Рўзанинг фарзлари
Савол: Рўзанинг нечта фарзи бор?
Жавоб: Рўзанинг учта фарзи бор:
1) Ният қилиш.
2) Ниятни илк ва охирги вақтларининг орасида қилиш.
3) Фажр (Имсок) вақтидан қуёш ботгунча рўзани бузадиган нарсалардан сақланиш.
Савол: Рўза тутишга ният қайси вақтдан бошланади?
Жавоб: Рамазонда ва нофила рўзаларда ниятнинг вақти бир кун аввал қуёш ботгандан кейин бошланади. Охирги вақти эса эртаси куни даҳва-и кубро вақтигача давом этади. Даҳваи кубро вақти шарий кундузнинг, яъни фажр вақти билан шом вақти орасидаги муддатнинг ярмидир. Бу вақт бизда пешиндан 1-1,5 соат аввал бўлади.
Қазо ва каффорат рўзаларида эса, шомдан имсок-фажр вақтигача ният қила олади.
Рамазонда шомдан фажргача ният қилишда “Эртага рўза тутишга” деб, фажрдан кейин “Бугун рўза тутишга” деб ният қилинади. Янглишиб нотўғри айтиб қўйса ҳам рўза тутиладиган кун маълум бўлгани учун зарари йўқ.
Рамазон ойида бир ойлик рўза учун ой бошида битта яхлит ният қилинмайди, ҳар бир кун учун алоҳида-алоҳида ният қилиш фарз.
Кечқурун ётишдан аввал овқатланиб ёки овқатланишдан аввал ният қилиб ухлагач, саҳарда уйғониб саҳарлик қилишининг зарари йўқ. Кечқурунги овқатни еяётганда ният қилиш яхшироқ бўлади. Ният қилиб қўйгандан кейин то фажр (имсок) вақтигача ичиб-еса бўлади. Саҳарликка турганида кеч0урундан ният қилиб қўйган бўлса ҳам фажри содиққача хоҳлаганича овқатланиши мумкин.
Рамазонда “Эртага тишим оғримаса рўза тутаман, оғриса тутмайман” деб шом вақтида ният қилинса, бундай шубҳали ният билан рўза тутиш саҳиҳ бўлмайди. Ният қилишнинг сўнгги вақти киргунча қатъий ният қилиш керак.
Рўза тутиш нияти билан тўшакка ётиш ҳам ниятдир, саҳарликка туролмаса ҳам рўзага ният қилинган бўлади. Имсок (фажр) кечанинг тугаши, еб-ичиш тақиқланган вақтнинг бошланиши демакдир. Имсок вақтидан аввал еб-ичишни тугатиш керак. Овқатланишни то азон овози эшитилгунча давоб эттирмаслик керак. Бордию Азон кечроқ ўқилса, айб муаззинда бўлса ҳам, тадбирини олмаган одам жавобгарликдан қутила олмайди.
Савол: Бузиб қўйсам каффорат бўлиб қолмасин деб, рўзага ниятни имсок-фажр вақтидан кейин қилиш жоизми?
Жавоб: Ниятни фажрдан кейин қилиш жоиз, лекин сиз айтган нарсага унинг таъсири йўқ.
Савол: Рамазонда ният қилишни унутсак, нима қиламиз?
Жавоб: Пешинга бир соат қолгунга қадар ният қилинади. Саҳарликка туришнинг ўзи ниятнинг борлигини билдиради, рўза тутиш нияти билан ётиб ухлаш ҳам ният ҳисобланади. Шундай қилган киши саҳарликка туролмаса ҳам ният қилган бўлади.
Оқ ип, қора ип
Савол: Отам рўза тутганида тақвимга эмас, Қуръонга қараб ҳаракат қилади. Қора ип билан оқ ипни бир-биридан ажрата оладиган вақтгача овқатланади. Лекин у пайт атроф анча ёришиб кетгани учун мен шубҳланаман. Шу тўғрими?
Жавоб: Бақара сурасидаги “Қора ипни оқ ипдан ажрата оладиган вақтгача овқатланинглар” маолидаги 187-оятида айтилган иплар - кундузнинг ёруғлиги ва кечанинг қоронғилигидир. Оддий ипларга умуман алоқаси йўқ. Ояти кариманинг маъноси “Кундуз билан кечани бир-биридан фарқлай оладиган вақтгача овқатланинг” деганидир. Бу ояти каримани эшитган бир зот “Ё Расулуллоҳ! Мен кундуз билан кечани бир-биридан фарқ этиш учун ёстиғим остига оқ билан қора ип қўйдим. Лекин барибир кечанинг қачон тугашини билолмадим” деди. Пайғамбаримиз “Бу иплар кечанинг қоронғилиги ва кундузнинг ёруғлигидир”- деб марҳамат қилдилар. Агар муҳтарам Пайғамбаримиз оқ ипнинг ёруғлик, қора ипнинг қоронғилик эканини билдирмаганларида биз буларни қаердан билардик? Қуръони каримдан ўз тушунганимиз бўйича, ҳалиги йигитнинг отасидек, айниқса булутли кунларда ҳали атроф қоронғи-ку деб, қуёш чиққунча дастурхондан турмасдик.
Савол: Шофеъий мазҳабидаги одам кечаси ётаётганда эртанги рўзага ният қилишни унутса, саҳарликка ҳам туролмай, қуёш чиққандан кейин уйғонса, ният қилиб рўза тутиб кетаверса, саҳиҳ бўладими?
Жавоб: Шофеъий мазҳабида рўзага ниятнинг озирги вақти - имсоккача (фажр вақтигача). Ундай ҳолатда Ҳанафий мазҳабини тақлид қилиб рўза тутади. Агар бунга моне бўладиган бирон узр бўлса, қайси мазҳаб қулай бўлса, шу мазҳабни тақлид қилади.
Савол: Қазо рўзасига қандай ният қилинади?
Жавоб: “Ният қилдим илк қазога қолган Рамазон рўзасини тутишга” деб ният қилинади. Сўнгги қазога қолган деб ҳам айитиш мумкин. Қазо рўзасини тутаётганда шом намозидан имсок (фажр) вақтигача ният қилиш шарт. Имсок вақтидан аввал ният қилишни унутган пайтда энди қазо рўзасини тута олмайман деб рўзадан воз кечмаслик керак. Нофила рўза тутиши керак.
Кўпчилик ният қилгандан кейин ҳеч нарса ичиб-ейишга бўлмайди деб ўйлайди. Бу нотўғри. Шом вақтида эртанги рўзага ният қилиб қўйиб, кейин тақвимдаги имсок (фажр) вақтигача бемалол овқатланишга бўлади.