҳисса ололмайди.
Марҳум(а)нинг ўғли бўлмаса:
1 қиз, 1 сингил, 1 ўғилнинг ўғли = қизи 1/2, ўғлининг ўғли 1/2 ҳисса олади.
1 қиз, 1 ука, 1 ўғилнинг қизи = қизи 3/6, укаси 2/6, ўғлининг қизи 1/6 ҳисса олади.
1 хотин, 1 ўғилнинг қизи, сингил, 1 она = ўғлининг қизи 12/24, аёли 3/24, онаси 4/24, синглиси 5/24 ҳисса олади.
Марҳум(а)нинг наслидан ҳеч ким бўлмаса:
Эри, 1 она, 1 отанинг отаси, 1 сингил = эри 3/6, онаси 2/6, отасининг отаси 1/6 ҳисса олади. Синглиси ҳисса ололмайди.
1 хотин, 1 она, 1 ука, 1 сингил = аёли 9/36, онаси 6/36, укаси 14/36, синглиси 7/36 ҳисса олади.
1 хотин, 1 отанинг онаси, 1 сингил, 2 амаки = аёли 6/24, отасининг онаси 4/24, синглиси 12/24, 2 амаксидиан ҳар бири 1/24 ҳисса олади.
Марҳум(а)нинг отаси ҳам бўлса:
1 хотин, 1 қиз, 1 ўғилнинг қизи, 1 сингилнинг ўғли, 1 ота = аёли 3/24, қизи 12/24, ўғлининг қизи 4/24, отаси 5/24 ҳисса олади.
1 хотин, 1 ука, 2 сингил, 1 ота = аёли 1/4, отаси 3/4 ҳисса олади. Укаси ва сингиллари ҳисса олмайди.
Эри, 1 қиз, 2 сингил, 1 ўғилнинг қизи, 1 ота, 1 она = қизи 6/15, ўғлининг қизи 2/15, эри 3/15, отаси 2/15, онаси 2/15 ҳисса олади.
Марҳум(а)нинг онаси ҳам бўлса:
Эри, 2 ука, 2 сингил, 1 ота, 1 она = эри 3/6, онаси 1/6, отаси 2/6 ҳисса олади.
Эри, 1 ука, 1 она, 1 отанинг отаси, 1 отанинг онаси = эри 3/6, онаси 2/6, отасининг отаси 1/6 ҳисса олади.
Эри, 1 қиз, 1 сингил, 1 уканинг ўғли, 1 она = қизи 6/12, эри 3/12, онаси 2/12, синглиси 1/12 ҳисса олади.
Марҳум(а)нинг ота-оналаридан ҳеч бири бўлмаса:
1 хотин, 1 қиз, 2 ука, 1 сингил = аёли 5/40, қизи 20/40, укаларидан ҳар бири 6/40, синглиси 3/40 ҳисса олади.
1 хотин, 1 ўғил, 2 ука, 1 сингил = аёли 1/8, ўғли 7/8 ҳисса олади. укалари ва синглиси ҳисса ололмайди.
Марҳум(а) бўйдоқ бўлса:
1 сингил, 1 она, 1 ота = онаси 1/3, отаси 2/3 ҳисса олади. синглиси ҳисса ололмайди.
1 ука, 1 ота, 1 она = онаси 1/3, отаси 2/3 ҳисса олади.
1 ука, 1 она = онаси 1/3, укаси 2/3 ҳисса олади.
Авлодидан ва ота-оналаридан ҳеч ким бўлмаса:
Эри, 1 ука, 2 сингил = эри 4/8, укаси 2/8, сингилларидан ҳар бири 1/8 ҳисса олади.
1 хотин, 2 сингил, отабир 2 ука, 2 амаки = аёли 6/24, сингилларидан ҳар бири 8/24дан, битта отадан 2 укасининг ҳар бири 1/24дан ҳисса олади.
1 хотин, 1 сингил, онабир 2 ука, 2 амаки = аёли 3/13, синглиси 6/13, бир онадан 2 укасининг ҳар бири 2/13дан ҳисса олади. Амакилари олмайди.