Бизни мажбур этдинг
Саййид Маҳмуд Баҳоуддин Бухорий ҳазратлари узоқ бир қишлоқдаги шогирдларидан бирининг уйига меҳмонга борди. Кечаси уйда ўтириб уй эгасига “Бор, эшикка қара, у ерда турган ким экан?” деди.
Уй эгаси чиқиб, эшикда шу қишлоқдаги Юсуф исмли бир кишининг турганини кўрди. Юсуф суҳбатга қатнашиш учун изн сўради. “Кирсин” дейилгандан кейин, ичкарига кирди.
Юсуфнинг қўлида бир товоқ нок бор эди. Нокни одоб билан Нақшбандий ҳазратларининг олдига қўйди. У зот уй эгасидан катта бир тоғора келтиришини сўради. Олиб келгач, нокларни унинг ичига тўкди. Сўнгра қўли билан нокларни аралаштириб, бирини чиқарди. Юсуфга берди, қолган нокларни тақсим этишни айтиб “Ҳеч ким қўлидаги нокни емасин” деди.
Юсуфдан нокларни қаердан олганини сўради. Юсуф нокни қаердан олганини айтганида “Олиб келган нокларингга бўлган шубҳамиз нима биласанми?” деди. Юсуф “Ҳазрат, менга қишлоғимизга бир авлиё зотнинг келганини хабар бердилар. Мен сизни имтиҳон этиш учун бир кило нок олдим ва ноклардан бирини ишоратладим. Агар ростда авлиё киши бўлса, мен ишоратлаган нокни топади деб ўйладим” деди.
Нақшбанд ҳазратлари “Бўлмаса қара, қўлингдаги нок ўша ишоратлаган нокми?” деди. Юсуф қўлидаги нок ўзи ишоратлаган нок эканлигини кўриб “Ҳа, ҳазрат, ишоратлаган нок шу” деди.
Нақшбандий ҳазратлари унга дедики:
“Бизни мажбур этдинг, Юсуф. Нокни каромат кўрсатиш учун эмас, сенинг биздан узоқлашмаслигинг учун танлаб сенга бердик. Агар биз буни билиб, сенга бермаганимизда эди, сен биз ҳақимизда ёмон ўйлардинг. Ва бу орқали кўп зарарга учрардинг. Биз ўзимиз сабабли бировнинг зарар кўришини истамаймиз. Жаноби Аллоҳнинг авлиёларини имтиҳон этишга уриниш, яхши инсонларга ярашмайди. Бизни таниб туриб, бу имтиҳонни қилганингда ҳалок бўлардинг. Танимаганинг учун авф этилдинг, бўлмаса устозини имтиҳон этган малъун бўлади деб айтилган.”
Қилган ишидан пушаймон бўлган Юсуф узр сўраб, хатосини кечиришини истади ва бундан кейин талабалари қаторига у ҳам қўшилди.