Бидъат аҳлининг амали
Савол: Бир кимса аҳли суннатдан бўлмаса, аммо куфрга туширувчи бидъати ҳам йўқ. Бундай бидъат аҳлининг қилган ибодатлари саҳиҳ бўладими?
Жавоб: Аҳли суннат эътиқодида бўлмаган кимсага бидъат аҳли дейилади. Бидъат аҳлининг қилган ибодатлари саҳиҳ бўлгани ҳолда қарздан ва азобдан қутулса ҳам, ваъда қилинган савобларга қовушолмайди. Охиратда дунёда қилган яхшилик, хайр ва ҳасанотларининг эвазига ҳеч нарса ололмайди. Буларга қовушиши учун тавба этиб, имонини тузатиш керак. Аҳли суннат бўлмаганнинг имони тўғри бўлмайди. Имони бузуқ бўлган кимса Аллоҳу таолонинг розилигига, севгисига қовушолмайди. Унинг раҳматидан, ёрдамидан маҳрум қолади. Роҳатни, ҳузурни тополмайди. Ҳадиси шарифда “Бир бидъат аҳлининг намози, рўзаси, ҳажи, умраси, жиҳоди, тавбаси, фарзи, нафиласи ва ҳеч бир яхшилиги қабул бўлмайди. Сарёғдан қил суғургандек диндан чиқиши осон бўлади” деб марҳамат қилинган. (Ибн Можа)
“Ҳадиқа” ва “Бариқа”да “Бидъат аҳлининг ҳеч бир ибодати қабул бўлмайди” ҳадиси шарифи очиқланиб “Ибодатлари саҳиҳ бўлади, фақат савоб берилмайди” дейилади. Тавбаси қабул бўлмайди дегани, амалини тўғри билиб, тавба этмагани учундир.
Фосиқларнинг ва бидъат аҳлининг ибодатлари саҳиҳ бўлса ҳам, қабул бўлмайди. Қабул бўлмайди дегани саҳиҳ бўлмайди дегани эмас. Саҳиҳ бўлади, фақат савоби бўлмайди деганидир. (Радд-ул мухтор)
Авлиёни севиш
Савол: Шоҳ-ул Кармоний исмли бир зот “Авлиёни севишдан ҳам устун ибодат бўлмайди” дейди. Бу сўз тўғрими? Бировни севиш қанақасига ибодат бўлсин?
Жавоб: Динимизда ҳубби филлоҳнинг, яъни Аллоҳ учун Аллоҳнинг севганларини севишнинг аҳамияти жуда катта. Ҳубби филлоҳ имоннинг асоси, шартидир. Ҳубби филлоҳсиз имон бўлмайди. Жаноби Ҳақ ҳазрати Исога “Агар ер ва кўкда бўлган бутун махлуқларнинг ибодатини бажарсанг ҳам, дўстларимни севмагунингча ва душманларимга душманлик этмагунингча уларнинг ҳеч фойдаси бўлмайди” деб ваҳий туширди. (К. Саодат)
Мусо алайҳиссалом “Ё Рабби, сен учун энг қадрли амал қайси?” деб сўради. Аллоҳу таоло “Мен учун авлиёмни, дўстларимни севиш ва душманларимга душманлик кўрсатишдир” деб буюрди. (Мактуботи маъсумия)
Фиқҳ олими Муҳаммад бин Ҳусайин Бажли Расулуллоҳни тушида кўрди. Энг яхши амал қайсилигини сўради. Расулуллоҳ “Авлиёнинг ёнида бўлиш” деб жавоб бердилар. Тирик авлиё тополмасакчи деганида “Тирик бўлса ҳам, вафот этган бўлса ҳам уни севиш энг яхши амалдир” деб буюрдилар. (Сафинатул ироқия)
Авлиё Аллоҳнинг дўстлари деганидир. Авлиёни севиш Аллоҳу таолони севишдир. Бир кимса бир зотни севса ва унга ҳеч қанақа хизмат, яхшилик қилолмаса, фақат унинг ота-онасига ёки болаларига турли яхшилик ҳамда эҳсонда бўлса, у зот булардан мамнун бўлмайдими? Уни севмайдими? Мана шундай авлиёларнинг ҳам Аллоҳу таолонинг яқинлари даражасида эканликлари ҳадиси шарифда билдирилмоқда. Аллоҳнинг яқинларини севиш, уларга хизмат этиш қандай буюк неъматдир.
Эътиқоди бузуқ бўлган кимса на авлиё бўлади, на амали қабул бўлади.