Эрталабгача намоз ўқи, хотирлайсан
Бир киши пулини сақлайдиган жойини унутиб қўйди. Қанчалик ўйламасин, бир неча кун ҳамма жойни қидиришига қарамай яширган жойини тополмади. Менинг бу дардимга бир чора топадиган бўлса, шу топади деб, тўғри имом Аъзамнинг ҳузурига борди.
Имом Аъзам айтдики: “Бу сенинг масаланг фиқҳга алоқадор эмас. Аммо сенга бир маслаҳат бераман. Сен бориб бугун тонггача намоз ўқи, умид қиламанки, пулни яширган жойингни эслайсан.”
Бу киши эрталабгача намоз ўқишга қарор қилиб, таҳорат олди. Намоз ўқишни бошлади. Кечанинг ярми бўлмасдан пулни қаерга қўйганини эслади. Намозни тўхтатиб, пулни қўйган жойидан олиб, ётди.
Тонг отгач имом Аъзамга “Аллоҳ сендан рози бўлсин, бу дардимга чора топдинг. Кечанинг ярмида пулни қўйган жойимни эсладим” деганида ҳазрати Имом “Кошкийди тонгга қадар ибодат билан машғул бўлсайдинг. Чунки шайтон тонггача ибодат этишингга чидай олмаганлиги учун кечанинг ярмидаёқ сенинг эсингга туширди. Тонггача шукр намозини ўқиганингда жуда яхши бўларди. Сен пулни топишинг билан намозни тўхтатдинг” деди.