Бор, сабабларга ёпиш
БОР, САБАБЛАРГА ЁПИШ
Бир киши ҳаяжон ва изтироб билан
Жаъфар Содиқ ҳазратларининг олдига келиб “Аллоҳ менга кўпроқ ризқ бериши учун
дуо этинг. Чунки жуда йўқсилман” деди.
Жаъфар Содиқ ҳазратлари деди:
- Йўқ, мен сенга дуо қилмайман.
- Нимага?
- Зеро Аллоҳу таоло бу иш учун бир
йўл тайин этган. Сабабларга ёпишинг, ризқ ортидан қувинг ва уни қўлга киритинг
деб амр ҳам этган. Ҳолбуки сен уйингда ўтириб, дуо этиш билан ризқнинг ўзи
келишини истамоқдасан. Яъни одати илоҳияга мухолиф ҳаракат қилишимни истаяпсан.
Ҳеч бундай бўладими? Бор, сабабларга ёпиш, сабабларнинг таъсир этишини Аллоҳу
таолодан сўра. Шунда мен ҳам бунинг учун дуо қиламан.