Кибрнинг зарари
Гуноҳга битта тавба кифоя қилади, лекин тоатга мингта тавба ҳам етмайди. Гуноҳ қилган киши тавба қилса, Аллоҳу таоло уни мағфират қилади. Лекин ибодат қилган киши шу ибодати туфайли фахрланиб, кибрга берилиши мумкин. Бунга мингта тавба ҳам кифоя қилмайди. Бани Исроилда бир фосиқ бор эди. Яна ўша қавмда битта обид (ибодатгўй) ҳам ибодати билан шуҳрат қозонганди. Ҳалиги фосиқ бу обиднинг ёнидан ўтиб кетаётиб “Бориб, шу обиднинг ёнида бирпас ўтирайин. Балки Аллоҳу таоло унинг ҳурматига мени ҳам мағфиратига олар” деб ўйлади. Бориб обиднинг ёнига ўтирди. Обид эса устида булут соя қилиб юргани учун кибрланиб “Манави фосиқ менинг ёнимга келиб ўтиришга қандай журъат қилди? Тенг тенги билан-ку ахир” деб ундан юзини ўгирди. Бундан дили ранжиган фосиқ ноилож ўрнидан туриб кетди. Аммо обиднинг устига соя қилиб юрган булут ҳам фосиқ билан бирга сузиб кетди. Аллоҳу таоло ўша замоннинг пайғамбарига “Инсонларга ниятларига қараб муомала қиламан. Фосиқнинг гуноҳларини унинг ўша яхши нияти сабабли кечирдим. Обиднинг бутун ибодатларини эса, кибру ҳавоси дастидан йўқ қилдим” деб ваҳий туширди.