Ҳайит байрамларида қилинадиган ишлар
Савол: Ҳайит байрамларида нималар қилиш керак?
Жавоб: Байрамда эрта туриш, ғусл этиш, мисвок қўлланиш, хушбўй ҳидлар суриниш, янги ва тоза либос кийиш, севинганини билдириш суннатдир.
Ҳайит кунлари узук тақиш, кўришган кишиларга кулар юз билан салом бериш, фақирларга кўп садақа бериш, исломиятга тўғри хизмат этаётганларга ёрдам бериш, аразлаганларни яраштириш, қариндошларини, дин биродарларини зиёрат этиш, уларга ҳадя бериш суннатдир.
Байрам кечасини иҳё этган кимсалар катта савобга қовушиши билдирилган. Ҳадиси шарифда “Байрам кечаларини иҳё этганларнинг қалби қалблар ўлган кунда ўлмайди” деб марҳамат қилинди. (Табароний)
Аразлашиб қолганлар ҳайитни кутмай дарров ярашиб олишлари керак. Аллоҳу таолони ва Пайғамбаримизни севган кимса инсонларнинг қусурларига қарамайди. Яхши инсон, яъни мўмин барча билан яхши муомалада бўлади. Бошқаларга ташвиш келтирмаганидек, ўзи ҳам бошқалардан келган азиятларга сабр қилади. Бир камчилиги сабабли ҳеч кимдан аразламаслик керак.
Аразлашган бўлса ҳам, буни уч кундан ортиқ давом эттирмаслик лозим. Агар байрамгача давом этган араз-гиналар бўлса, кўп ўтказмай тезда ярашиб, розилашиб олиш керак. Ҳадиси шарифларда марҳамат қилиндики:
“Бир-бирингиз билан муносабатингизни узманг. Бир-бирингиздан юз ўгирманг. Бир-бирингизга адоват ва душманлик қилманг. Бир-бирингизни ҳасад қилманг. Эй Аллоҳнинг қуллари биродар бўлинглар. Бир мусулмоннинг биродари билан уч кундан ортиқ аразлашиб юриши ҳалол эмас.” (Бухорий)
“Мусулмонлар билан уч кундан ортиқ аразлашган одам Жаҳаннамга кетади.”(Насоий)
“Бир-бири билан аразлашган икки кишидан қайси бири биринчи бўлиб салом берса, гуноҳлари авф бўлади. Берилган саломга наригиси алик олмаса, униг ўрнига фаришталар жавоб беришади. Алик олмагандан шайтон хурсанд бўлиб, илтифотлар ёғдиради.” (Ибн Абу Шайба)
“Мўмин кишининг биродарига уч кундан ортиқ жаҳл қилиши жоиз эмас. Уч кундан кейин унга салом бериб, аҳволини сўраш керак. Саломига алик олса, савобга бирга шерик бўлади. Алик олмаса, гуноҳга қолади. Салом берган одам аразлашиш айбидан қутулган бўлади.” (Абу Довуд)
“Дин қардоши билан бир йил аразлашиб юрган одам, уни ўлдиргандек гуноҳга ботади.” (Байҳақий)
“Амаллар душанба ва пайшанба куни Аллоҳу таолога арз қилинади. Аллоҳу таоло ўзига ширк қўшмаган барча қулларини авф этади. Фақат бу мағфиратга бир-бирига адоват қилган икки мўмин эриша олмайди. Аллоҳу таоло “Бу иккиси ярашмагунча амалларини менга келтирманглар” деб буюради.” (И.Молик)
“Икки киши бир-бири билан ярашмасдан вафот этадиган бўлса, Жаҳаннамни кўрмасдан Жаннатга киролмайди. Жаннатга кирсалар ҳам бир-бири билан юзлашолмайдилар.” (Ибн Ҳиббон)