Ҳадя ва ҳукмлари

Савол: Ҳадя беришнинг қандай аҳамиятли томонлари бор? Ҳадя этилган бир нарсани ҳадяни олган одамнинг хабарисиз қайтариб олиш ёки рухсатсиз ишлатиш жоизми?

Жавоб: Ҳадя, кимга берилса, ўша кишининг мулкига айланади. Изнсиз қўлланиб бўлмайди.

Бировга ҳадя бериш унга бўлган ҳурматини изҳор этиш демакдир. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Бир дин қардошингизни севсангиз, севганингизни ўзига билдиринг!” (Бухорий)

“Аллоҳу таоло йўлида бир кимса дин биродарини севса, буни унга маълум қилсин. Чунки бу улфатликни давом этдирувчи, севги-ҳурматда қатъийлик берувчидир.” (Ибн Абуд-Дунё)

Шунинг учун мусулмонларнинг бир-бирлари билан ҳадялашишлари суннатдир. Оз бўлса ҳам, ҳадя беришни одат қилиш керак. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:

“Бир-бирингизга ҳадя беринг, ўзаро меҳр-оқибат ва муҳаббатингиз ортади.” (Табароний)

“Ҳадя дўстликни орттиради, бефарқликни йўқотади.” (Абу Нуайм)

“Ҳадя Аллоҳу таоло юборган гўзал бир ризқдир. Уни қабул қилган киши Аллоҳу таолонинг юборганини қабул қилган бўлади. Рад этган эса, Унинг юборганини қайтарган бўлади.” (Рамуз)

“Ўзингиз истамай туриб, сизга берилганни олинг. Бу Аллоҳу таолонинг юборган ризқидир.” (Байҳақий)

“Ҳадя берганга сиз ҳам ҳадя беринг. Агар берадиган бир нарса тополмасангиз, унинг ҳақига дуо қилингизки, берган ҳадяси жавобсиз қолмасин.” (Насоий)

Савол: Ҳадя қайси ҳолларда жоиз, қайси ҳолларда жоиз эмас?

Жавоб: Мўътабар китобларда айтилишича:

1. Ҳадя ёки ҳиба (тортиқ қилиш, бағишлаш) мавжуд ва маълум бир молни эвазига ҳеч нарса талаб қилмасдан бировнинг мулкига қўшиш ёхуд бериш деганидир. Маълум бир нарса истаб бериш ҳам жоиз. Масалан, қарзини тўлашини шарт қилиш жоиз.

2. Эвазига бирон нарса бериш шарти билан қилинган ҳадя ваъда қилинган нарса берилмагунча саҳиҳ бўлмайди. Яъни бундай шарт қўйилганда, икки томон хайрлашиб кетгунча ҳадянинг ва ваъда қилинган нарсанинг берилиши лозим.

3. “Сен ўлсанг меники, мен ўлсам сеники бўлсин” деган шарт билан уйини бировга бериш, совға қилиш ботилдир.

4. Али Валига “Вафот этгунингча шу уй сеники бўлсин” деса, Вали ўлгач, уй эгасига қайтарилиб берилади.

5. “Ол, керагингга сарфлагин” деб берилиб, ҳадя-совға қилингани айтилмаган пул, берилган пайтидан бошлаб қарз ҳисобланади. “Ол, кийгин” деб берилган либос эса, ҳадя ҳисобланади.

6. Ҳадя берилмасдан аввал берадиган киши ундан воз кеча олади. Берилгандан кейин эса фақат иккаласининг розилиги, келишуви билангина воз кечилади.

7. Қори, мулла, имом уй эгаси билан савдолашмай, Аллоҳ розилиги учун хатм ва мавлуд ўқиса, кейин берилган ҳадяни олиши жоиз бўлади. "Бу кам-ку" қабилида эътироз қилса, норозилигини маэлум қилса, олгани ҳаром бўлади.

8. Ёш боланинг ўзгага ҳадя бериши саҳиҳ эмас. Лекин ёш болага берилган ҳадянинг саҳиҳ бўлиши учун, бола ҳадя қилинган нарсани қўлига олиши керак.

9. Камбағал, бой кишининг берган садақасини олиб, бойнинг ўзига совға қилса, олиши жоиз бўлади.

10. Бири “Шу нарса сенга совға” деса, иккинчиси қабул қилиб олса, ҳадялашилган бўлади.

11. Харидор сотиб олган молни қабул қилиб олмасдан аввал бошқасига ҳадя қила олади.

12. Совға бериш, юбориш жараёнида ҳадя қабуллаб олувчининг қўлига етиб келмай туриб, иккаласидан бири вафот қилса, ҳадялашув ботил бўлади.

13. Икки киши шерик бўлиб сотиб олган бир уйни учинчи бир шахсга ҳадя этишлари жоиз. Бир одам уйини икки кишига ҳадя қилса, жоиз бўлмайди. Чунки тақсими мумкин бўлган бирон нарсани ҳиссаи шойиа (муштарак мулк) тариқасида бир неча шахсга бериш мумкин эмас.

14. "Келаси ой бошида шу молни сенга ҳадя этдим" дейиш саҳиҳ бўлмайди.

15. Уй эгаси "Умримнинг охиригача нафақамни бериб, менга хизмат қиласан" деган шарт билан уйини бирига ҳадя қилса, у киши хизматни бошлагандан кейин уйини қайтариб ололмайди.

"Уйини вафот этгунга қадар ўзим яшайман деган шарт билан сотиш фосид бўлса ҳам, ўша шарт билан ҳадя қилиш жоиздир ва уйни топширгандан кейин қайтариб оломайди". (Мажалла 855)

16. Ҳадя қилмоқчи бўлган нарсанинг мавжуд бўлиши шарт, лекин ўша жойда тайёр туриши шарт эмас.

17. Мажбуран, зўрлик билан олинган-берилган ҳадя саҳиҳ бўлмайди. Масалан, эри аёлига “Сендан қарз бўлган маҳримни менга ҳадя қилмасанг, отангнинг уйига юбормайман” деса, аёли начора ҳадя қилса, саҳиҳ бўлмайди. Чунки киши эркига хилоф равишда, хоҳламасдан, мажбуран совға бериш-бердириш саҳиҳ бўлмайди.

18. Ҳадя қилинган нарса фақат қўлга теккандан кейингина ўз мулкига айланади. Сотиб олинган мол эса, қўлга етиб келмасдан-оқ ўз мулкига ўтади.

19. Ўлим тўшагида ётган одам мол-мулкининг учдан бирини ворисларидан ўзгаларга совға қила олади.

20. Оладиганини қарздорига бахш этиб, кечиб юборган одам бундан воз кечолмайди. Қарздорига ҳақ эгаси “Сендан оладиганим йўқ” деган бўлса, орада ҳеч қандай қарз қолмайди.

21. Топиш-тутиши шубҳали бўлган одамлар маош олганда ўзи ишлатмай дўст-биродарлари (ҳам олган, топган пулларини бунга совға қилиб) билан ўзаро ҳадялашишлари ва лозим бўлганда қарзга олишлари керак. Ҳаромдан келгани қатъий билинмагунча, ҳадя тариқасида келган нарсалар ҳалол ҳисобланади.

22. "Туғадиган боласини менга берасан" деб шарт қўйиб, ҳайвонини битта-яримтага совға қилиш жоиздир. Яъни совға ўтади. Лекин Боласи ҳам ҳадя қилинган бўлади.

23. Маҳр бермаслик шарти билан никоҳ қийилса, никоҳ саҳиҳ бўлади. Лекин барибир кейинчалик маҳрини беради.

24. Сотувчининг "ҳеч кимга сотмасанг, ўзингда ишлатсанг, сотай" деган шарт қўйиб мол сотиши ҳамда харидорнинг "хўп, ҳеч кимга сотмайман" деб ваъда бериб сотиб олишида савдо саҳиҳ бўлади, лекин бу шартларнинг бари бекордир, бажарилмайди.

 

Савол: Берган совғамизни сўраб қайтариб олишимиз жоизми?

Жавоб: Ҳадя бу – мавжуд ва маълум бир молни бировга эвазига ҳеч нарса талаб ёки илтимос қилмасдан беришдир. Маълум бир манфаат кутиб ё сўраб бериш ҳам жоиз бўлади. Мажбур бўлмагунча ҳадяни қайтариб олмаслик керак. Камбағалга (96 гр олтинга етадиган мол-мулки бўлмаган киши) берилган ҳадяни қайтариб олиш жоиз эмас. Чунки фақирга, камбағалга берилган ҳадя садақа бўлади. Садақани  қайтариб олиш эса, жоиз эмас. Бойга берилган совғани зарурат бўлсагина қайтариб олиш жоиз, аммо жирканч иш. Чунки ҳадиси шарифда: “Берган ҳадясини қайтариб олган кимса, қусганини ялаган итга ўхшайди” деб буюрилган. (Бухорий)

Ҳадяни қайтариб олиш қусганини ялагандек бўлса ҳам, киши сабабли ёки сабабсиз ҳадясини қайтариб олиш ҳуқуқига эга. Фақат қуйидаги етти нарсадан бири бўлса, қайтариб ололмайди:

1) Берилган ҳадяда унинг қийматини орттирадиган бирон илова, қўшимча юзага келган бўлса:

Масалан совға қилинган китобни эгаси муқовалатиб қўйган бўлса; тортиқ қилинган мол туғиб кўпайган бўлса; ҳадя қилинган уйга пол, паркет тўшашдек баҳосини оширадиган бир нарса илова қилинган бўлса, биринчи эгаси қайтариб ололмайди.

2) Ҳадялашган икки кишидан бири вафот этган бўлса.

3) Берган ҳадяси учун деб ўзи ҳам, бирон нарса ҳадя қилиб қўйган бўлса: Масалан "менга совға қилган велосипед эвазига сизга мана бу қаламни ҳадя қилдим"- деса, велосипед берган одам ҳадясини қайтариб ололмайди. Қаламни берган киши ҳам қайтариб ололмайди. Агар ҳадянг эвазига демасдан берган бўлса, иккаласи ҳам қайтариб олиши мумкин.

4) Ҳадя қилинган нарса олган кишининг мулкидан чиқиб кетган бўлса.

5) Иккаласи орасида никоҳ бўлса: Эр-хотин бир-бирига берган ҳадяларини қайтариб ололмайди.

6) Ораларида никоҳи абадий ҳаром бўлган қариндошлик бўлса: Ота-бобо, улардан катталари, она, буви ва унинг оналари, фарзандлар, неваралар, ундан кичиклар, амакилар, тоғалар, аммалар, холалар берилган ҳадяни қайтариб ололмайдилар.

7) Ҳадянинг зоти ўзгарган бўлса: Масалан совға қилинган буғдой янчилиб, унга айлантирилган бўлса, ҳадя қайтариб олина олмайди.